Уммат аҳволини уламоларсиз ислоҳ қилиб бўлмайди!

Бўлимлар: Рисолалар

بسم الله الرحمن الرحيم

الحمد لله والصلاة والسلام على رسول الله وعلى آله وصحبه ومن والاه، أما بعد:

Ислом умматининг бугунги кунда турли майдонлардаги аҳволи жуда ачинарли экани ҳеч кимга сир эмас. Аллоҳ таоло Ўзи уммати муҳаммадийяга нажот ва нусрат бериб, турли-туман фитна зулматларидан олиб чиқиб, мукаммал ҳидоят нурига етказсин.

Бироқ, кўпчилик эътибор бермаётган мусибатлардан яна бири шуки, баъзи мусулмон гуруҳлар ёки уларнинг баъзи бир вакиллари Ислом уламоларини эътиборга олмай қўйганлар, балки уларга ҳатто умумий суратда ҳурматсизлик қилиб, салбий муносабатда бўлишлари ҳам жуда кўп учрайдиган ҳолат бўлиб қолди.

Уларнинг даъволари ёки баҳоналари шуки: «кўпчилик уламолар ҳақ сўзни очиқ баён қилмайдилар, сиёсатга қараб фатво берадилар …».

Биз ушбу рисоламизда мана шу долзарб мавзуга батафсилроқ тўхтаб ўтишни лозим топдик.

ИСЛОМ ДИНИ АЛЛОҲНИНГ ДИНИДИР:

Ислом дини қиёматга қадар ҳеч қандай ўзгаришсиз давом этишини Аллоҳ таоло Ўз кафолатига олган. Ҳеч ким бу динни йўқ қила олмайди ҳам ва бу динга ҳеч қандай ўзгартириш кирита олмайди ҳам. Хавф-хатар бу диннинг келажаги ҳақида эмас, асло!

Барча хавфу хатарлар ҳар бир инсоннинг ўзига тааллуқли.

Ҳар биримиз ўзимизнинг аҳволимиздан қўрқиб туришимиз лозим. «Мен ўзим ҳақиқий мўмин-мусулмон ҳолимда вафот эта оламанми ёки дунё фитналарига алданиб ҳалок бўлармикинман?» деб, вафот этгунимизга қадар дунё ҳаётимизнинг ҳар бир сониясида, ҳар бир лаҳзасида қўрқиб туришимиз керак!

Аллоҳ таоло Ўзи бизларни мўмин-мусулмон ҳолимизда вафот этишга муваффақ айласин.

Дунё фитналарига алданишнинг турлари жуда ҳам кўп.

Инсон ўзини «энг тақволи мўмин бўлишга, энг тўғри йўлда юрадиган шахс бўлишга ҳаракат қилаяпман», деб ўйлаб туриб ҳам адашиб кетиши мумкин. Ҳеч қайси бир шахсга ҳеч қандай кафолат йўқ.

Шунинг учун мўмин киши доимо қўрқув ва умидворлик ўртасида туриши, адашиб кетиб қолишдан қўрқиб, Аллоҳнинг раҳмат-мағфирати кенглигидан умидвор бўлиб яшаши лозим.

МУСУЛМОНЛАРНИ БУГУНГИ АЧИНАРЛИ АҲВОЛДАН ҚАНДАЙ ҚУТҚАРИШ МУМКИН?

Бу савол жуда муҳим савол. Зеро, ҳар бир мусулмон киши барча мусулмонларни ўзининг энг яқин биродарлари деб билиб, уларга доимо қўлидан келганича ёрдам бериб яшашга ҳаракат қилиши зарур. Бу борада ояту ҳадислар жуда ҳам кўп.

Аммо кўпчилигимизнинг фикр-хаёлимиздан кўтарилиб қоладиган энг муҳим нуқта шуки:

Мусулмонларга энг зарур нусрат уларга тўғри йўлни кўрсатиш ва доимо тўғри йўлдан юришга ёрдам бериб туришдир.

Тўғри йўлни топиб олиш энг зарур масала ва энг биринчи фарз амал бўлганлиги учун ҳам Аллоҳ таоло барча мусулмонларга ушбу дуо билан ҳар куни энг камида 17 маротаба илтижо қилиб туришни фарз қилди. Зеро, намозларимизнинг ҳар бир ракатида Фотиҳа сурасини ўқишимиз ва Фотиҳа сурасида «Бизни тўғри йўлга бошлагин» деб чин қалбимиз билан дуо қилишимиз вожиб.

