«Ҳанафий мазҳаби асосида ақидамиз қандай бўлиши керак?»

Бўлимлар: 01. Эътиқод

Савол:

Ассалому алайкум. Ҳурматли «Ислом Овози» таҳририяти мен фэсбукда аёллар группасида бир муслима синглимизни ёзганларини ўқиб, тўғриси ҳайрон бўлдим, сабаби мен шу вақтгача «ақидада иккита мазҳаб» борлигини билмасдим …
Саволим шуки ақидада ҳам мазҳаблар бўладими? Ҳанафий мазҳаби асосида ақидамиз қандай бўлиши керак, биз оддий мусулмонларни?

(Фотима)

Жавоб:

Ва алайкум ассалом …

Ҳурматли синглимиз, Аллоҳ таоло бизни ҳам сизни ҳам, барча муслим ва муслималарни ҳақ йўлда собитқадам қилсин.

Ақида илмини омма мусулмонларга енгил тарзда тушунтириш учун ёзилган мухтасар матнлар ичида энг машҳур ва энг ишонарли китоблардан бири ҳазрат имом Абу Жаъфар Ат-Таҳовий ёзган матндир.

Устозимиз Обидхон қори ака – Аллоҳ таоло шифойи комил ато этсин – бу муборак матнга имом Ибн Абил-Изз раҳимаҳуллоҳнинг шарҳлари асосида изоҳ бериб, бир қанча илмий дарслар ўтганлар. Аммо – афсуски – у дарсларнинг аудионусхаси бизнинг архивларимизда мукаммал сақланмай қолган экан. Бизда мавжуд бўлганлари китобнинг аввалидан бошлаб то 51 матнигача сайтимизнинг «Эътиқод» рукнида нашр қилинган. Бизнинг барча талабаларга насиҳатимиз ана шу cаҳиҳ – соғлом эътиқод матнини ёд олиб, шарҳларини қайта-қайта эшитиб туришдир.

Биз бу ўринда ушбу мавзу ҳақида баъзи бир қисқа-қисқа маълумотларни фойда бобидан зикр қилиб ўтишга ҳаракат қиламиз:

Ислом дини манбаи тўртта: Қуръон, Суннат, Ижмоъ (барча уламолар иттифоқ қилган масалалар) ва саҳиҳ қиёс (бир-бирига ўхшаш масалаларнинг ҳукмини Қуръон ва Суннат далилларига асосланган ҳолда баён қилиш. Бу албатта чуқур илм бўлиб, уни фақатгина буюк уламолар бажара оладилар).

Ушбу тўрт манбадан олинадиган, ҳар бир мусулмон киши иймон келтириб ва амал қилиб юриши лозим бўладиган илмларни уламолар умумий суратда икки қисмга бўладилар ва ҳар бир қисм яна ички тафсилий тақсимотларга ажратилади. Бу тақсимотларни зикр қилинишидан мақсад Шариат илмларини англаб етишни оми ва бошланғич талабаларга осонлаштиришдир:

Биринчи қисм: Эътиқод илми.

Бу илмни ҳам бир неча исмлар билан номланган. Жумладан, имом Абу Ҳанифадан ривоят қилинганидек «Фиқҳи акбар» (катта фиқҳ) илми. Яна бир қанча уламолар Иймон, Тавҳид, Суннат ва Шариат илми деб ҳам номлаганлар. Бу илмда асосан мусулмон киши қалби билан эътиқод қилиб яшаши лозим бўлган масалалар ўргатилади ва уларнинг барчаси, қисқа ибора билан айтганда, Иймон рукнларида жамланган.

Иккинчи қисм: Фиқҳ илми.

Яъни, Ислом шариатини инсонлар ҳаётида қандай амалга ошириш лозимлигини ўргатадиган илм. Бу илмни ҳам умумий тарзда икки қисмга бўлинади: Ибодатлар қисми ва Муомалотлар қисми.

Ислом тарихида ушбу мавзуга алоқадор ўлароқ пайдо бўлган тоифалар ва мазҳаблар ҳақида қисқача баён:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобаларнинг аввалги даврларида барча мусулмонлар бир эътиқодда – юқоридаги тўртта манбага асосланган саҳиҳ, соғлом, Аллоҳ таоло яратган фитратга мувофиқ эътиқодда бўлганлар. Яъни, Фиқҳи акбар – Иймон илми асосларида ихтилоф бўлмаган.

Аммо Фиқҳи асғар (амалий фиқҳ, шариатнинг тафсилий аҳкомлари)да эса, баъзи бир ихтилофлар – ҳатто саҳобаи киромлар ораларида ҳам – рўй бериб турган.

