Жаннатга башорат берилганларнинг сифатлари ва ададлари
Савол:
Қори аканинг жаннатга башорат берилганлар ҳақидаги маърузаларида «4,900,000,000 (тўрт миллиярд тўққиз юз миллион) мўмин-мусулмоннинг сифатлари», дейилган жойни тушунолмадим. Илтимос, Аллоҳ учун, тушунтириб беринглар.
Жавоб:
Жаннатга ҳеч қандай ҳисобсиз, ҳеч қандай азобсиз (балки, тўғридан тўғри) кириб кетадиган зотларнинг сифатларининг хулосаси қуйидагича:
1. Улар бировлардан «менга руқя ўқиб қўйинг (дам солиб қўйинг)», деб талаб қилмайдилар. (Балки, одамларга Қуръон ва саҳиҳ дуоларни ўқиб дам соладилар, ўзларига ҳам ўзлари дам соладилар, бошқалардан сўрамайдилар).
2. Улар ҳар хил нарсалардан шумланмайдилар. (Шумланиш туфайли яхши ишларга киришишдан қўрқиб қоладиган одамларга ўхшамайдилар, балки шаръий ва моддий сабабларни бажариб, тўғри йўлда собитқадам давом этаверадилар).
3. Улар (ўлимдан қўрқиб, касалликдан нима қилиб бўлса ҳам шифо топай, деб) ўзларининг жасадларини куйдириб даволатмайдилар. Балки, Ягона Аллоҳнинг Ўзига тўла ишонч билан таваккул қилиб, тавҳидни, эътиқодни, иймон ва солиҳ амалларни мукаммал бажариб яшайдилар.
Мана шундай сифатларга амал қиладиган зотларнинг ададлари, баъзи ҳадислардаги ишораларга қараганда 4,900,000,000 (тўрт миллиярд тўққиз юз миллион)га етади. Уларнинг ичларидан энг олий даражага етадиганлари 70,000 (етмиш минг) киши бўладилар.
Ислом умматининг сони саҳобаи киромлар даврларидан бошлаб то қиёматга қадар неча миллиярдга етишини, уларнинг ичларидан юқоридаги сифатларга амал қилиб яшайдиганлар кимлар эканлигини эса Ягона Аллоҳнинг Ўзидан бошқа ҳеч ким билмайди.
Бизнинг вазифамиз Ягона Аллоҳнинг фазлу карамидан умидвор бўлиб, ўзимизнинг гуноҳларимиз кўплигидан қўрқиб, доимо Аллоҳ таолога тавба-таззаррулар қилиб, ана ўша улуғ зотларнинг сифатларига амал қилишга ҳаракат қилиб, бизларни ҳам ўшалар қаторида қилишини сўраб туришдир.
Валлоҳу аълам.
«Ислом Овози» таҳририяти
Мавзуга оид маъруза: