Қурбон ҳайити ҳақида қисса (8-қисм)

АЛЛОҲНИНГ ИМТИҲОНИ

Иброҳим пайғамбар ўғилларини жуда яхши кўрардилар. Чунки ўғиллари ақлли ва яхши бола бўлган эди. Иброҳим алайҳиссалом нима десалар, «Хўп бўлади отажон!»- деб айтганларини қиларди. Ота-бола икковлари Аллоҳга қаттиқ иймон келтиришган эди.

Аллоҳ Иброҳим ва Исмоил алайҳимассаломларни имтиҳон қилмокчи бўлди. Нима учун? Чунки уларнинг иймонлари қай даражада кучли эканини бошқалар кўриши керак эди. Одамлар улардан ўрнак олишлари керак эди-да.

Бир куни Иброҳим алайҳиссалом туш кўрдилар. Тушларида ўғиллари Исмоилни сўяётган эмишлар. Пайғамбарларнинг тушлари доимо рост бўлади. Иброҳим пайғамбар ҳам бу тушларини Аллоҳнинг буйруғи деб тушундилар. У киши ўғилларини жуда яхши кўрардилар. Лекин шундай бўлса ҳам Аллоҳнинг буйруғини бажаришни хоҳладилар. Исмоилга дедилар:

– Ўғлим, мен сени тушимда сўяётган эканман, сен шунга нима дейсан?

Ўғиллари доно ва одобли бола эди. У ҳеч иккиланмасдан дарҳол жавоб қайтарди:

– Эй Отажон, сизга нима буюрилган бўлса, ўша ишни қилаверинг. Мен иншоаллоҳ ҳамма нарсага сабр қиламан.

Иброҳим алайҳиссалом ўғилларининг жавобидан хурсанд бўлдилар. Уни етаклаб бир қўлларида пичоқ билан шаҳардан ташқарига йўл олдилар. Мино деган жойга етиб келиб тўхтадилар. Шу ерда ўғилларини қурбонлик қилмокчи бўлдилар. Исмоил Аллоҳнинг ҳам, ўз отасининг ҳам буйруғига бўйсуниб ерга ётди. Иброҳим алайҳиссалом ўғилларининг томоғига пичоқни тирадилар. Исмоилни сўймоқчи бўлиб роса ҳаракат қилдилар. Бироқ пичоқ Исмоилни ҳечам кесмади … Аллоҳ пичоққа кесмагин деб буйруқ бериб қўйган эди.

(Давоми бор)