Арафа куни рўзаси ҳақида муҳим эслатмалар
Муҳтарам ака-укалар, муҳтарама опа-сингиллар !
Аллоҳ таоло барчаларингизга яқинлашиб қолган (2017 йил 1-сентябр жума кунига тўғри келаётган) ИЙДУЛ АЗҲО – ҚУРБОН ҲАЙИТИни муборак қилсин…
Маълумки, эртага (1438 ҳижрий йил 9-зулҳижжа 2017 милодий 31-август пайшанба) улуғ айём АРАФА КУНИдир.
Ушбу муносабат билан сиз азизларга Арафа куни рўзасини эслатиб ўтмоқчимиз.
Ҳаж сафарига мушарраф бўлган ҳожиларимиздан ташқари, яна баъзи бир шаръий узр туфайли рўза тута олмайдиган опа-сингилларимиздан ташқари, рўза тутишга қодир бўлган барча биродарларимизни пайшанбага ўтар кеча тонг отишдан олдинроқ саҳарлик таомини еб, рўзага ният қилиб олишларига тарғиб этамиз.
* АРАФА КУНИ РЎЗАСИ ИККИ ЙИЛЛИК ГУНОҲЛАРНИ ЎЧИРАДИ:
Арафа кунининг фазилатлари ва бу кунда рўза тутиш буюк фурсат экани ҳақида бир қанча ҳадиси шарифлар собит бўлган.
Жумладан имом Муслим саҳиҳ тўпламларида ривоят қилган ҳадис.
Расули акрам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:
«صيام يوم عرفة أحتسب على الله أن يكفر السنة التي قبله والسنة التي بعده».
رواه مسلم (ح: 1162).
«Арафа кунининг рўзаси ўзидан олдинги бир йилни ва ўзидан кейинги бир йилни (яъни, ушбу икки йил ичида қилинган гуноҳларни) ўчириб юборишини Аллоҳ таолодан умид қиламан …».
(Имом Муслим ривоятлари, 1162-ҳадис).
Яна бир ривоятда Арафа куни рўзасининг фазилати ҳақида саҳобаи киромлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўраганларида жавоб бериб айтдилар:
«Ўтган бир йилни ва келаётган бир йилни ўчириб юборади».
* УЛАМОЛАРНИНГ ШАРҲЛАРИДАН ИҚТИБОС:
Ҳадиснинг шарҳида имом Нававий раҳимаҳуллоҳ айтадилар:
«Уламолар ҳадисда ишора қилинган гуноҳлардан мурод кичкина гуноҳлардир, деб айтишган. Агар кичкина гуноҳлари кечириб юборилган киши бўлса катта гуноҳларини енгиллаштиришига умид кучаяди. Агар катта гуноҳлари йўқ киши бўлса (жаннатдаги) даражалари баландроқ мақомларга кўтарилади».
Уламолар «бу каби ибодатлар кичкина гуноҳларни ўчиради», деб шарҳлашларига сабаб, чунки катта гуноҳларни қилиб қўйган инсон у гуноҳларнинг жазосидан қутилиши учун албатта алоҳида тавба-тазарру қилиши лозимлигига далолат қилувчи ояту ҳадислар бор.
* КЕЛГУСИ БИР ЙИЛЛИК ГУНОҲЛАРНИНГ КЕЧИРИЛИШИ ҚАНДАЙ БЎЛАДИ?
Келгуси бир йиллик гуноҳларнинг кечирилиши қандай бўлишини ҳам уламолар шарҳлаб айтадиларки:
«… تَكْفِيرُ السَّنَةِ الْآتِيَةِ أَنْ يَحْفَظَهُ مِنَ الذُّنُوبِ فِيهَا»
(مرقاة المفاتيح: 4/1413)
«Келаси бир йил каффорот бўлиши (Аллоҳ таоло) уни ўша йилда гуноҳларга йўл қўйишидан сақлайди…».
Айтилмоқчики, яна биров шайтон ва нафс васвасасига учиб «келаси бир йиллик гуноҳим ҳам кечириладиган бўлди, энди бемалол гуноҳ қилсам бўлаверади, Аллоҳ барибир кечириб юбориши аниқ бўлди», деб ўйламасин, бундай маъно кўзда тутилмаган, асло. Балки, шундай улуғ кунда рўза тутганлиги шарофати билан гуноҳ ишлардан ўзини узоқ тутиб юрадиган солиҳ банда бўлишга муваффақ бўлади, бордию иймони баъзан сал заифлашиб, бирон гуноҳ иш қилиб қўйган тақдирда ҳам дарҳол тавбага шошиладиган бўлади, Аллоҳ уни ана шундай солиҳ банда қилади, агар ҳақиқатан ҳам арафа рўзасини холис Аллоҳ учун тутган, Аллоҳ ундан қабул айлаган бўлса.
* УМИД ВА ҚЎРҚУВ ОРАСИДА ЯШАШ АҲАМИЯТИ:
Ушбу нуқта ҳам ёдимиздан кўтарилмаслиги даркор. Яъни, биз доимо умид ва қўрқув орасида туришимиз лозим. Бажарган солиҳ ибодатларимизни холис Аллоҳ учун мукаммал даражада адо эта олдикми ва Аллоҳ биздан қабул қилганмикин?
Бу борада ҳеч ким бизга илоҳий хабар олиб келиб «сизнинг амалингиз қабул бўлди ёки бўлмади» деб кафолат беролмайди.
Фақат Ягона Аллоҳнинг Ўзидангина умидвор бўламиз, шу билан бир вақтнинг ўзида амалимиз қабул бўлмай қолишидан қўрқиб ҳам турамиз.
Бу нарса бизни яна доимо Парвардигоримизга ибодатлар билан илтижо қилиб яшашга ундаб туради. Шу тариқа борган сайин жаннатдаги даражотларимиз юксалиб бораверади, иншоаллоҳ.
Валлоҳу аълам.
Аллоҳ таоло барчаларимизни бундай улуғ лаҳзаларни ғанимат билиб, солиҳ амалларни холисона бажариб олишга муваффақ қилсин ва икки олам бахт-саодатини насиб айласин.
«Ислом Овози» таҳририяти
•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•
https://telegram.me/islomovozi