Қурбон ҳайити ҳақида қисса (9-қисм)
ИБРАТ
Оламдаги ҳамма нарса Аллоҳники. Ҳамма нарса Аллоҳга бўйсунади. Пичоқ ҳам олов каби Аллоҳнинг буйруғини бажаради.
Аллоҳ пичоққа кесмагин деб буйруқ берган эди. Пичоқ Аллоҳнинг айтганини қилди. Исмоилнинг бўйнини озгина бўлса ҳам кесмади. Илгари олов ҳам Аллоҳнинг айтганини қилиб, Иброҳимни куйдирмаган эди. Кофирлар Иброҳимни ёшлик пайтида оловга ташлаб ёндирмоқчи бўлганди. Ўшанда ҳам Аллоҳ оловга «Иброҳимни куйдирмагин!» деб буйруқ бериб қўйган эди.
Бу гал Аллоҳ Исмоилни сўйишга буюриб, Иброҳимни синаб кўрмоқчи эди, холос. Қани, у Аллоҳни кўпроқ яхши кўрадими ёки ўғлиними? Иброҳим алайҳиссалом ҳеч хафа бўлмасдан Аллоҳнинг айтганини қилавердилар. Шунинг учун Аллоҳнинг имтиҳонидан яхши ўтдилар. У киши ҳам, ўғиллари ҳам Аллоҳни ҳаммадан кўра кўпроқ яхши кўришлари исбот бўлди. Исмоилнинг оналари Ҳожар она ҳам тақволи ва жуда одобли аёл эдилар. Ўғилларини ҳам мана шундай тарбия қилган эдилар. Бу ҳамма мусулмонларга ибрат бўлиб қолди.
Мусулмонлар ҳам ҳаммадан кўра кўпроқ Аллоҳни яхши кўришлари керак. Ҳатто ўзларининг жонларидан ҳам Аллоҳни яхши кўришлари лозим. Аллоҳ нимани буюрса, «Хўп бўлади!» деб бажаришлари керак. Ана шунда уларни ҳам Аллоҳ худди Иброҳим ва Исмоилни яхши кўргандек яхши кўради. Ана шунда Аллоҳ мусулмонларга ҳам худди Иброҳим ва Исмоилга ёрдам бергандек ёрдам беради.
ҚИЙИНЧИЛИКДАН СЎНГ ХУРСАНДЛИК
Иброҳим пайғамбарнинг қўлларидаги пичоқ Аллоҳнинг буйруғи билан ўтмас бўлиб қолган эди. Иброҳим алайҳиссалом нима қилишларини билмай ҳайрон бўлиб турган вақтларида Аллоҳ осмондан нидо қилди: «Эй Иброҳим! Сен тушингда олган буйруқни бажардинг!». Иброҳим алайҳиссалом бошларини кўтариб қарасалар, ҳазрати Жаброил фаришта «Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар», деб бир қўчқорни ҳайдаб келаяптилар. Аллоҳ Иброҳим пайғамбарга Исмоилни озод қилишни буюрди. Иброҳим алайҳиссалом ўғилларини қурбонлик қилолмаган бўлсалар ҳам Аллоҳ Исмоилни қурбонлик қилинди деб ҳисоб қилди. Унинг ўрнига Жаброил алайҳиссалом олиб келган қўчқорни сўйиб қурбонлик қилишни тайинлади. Аллоҳ бу қўчқорни атайин жаннатдан чиқартирган эди. Аллоҳ Исмоилни қурбонликдан озод қилганлигини билиб, Иброҳим алайҳиссалом жуда ҳам хурсанд бўлдилар. Аллоҳга шукроналар айтиб, У берган қўчқорни сўйдилар. Ана шундан бери мусулмонлар Қурбон ҳайити келганда Аллоҳнинг йўлига қурбонлик қиладиган бўлганлар.
Аллоҳ таоло ҳар сафар яхши бандасини имтиҳон қилса, шундан кейин унга албатта хурсандлик ҳам беради. Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссалом ва ўғилларини имтиҳон қилиб, улардан рози бўлди.
Шундан кейин Аллоҳ Иброҳим пайғамбар ва ўғилларига Аллоҳ учун бир уй қуришни буюрди. Улар хурсанд бўлиб ишга киришдилар. Ота-бола икковлон Каъба масжидини қуришди. Ўшандан буён ҳар йили минглаб, миллионлаб мусулмонлар Аллоҳнинг уйини зиёрат қилиш учун Каъбага ҳажга борадилар.
(Давоми бор)