(5) Қурбонлик ҳақида савол-жавоблар: бир оилада нечта қурбонлик қилинади?

Шайх Обидхон қори, Швеция
1429 ҳ. 13 зулҳижжа (2008 м. 11 декабр)

Бир оилада нечта қурбонлик қилинади?

Савол: Ўзим ҳозирда чет элда аёлим билан бирга ўқиб-ишлайман. Қурбонлик қилганда бир оилани номидан қилинади дейилган. Мен ҳозир оиламдан узоқдаман. Саволим шуки, менинг қилган қурбонлигим Ўзбекистондаги оиламга ҳам ўтадими? Ёки улар алоҳида қилгани афзалми? Бизнинг фақатгина битта қурбонлик қилишга қурбимиз етади. Агар менинг сўйган қурбонлигим фақат мен ва аёлим номидан бўладиган бўлса, мен қурбонлик пулини уйга ҳадя қилиб, улар қурбонлик қилиши жоизми?

Анвар.

Аллоҳ қурбонлигингизни қабул айласин.

Жавоб: Оила деганда сиз, аёлингиз ва сиз билан бирга яшайдиган инсонлар тушунилади. Аммо ота-она, ака-ука ва опа-сингиллар агар рўзғорлари алоҳида бўлса, алоҳида оила саналадилар. Агар шу айтилганлардан кимдир сизнинг қарамоғингизда бўлишса унда сиз билан битта оила ҳисобланади. Сизнинг Ўзбекистонда яшаётган қариндошларингиз ўзларининг номларидан алоҳида қурбонлик қилишлари керак. Сиз ва аёлингиз учун битта қурбонлик кифоя қилади, иншоаллоҳ.

Инсон ўз қурбонлигини бошқа юртга, масалан, Ўзбекистонга юбориши мумкинлиги ва ўша ердагилар бу инсоннинг номидан қурбонлик қилсалар жоиз бўлиши ҳақида аввал айтиб ўтганмиз.