Таниқли ўзбек имоми Обидхон қори Назаров бошларидан кечирганларини сўзлаб бермоқдалар
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан қочқин мақоми берилган таниқли ўзбек диссидент имоми Обидхон қори Назаров чоршанба куни охирги олти йил давомида яшириниб юрган жойлари – Қозоғистондан Европага учиб кетдилар.
Обидхон қори Назаровнинг қаердаликлари у киши 1998 йилда Ўзбекистон пойтахти Тошкентда ғойиб бўлганларидан бери номаълум эди. Ўша пайтдан бери ўзбек ҳукумати у кишини, гарчи буни ўзлари рад қилсалар-да, исломий экстремизм ва террорчиликда айблаб, қидириб келмоқда эди.
Обидхон қори “Ассошиэйтед Пресс”га берган саккиз йил мобайнидаги илк интервюларида диний илм олиш ва бу соҳада фаолият юритишни Европада туриб давом эттириш ниятлари борлигини билдирдилар.
БМТ қочқинлар бўйича агентлиги Обидхон қорига қочқин мақомини январда берган. Агентлик маъмурлари чоршанба куни у киши ва оилаларини Олма-ота аэропортида кузатиб қолганлар. Хавфсизлик нуқтаи назаридан Обидхон қори Европадаги манзилларини ошкор этмасликни сўрадилар.
Президент Ислом Каримов Ўзбекистонни 17 йилдан бери қаттиққўллик билан бошқариб келади. У давлатга тобе бўлмаган равишда Исломга амал қилувчи мусулмонларга қарши қақшатқич кураш олиб боради.
Инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг маълум қилишларича, Каримов ҳукумати 6000 дан зиёд бегуноҳ мусулмонларни экстремизм айби билан қамоққа ташлаган.
47 ёшли Обидхон қори 25 миллион аҳолига эга Ўзбекистонда энг таниқли имомлардан биридирлар. У киши совет президенти Михаил Горбачёвнинг қайта қуриш ислоҳотлари ҳамда мустақилликдан кейинги атиги бир неча йил ичида элга танилганлар.
Тошкентда Обидхон қорига эргашиб минглаб мусулмонлар намоз ўқирди ва у кишининг мавъизалари ёзилган аудиотасмалар бутун Марказий Осиё давлатлари бўйлаб тарқалган эди.
Бошқа имомлардан у кишини нима фарқлаши сўралганида, Обидхон қори Назаров: “Улар ўзларига зарар етишини ва давлат мулозимларини аччиқлантиришни хоҳлашмади”, дея жавоб бердилар.
Совет даврида Обидхон қори ҳамма диний хизматчилар қатори КГБ мулозимлари билан доимий учрашувларда қатнашганлар ва бу ҳолат мустақилликдан кейин ҳам давом этган. “Уларга у даврларнинг ўтиб кетганини ва ортиқ уларнинг буйруқларига бўйсунишни истамаслигимни айтдим”, дейдилар Обидхон қори.
Соқоллари тартибланган, оқ кўйлак ва қора костюм кийиб олган Обидхон қорининг айтишларича: “Улар коммунистик услублар билан бошқаришни исташади, улар бошқа йўлларни билишмайди”.
Обидхон қорининг айтишларича, у киши мавъиза учун мавзуларни мустақил танлашни истардилар. У киши ўз мавъизаларида аёлларнинг масжидларга бориши, ҳижоб кийиши ҳамда эркакларнинг соқол қўйишига нисбатан ҳукумат амалга ошираётган тўсқинликларни қоралаганлар.
Обидхон қори Ўзбекистон Исломий Ҳаракатига алоқадорлик юзасидан айбловларни қатъиян рад қилдилар: “Менинг ЎИҲга ҳеч қандай алоқам йўқ, уларни халқ ичида ёмонлашимни исташди, лекин мен унамадим. Мен ҳамма нарса ҳақида гапириш эркинлигини хоҳлардим, акс ҳолда фойдаси бўлмас эди”.
Обидхон қори Ўзбекистонда радикал исломий гуруҳларнинг пайдо бўлиши Каримовнинг қатағон сиёсати маҳсули эканлигини айтдилар: “У одамларнинг ўз фикрлари, қобилият ва шижоатларини намоён қилишларига йўл қўймайди. Бундай сиёсат фақат душманона кайфиятларни уйғотади, холос”.
Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси Обидхон қорини 1996 йили имомликдан четлаштирган ва у киши ўша вақтдан бошлаб назорат остига олинганлар. Имомни ҳеч қандай айбловларсиз 1997 йили ҳибс этишга бўлган уриниш эса оммавий норозиликларга сабаб бўлган.
Обидхон қори 1998 йили қайта ҳибс этилиш хавфи остида ғойиб бўлганлар. Шундан сўнг у кишининг икки ноиблари, уч ака-укалари ва ҳайдовчилари ҳукумат томонидан экстремизмда айбланиб ҳибс этилган. Обидхон қорининг аёллари хам қамалган, лекин халқаро босим туфайли озод этилган. Обидхон Назаровнинг тўнғич ўғиллари Ҳусниддин 2004 йил май ойида Тошкентда ўғирлаб кетилган.
Обидхон қорининг айтишларича, Қозоғистон ҳукумати у кишининг тўққиз издошларини сирли равишда қўлга олиб, Ўзбекистонга топшириб юборган. Шундан кейин у киши БМТга бошпана сўраб мурожаат қилишга қарор қилганлар.
Обидхон қори Қозоғистон хавфсизлик хизмати издошларининг хонадонига бостириб кирган кечада улардан бири ўзларига қўнғироқ қилганини шундай эслайдилар: “У менга: “Бизни қуршаб олишди, биз томдамиз, улар қуролланган ва итлари бор”, деди. Мен ҳали-ҳануз уларга бирор нарса дейишга сўз топа олмаганим, уларга ёрдам бера олмаганим учун ўзимни кечира олмайман”.
“Асошиэйтед Пресс” мухбири Багиля Бухарбаеванинг хабари асосида
17 март, 2006 йил
«Мусулмон Ўзбекистон»