Васила қилиш турлари

Савол:

Васила ҳақида жуда кам биламиз. Василани қандай қилиш керак?

Жавоб:

Аллоҳ таоло Моида сурасининг 35-оятида марҳамат қилади:

{يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا اتَّقُوا اللَّهَ وَابْتَغُوا إِلَيْهِ الْوَسِيلَةَ وَجَاهِدُوا فِي سَبِيلِهِ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ}

«Эй иймон келтирган зотлар, Аллоҳдан қўрқингиз ва Унга Васила – яқин бўлиш йўлини излангиз ҳамда Унинг Йўлида жиҳод қилингиз, шунда шояд нажот топурсиз».

Имом Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ ушбу оятнинг тафсирида салафи солиҳларнинг сўзларини келтириб айтадилар:

Ибн Аббос дедилар: Васила қурбадир (Аллоҳга яқин қиладиган тоат-ибодатлардир).

Имом Мужоҳид, Қатода ва Ибн Зайд ва бошқалар ҳам шундай дедилар.

Қатода яна айтадилар: «Васила излангиз» дегани яъни, У Зотга итоат қилиш ва У Зотни рози қиладиган (солиҳ) амалларни бажариш билан Унга яқинлашинглар, деганидир. Бу имомлар айтган ушбу сўзларида барча муфассирлар ҳеч қандай ихтилоф қилмаганлар.

Васила мақсадга эришиш учун керак бўлган нарсадир. (Мақсад Аллоҳнинг розилигига, жаннатга эришиш бўлса, ана шунга етиш учун У Зотга тоат-ибодат қилиш василадир).

Василанинг иккинчи маъноси жаннатдаги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга хос бўлган энг олий мақомдир.

Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам азон айтилганда ўқиладиган дуони ўргатганларида айтганларки: «… сўнг менга Аллоҳдан Василани сўранглар. Чунки у жаннатдаги шундай бир мартабаки, Аллоҳнинг бандаларидан фақат бир бандага насиб бўлажак. Ана шу банда мен бўлсам керак деб умид қиламан. Ким менга Васила насиб бўлишини (Аллоҳдан) сўраса унга шафоат насиб бўлади!». (Тафсири Ибн Касир).

Энди биринчи маънодаги Василанинг тафсилотига келамиз:

Аҳли сунна вал-жамоа эътиқоди бўйича Аллоҳ таолога ибодат қилишда фақат уч хил василага рухсат бор:

Биринчи васила:

Аллоҳнинг исм ва сифатларини васила қилиб дуо қилиш.

Масалан: «Эй Аллоҳ, Сен Раҳийм Зотлигинг учун, Ўз раҳматинг билан менинг гуноҳларимни кечиргин ва менга Ўз неъматларингни ёғдиргин …»,  деб дуо қилиш.

Аллоҳ таолонинг бошқа барча гўзал исм ва сифатларини ҳам мана шу тарзда васила қилинади.

Бунга Қуръону Суннатдан далиллар жуда ҳам кўп, жумладан Аъроф сурасининг 180-ояти.

Иккинчи васила:

Ҳар бир мўмин-мусулмон ўзининг солиҳ амалларини васила қилиши.

Масалан: «Эй Аллоҳ, мен ушбу солиҳ амалимни (намоз, тиловат, эҳсон ваҳоказо амалларни) Сен учун холисона бажардим. Ушбу холис амалимни Сенга васила қилиб сўрайман, Сен Ўзинг менга ёрдам бергин …».

Муттафақун алайҳи – имом Бухорий ва имом Муслим ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда келган, ғорга қамалиб қолган учта авлиёнинг қиссаси ушбу иккинчи турли василага далил бўлади.

(Бу қиссани имом Нававий ҳам Риёзус-солиҳин китобининг биринчи бобида зикр қилганлар).

Учинчи васила:

Тирик ва ҳозир бўлиб турган мўмин кишининг дуосини васила қилиш.

Масалан, мўмин кишига айтасиз: мусулмонларнинг ҳақларига дуо қилинг! У киши дуо қилади. Кейин сиз ҳам Аллоҳга дуо қилиб айтасиз: «эй Аллоҳ, бу дуоларни қабул айлагин».

Бу учинчи турли васила ҳам жоиз эканлигига Умар ибн Хаттоб ва Аббос ибн Абдулмутталиб розияллоҳу анҳмонинг ёмғир ёғишини сўраб дуо қилганлари қиссаси далил бўлади. (Имом Бухорий Саҳиҳ тўпламларида ривоят қилганлар).

Энди жоиз бўлмаган васила ҳақида қисқача эслатма:

Аҳли сунна эътиқодига қарши ўлароқ, баъзи адашган тоифалар юқорида баён қилинган шаръий васила чегарасидан чиқиб, турли-туман бидъатларни тўқиб, ҳатто Аллоҳ таолога ширк келтиришгача борганлар.

Мисол учун, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ёки вафот этиб кетган инсонлардан мадад сўраб, уларга илтижо қилаётган кишилар ўзларининг бундай ширкий амалларини чиройли кўрсатишга уриниб: «биз бу зотларни Аллоҳга васила қиляпмиз», дейишлари васила маъносини бузиш ва ширк ботқоғига ботишдан бошқа нарса эмас.

Аллоҳ таоло Ўзи бизларни ҳақ йўлдан адаштирмасин.

Валлоҳу аълам.

Вассалому алайкум …

«Ислом Овози» таҳририяти