Қурбон ҳайити ҳақида қисса (1-қисм)

Абулҳасан Али Ал-Ҳасаний Ан-Надавий раҳимаҳуллоҳнинг “Болалар учун пайғамбарлар қиссаси” китоби асосида

 * * *

Таҳририятдан:

Болалар учун мўлжалланган бу қисса устозимиз Обидхон қори Собитхон ўғиллари томонидан 2002 йилда Чимкентда ёзилган ва баъзи сайтларда Ҳассон ибн Собит тахаллуси билан эълон қилинган.

«Ислом Овози» таҳририяти ушбу рисолани Қурбон ҳайити арафасида жажжи болажонларимизга ҳадя бўлсин учун бир неча қисмга бўлиб тақдим этиб боришни ният қилди.

Аллоҳ таолодан бу ишни холис Ўз розилиги учун бўлган амаллар қаторида қабул айлашини ва мусулмонлар учун фойдали қилишини сўраймиз.

* * *

СЎЗ БОШИ

Азиз болалар! Мана яқинда иншоаллоҳ Қурбон ҳайити келади. Биз Қурбон ҳайитини нима учун байрам қиламиз, биласизларми? Баъзиларингиз биласизлар, аммо кўпчилигингиз билмайсиз, тўғрими? Билганларингиз ҳам бу ҳақда тўлиқ айтиб бера олмайсизлар. Келинглар, биз сизларга шу байрам ҳақида ҳикоя қилиб берайлик.

АДАШГАН ОДАМЛАР

Қадим замонда Бобил деган мамлакатда жуда кўп жоҳил, илмсиз одамлар яшаган эдилар. Улар иймон ва Ислом нима эканини билмасдилар. Аллоҳни эсдан чиқариб юборгандилар. Шайтон уларнинг орасида юриб, ширк амалларини ўргатар эди. Одамлар ўз қўллари билан тошлардан ва ёғочлардан ҳар хил бутлар, хайкаллар ясар ва: “Мана шулар – бизнинг худойимиз”, деб айтардилар. Кейин ҳамма одамлар ўша бутларга сажда қилишарди.

Одамлар ўзи ясаб, ибодат қиладиган бундай хайкалларни бутлар ёки санамлар, деб айтилади. Бут ва санамга сажда қиладиганлар мушриклар бўлади. Бобилда мушриклар ҳам, улар ясайдиган тош ва ёғоч “худо”лар ҳам жуда кўп эди. Одамлар касал бўлиб қолишса, шу “худо”лардан шифо сўрашарди. Бошларига қаттиқ кунлар келса ҳам ўшаларнинг олдига боришар, улардан ёрдам сўраб, ялинишар эди. Бутлар ҳеч қандай фойда бермаса ҳам одамлар уларга ибодат қилаверар эдилар.

* * *

Шаҳарнинг ўртасида каттакон бир уй бор. Унинг ичи бутларга тўла. Одамлар байрам кунлари ўша уйга бориб, “худо”ларининг олдига овқатлар ва сувлар кўйишади. У “худо”лар эса ҳеч нима емайди ҳам, ичмайди ҳам. Аммо одамлар барибир уларга овқат бераверадилар. Чунки шайтон одамларнинг кўзига мана шу ишларни чиройли қилиб кўрсатиб туради.
Шаҳарда Озар исмли киши яшайди. У ҳам бошқа одамларга ўхшаб бутларга сажда қилади. Озар – мана шу бутларни ясайдиган уста. У уйида ўзининг қўли билан “худо” ясаб, кейин уни бозорга олиб бориб сотади.

АҚЛЛИ БОЛА

Озарнинг бир ўғли бор. Унинг исми – Иброҳим.  Иброҳим жуда ақлли бола. У ҳамма нарсага диққат билан қарайди. Воқеаларнинг сабабларини билишга ҳаракат қилади. Иброҳим бутларга сажда қилаётган одамларни кўриб ҳайрон бўлади. Улар нима учун бундай қилишаркин? Ахир, бутлар аслида тошлар ва ёғочлар-ку! Булар гапирмайди, ҳеч нарсани эшитмайди. Ҳатто ўзининг устига пашшалар ўтириб олса, ўшаларни ҳам ҳайдай олмайди. Олдиларига қўйилган овқатларни сичқонлар еб кетса ҳам жим тураверади.

Иброҳим ҳар куни тафаккур қилиб ўйлайди: “Нима учун одамлар бу бутларга сажда қилишади? Нега одамлар бу ёлғон худолардан ёрдам сўрашади? Ахир булар жонсиз бўлса, қандай қилиб бошқаларга ёрдам беради?!  Нима учун одамлар ақлларини ишлатмайдилар?”

(Давоми бор)