Шариати Ислом ўзи далилга асосланган ва холис ният билан бўладиган фиқҳий ихтилофларга рухсат бериб қўйган. Бундай ихтилофнинг ҳеч қандай зарари йўқ, балки бу каби ихтилофлар шариатимизнинг нақадар енгиллиги ва улуғлигини кўрсатади. Чунки, ҳамма уламоларнинг ҳам илмий даражалари баробар бўлмайди. Ҳамда барча маконлар ва замонлар бир хил шароитда бўлмайди. Қайсидир бир минтақа аҳли ўзларининг уламолари ва устозларига эргашишлари туфайли бир мазҳабга одатланиб қолган бўлсалар, бошқа минтақада бошқа мазҳаб тарқалган бўлади. Муҳими ният холис Аллоҳ учун бўлиб, Қуръон ва Суннат асосларига таяниш лозим. Аллоҳ таоло Ўз ҳикматига биноан шундай тақдир қилиб қўйган.

Шариат қоралаган ихтилоф эътиқод асосларида ихтилоф қилишдир!

Саҳобаларнинг охирги даврларида, Ислом олами кенгайиб, турли хил халқлар Исломга кирганларидан сўнг, бир қанча омиллар вужудга келиб, мусулмонлар сафида эътиқодий масалаларда бўлинишлар пайдо бўла бошлаган. (Улар ҳақида бироздан сўнг қисқача тўхталиб ўтамиз).

Иймонлари ва илмлари кучли бўлган мусулмонлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобалар йўлини маҳкам ушлаган ҳолларида яшашда давом этдилар ва булар Аҳли сунна вал-жамоат деган ном билан машҳур бўлдилар.

Аҳли сунна вал-жамоат эътиқодида яшаган мусулмонлар ўрталарида Шариат рухсат берган ихтилофлар мавжуд, у ҳам бўлса фиқҳий мазҳаблар.

Бу фиқҳий мазҳаблар саҳобалар ва тобеинлар даврларида ҳам маълум бир кўринишда бор эди.

Аммо кейинчалик Ислом оламининг аксарият халқлари тўртта фиқҳий мазҳаблар (Ҳанафий, Моликий, Шофеий ва Ҳанбалий мазҳаблари) асосида ҳаёт кечирадиган бўлдилар.

(Бу мавзуда янада батафсилроқ маълумотга эришиш учун Қори аканинг «Илм ва уламолар» рукнидаги маърузаларини эшитиб чиқишни тавсия этамиз).

Ислом уммати уламолари ушбу тўрт мазҳабнинг барчаси ҳақ йўлдаги мазҳаблар деб иттифоқ қилганлар. Уламолар иттифоқ қилганлари учун ҳам бу мавзуда ихтилоф қилишга ҳеч қандай ўрин қолмайди. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисда марҳамат қиладиларки:

إِنَّ اللَّهَ لَا يَجْمَعُ أُمَّتِي عَلَى ضَلَالَةٍ ، وَيَدُ اللَّهِ مَعَ الجَمَاعَةِ» (رواه الترمذي وصححه الألباني)

«Аллоҳ менинг умматимни залолат устига жам қилмайди. Аллоҳнинг қўли жамоат билан биргадир!». (Термизий: 2167. Албоний: саҳиҳ).

Бизнинг диёрларимизда имом Абу Ҳанифа мазҳабларига одатланилган ва бу мазҳаб ҳам, юқорида айтилганидек, Қуръон ва Суннат асосларига таянадиган, барча Аҳли сунна уламолари эътироф этган тўрт мазҳабдан биридир.

Шунинг учун ҳам биз доимо ушбу Ҳанафий мазҳабни яхши ўрганишга ва унга тўғри амал қилишга даъват қилиб келамиз.

«Биз ҳанафий мазҳабидамиз», деб даъво қилишнинг ўзи билан ҳанафий бўлиб қолинмайди! «Биз ҳанафиймиз, фалончилар бемазҳаблар», деб ҳамма ерда жар солиб юришдан ҳам ҳеч қандай фойда йўқ.

Аксинча, ҳанафийликни даъво қилаётган бир қанча биродарларимиз ўзлари биринчи бўлиб имом Абу Ҳанифа мазҳабларига қарши фатво бериб юрганликларидан хабаримиз бор.

Уларнинг бундай ўзларига ўзлари қарама-қарши бўлиб юришларининг сабабларидан бири, Ҳанафий мазҳабни ўрганмаганликлари ёки ўрганган бўлсалар ҳам ҳақиқатни яшириб юришларидир.

Аллоҳ таоло бизларга ҳам, уларга ҳам энг аввало қалб ҳидоятини насиб айласин.

Эътиқоддаги мазҳаблар – тоифалар:

Авваламбор, «мазҳаб» деган калима луғавий жиҳатдан бир йўналиш деган маънони билдиради.

Истилоҳда эса, мазҳаб деганда кўпинча «фиқҳий мазҳаб» деган маънода айтиладиган бўлиб қолинган.

Эътқодий бўлинишларни фирқалар ёки тоифалар деб айтиш одат бўлган.

Эътиқодий бўлинишлар жуда ҳам кўп. Аммо уларнинг умумий ададини бир ҳадиси шарифдан англаб олишимиз мумкин:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг ваҳйи ила келажак воқеалар ҳақида хабар бериб айтдилар:

…تفترقُ أمَّتي على ثلاثٍ وسبعينَ ملَّةً، كلُّهم في النَّارِ إلَّا ملَّةً واحِدةً، قال: مَن هيَ يا رسولَ اللَّهِ؟ قالَ: ما أَنا علَيهِ وأَصحابي…””.