Лекин, бугунги кунда намоз ўқиётганлар ичида Аллоҳ таолога чин қалбидан ёлвориб дуо қилаётганлар билан тилини учида шариллатиб ўқиб ўтиб кетаётганлар орасидаги нисбат не қадар деб ўйлайсиз?

«Мусулмонларни бугунги ачинарли аҳволдан қандай қутқариш мумкин» деган саволнинг жавоби мана шу ердан топилади.

ТЎҒРИ ЙЎЛДА ЮРИШНИНГ ИККИ ШАРТИ: 

Ҳақ йўлни топиб, унда доимо собитқадам тура олишимиз учун барча ибодатларимизни мукаммал бажариб, Аллоҳ таолога чин қалбимиз билан ёлвориб: «бизни тўғри йўлга бошлагин» деб дуо қилиб яшашимиз лозим.

Бу биринчи шарт: тақво ва ибодат билан доимо Аллоҳга илтижо қилиб, тўғри йўлга бошлашини сўраб туриш.

Иккинчи шарт: илм ва уламоларни лозим тутиш:

Инсон зоти ҳаёти давомида доимо ўзига намуна излаб, ана шу намунага иқтидо қилиб яшашга ҳаракат қилади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло пайғамбарларни юборган.

Агар инсон ўз ақл-идроки билан тўғри йўлни мукаммал тарзда билиб олишга қодир бўлганда эди, пайғамбар юборишга эҳтиёж қолмасди.

Инсоннинг нақадар заифлигини билган Зот, ўзининг бандаларига раҳмати кенглиги учун, уларни ҳар бир қадамда тўғри йўл қандай топилишини кўрсатиб турадиган пайғамбарларни юборди.

Пайғамбарлар даври эса энг охирги пайғамбар – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан якун топди.

У кишидан сўнг энди у зотнинг йўлларини мукаммал тарзда ўрганиб чиқадиқан зотлар – уламолар қолдилар. Шунинг учун жуда ҳам кўп ояту ҳадисларда уламоларнинг фазилатлари ва уларга эргашиб яшаш зарурлиги қайта-қайта таъкидланган. (Бу борада аввалроқ бир қисқагина рисола ҳам ёздик).

Абуддардо розияллоҳу анҳудан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

« من سلك طريقا يطلب فيه علما ، سلك الله به طريقا من طرق الجنة ، وإن الملائكة لتضع أجنحتها رضا لطالب العلم ، وإن العالم ليستغفر له من في السماوات ومن في الأرض ، والحيتان في جوف الماء ، وإن فضل العالم على العابد كفضل القمر ليلة البدر على سائر الكواكب وإن العلماء ورثة الأنبياء ، وإن الأنبياء لم يورثوا دينارا ولا درهما ، ورثوا العلم فمن أخذه أخذ بحظ وافر» (رواه أبو داود).

«Кимки илм талабида йўлга отланса, Аллоҳ таоло уни жаннат йўлларидан бир йўлга бошлайди. Албатта малоикалар толиби илмдан рози бўлиб қанотларини унинг учун пасайтириб турадилар. Олим учун осмонлару ердаги барча нарсалар, ҳатто сув ичидаги китлар ҳам, истиғфор айтиб турадилар. Олимнинг фазилати обид (фақат ибодат билан банд бўлган) кишининг фазилатидан кўра улуғроқ эканлиги худди ой тўла бўлган кечада барча юлдузлардан кўра ой улканроқ бўлиб тургани кабидир. Албатта уламолар пайғамбарларнинг меросхўрларидирлар. Пайғамбарлар эса бирор бир дийнор ҳам, дирҳам ҳам мерос қолдирмаганлар. Улар илмни мерос қилиб қолдирганлар. Кимки ана шу меросни қўлга киритса улкан насибага эришган бўлур!». (Имом Абудовуд ривоятлари).

Лекин, албатта, уламоларнинг ҳам ҳақиқийлари бор ва баъзи одамлар уламо деб даъво қиладиганлари бор.

Бундай ҳолда оми инсонлар ҳақиқий уламоларни бошқалардан қандай ажратиб олишлари мумкин?, деган савол туғилиши мумкин.

Бу саволнинг жавобида ҳам иккита муҳим нуқтани эслаб ўтиш лозим деб ўйлаймиз:

1.       Барча нарсаларнинг ҳақиқийси ва ёлғони бўлгани каби, пайғамбарлар ва уламолар масаласида ҳам ҳақиқийси ва ёлғони бўлади.

2.       Инсон ўзининг дунёвий ишларида ҳақиқий нарсаларни топишга ҳаракат қилганидан кўра охирати обод бўлиши учун ҳақиқий уламоларни топишга кўпроқ ва қаттиқроқ ҳаракат қилиши лозим.

