Қурбон ҳайити ҳақида қисса (2-қисм)
ИБРОҲИМНИНГ САВОЛИ
Иброҳим ҳали анча кичик бола бўлса ҳам отасига кўп савол беради:
– Отажон, нима учун сизлар ўзингиз қўл билан ясаган хайкалларга сиғинасизлар? Нега буларнинг оёғига йиқилиб, ёрдам сўрайсизлар? Ахир булар тош ва ёғоч-ку! Ҳеч нарсани эшитмайди, кўрмайди-ку! Нега буларга овқат берасизлар? Улар ҳеч нарса емайди, ичмайди-ку?!
Иброҳим отасига бу саволларни кўп берган. Аммо отасидан ҳеч тушунарли жавоб олмаган.
Йиллар ўтаверди. Иброҳим анча катта бўлиб қолди. Аллоҳ таоло уни ростгўй, оқкўнгил ва ақлли бўлгани учун Ўзига яқин қилди. Аллоҳ унга илм ҳадя этди. Ўзини танитди ва унга ҳақ йўлни кўрсатди.
Иброҳим отасини ва одамларни ширк ва ёмон ишлардан қайтаришга қаттиқ ҳаракат қила бошлади. У одамларга айтар эди:
– Сизлар ўзингиз ибодат қилаётган ҳайкалларнинг нима эканини биласизларми? Буларни ўзингиз ясагансиз-ку! Буларга ибодат қилиб нима фойда топаяпсизлар?
Одамлар бундай саволларни ёқтирмас эдилар. Чунки улар тўғри йўлни йўқотиб қўйишган, ҳақиқатни тушунишмас эди. Адашган одамлар Иброҳимга бундай дедилар:
– Биз ота-боболаримизни шу санамларга ибодат қилганларини кўрганмиз. Биз ҳам шуларга ибодат қилаверамиз!
Иброҳим айтди:
– Сизлар ҳам, ота-боболарингиз ҳам нотўғри йўлга кириб кетгансизлар. Cизларнинг Раббингиз осмонлар ва ернинг Раббисидир. Сизларни ҳам, бу оламни ҳам У яратган. Фақат Унга ибодат қилишингиз керак.
Иброҳимнинг сўзларидан одамларнинг жаҳллари чиқа бошлади:
– Бу ёш бола бизга ақл ўргатаяптими?! У ҳаддидан ошаяпти! У ёмон иш қилаяпти!
(Давоми бор)