Қурбон ҳайити ҳақида қисса (5-қисм)
МУШРИКЛАР ИБРОҲИМНИ ОЛОВДА ЁҚМОҚЧИ!
Мушриклар Иброҳимнинг сўзларини тўғри бўлса ҳам қабул қилмадилар. Аксинча, бутлари ҳам, ўзлари ҳам шарманда бўлганлари уларга роса алам қилди. Энди улар қандай қилиб бўлса ҳам Иброҳимдан ўч олиш ҳақида ўйлай бошладилар:
– Иброҳим бизнинг худолармизни синдирди, хорлади! Уни шундай ташлаб қўйиб бўлмайди!
– Уни жазолаш керак!
– Уни ўлдириш керак!
Одамлар бўлган воқеани Бобил мамлакатининг подшоси Намрудга етказдилар. Намруд буни эшитиб қаттиқ ғазабланди. У Иброҳимни оловда ёқишга буюрди. Одамлар хурсанд бўлиб бақирдилар:
– Иброҳимни оловда куйдириш керак!
Мушриклар Иброҳимни оловга ташлаб, ёндиришга тайёргарлик кўра бошладилар. Иброҳим шунда 16га кирган эди. Ёш бўлса ҳам унга ҳеч ким раҳм қилмади.
Одамлар қирқ кун ўтин тўпладилар. Ўтин ва ёғочлар тоғдек бўлиб кетди. Шундан кейин ўтинларга ҳамма томондан ўт қўйилди. Олов қасир-қусур овоз чиқариб, осмону фалакка кўтарилди. Гулхан шунақа ҳам даҳшат билан ёнар эдики, унинг яқинига одам бора олмас эди. Мушриклар оловга сал яқинлашсак, иссиқдан ўлиб қоламиз, деб қўрқар эдилар.
Мушриклар энди Иброҳимни қандай қилиб ўтга ташлашни ўйлай бошладилар. Улар манжаниқ, деган асбобни олиб келдилар. Манжаниқ – замбаракка ўхшаган, уруш пайтида ишлатиладиган қурол. Унинг устига каттакон тошни қўйиб, душман томонга қараб отилади.
Мушриклар Иброҳимни манжаниқ устига ўтқаздилар ва оловга улоқтиришга тайёрладилар. Аммо Иброҳим бундан ҳеч ҳам қўрқмади. Мушриклардан ёрдам ҳам, кечирим ҳам сўрамади. Чунки у Аллоҳга қаттиқ ишонган ва фақат Унинг Ўзидан ёрдам сўрар эди.
(Давоми бор)