Ушбу икки нуқтага қуйидаги сатрларда бироз изоҳ бериб ўтамиз:

Юқорида айтилганидек, инсон ҳаёти давомида доимо ўзи учун маънавий ва амалий раҳбар бўладиган намуна излаб яшайдиган қилиб яратилган.

Шунинг учун Фотиҳа сурасида Аллоҳ таоло «Бизни тўғри йўлга бошлагин», деган дуони ўргатиш билангина кифояланмасдан, гўзал намуналар билан хунук намуналар борлигини ҳам эслатди.

Аллоҳ таоло Ўзининг чексиз марҳаматига биноан инсонга соғлом фитрат – тоза табиат, ақл-заковат, куч-қувват ва имкониятлар бериб қўйган. Одамлар дин ва дунё ишларида Аллоҳ  берган ушбу неъматлар воситаси орқали тўғри йўлни ва гўзал намуналарни топиб яшай оладилар.

Қадим-қадим замонларда одамлар ҳақиқий пайғамбарлар билан ёлғончи пайғамбарларнинг орасини ажрата олганларидек, бугунги даврда ҳам соғлом фитратли ва ақл-заковатли инсонлар ҳақиқий уламолар билан ёлғончи уламоларнинг орасини ажрата оладилар.

Лекин, энг асосий муаммолардан бири шуки:

Кўпчилик одамлар ўзларининг дунёвий ишларида жуда ҳам эҳтиёткор ва тиришқоқ бўлиб ҳаракат қиладилар-у, бироқ диний ишларда дангасалик ёки бепарволик қиладилар.

Мисол учун, бир кишига тоза асал керак бўлса, ёки бирор касалликдан шифо топиш учун ҳаракат қилаётган бўлса, бутун дунёни кезиб чиқиб бўлса ҳам, энг тоза асални ва энг кучли табибу врачларни топишга ҳаракат қилади.

Аммо диний ишларда эса, Аллоҳ таоло Ўзи у кишининг ҳузурларига келиб хизмат қилиши керакдай, бепарво бўлиб юраверадилар, худдики дунёларини ўзлари яратиб олганлар-у, Дин ва Охират у киши учун ортиқча юк.

Ваҳоланки, энг улуғ пайғамбарлар ҳам илм излаш йўлида, ўзларидан кўра пастроқ даражадаги зотлардан бўлса ҳам, талаби илм қилиш учун узоқ сафарларга чиқиб, оғир-оғир машаққатларга сабр-бардошли бўлиб ҳаракат қилганлар. Бу борада Мусо алайҳиссаломнинг Хизр алайҳиссаломдан илм олиш учун сафар қилганликлари қиссасини ва бошқа кўпдан саҳиҳ ривоятлар билан собит бўлган қиссаларни эслашимиз ва улардан гўзал намуна, ибрат ва улкан дарслар олишимиз мумкин.

ҲАҚИҚИЙ УЛАМОЛАРГА ЕТИШ УЧУН ҲАҚИҚИЙ ТОЛИБИ ИЛМ БЎЛИШ ЛОЗИМ: 

Баъзилар «ҳақиқий уламолар ўтиб кетиб бўлганлар, бугунги даврда уламо қолмаган» деб даъво қиладилар ва ўзларининг бундай шумланишларига «ҳужжат» сифатида баъзи далилларни суиистеъмол ҳам қилиб келтиришлари мумкин, жумладан қуйидаги муттафақун алайҳи ҳадиси шариф:

عن عبد الله بن عمرو بن العاص رضي الله عنهما أن رسول الله صلى الله عليه وسلم قال : ( إِنَّ اللَّهَ لاَ يَقْبِضُ الْعِلْمَ انْتِزَاعًا ، يَنْتَزِعُهُ مِنَ الْعِبَادِ ، وَلَكِنْ يَقْبِضُ الْعِلْمَ بِقَبْضِ الْعُلَمَاءِ ، حَتَّى إِذَا لَمْ يُبْقِ عَالِمًا اتَّخَذَ النَّاسُ رُءُوسًا جُهَّالاً فَسُئِلُوا فَأَفْتَوْا بِغَيْرِ عِلْمٍ فَضَلُّوا وَأَضَلُّوا ) رواه البخاري (100) ومسلم (2673) .