«Умматим етмиш уч фирқага бўлиниб кетади, уларнинг барчаси дўзахга тушади, магар бир тоифа (жаннатга киради)”. У (жаннат аҳли бўладиган тоифа) ким, эй Расулуллоҳ, деб сўралганда жавоб бериб дедилар: “Мен ва асҳобларим (юрган) йўл(ни маҳкам тутган тоифа)”. (Абудовуд, Тирмизий, Ибн Можа ва Ҳокимлар ривоят қилишган, саҳиҳ).

Ислом тарихида эътиқодда залолатга кетгани баён қилинган энг биринчи тоифалар Али розияллоҳу анҳуга қарши чиққан ва гуноҳ қилиб қўйган мусулмонларни кофирга чиқарган Хаворижлар тоифаси ва айни Али розияллоҳу анҳуда «ғулувв» – чуқур кетиб, Абу Бакр, Умар, Усмон, Оиша онамиз, Ҳафса онамиз ва бошқа аксарият саҳобаи киромларни кофирга чиқарган Рофизалар тоифасидир.

(Рофизалар ўзларини биз Али ва Аҳли байт шийъаларимиз деб ноҳақ равишда даъво қиладилар. Уларнинг эътқодлари очиқ куфр эканини Ислом уламолари баён қилганлар. Чунки, улар Оиша онамизни зинода айблашгача борганлар. Оиша онамизни зинода айблаган кимса кофир бўлишида ҳеч қайси олим ихтилоф қилмайди. Шунингдек, Қуръони каримни ноқис деб айтганлар ҳам кофирлигида ихтилоф йўқ. Али ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумлар каби инсонлардан мадад сўраб, Аллоҳ билан бирга бандларга илтижо қилиш ҳам ширки акбар эканлигида ҳеч қандай ихтилоф йўқ).

Улардан сўнг Қадарийялар ва Муржиалар тоифаси пайдо бўлган.

(Қадарийялар Аллоҳнинг тақдирини инкор қилганлар. Қадарийяларнинг эътиқоди кейинчалик «Муътазилалар» деб аталадиган адашган тоифада мужассам бўлган. Муржиалар эса «Иймон қалб ва тилда. Амаллар зарур эмас», деган энг хатарли бидъатлардан бирини пайдо қилганлар. Буларнинг бидъати туфайли охирги асрларда кўпдан кўп мусулмонлар фақат номи мусулмон бўлиб қолди, зоҳирий ҳаётларига қарасангиз кофирларнинг ҳаётидан деярли ҳеч қанча фарқи қолмаган. Шунинг учун ҳам аксарият Ислом диёрларини кофиру ваҳший давлатлар бемалол мустамлака қилиб олишга муваффақ бўлди. Чунки фақат қалби ва тили билан иймон келтириб, амалда Исломни бажо этмаганлар ҳеч қачон кофирларнинг ҳужумига дош беролмайди. Ислом аҳкомларига амал қилмаслик ўз-ўзидан қалб ва тилдаги иймонни ҳам сусайтириб ташлайди ва охир-оқибат бутунлай диндан чиқиб кетишга олиб боради. Аллоҳ Ўзи ҳидоят қилсин).

Яна Ислом тарихида пайдо бўлган эътиқодий залолатлардан бири: Аллоҳнинг исм ва сифатларини инкор қилиш ва бу борадаги очиқ-ойдин ва сон-саноқсиз ояту ҳадисларни бошқа маъноларга буришга ҳаракат қилиш.

Бу каби бидъатларга кириб кетган тоифалар ҳам кўп. Баъзилари бутунлай Исломдан чиқиб кетган, масалан «жаҳмийялар» деб аталган тоифа.

Яна баъзиларининг адашишлари енгилроқ бўлган, яна баъзиларни адашган деб айтилмайди, балки хато қилган, деб айтилади.

Аммо бундай нозик масалаларнинг тафсилотини яхши англаш учун аввал юқорида эслатиб ўтилган мухтасар матнни ёдлаб, шарҳларини ўқиб, кейин аста-секин, босқичма босқич илм олиб бориш зарур.

Йўқса, турли хил фитна ва ихтилофлар авж олса оладики, ислоҳ бўлмайди.

Шунинг учун учун биз бошланғич талабаларни бу каби тафсилотларга киришдан қайтарамиз.

Аллоҳ таолога чексиз ҳамдлар бўлсинки, У Зотнинг марҳамати ила Аҳли сунна вал-жамоат эътиқоди инсон фитратида мавжуд бўлган соф эътиқоддир. Ҳар-хил фалсафалар аралаштирилмаганда одамлар адашиб кетмас эдилар.

Аллоҳ таоло барча мусулмонларни ана шу соф эътиқодда Ислом динига мустаҳкам амал қилиб яшашларига муваффақ қилсин.

Вассалому алайкум …

«Ислом Овози» таҳририяти

Мавзуга оид ҳаволалар:

Эътиқодий масалалар