«Аллоҳнинг марҳаматидан ноумид бўлмангиз! Албатта Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур …»
Савол: Бир савол берсам мендан нафратланишингиз мумкин, лекин илтимос, саволимнинг жавобини билиб беринг. Эшитишимча, Қуръонда оят бор экан: «ким зино қилса биз уни ҳам зино қилдирамиз», яъни, унинг маҳрамларини. Ёки шунга ўхшаш маънодаги оят. Мен қўрқадиган нарсам фақат шу. Қилган ишим фарзандларим ёки маҳрамларимга қайтиб қолишдан қўрқаяпман. Тавба қилсам Аллоҳ кечиришига ишонаман, мен тавба қилдим. Агар тавбамда содиқ турсам шу ишим ўзимга қайтмайдими? Шуни ўйлаб сиқиляпман. Чунки, бу ифлосликни қилганимда унинг ёмонлигини билардим …
Ф.
Жавоб:
Аллоҳ таоло албатта тавбангизни қабул қилади, агар ҳақиқий тавба қилсангиз ва иншоаллоҳ фарзандларингиз ва маҳрамларингиздан ҳам бундай гуноҳ ишларга кириб қоладиган ҳеч ким чиқмайди. Фақат, ўзингиз айтганингиздай тавбангизда содиқ туришингиз лозим.
Аллоҳ таоло Зумар сурасининг 53-оятида марҳамат қилади:
{قُلْ يَا عِبَادِيَ الَّذِينَ أَسْرَفُوا عَلَىٰ أَنفُسِهِمْ لَا تَقْنَطُوا مِن رَّحْمَةِ اللَّهِ إِنَّ اللَّهَ يَغْفِرُ الذُّنُوبَ جَمِيعًا إِنَّهُ هُوَ الْغَفُورُ الرَّحِيمُ}. [الزمر: 53].
«(Эй Расулуллоҳ), Менинг ўз жонларига исроф – жабр қилган (турли гуноҳ-маъсиятларга қўл урган) бандаларимга айтинг: «Аллоҳнинг марҳаматидан ноумид бўлмангиз! Албатта Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. Албатта Унинг Ўзигина Ғафур – мағфиратли, Раҳийм- меҳрибондир».
Имом Бухорий, имом Муслим ва бошқа муҳаддис уламолар ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам башорат бериб айтадилар:
«لله أشد فرحا بتوبة عبده حين يتوب إليه من أحدكم كان على راحلته بأرض فلاة , فانفلتت منه , وعليها طعامه وشرابه فأيس منها فأتى شجرة فاضطجع في ظلها – قد أيس من راحلته – فبينا هو كذلك إذا هو بها قائمة عنده فأخذ بخطامها ثم قال من شدة الفرح: «اللهم أنت عبدي وأنا ربك» – أخطأ من شدة الفرح – «. (متفق عليه).
Бу муборак ҳадиси шарифнинг маъноси қуйидагича:
Аллоҳ таоло Ўзининг бандаси тавба қилиб келганда, унинг тавбаси билан жуда ҳам қаттиқ шод бўлади. Бир киши саҳрода кетаётган пайт унинг улови устидаги таому шароби билан қочиб кетиб қолди. Бу инсон (уни қидириб, топа олмасдан, охири қаттиқ тушкунликка тушиб) бир дарахт топиб, унинг соясида умидсиз ҳолида ён бошлаб (ўлимни кутиб) ётган эди, тўсатдан (ўша) қочиб кетган улови унинг ҳузурига қайтиб келиб қолди. Шунда бу инсон жуда ҳам қаттиқ хурсанд бўлиб кетганидан маркабини ушлаб туриб: «Эй Аллоҳ, Сен менинг бандамсан, мен Сенинг Раббингман!» деб юборди. Жуда қаттиқ хурсанд бўлиб кетганидан дуосида ҳам адашиб кетди. Гуноҳкор инсон Аллоҳга тавба қилиб қайтганида У Зот мана шу саҳродаги инсоннинг хурсандлигидан ҳам кўра қаттиқроқ хурсанд бўлади!
(Муттафақун алайҳи).
Аммо сиз ёзганингиз: » Эшитишимча, Қуръонда оят бор экан: «ким зино қилса биз уни ҳам зино қилдирамиз», яъни, унинг маҳрамларини. Ёки шунга ўхшаш маънодаги оят…», бу гап тўғри эмас.
На Қуръонда ва на ҳадисда бундай сўз борлигини билмаймиз. Лекин, бу дунё қайтар дунё эканлиги Аллоҳнинг тақдири ва ҳикматига биноан маълум бўлган ҳақиқат.
Аксарият ҳолатларда золим кимсалар шу дунёда ҳам ўзларининг зулмларига яраша жуда аламли жазоларни тортадилар. Охиратдаги азоблар эса ҳеч ким тасаввур қила олмайдиган даражада даҳшатли бўлади. Аллоҳ Ўзи бизларни дунё ва Охират азобларидан асрасин.
Имом Табароний ривоят қилган ҳадисда келади:
«عِفُّوا تعِفَّ نِساؤُكم وبَرُّوا آباءَكم يبَرَّكم أبناؤُكم».