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

«Албатта Аллоҳ илмни бандалардан (уламоларнинг қалбларидан) суғургандай тортиб олмайди. Лекин, уламоларни вафот этдириши билан илмни олиб қўяди. То бирор бир олим кишини қолдирмаганидан сўнг одамлар жоҳил – илмсиз кимсаларни ўзларига раҳбар қилиб оладилар ва (бу жоҳил раҳбарлар) савол сўралганларида илмсизлик билан фатво бериб, (ўзлари ҳам) адашадилар ва (бошқаларни ҳам) адаштирадилар!». (Бухорий, Муслим ва бошқа муҳаддис уламоларнинг ривоятлари).

Шунга ўхшаш баъзи бир ҳадисларни ўқиб олиб ва унга ўзларича маъно ва изоҳ бериб, Қуръон ва Суннат илмларини атрофлича ўрганиб чиққан уламоларни қидириб топишга ҳаракат қилмасдан, илм билан танилган уламоларнинг устидан ҳукм чиқариб юборишлари жуда улкан мусибат.

Биз ана шундай инсонларга айни ҳадисда огоҳлантирилган хатар – илмсизлик билан фатво бериш нақадар улкан гуноҳ эканлигини эслатамиз.

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг бир неча оятларида билмасдан гапиришни ширки акбар билан баробар зикр қилган.

Бугунги ачинарли аҳволнинг энг асосий сабабларидан бири мана шу: Қуръон ва Суннатдан ҳар ким ўзича ҳукм чиқариб, фатво бериб юбораверишидир.

Ваҳоланки, уламоларнинг нақадар буюк аҳли илм эканликларини кўрсатиб турадиган энг асосий сифатларидан бири: ҳукм чиқаришга – фатво беришга шошмаслик!

Ҳақиқий уламолар ҳар бир масалада ҳукм чиқариб, фатво беришдан олдин имкон қадар Қуръон ва Суннат далилларини ва барча шаръий илмларни атрофлича ўрганиб чиқишга ҳаракат қиладилар ва ҳар бир давр, ҳар бир минтақа воқелиги билан яқиндан танишиб чиқадилар.

Ислом дини қиёматга қадар саломат сақланиб туришининг воситаларидан бири ҳам шу: Аллоҳ таоло ҳар замонда ана шундай уламоларни дунё аҳлига марҳамат қилиб, етказиб туради.

Тўғри, улар баъзи замонларда, айниқса биз яшаб турган даврда, жуда ҳам оз бўлиб қолганликлари ва баъзи минтақаларда умуман олим киши топилмай қолганлиги рост. Юқоридаги ҳадис ана шундай ҳолатлар ҳақида айтилган. (Бу борада кенгроқ тушунчага эга бўлиш учун имом Ибн Ҳажарнинг Фатҳул-Борий шарҳи Саҳиҳил-Бухорий китобларига мурожаат қилиш мумкин).

ИСЛОМ УЛАМОЛАРИ ҲАММА ЗАМОНЛАРДА МАВЖУД БЎЛАДИЛАР:

Ислом умматининг орасидан доимо уламолар етишиб чиқиб туришлари фарзи кифоядир. Агар фарзи кифоя бажо этилмаса имкониятлари бўла туриб ҳаракат қилмаган барча инсонлар гуноҳкор бўладилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам муттафақун алайҳи ҳадисда, балки мутавотир даражасига етган машҳур ҳадиси шарифда башорат бериб айтадилар:

«لا تزالُ طائفة من أمتي ظاهرين على الحق حتَّى يأتِيَهم أمرُ اللهِ وهم ظاهرون»(متفق عليه).

«Менинг умматимдан бир тоифа ҳақиқат устида зоҳир бўлган ҳолларида Аллоҳнинг амри (Қиёмат вақт-соати) келгунга қадар давом этадилар». (Муттафақун алайҳи).

Ҳадисга изоҳ берган имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Улар илм аҳлларидир». (Саҳиҳул Бухорий, 7311 ҳадис).

Шу мазмундаги шарҳлар бошқа кўпдан кўп салафи солиҳлардан ҳам ривоят бўлган. Улар бу масалани Қуръон ва Суннат далилларига асосланган ҳолларида илмий китобларда батафсил баён қилганлар.

Шундай экан, қиёматдан озгина олдинги даврга қадар ҳеч қайси замон уламолардан бутунлай холи бўлиб қолмайди, асло. Фақат, юқорида айтилганидек, мусулмон киши у зотларни қидириб топиш учун талаби илм йўлида холис ният ва тиришқоқлик билан ҳаракат қилмоғи лозим.

Буюк аждодларимиз бутун дунёни кезиб, қаерда олим киши борлигини эшитсалар, оғир ва машаққатли сафарларга отланиб, уларнинг ҳузурларига бориб илм олар эдилар. Мисол учун юқорида зикр қилинган буюк бобомиз имом Бухорий дунё бўйлаб мингдан зиёд уламоларнинг ҳузурларига бориб илм олганлар. Бошқа уламолар ҳам тоқатлари етганича шундай ҳаракат қилганлар.

