Қурбон ҳайити ҳақида қисса (3-қисм)

БАЙРАМДАГИ ВОҚЕА

Бир куни шаҳарда катта байрам бўлди. Бу байрам ширк байрами эди. Одамлар ва болалар хурсанд бўлиб кўчаларга чиқдилар. Иброҳим эса байрамга чиқмади. У бундай байрамни ёқтирмайди. Чунки бу байрамда одамлар тошларга ибодат қиладилар. Жони ва ақли йўқ бутларга овқат ва ширинликлар берадилар. Ёқимсиз ўйинлар ўйнайдилар.

Одамлар Иброҳимнинг байрамга чиқмаганини кўриб, ундан сўрашди:

–  Сен нима учун байрамга чиқмаяпсан?

Иброҳим деди:

– Мен касалман.

Одамлар кетдилар. Иброҳим уйда ёлғиз ўзи қолди. Одамлар тўппа-тўғри шаҳардаги бутхонага келиб, тошларга сажда қилдилар. Сўнг уйларидан пишириб келган яхши-яхши овқатларни уларнинг олдига қўйдилар. Тош ва ёғоч “худо”ларнинг атрофи овқатлар, мевалар ва ичимликларга тўлиб кетди. Одамлар ичларида: “Худоларимиз биз йўқ пайтимизда буларни ейишади”, деб ўйлашди.

Одамлар бу ибодатхонадан чиқиб, катта майдонга бордилар. У ерда ўйин-кулги қилдилар. Ҳар хил бемаза томошолар кўрсатдилар. Арақ ичиб маст бўлдилар. Ерларга думаладилар.

Одамлар ўйин билан овора бўлиб турган пайтларида Иброҳим бутлар турган уйга йўл олди. У уйнинг ичкарисига кириб қараса, бутларнинг олдида ҳар хил овқатлар турибди. У бутларга деди:

– Емайсизларми буларни?!

Бутлар жим-жит.

Иброҳим яна деди:

– Ҳа, гапирмайсизларми?! Эшитмаяпсизларми!?

Бутлар яна жим-жит эдилар. Чунки улар тош-ку. Қандай гапирсин?

Иброҳим қўлига битта болтани олди ва бутларни бирма-бир чопиб, синдира бошлади. У бирпасда хона ичидаги бутларнинг ҳаммасини парчалаб, ерга ағанатиб чиқди. Аммо энг катта бутнинг олдига келганда тўхтади. Уни синдирмади. Аксинча, болтани ўша катта бутнинг бўйнига осиб қўйди. Сўнг уйига кетди.

(Давоми бор)