«Сизлар (аввало ўзингиз) покдомон бўлинглар, шунда аёлларингиз ҳам иффатли бўладилар. Ота-оналарингизга яхшилик қилиб яшанглар, шунда ўғилларингиз ҳам сизларга яхшилик қиладилар».
Имом Ҳайсамий ривоят қилган, шайх Албоний саҳиҳ санаган қиссада келади:
عن أبي أمامة الباهلي رضي الله عنه أنَّ فتًى من قريشٍ أتى النَّبيَّ صلَّى اللهُ عليه وسلَّم فقال : يا رسولَ اللهِ ائذَنْ لي في الزِّنا . فأقبَل القومُ عليه وزجَروه فقالوا : مَهْ مَهْ . فقال : ادنُهْ . فدنا منه قريبًا فقال : أتُحِبُّه لأمِّك ؟ قال : لا واللهِ جعَلني اللهُ فداك . قال : ولا النَّاسُ يُحبُّونَه لأمَّهاتِهم . قال : أفتُحِبُّه لابنتِك ؟ قال : لا واللهِ يا رسولَ اللهِ جعَلني اللهُ فداك . قال : ولا النَّاسُ يُحِبُّونَه لبناتِهم . قال : أفتُحِبُّه لأختِك ؟ قال : لا واللهِ يا رسولَ اللهِ جعَلني اللهُ فداك . قال : ولا النَّاسُ يُحِبُّونه لأخواتِهم . قال : أتُحِبُّه لعمَّتِك ؟ قال : لا واللهِ يا رسولَ اللهِ جعَلني اللهُ فداك . قال : ولا النَّاسُ يُحِبُّونَه لعمَّاتِهم . قال : أتُحِبُّه لخالتِك ؟ قال : لا واللهِ يا رسولَ اللهِ جعَلني اللهُ فداك . قال : ولا النَّاسُ يُحِبُّونَه لخالاتِهم . قال : فوضَع يدَه عليه وقال : اللَّهمَّ اغفِرْ ذنبَه وطهِّرْ قلبَه وحصِّنْ فرجَه . قال : فلم يكُنْ بعدَ ذلك الفتى يلتَفِتُ إلى شيءٍ.
Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят:
Қураший бир йигит Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб: эй Расулуллоҳ, мен зино қилишим учун рухсат беринг, деди.
Шунда одамлар (ўша суҳбатда ўтирган баъзи саҳобалар) бу йигитга: «Ҳей, ҳей! Жим бўл!», деган маънода қаттиқ танбеҳ бердилар.
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса: «(олдимга) яқинроқ келгин!», дедилар.
Йигит Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг яқинларига келиб ўтирди.
– Расулуллоҳ ундан сўрадилар: «Шу нарсани ўз онанг учун раво кўрасанми?».
– Йигит жавоб берди: «Йўқ, Аллоҳга қасам, эй Расулуллоҳ, мени Аллоҳ сиз учун фидо қилсин! (Асло раво кўрмайман!)».
– Расулуллоҳ: «Одамлар ҳам ўзларининг оналари учун бундай нарсани раво кўрмайдилар!».
– Расулуллоҳ: «Қизинг учун раво кўрасанми?».
– Йигит: «Йўқ, Аллоҳга қасам, эй Расулуллоҳ, мени Аллоҳ сиз учун фидо қилсин! (Асло раво кўрмайман!)».
– Расулуллоҳ: «Одамлар ҳам ўзларининг қизлари учун уни раво кўрмайдилар!».
– Расулуллоҳ: «Синглинг учун раво кўрасанми?».
– Йигит: «Йўқ, Аллоҳга қасам, эй Расулуллоҳ, мени Аллоҳ сиз учун фидо қилсин! (Асло раво кўрмайман!)».
– Расулуллоҳ: «Одамлар ҳам ўзларининг сингиллари учун уни раво кўрмайдилар!».
– Расулуллоҳ: «Амманг учун раво кўрасанми?».
– Йигит: «Йўқ, Аллоҳга қасам, эй Расулуллоҳ, мени Аллоҳ сиз учун фидо қилсин! (Асло раво кўрмайман!)».
– Расулуллоҳ: «Одамлар ҳам ўзларининг аммалари учун уни раво кўрмайдилар!».
– Расулуллоҳ: «Холанг учун раво кўрасанми?».
– Йигит: «Йўқ, Аллоҳга қасам, эй Расулуллоҳ, мени Аллоҳ сиз учун фидо қилсин! (Асло раво кўрмайман!)».
– Расулуллоҳ: «Одамлар ҳам ўзларининг холалари учун уни раво кўрмайдилар!».
Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўлларини йигитнинг устига қўйиб дуо қилдилар: «Эй Аллоҳ, бу йигитнинг гуноҳини мағфират қилгин, қалбини поклагин, авратини ҳаром нарсалардан ҳимоя қилгин!».
Шундан сўнг бу йигит шу даражада тақвога эришдики, ҳеч нарсага (ҳеч қандай номаҳрам аёлга) умуман қарамас эди.
Аллоҳ таоло сизни ҳам, бизни ҳам тавбаи насуҳ – ҳақиқий ва мукаммал тавбага муваффақ қилсин.
Вассалому алайкум …
«Ислом Овози» таҳририяти