“Биладиган зотлар билан билмайдиган кимсалар баробар бўлурми?!”

Бўлимлар: Рисолалар

Уламоларнинг улуғ даражалари ҳақида ояти карималар

بسم الله الرحمن الرحيم

الحمد لله والصلاة والسلام على رسول الله وعلى آله وأصحابه ومن والاه، أما بعد:

Кириш сўзи:

Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифларни илмда собитқадам бўлган уламоларгина мукаммал тарзда англай оладилар.

Шунинг учун ҳам Аллоҳ таолони энг яхши танийдиган ва У Зотдан энг кўп қўрқадиган инсонлар илм эгалари бўладилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:

«إن أتقاكم وأعلمكم بالله أنا» (رواه البخاري ومسلم).

«Шубҳасиз, сизларнинг энг тақводорроғингиз (Аллоҳдан энг кўп қўрқадиганингиз) ва Аллоҳни энг яхши биладиганингиз менман». (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Имом Аҳмад ибн Осим Антокий раҳимаҳуллоҳ айтадилар:

قال الإمام أحمد بن عاصم الأنطاكي: «مَنْ كَانَ بِاللهِ أَعْرَف كَانَ مِنْهُ أَخْوَف» (كتاب تعظيم قدر الصلاة/ للإمام المروزي )

«Ким Аллоҳни яхшироқ танийдиган бўлса У Зотдан кўпроқ қўрқадиган бўлади». (Намоз қадрини улуғлаш китоби, имом Марвазий ривоятлари).

Аллоҳдан қўрқмайдиган, ўрганган илмини дунё лаззатларига эришиш учун ишлатадиган «домлалар» эса, ҳар қанча кўп китоб ўқиган бўлсалар ҳам, ҳақиқий олим ҳисобланмайдилар.

Аллоҳ таоло илмига амал қилмасдан ўтган яҳуд уламоларини қаттиқ қоралаб, лаънатлаган ва бизларни уларга ўхшаб қолишдан огоҳлантирган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларида ҳам Қуръони каримни ўқиб туриб, унга амал қилмайдиганлар Қиёмат куни энг биринчи бўлиб дўзахга улоқтирилиши ҳақида хабар берилган.

Намозларимизнинг ҳар ракатида Фотиҳа сурасини ўқиб, илмига амал қилмаганлиги туфайли Аллоҳнинг ғазабига учраганлар ва илмсизлиги билан залолатга кириб кетганлар йўлидан паноҳ сўраб туришга буюрилганлигимиз ҳам бежиз эмас.

Илмига амал қиладиган, ёлғиз Аллоҳнинг Ўзидан қўрқадиган уламоларни эса Аллоҳ таоло энг олий мақомларга – пайғамбарлардан кейинги мартабага кўтарган.

Бу борада жуда ҳам кўп ояту ҳадислар келган ва кўпдан кўп китоблар ёзилган.

Шундай бўлсада, баъзи кимсаларнинг уламоларнинг ҳурматини ўз ўрнига қўймасдан, кўрсатаётган хизматларини қадрламасдан, Аллоҳ ва расулига осийлик қилаётганликлари кузатилади. Аллоҳ таоло бизларни турли туман залолатлардан Ўзи асрасин.

Биз ушбу рисоламизда Қуръони каримдан фақатгина баъзи бир ояти карималарни зикр қилиш билан чекланиб, уламоларнинг мақому мартабалари нақадар улуғ эканлигини яна бир бор эслаб ўтмоқчимиз.

Биринчи ояти карима:

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Оли Имрон сурасининг 7-8 оятларида марҳамат қилади:

{هُوَ الَّذِي أَنزَلَ عَلَيْكَ الْكِتَابَ مِنْهُ آيَاتٌ مُّحْكَمَاتٌ هُنَّ أُمُّ الْكِتَابِ وَأُخَرُ مُتَشَابِهَاتٌ، فَأَمَّا الَّذِينَ فِي قُلُوبِهِمْ زَيْغٌ فَيَتَّبِعُونَ مَا تَشَابَهَ مِنْهُ ابْتِغَاءَ الْفِتْنَةِ وَابْتِغَاءَ تَأْوِيلِهِ، وَمَا يَعْلَمُ تَأْوِيلَهُ إِلَّا اللَّهُ، وَالرَّاسِخُونَ فِي الْعِلْمِ يَقُولُونَ آمَنَّا بِهِ كُلٌّ مِّنْ عِندِ رَبِّنَا، وَمَا يَذَّكَّرُ إِلَّا أُولُو الْأَلْبَابِ (7) رَبَّنَا لَا تُزِغْ قُلُوبَنَا بَعْدَ إِذْ هَدَيْتَنَا وَهَبْ لَنَا مِن لَّدُنكَ رَحْمَةً ۚ إِنَّكَ أَنتَ الْوَهَّابُ (8)}

«У Зот Сизга Китоб нозил қилган зотдирки, у (Китобдан) шу Китобнинг асли моҳияти бўлган муҳкам (аниқ-равшан) оятлар ҳам ва бошқа муташобиҳ (тушуниш қийин бўлган) оятлар ҳам (ўрин олгандир). Энди дилларида ҳақ йўлдан оғиш бўлган кимсалар одамларни алдаб фитнага солиш ва (ўз ҳавойи нафсларига мувофиқ) таъвил-тафсир қилиш учун Унинг муташобиҳ оятларига эргашадилар.—Ҳолбуки, ундай оятларнинг таъвилини ёлғиз Аллоҳгина билур.— Илмда собитқадам бўлган зотлар ҳам (билурлар ва) : «У Китобга иймон келтирганмиз. Ҳамма оятлари Парвардигоримиз ҳузуридандир»,— дейдилар. Ва фақат ақл эгаларигина панд-насиҳат олурлар. 8.«Парвардигоро, бизни ҳидоят қилганингдан кейин — энди дилларимизни ҳақ йўлдан оғдирма ва бизга Ўз ҳузурингдан раҳмат ато эт! Албатта Сенгина барча яхшиликларни ато этгувчисан!»». (Оли Имрон: 7-8).

