Тўйим исломий бўлсин деган йигитни “ваҳҳобий” деб тўйни бузишмоқчи

Савол: Яқинда акамни бир қизга унашишган эди. Акам у қиз билан бир марта кўришиб келди. Орадаги масофа жуда узоқ бўлгани туфайли тўй масаласида телефонда ҳам бир-икки гаплашди. У қиз намоз ўқир экан, аммо ҳижобда эмас. Акам шаръий қоидаларга мос тўй қиламиз деган. У қиз буни уйдагиларига айтган. Эртасига қизнинг онаси акамга телефон қилиб: «қизимни сиздака ваҳҳобийга бермайман!» дебди. Орада катта оилавий келишмовчилик келиб чиқди. У қизнинг оиласи акамни «ваҳҳобий» деяпти, гарчи ваҳҳобийлик нималигидан акамнинг хабари бўлмаса-да. Ўзбекистонда кўпчилик Ислом деганда фақат беш вақт намоз ўқишни тушунади. Намозни ўқиб, кейин бошқа ҳаром ишларни қилиб юраверадиганлар кўп. Ислом буюрганларига амал қиламан деганга ҳар хил тамға босилади. Акам эзилиб кетди. Фотиҳани бекор қилишликка ота-онам кўнмайди. Ноисломий тўй қилишликка акам кўнмайди. Шаръий тўй қилишликка қизни оиласи кўнмайди. Қандай йўл тутилиши керак? Акам нима қилсин? Илтимос, маслаҳатингиз жуда ҳам зарур.

Раъно.