Қурбон ҳайити ҳақида қисса (10-қисм)

ЭНГ УЛУҒ БАЙРАМ

Биз ҳар йили Қурбон ҳайити келганда бу кунни байрам қиламиз. Дунёдаги барча мусулмонлар бу кунни энг катта байрам деб биладилар. Бу байрам яқинлашганда миллионлаб мусулмонлар Макка шаҳрига бориб ҳаж қиладилар. Иброҳим ва Исмоил алайҳимассаломлар яшаган жойларни кўрадилар. Улар юрган йўллардан юрадилар. Аллоҳнинг уйи – Каъбатуллоҳда ибодат қиладилар.

Бу байрам бизга Иброҳим ва Исмоил боболаримизнинг қилган ишларини эсимизга солиб туради. Биз уларнинг Аллоҳ йўлида қилган меҳнатлари ва жиҳодларидан ўрнак оламиз. Биз ҳам улар каби Аллоҳнинг динига даъват қилишни хоҳлаймиз. Улардек чин иймонли мусулмон бўлишга интиламиз. Ислом динига ва мусулмонларга хизмат қилиш – энг олий хизмат.

Қурбон ҳайити куни Иброҳим ва Исмоил алайҳимассаломлар Аллоҳнинг имтиҳонидан ўтган кунлари. Аллоҳ ҳамма мусулмонларни бир-бир имтиҳон қилиб кўради. Биз ҳам Аллоҳнинг имтиҳонларидан яхши ўтишга ҳаракат қиламиз. Агар Аллоҳ йўлида мустаҳкам турсак, синовлардан яхши ўтсак, Иброҳим ва Исмоил пайғамбарларга ўхшаб Аллоҳнинг мукофотларига эришамиз, иншоаллоҳ.

ХОТИМА

Мана, азиз болажонлар. Қурбонлик ҳақидаги қиссамиз ҳам тугади. Сизлар бу ҳикояларни ўқиб, Қурбон ҳайити тарихини билиб олдинглар. Энди сизлар ҳам Иброҳим пайғамбардек қўрқмас, ботир ва чин иймонли йигит бўлинглар. Исмоил пайғамбар каби одобли ва итоатли бола бўлишга ҳаракат қилинглар. Қизлар ҳам Ҳожар онамиз каби тақволи ва ҳаёли бўлсинлар. Ана шунда ҳаммангизни Аллоҳ худди Иброҳим, Ҳожар ва Исмоил алайҳимуссаломларни яхши кўргандек яхши кўради. Ҳамма ишларингизда, ўқишларингизда Ўзи ёрдам беради. Одамлар ҳам сизларни ҳавас қилиб юрадилар.

Аллоҳ таоло барчангизга Қурбон ҳайитини муборак қилсин.

Вассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ.