Инсон ҳам доимий парваришга муҳтож

Савол: Мен ҳозирда чет ҳудудга ишлашга келганман. Мени қизиқишларим, яъни интилишларим йўқолган. Бирор бир ишни бошласам қизиқиб бошлолмайман. Нима қилсам қизқишимни кучайтиришим мумкин? Илтимос, шу саволимга жавоб беринг. Эътиборингиз учун раҳмат.

М.

Жавоб:

Биродари азиз, Аллоҳ таоло Ўзи сизга мададкор бўлсин.

Бу мавзуни енгил тарзда изоҳлаш учун инсон зотини бир ўсимлик ёки бир ниҳолга ўхшатишимиз мумкин. Доимо сув қуйиб, озуқа бериб, хавф-хатарлардан ҳимоя этиб, парвариш қилиб турилиши лозим.

Инсоннинг озуқаси иймон, манфаатли илм ва улуғ зотларнинг ҳаётларидан ибрат олиб яшашдир.

Қуръони карим мавзулари ҳам умумий суратда уч қисмга бўлинади:

1. Иймон – эътиқод мавзуси.

2. Шариат аҳкомлари.

3. Ибратли қиссалар.

Аллоҳ таоло Ҳуд сурасининг 120-оятида марҳамат қилади:

{وَكُلًّا نَقصُّ عَلَيْكَ مِنْ أَنْبَاءِ الرُّسُلِ مَا نُثَبِّتُ بِهِ فؤَادَكَ ۚ وَجَاءَكَ فِي هَٰذِهِ الْحَقّ وَمَوْعِظَةٌ وَذِكْرَىٰ لِلْمُؤْمِنِينَ} [هود: 120].

«(Эй Расулуллоҳ), сизга пайғамбарларнинг хабарларидан дилингизни мустаҳкам қиладиган қиссаларни сўйлаб берурмиз ва бу (оят)ларда сизга ҳақиқат ва панд-насиҳат ҳамда барча мўминлар учун эслатмалар келди».

Аллоҳнинг ҳикматига биноан бу дунёдаги тақдир – имтиҳон шундайки, инсон доимо унга таҳдид солиб турадиган хавф-хатарлар орасида яшаб ўтади. Улар ҳавойи нафс, инсу жинлардан бўлган шайтонлардир. Ушбу хавф-хатарлар инсонни гуноҳ-маъсиятларга тортиб кетиш ҳаракатидан асло тўхтамайди.

Инсон ана шулардан ҳимояда бўлиб яшаши учун Ягона Аллоҳнинг Ўзига ибодат, зикр ва тақво билан ҳаёт кечиришга доимий суратда ҳаракат қилиб туриши даркор.

Шунинг учун сиз ҳам илмингизни, иймонингизни ва солиҳ амалларингизни кучайтириб турадиган дарсларда қатнашиб, Аллоҳ таоло мана бундай техника воситалари билан муяссар қилиб қўйган йўллар орқали устозимиз Обидхон қори аканинг ваъзларига ўхшаш исломий маърузалардан эшитиб туришингизни ва улардаги панд-насиҳатларга амал қилишга ҳаракатда бўлишингизни тавсия этамиз.

Қори аканинг аксарият маърузалари, Аллоҳга ҳамдлар бўлсин, ушбу саҳифамизда мавжуд. Сизга кўпроқ қуйидаги рукнлардаги маърузаларни қайта-қайта эшитиб туришни маслаҳат берамиз:

Тафсир

Илм ва уламолар

Инсон, Ҳаёт, Синов

Гўзал хулқлар силсиласи

Шайтоний хулқлар силсиласи

Аллоҳ таоло сизни ҳам, бизни ҳам барча имтиҳонлардан аъло баҳо билан ўтиб, эсон-омон жаннатга етиб олишимизга муваффақ айласин.

Валлоҳу аълам.

«Ислом Овози» таҳририяти