(3) Қурбонлик ҳақида савол-жавоблар: қарздор одам қурбонлик қиладими?

 

Қарздор одам қурбонлик қиладими?

1- Савол:

Агар бир одамнинг ҳар ойда тўлаб турадиган қарзи бўлса, шу одам қурбонлик қилса бўладими?

Сардор.

Жавоб:

Қурбонликнинг вожиб (ёки суннат) бўлиш шартлари қаторида бойлик зикр қилинган. Бойликнинг бошланиш чегараси 200 дирҳам ёки 20 динор, деб белгиланади. Бу миқдор закот нисоби бўлиб, 84 грамм олтин баҳосига тенг. Демак, уй-жойи, кундалик эҳтиёжлари ва қарзларидан ташқари шунча миқдорда маблағи ёки бойлиги бўлган одам қурбонлик қилиши керак бўлади.

(Ал-мавсуатул-фиқҳийя: 5/80, Раддул-мухтор: 5/198).

Имом Шофеий ва Моликлар бой-камбағаллигидан қатъи назар қодир бўлган одам учун қурбонлик қилиш суннатдир, дейишган. Уларга кўра агар эҳсон қилиш инсоннинг қийналиб қолишига сабаб бўлмаса, қурбонлик қилаверади.

«Ким ўзига бемалол бўлсаю қурбонлик қилмаса, бизнинг намозгоҳимизга яқинлашмасин», (имом Аҳмад ривояти) деган қадисни ҳадис олимларидан баъзилари заиф баъзилари мункар дейишган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб айтиш лозимки, инсоннинг зиммасида бировнинг ҳаққи ётган экан, энг биринчи имконияти билан шу ҳақни адо этиши зарур. Агар қурбонлик қилиш қарз тўлашни кечиктириб юборадиган бўлса, қурбонликнинг ўрнига қарзини тўлагани яхши.

Валлоҳу аълам.

Шайх Обидхон қори, Швеция
1430 ҳ. 8 зулҳижжа (2009 м. 25 ноябр)


2- Савол:

Қарздор одам қурбонлик қилса бўладими? Мени карзим бор, лекин бу қарз қашшоқлигимдан эмас. Ўзимнинг қайнотамдан қарз олиб машина олдим. Лекин улар мени қачон беришимни белгилашмаган. Худо хоҳласа  3-4 ойларда қарзимни узишни мўлжаллаяпман. Мен қурбонлик қилгач, бир биродарим қарздор киши қурбонлик қилса ман-манликка ўтиб қоларкан. Уни гўштидан ўзи емасдан ҳаммасини назрга ўхшаб тарқатиши керак,  деди. Ҳужжат сўрасам илмли одамдан эшитганман, деди. Илтимос шуни очиқлаб олишга ёрдам берсангиз. Жавобингиз учун олдиндан раҳмат.

Абдуллоҳ.

Жавоб:

Қурбонлик қилиш ўзига тўқ одамлар учун машруъ бўлган. Қурбонлик қилиш – суннат, дегувчилар наздида ҳам, қурбонлик –  вожиб, деганлар наздида ҳам қарздор одам қурбонлик қилмайди. Чунки қарз бандаларнинг ҳаққидир. Қурбонлик эса – Аллоҳнинг мандуб ҳаққи. Бу ҳолатда бандаларнинг ҳаққи муқаддам тутилади.

Шу билан бир қаторда қарздор бўлгани ҳолатда қурбонлик қилиш мумкин бўлган ҳолатлар ҳам мавжуд.

 فيتبين بذلك أن أداء الدَّيْن أوجب من ذبح الأضحية ، ولا يستثنى منه إلا إذا كان الدَّيْنَ مؤجَّلا بعيدَ الأمد ، بحيث يغلب على ظن المَدين أنه سيتمكن من سداد الدَّيْن في وقته إذا ذبح أضحيته الآن ، أو كان قد رهن في دَينِه ما يتمكن به من السداد إن عجز في حينه ، فلا حرج عليه حينئذ من ذبح الأضحية بما ييسر الله له ، ويكون له الأجر والثواب عند الله تعالى.

Шундан маълум бўладики, қарзни адо этиш қурбонлик қилишдан кўра зарурроқдир. Бундан фақат узоқроқ муддатли қарз мустасно бўлади. Яъни қарздор ҳозир қурбонлик қилса ҳам ўз қарзини вақтида тўлашга ишончи комил бўлса ёки қарзи учун бирор нарсани гаровга қўйгану қарзини вақтида тўлай олмаса, қарзини ўшандан узиши мумкин бўлса, бундай шароитда Аллоҳ қодир қилганича қурбонлик қилишда ҳеч бир зарар йўқ. Бундай одам учун Аллоҳ ҳузурида ажр ва савоб бўлади. (islamqa/112426)

Ўйлаймизки, сизнинг шароитингиз ҳам қарздорлиги қурбонликка тўсқинлик қилмайдиган одамнинг ҳолати кабидир, валлоҳу аълам. Сиз ва оилангизнинг қурбонлик гўштидан истеъмол қилишингизга ҳеч қандай монелик йўқ.

Валлоҳу аълам.

Шайх Обидхон қори, Швеция
1432 ҳ. 13 зулҳижжа (2011 м. 9 ноябр)

•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•

https://telegram.me/islomovozi