Таъзия: Масжидул Ҳаромда вафот этган ҳожиларнинг шаҳидликлари қабул бўлсин
Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиун.
Бугун Маккаи мукаррамада Аллоҳ азза ва жалланинг Ўз бандаларига юбориб турадиган синовларидан яна бири рўй берди.
Хабарларда айтилишича, Масжидул-Ҳаромни кенгайтириш учун олиб борилаётган қурилишда юк кўтариш кранларидан бирининг қулаши оқибатида 107 нафар инсон ҳалок бўлиб, яна бир қанчаларига турли даражада жароҳатлар етди. Расмийларига кўра, кўтарма краннинг қулашига кучли шамол, ёғингарчилик ва чақмоқлар сабаб бўлган бўлиши мумкин. Ҳодиса юз берган пайти шамолнинг тезлиги соатига 83 километрга етган.
Ушбу муносабат билан ҳурматли устозимиз Обидхон қори ака ва «Ислом Овози» таҳририяти номидан Ҳарамайни Шарифайн – Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунавварадек энг муқаддас диёрдаги мусулмон биродарларимизга, қолаверса барча Ислом умматига ўз таъзияларимизни изҳор этамиз.
Аллоҳ таоло вафот этган ҳожи биродарларимизни шаҳидлар қаторида қабул айласин.
Бугун Ислом оламида ҳар куни жуда ҳам кўп биродарларимиз турли мусибатлар туфайли вафот этяптилар. Бундай оғир мусибатлар ортида Аллоҳ таолонинг чексиз ҳикматлари борлигига чин қалбимиз билан иймон келтирамиз. Бу дунё ўзи имтиҳон дунёси.
Аллоҳ таоло тақдир этадиган мусибатлар мўминларнинг У Зот ҳузуридаги даражотларини баланд-баланд мақому мартабаларга кўтаради. Гуноҳкор мусулмонларнинг гуноҳларини ювиб Қиёматга мусаффо ҳолда покланиб боришларига сабаб бўлади. Аллоҳнинг огоҳлантиришларини назар-писандларига олмайдиган кофиру мунофиқлар учун эса даҳшатли азобу уқубатларни бошлаб берувчи бало бўлиб келади.
Аллоҳ таоло бизларни биринчи тоифа инсонлар – ҳақиқий мўмин-мусулмонлардан бўлишга муваффақ айласин.
Меҳрибон Парвардигоримиз шаҳид бўлаётган барча биродарларимизнинг шаҳидликларини муборак қилсин, жароҳат олган ва бетоб бўлиб ётганларга шифойи комил берсин, зулм чекаётганларга нусрат берсин.
“Ислом Овози” таҳририяти
Алоқадор мавзулар: