Уйланмаган йигитлар учун тавсиялар

Савол: Мен мусофир юртида хизмат сафари билан юрибман, лекин ўз ватанимга 2 йил ичида қайтишни Аллоҳ насиб қилсагина мўлжаллаганман. Ёшим 25дан ошган, лекин халигача бўйдоқман… Сабр қилишга ҳаракат қиламан. Баъзида уйқудан турганимда ғусул вожиб бўлиб тураман. Охирги пайтларда рўза тутиш ҳам фойда бермай қўйиб, оғриқларига чидолмай қолаяпман… Бундай ҳолда албатта уйланиш шарт, лекин бу ерда уйланишимга ота-онам норози бўладилар ва ўзимнинг хоҳишим ҳам йўқ… Бу ғаризани нима қилиб тўхтатмоқ керак?
Н.

Жавоб: Аллоҳ таоло сизни Ўз ҳидоятига бошлаб, фойдали йўлни кўрсатсин.

Уйқуда эҳтилом бўлишнинг зарари йўқ. Ундай инсон уйғонгач, ғусл қилиши вожиб бўлади.

Йигит киши уйланишга эҳтиёж сезиб туриб ҳам ўзини ўзи қийнаб, уйланмай юравериши нотўғри иш. Сиз ота-онангиз билан маслаҳатлашишингиз, улар топган қиз билан кўришиб, агар бир-бирингизга маъқул келсангиз, уйланишингиз лозим. Бунинг учун қисқа вақтга ишдан таътил олиб уйга боришингиз керак ва уйланиб, тўйдан сўнг турмуш ўртоғингиз билан яна ишингизга келишингиз мумкин. Агар уйга боришга умуман шароит тополмасангиз, ота-онангизни кўндиришга ҳаракат қилинг, токи шояд уларнинг ўзлари келиб сизни уйлантириб кетишса ёки бирор иймонли қизга уйланишингизга рухсат беришса.

Покизалик – исломий ҳаёт тақозоаси

Маълумки, Ислом дини мусулмонларни покиза ҳаёт кечиришга буюрган.

عَنْ أَبِى مَالِكٍ الأَشْعَرِىِّ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم: «الطُّهُورُ شَطْرُ الإِيمَانِ» (رواه مسلم).

Абу Молик Ал-Ашаъарийдан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Поклик иймоннинг ярмидир…» (Муслим).

Уйланиш иффат ва поклик омили саналади, ҳамда инсоннинг хотиржам ва мазмунли ҳаёт кечиришига ёрдам беради. Уйланишга ҳожати бўла туриб, бу ишни орқага суриб юрадиган инсоннинг қалби ҳам, танаси ҳам пок бўлиши қийин. Унинг дунёвию ухровий ишларидан барака қочиши мумкин. Шунинг учун ҳам бу ишга Расулуллоҳ тарғиб қилганлар.

عن عائشة رضي الله عنها قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: «النكاح من سنتي فمن لم يعمل بسنتي فليس مني …» (إبن ماجة، الألباني: صحيح).

Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Никоҳланиш менинг суннатимдан. Кимки менинг суннатимга амал қилмаса, бас у мендан эмас…» (Ибн Можа, Албоний: саҳиҳ).

Уйланиш умумий тарзда суннат бўлса ҳам баъзи одамлар учун фарзга айланади. Сиз ҳам ўзингизнинг ёзишингиз бўйича, ана шундай одамлар қаторида турибсиз. Уйланиш фарз бўлган одам бу вазифани бажармаса, Аллоҳ асрасин, унинг ҳаётида нопоклик ва тартибсизлик томон тирқиш очилиши мумкин.

Покизалик кенг ва бой тушунча

Биз қуйида яна баъзи қўшимча маслаҳатларни баён қилишни лозим топдик. Булар эҳтимол сизнинг муаммойингизга мукаммал жавоб бўла олмас, аммо буларнинг ичида сизга ва сиз каби ёшларга то уйлангунга қадар ва уйлангандан кейин ҳам иншоаллоҳ фойдаси тегадиган нуқталар борлигига ишонамиз.

Покиза ҳаёт кенг қамровли тушунча бўлиб, асосан қалб ва бадан поклигида ифодаланади. Қалб поклиги Аллоҳга тўғри иймон келтириш, тавҳидни мукаммаллаштириш, қалб ва бадан ибодатларини чиройли адо этиш, солиҳ амалларни яхши кўриб бажариш ва ҳалол меҳнат қилиш билан вужудга келади. Қалб поклигининг муҳим ифодаси ихлос ва ростгўйликдадир. (Бу ҳақда ҳақда «Гўзал хулқлар силсиласи» суҳбатларини тинглашингиз мумкин).

Бадан поклигига эса таҳоратли бўлиш, покиза кийиниш, ҳалол таом истеъмол қилиш, ибодатларни вақтида адо этиш, яшаш ва иш шароитларини озода тутиш билан эришилади.

Инсоннинг покиза ҳаёт кечиришида касб-кор ва машғулот тури, касбнинг жинс ва ёшга муносиблиги, иш ва ўқиш еридаги ижтимоий ва иймоний муҳит, оила аъзолари, дўстлари, касб юзасидан мулоқот қиладиган одамлари ҳам муҳим ўрин эгаллайди. Биз қуйида шу ҳақда гапирамиз.

Ёшлар ҳаётидаги тўғаноқлар

Ёшлик, балоғат даври умр йўлидаги нозик бурилиш нуқталаридан бири бўлиб, бу босқичдан муваффақият билан ўтиш учун инсон Аллоҳ таолонинг тавфиқига ва бошқаларнинг ёрдамига муҳтож бўлади. Бундай пайтда ёшлар учун ота-оналар, устозлар ва катта ёшли инсонлар тўғри маслаҳатларни бериб боришлари керак. Зарарли ишлардан огоҳлантириб туришлари лозим. Ёшлар ҳам уларнинг маслаҳатларини қабул қилишлари зарур.

Кўп ёшлар мактабни битиргандан сўнг иш ёки ўқишга кирадилар. Куннинг кўп қисмида оиладан узоқда бўладилар. Улар ўсаётган, ривожланаётган паллада эканлар, бу ҳар қандай ташқи таъсирни осонлик билан қабул қилиш демакдир. Ёшлар ахлоқининг бузилишига сабаб бўладиган омилларнинг асосида болаликдан яхши тарбия топмаганлик ётса-да, кейин келадиган сабабларнинг ҳам аҳамияти кам эмас. Жумладан, носоғлом меҳнат муҳити, бўш вақтни тўғри ташкил қила билмаслик, шахсий ҳаётда интизомга риоя қилмаслик кўп қийинчиликларга сабаб бўлади. Ана шундай салбий кўринишларни умумлаштирган ҳолда қуйидагича тасвирлаш мумкин:

1. Ёш йигитнинг иш пайтида бажарадиган вазифаси бегона аёл-қизларга тез-тез кўзи тушадиган ва улар билан сўзлашишни тақозо қиладиган ё эса аёллар сурати ва кийимларига назар соладиган ишлар бўлиши;

2. Ҳамкасблар ва тенгқурларнинг ибодатсиз ва хулқи ночор одамлар бўлиши; Ёш кишининг доимий равишда хулқи яхши бўлмаган одамлар ичида ишлаши, иймондан бегона ёшлар билан бирга юриши салбий оқибатларга сабаб бўлади.

3. Мақсадсиз равишда кўча кезиш, саёқлик; ишдан, ўқишдан бўшагач тез уйга қайтмаслик; бўш пайтларда биронта фойдали машғулотга эга бўлмаслик; Бекорчиликдан кўчада юриш жуда кўп зарарларга ва гуноҳларга сабаб бўлади. Ундай одамнинг хаёлига бузуқ фикрлар келади.

4. Ўта олифта кийиниш, кийинишда ва соч қўйишда фосиқларга тақлид қилиш; дабдабали ва енгил ҳаётни яхши кўриш, еб-ичишда исрофга берилиш, баднафслик, кўп уйқу; асбоб-анжом ва жиҳозлар тутишда мода кетидан қувиш, шундай табиатли одамлар орасида юриш; ўйин-кулгуга муккадан кетиш; бойликни кўпайтириш дарди билан яшаш, орзу ҳавасларнинг кўплиги;

5. Хонадонда покиза муҳитнинг йўқлиги, ҳаё ва ҳалолликнинг қадрланмаслиги, оила аъзоларининг Ислом ва иймондан узоқлиги, ибодатсизлик; уйга тарбиясиз ўртоқларни таклиф қилиб, вақтни зарарли ишлар ва ўйинлар билан ўтказиш;

6. Оилада Ислом ривожи учун ҳисса қўшиш фикрининг йўқлиги, иймоний, илмий, руҳий, маънавий, даъват, тарбиявий мазмундаги ҳаёт ва ишлардан узоқда яшаш; Қуръони Карим тиловати ва исломий адабиётлар мутоаласидан бегоналик; мусулмонлар устидаги мусибатлардан бехабарлик; мазлумларни қутқариш тўғрисида ўйламаслик; худбинлик, шахсиятпарастлик; Зарур дунёвий соҳаларни эгаллаш учун қунт билан ўқимаслик, меҳнат қилишга тоқатнинг етишмаслиги, ялқовлик;

7. Жинсий мавзулар ҳақида фикр суриш, шундай манбаларга қарашдан ўзини тиймаслик. Интернет, телевизор ёки компьютердан бемаъни мавзуларни кўриш, ўқиш, эшитиш. Уйда беҳаё суратли китоб, журнал ва газеталарни, диск ёки кассеталарни сақлаш. Тенгқурлар ўзаро тортинмасдан шу мавзуларда гаплашиш. Интернет орқали бегона аёл қизлар билан мулоқот қилиш;  Балоғат ёшига етганлар билиши ва амал қилиши лозим бўлган зарур нарсаларни (номаҳрамлик, ғусл, шахсий тозаланиш, ўзини эҳтиёт қилиш каби) билмаслик ёки уларга амал қилмаслик.

8. Ота-она ва устоз тарбиясидан маҳрумлик, солиҳ биродарлар ва қўшниларнинг йўқлиги, илм оладиган ва хайрли ишларни бирга бажарадиган жамоатга қўшилмаслик, беш маҳал намоз жамоат билан ўқилмайдиган маҳаллада яшаш, намозни ёлғиз ўқиш. Исломга амал қиладиган, ҳалолликка қатъий риоя этадиган одамлардан узоқ бўлиш.

Ёшлар учун тавсиялар

Ёш инсон ўз ҳаётининг маънили, баракали ва лаззатли ўтишини истаса, ўз-ўзини текшириб туриши ва юқорида айтилган ҳолатлардан биронтаси мавжуд бўлса, ундан ўзини халос қилиши лозим. Мусулмон ёшлар ўз ҳаётларини мазкур салбий кўринишларнинг акси ва муқобилида ўтказишга, оддий, аммо кучли мусулмон бўлиб яшашга ҳаракат қилишлари керак. Улар ўзлари муҳтож бўладиган покиза ва қулай шароитга эришиш учун интилишлари лозим. Буни қисқача мана бундай таърифлаш мумкин:

Ишхонада. Йигитлар учун касб-кор ва машғулот турининг ҳалоллигидан ташқари бегона аёллар ва фосиқлар муҳитидан холи бўлиши, таҳорат ва ибодат учун шароит яратилиши;

Кўчада. Кўчага чиқиб кетаётганда зикр ўқиб, нима учун кетаётганини ёдга олиш ва яхши ният қилиш; Кўчага иш, ўқиш, ибодат, зиёрат, даъват, бирор зарурат ё эса фойдали сайр-саёҳат нияти билан чиқилади. Кўчада юрганда кўзни ёмон нарсалардан сақлаш лозим. Ишларини битиргандан сўнг тезроқ уйга қайтишга ҳаракат қилгани яхши.

Уйда. Уйда бўлганда аҳамият қаратиш лозим бўлган ишлар мана булар:

1. Беш маҳал намозга вақтидан аввалроқ тайёргарлик кўриш ва намозни масжидда жамоат билан ўқиш.

2. Нафл ва суннат ибодатларига аҳамият бериш. Ҳар куни маълум миқдорда Қуръон тиловат қилишга ёки эшитишга, кундузи ҳам, тунда ҳам нафл намозлар ўқишга ўрганиш. Эрталаб ва кеқурун ўқиладиган зикр, дуо ва истиғфорларни ўзига доимий одат қилиш. Кучи етса кун ора, бўлмаса, душанба ва пайшанба кунлари рўза тутиш.

3. Ислом буйруғи бўлган талаби илм фарзини бажариш ва ўз устида мунтазам ишлаб, илмини ошириб бориш. Доимо китоб ўқишга одатланиш. Келажак учун режалар тузиш.

4. Маърузалар ва дарслар тинглаш. Интренетда араб, инглиз, рус ва ўзбек тилларида кўплаб олим ва даъватчиларнинг видео-аудио маърузалари бор. Улардан фойдаланиш. Интернетга кирганда уятсиз нарсалардан кўзни тийиш. Фисқу фужурни тарғиб қиладиган сериаллар ва кинолар томоша қилишдан сақланиш.

5. Тарбияли йигитлар ва илмли инсонлар билан дўстлашиш, ёши улуғ, тажрибали одамлар билан алоқада бўлиш. Улардан дарс олиш. Ўз муаммолари ҳақида улар билан маслаҳатлашиш.

6. Замонавий фойдали ҳунарларни кўпроқ эгаллаш. Компьютер, видое аудио каби техникалардан фойдаланишни пухтароқ ўрганиш.

7. Спортнинг фойдали бирор тури билан билан шуғулланиш. Жисмоний чиниқиб бориш.

8. Шахсий ҳаётда содда кийинишга, оддий ва озода турмуш кечиришга ўрганиш. Ухлашда, овқатланишда Расулуллоҳ суннатларига риоя қилиш. Ҳалол бўлса ҳам кучли таъсир қиладиган овқат ва ичимликлардан ўзини тийиш. Уйда тартиб-интизом ва озодаликни сақлаш. Вақтни қадрлашга ўрганиш. Балоғат ёшидаги инсонлар билиши ва амал қилиши керак бўлган нарсаларни ўрганиш ва амал қилиш.

9. Ёмон хаёллар келганда, шайтон уят нарсаларни эслатганда ўз ҳолатини ўзгартириш. Ётган бўлса ўлтириш, ўлтирган бўлса туриб кетиш. Истиоза, истиғфор ва зикрлар айтиш, китоб ўқиш. Пол ёки деразаларни артиш, идишларни ювиш, ҳовли тозалаш каби бирор машғулот билан ўзини чалғитиш. Таҳорат олиб икки ракъат намоз ўқиш, Аллоҳга боғланиб саждада дуолар қилиш.

10. Мусофирликда юрган уйланмаган ёшлар ёлғиз яшамасдан ахлоқи ва эътиқоди дуруст бўлган бирор дўст билан яшашлари керак. Бирга яшайдиган ҳамхонанинг иймонли, ибодатли, хулқи яхши, фикри тиниқ одам бўлиши ниҳоятда муҳим.

Умумий тавсиялар. Хоҳ исломий, хоҳ дунёвий бирор соҳа бўйича маълум даражага эришган бўлса, ўқув курслари ва жамоатлар ташкил қилиб, бошқаларга ўргатиш. Ёшлар учун турли мусобақалар ва тадбирлар ташкил қилиш.

Муҳтож одамларни топиб, уларга ёрдамлашиш. Касаллар ва қарияларни зиёрат қилиб туриш. Қийналган одамларга қўлидан келганича оз бўлса ҳам тез-тез эҳсон ва садақалар қилиш. Одамларни шундай ишларга қизиқтириб, ҳожатмандларга ёрдамлар уюштириш.

Мусулмонлар учун фойдаси тегадиган хизматларни қидириб топиш ва бажариш. Ислом ривожи учун ўз ҳиссасини қўшишга интилиш.

Аллоҳ таолодан барча мусулмон ёшларимизга мустаҳкам иймон, чиройли хулқ, фойдали илм ва ҳунарлар, солиҳ амаллар учун ғайрат-шижоат, хайрли ишларида муваффақиятлар, ҳаётларида мукаммал бахт-саодат тилаб қоламиз.

•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•

Ислом Овози каналини барчага улашинг, илм тарқатишда ҳиссангизни қўшинг, савобли амалингиз Қиёматгача давом этсин

https://telegram.me/joinchat/BqyShjwleEx1O-OOZEYqvg