(6) Қурбонлик ҳақида савол-жавоблар: қурбонлик қилишни ният қилган одам учун нималар суннат?

Шайх Обидхон қори, Швеция
1432 ҳ. 4 зулҳижжа (2011 м. 31 октябр)

Қурбонлик қилишни ният қилган одам учун нималар суннат?

Савол: Зулҳижжа ойига кимки қурбонлик қилса, сочини, соқолини ва тирноғини олиш мумкин эмас, деб эшитдим. Шунга маслаҳат берсангиз. Аллоҳим Расули акрам билан бирга Жаннати Фирдавсга киришимизни насиб қилсин, амин.

Сайфиддин.

Жавоб: Яхши тилакларингиз ҳаммамиз учун ҳам амалга ошсин, омин.

Дарҳақиқат қурбонлик қилишни ният қилган инсон учун соч-соқоли ва тирноқларини олишдан тийилиш ҳақида ҳадис бор.

عَنْ أُمِّ سَلَمَةَ أَنَّ النَّبِىَّ صلى الله عليه وسلم قَالَ : » إِذَا رَأَيْتُمْ هِلاَلَ ذِى الْحِجَّةِ وَأَرَادَ أَحَدُكُمْ أَنْ يُضَحِّىَ فَلْيُمْسِكْ عَنْ شَعْرِهِ وَأَظْفَارِهِ «. (رواه مسلم).

Умми Саламадан ривоят. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қачонки Зулҳижжанинг ҳилолини кўрсанглар ва сизлардан бирингиз қурбонлик қилмоқчи бўлса, соч-соқоли ва тирноқларини олишдан тийилсин». (Муслим ривоятлари).

Фуқаҳоларнинг бу ҳадисга асосланган ҳолда чиқарган ҳукмларини Фиқҳий қомусда қуйидагича зикр этилган:

ذَهَبَ بَعْضُ الْحَنَابِلَةِ وَبَعْضُ الشَّافِعِيَّةِ : إِلَى أَنَّ مَنْ أَرَادَ أَنْ يُضَحِّيَ فَدَخَل الْعَشْرُ مِنْ ذِي الْحِجَّةِ يَجِبُ عَلَيْهِ أَنْ يُمْسِكَ عَنْ قَصِّ الشَّعْرِ وَالأَْظْفَارِ ، وَهُوَ قَوْل إِسْحَاقَ وَسَعِيدِ بْنِ الْمُسَيَّبِ . وَقَال الْحَنَفِيَّةُ ، وَالْمَالِكِيَّةُ ، وَهُوَ قَوْل بَعْضِ الشَّافِعِيَّةِ وَالْحَنَابِلَةِ : يُسَنُّ لَهُ أَنْ يُمْسِكَ عَنْ قَصِّ الشَّعْرِ وَالأَْظْفَارِ . (الموسوعة الفقهية الكويتية – 5 / 170).

Ҳанбалийлар ва шофеийларнинг баъзилари қурбонлик қилишни ният қилган одам Зулҳижжанинг ўн кунлиги кирса соч-соқоли ва тирноқларини кесишдан тийилиши вожиб бўлади, дейишди. Бу Исҳоқ ва Саид ибн Мусаййабнинг ҳам сўзидир.

Ҳанафийлар ва моликийлар эса (бу ҳанбалийлар ва шофеийлардан баъзиларнинг ҳам сўзлари) соч-соқол ва тирноқларни кесишдан тийилиш суннат бўлади, дейишган. (Ал-Мавсуатул-фиқҳийятул-кувайтийя – 5/170).

«Cайдул-фавоид» сайтида шайх Холид бин Сауд бу масалада бундай ёзган:

قال الخطابي: (وأجمعوا أنه لا يحرم عليه اللباس والطيب كما يحرمان على المحرم فدلَّ ذلك أنه على سبيل الندب والاستحباب, دون الحتم والإيجاب) …

 والقول بالكراهة قول وسط بين من يحرمه وهم قلة كأحمد وبين من يبيحه وهم أكثر الفقهاء كمالك وأبي حنيفة. وفيه توسعة على الخلق لا سيما من احتاج لذلك وشق عليه تركه …

فعلى هذا يكره للمضحي أخذ ظفره وشعره ولا يأثم بذلك لكن لا ينبغي له فعل ذلك إلا عند الحاجة اتباعا للحديث وآثار الصحابة.  (خالد بن سعود البليهد).

Хаттобий айтган: «Уламолар ижмоъ қилишганки, муҳрим одамга ҳаром қилинган либос, хушбўй унга ҳаром қилинмайди. Бу шунга далолат қиладики, у иш мақталадиган ва мустаҳаб амалдир – буюрилган ва вожиб қилинган эмас».

Макруҳ, деган қавл ҳаром ва мубоҳ деганлар орасидаги ўрта сўздир. Ҳаром деганлар – улар озроқ – Аҳмад кабилар. Мубоҳ деган фуқаҳолар – улар кўпроқ -Молик ва Абу Ҳанифа кабилар. Мана шу сўзда халқ учун енгиллик бор. Хусусан, шунга муҳтож бўлган, тарк этиши қийин бўлган одамлар учун. Шунга кўра, қурбонлик қилувчи одам учун тирноқ ва соч-соқолини олиш макруҳ бўлади ва агар олса гуноҳкор бўлмайди. Локин муҳтож бўлмаса, бундай қилмаслик керак. Бу ҳадисга эргашиш ва саҳобаларнинг изларидан боришдир.

(saaid.net)