Қурбон ҳайити ҳақида қисса (4-қисм)

ИБРОҲИМ ҲАММАНИ МОТ ҚИЛАДИ

Кун кеч бўлди. Байрам тугаб, одамлар уйларига қайта бошладилар. Одат бўйича улар байрамдан сўнг уйларига кетишдан аввал яна бир марта бутхонага киришади. Тошларга сажда қилишади.

Одамлар бирин-кетин бутхонага кириб келдилар. Қарасалар, ҳамма “худо”лар ағанаб, синиб ётибди…

Одамлар бирпас қотиб қолдилар. Кейин ўзларига келдилар. Уларнинг қаттиқ жаҳллари чиққан эди. Одамлар бир-бирларига қараб бақира бошладилар:

– Ким қилди буни? Ким қилди?.. Ким қилган бўлса ҳам жуда ёмон ва золим экан!

Ҳамма бу ишни қилган одамни қидиришга бошлади. Ичларидан битталари бундай деди:

– Иброҳим деган йигит бор! Ўша бизнинг худоларимизни ёмонлаб юрарди. Ана шу қилган буни!

Одамлар Иброҳимнинг олдига югуриб кетишди. Уни бутлар ётган ерга олиб келишди.

– Эй Иброҳим! Сен қилдингми бу ишни?! – деб сўрадилар улар.

Иброҳим энг катта бутга ишора қилиб, деди:

– Бу ишни мана бу “худо”ларнинг каттаси қилган! Чунки сизлар бошқа бутларга ҳам ибодат қилганингиз учун унинг аччиғи чиққан. Ишонмасанглар, ерда ётган анави “худо”лардан сўранглар. Улар гапириб берсин, агар гапира олса!

Иброҳим бу билан нима демоқчи эди?

Унинг мақсади шу эдики, бу “худо”ларнинг гапира олмаслигини одамлар ҳамманинг олдида  очиқ тан олсинлар. Ботил худолар ўзини ҳам, бошқани ҳам ҳимоя қила олмаслигини одамлар кўрсинлар.

Одамлар Иброҳимнинг сўзларига нима деб жавоб қилишни билмай бир зум жим бўлиб қолдилар. Улар: “Бизнинг худоларимиз – тош, тошлар гапирмайди”, дейишга уялдилар. Иброҳимнинг олдида қаттиқ хижолат бўлдилар. Эътиқодларининг нотўғри экани фош бўлганини ҳам билдилар. Шунинг учун энди бир-бирларини айблашга тушдилар.

– Аслида бу бола эмас, сизлар ёмон экансизлар! – деди улардан бири.

Одамлар мот бўлганларини тушуниб, бошларини пастга эгдилар. Охири секин овоз билан Иброҳимга дедилар:

– Сен ўзинг яхши биласан-ку, ахир булар гапирмайди, қандай қилиб сўраймиз?

Иброҳим деди:

– Ундай бўлса, нима учун ақлларингизни ишлатмайсизлар?! Нега Аллоҳни қўйиб, тошларга ибодат қиласизлар? Ўзини ҳимоя қила олмайдиган, сизларга фойда ҳам, зарар ҳам етказа олмайдиган худо бўладими?! Э, ўзинглар ҳам, бутларингиз ҳам бир-бирингиздан баттар экансизлар!

(Давоми бор)