Кимнинг нияти қанча холис бўлса, тақвоси кучли бўлса ва ҳаракати қанча кўп бўлса тўғри йўлда собитқадам давом этишга шу қадар муваффақ бўлади.

Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 282-оятида марҳамат қилади:

«وَاتَّقُواْ اللّهَ وَيُعَلِّمُكُمُ اللّهُ»  [البقرة:282]

«Аллоҳга тақво қилингиз, Аллоҳ сизларга илм беради (ҳидоят йўлини ўргатади)» .

Анфол сурасининг 29-оятида ҳам марҳамат қиладики:

{يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا إِن تَتَّقُوا اللَّهَ يَجْعَل لَّكُمْ فُرْقَانًا وَيُكَفِّرْ عَنكُمْ سَيِّئَاتِكُمْ وَيَغْفِرْ لَكُمْ ۗ وَاللَّهُ ذُو الْفَضْلِ الْعَظِيمِ} [الأنفال: 29].

«Эй иймон келтирган зотлар, агар Аллоҳга тақво қилсангизлар, сизлар учун фурқон (ҳақ билан ноҳақни ажратадиган ҳидоят) ато қилур ва ёмонлик-гуноҳларингизни ўчириб, сизларни мағфират қилур. Аллоҳ улуғ фазлу марҳамат соҳибидир».

УЛАМОЛАРНИНГ СИФАТЛАРИ: 

Шу ўринда ҳақиқий уламоларнинг баъзи сифатларини қисқача бўлса ҳам эслаб ўтсак:

1. Тақво, ибодат ва гўзал ахлоқда пешқадам бўладилар;

2. Ягона Аллоҳнинг Ўзидан қўрқадилар. Ҳукуматларнинг зулмидан ҳам, халойиқнинг маломатидан ҳам қўрқмайдилар.

3. Қуръон ва Суннат далилларини, барча шаръий илмларни собитқадамлик билан чуқур ўрганиб борадилар;

4. Фатво беришдан олдин нафақат Шариат илмлари, балки воқелик билан ҳам батафсил танишиб чиқадилар;

5. Жамиятнинг аҳволини яқиндан кузатиб, қурбилари етганича, ҳикмат билан, ислоҳ қилиб боришга ҳаракат қилиб яшайдилар;

6. Билмаган нарсаларига аралашмайдилар ва «билмайман» деб жавоб беришдан орланмайдилар;

7. Дунё сиёсати, иқтисодий шароитлар, турли-туман макр-ҳийлалардан бохабар бўлган ҳолларида, фақат ва фақат Аллоҳнинг розилигини истаб, Ислом ва мусулмонлар нусратини, бутун инсоният манфаатини кўзлаб ҳаракат қиладилар.

 قال يونس بن عبد الأعلى: قلت للشافعي، رضي الله عنه: إن صاحبنا، يعني: الليث بن سعد، كان يقول: إذا رأيتم الرجل يمشي على الماء فلا تغتروا به حتى تعرضوا أمره على الكتاب والسنة، فقال: قصر رحمه الله، بل إذا رأيتم الرجل يمشي على الماء، ويطير في الهواء، فلا تغتروا به، حتى تعرضوا أمره على الكتاب والسنة» (طبقات الشافعية/ابن كثير).

Имом Юнус ибн Абдулаъло дедилар: имом Шофеийга айтдим: соҳибимиз (яъни, имом Лайс ибн Саъд) айтади: агар бирор киши сувнинг устида юриб кетаётган бўлса, сизлар унга алданиб қолманглар, то унинг аҳволини Китобу Суннатга солиштириб кўрмагунингларга қадар!».

Шунда имом Шофеий дедилар:

«У киши (яъни, имом Лайс) сал камайтириб сўзлабдилар. Агар бирор кишини сувда юриб кетаётганини ва ҳатто ҳавода учиб юрганини кўрсангизлар ҳам унга алданиб қолманглар, то унинг аҳволини Китобу Суннатга солиштириб кўмагунингизга қадар!».

Сўзимизнинг якунида яна бир бор Аллоҳ таолога тавба-тазарруълар қиламиз, барча гуноҳ-маъсиятларимизга истиғфор айтамиз, Парвардигор бизларни Ўзи ҳидоятга бошласин, ҳақиқий уламоларни топиб, тўғри йўлни мукаммал тарзда ўрганиб, амал қилишга муваффақ айласин.

«Ислом Овози» таҳририяти