Қурбон ҳайити ҳақида қисса (7-қисм)
АЛЛОҲ ИБРОҲИМНИ МУКОФОТЛАДИ
Аллоҳ таоло Иброҳимни чин иймонли бола бўлгани учун Ўзи асради. Кейин унга илм берди. Аллоҳ Иброҳимга Ўзини танитди. Унга Исломни ўргатди. Аллоҳ Иброҳимни қўрқмас, иймони кучли йигит бўлгани сабабли яхши кўрди ва пайғамбарлик мақомига кўтарди. Ўзига энг яқин дўст қилиб олди. Одамлар Иброҳим Халилуллоҳ, дейдиган бўлдилар. Халилуллоҳ Аллоҳнинг энг яқин дўсти, дегани.
Аллоҳ Иброҳим алайҳиссаломга одамларни Аллоҳнинг йўлига чақиришни буюрди. У Иброҳим пайғамбарга: «Одамларга айтинг, улар бутларга ибодат қилишдан тўхтасинлар», деди.
Иброҳим алайҳиссалом одамларни Аллоҳнинг динига даъват қила бошладилар. У киши оддий инсонларни ҳам, золим подшоҳларни ҳам Ислом динига чақирар эдилар. Ҳақ сўзлари билан ёмонликка қарши жиҳод қилардилар. Ҳеч кимдан қўрқмас эдилар. Кўпгина кишилар адашган йўлларидан қайтиб мусулмон бўлдилар.
Иброҳим пайғамбар 66 ёшга кирганларида Аллоҳ у кишига чиройли бир ўғил берди. Ўғилларига Исмоил деб от қўйдилар.
Иброҳим пайғамбар чақалоқ ўғиллари Исмоилни ва хотинлари Ҳожарни олиб йўлга чиқдилар. Уларни узоқдаги бир чўлга олиб бориб қўйиб келдилар. Аллоҳ у кишига шундай қилишни буюрган эди. Исмоил ва Ҳожар онамиз учун Аллоҳ ўша чўлда ернинг тагидан Замзам булоғини чиқариб берди. Улар яшаётган саҳро кейин Макка деган улуғ шаҳарга айланди.
(Давоми бор)