Ушбу ояти каримада ишора қилинган муташобиҳ оятларнинг таъвили ҳақида муфассир уламолардан икки хил тафсир ривоят қилинган ва ҳар иккиси ҳам ўз ўрнида саҳиҳ тафсир экани баён қилинган.

Биринчи тафсир бўйича, муташобиҳ ояти карималарнинг таъвилини Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайди. Бунга мисол ғайб илмига оид бўлган ояти карималар.

Иккинчи тафсир бўйича, муташобиҳ ояти карималарнинг тафсирини Аллоҳ таоло Ўзи тўла иҳота қилган бўлиб, илмда собитқадам бўлган зотларга ҳам уларнинг тафсирини англатиб қўяди. Ана шундай буюк алломалар муташобиҳ ояти карималарнинг тафсирини англаб етганларида Аллоҳ таолога дуо қилиб айтадиларки: «У Китобга иймон келтирганмиз. Ҳамма оятлари Парвардигоримиз ҳузуридандир…». Валлоҳу аълам.

(Табарий, Ибн Касир ва бошқа тафсир китобларига мурожаат қилинг).

Иккинчи ояти карима:

Аллоҳ таоло Ўзининг ягона илоҳ эканига гувоҳлик берганида энг улуғ бандалари – малоикалар ва илм эгаларининг гувоҳликларини ҳам бирга зикр қилган:

{شَهِدَ اللَّهُ أَنَّهُ لَا إِلَٰهَ إِلَّا هُوَ وَالْمَلَائِكَةُ وَأُولُو الْعِلْمِ قَائِمًا بِالْقِسْطِ ۚ لَا إِلَٰهَ إِلَّا هُوَ الْعَزِيزُ الْحَكِيمُ} [آل عمران: 18].

“Аллоҳ, фаришталар ва илм аҳллари – Ёлғиз Аллоҳдан ўзга ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи Ҳақ Илоҳ эканига гувоҳлик бердилар. У Зот адолат билан тургувчи – Ҳукм қилгувчидир. (Сиғинилишга ҳақли) Ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи бор (Аллоҳнинг Ўзи Ҳақ Илоҳдир)”. (Оли Имрон сураси, 18-оят).

قال ابن كثير رحمه الله: «قرن شهادة ملائكته وأولي العلم بشهادته، وهذه  خصوصية عظيمة للعلماء».

Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ айтадилар:

«Ўз малоикаларининг ва илм эгаларининг гувоҳликларини Ўзининг гувоҳлиги билан бирга зикр қилди. Бу эса уламолар учун улуғ хусусиятдир». (Тафсири Ибн Касир: 2/328).

Учинчи ояти карима:

Аллоҳ таоло барча инсонларни Аллоҳ ва Расулидан сўнг уламоларга итоат қилишга буюрган:

{يَاأَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا أَطِيعُوا اللَّهَ وَأَطِيعُوا الرَّسُولَ وَأُوْلِي الْأَمْرِ مِنْكُمْ فَإِنْ تَنَازَعْتُمْ فِي شَيْءٍ فَرُدُّوهُ إِلَى اللَّهِ وَالرَّسُولِ إِنْ كُنتُمْ تُؤْمِنُونَ بِاللَّهِ وَالْيَوْمِ الْآخِرِ ذَلِكَ خَيْرٌ وَأَحْسَنُ تَأْوِيلًا} [النساء: 59]

«Эй иймон келтирган зотлар, Аллоҳга итоат қилингиз ва пайғамбарга итоат қилингиз, ўзларингиздан (яъни мусулмонлардан) бўлган иш эгаларига ҳам (итоат қилингиз) …» .

Саҳобаи киромлардан Жобир ибн Абдуллоҳ ва Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳум айтадилар: «Иш эгалари илм ва фиқҳ аҳли бўлган зотлардир (яъни, уламолардир)». Яна баъзи муфассирлар: «Иш эгалари мусулмон амирлар», деб тафсир қилганлар. (Табарий, Санъоний, Ибн Касир тафсирлари).

Ҳар икки тафсир ҳам саҳиҳ ва бир-бирига боғлиқ. Чунки, мусулмон амирлар умматни Шариат ҳукми билан бошқаришлари шарт. Шариат ҳукми қайси ўринда қандай бўлишини эса уламолар баён қилиб берадилар. Шунинг учун амирлар ҳам, омма халқ ҳам уламоларга итоат қилишлари лозим бўлади.

Фақат, бу ўринда яна бир бор таъкидлаш лозимки, ҳар ким ўзининг ҳавойи нафсига ёқадиган «домлалар»ни эмас, ҳақиқатпарвар, раббоний уламоларни қидириши, тиришқоқлик билан ҳаракат қилиши лозим.

Аллоҳ таоло Тағобун сурасида марҳамат қилади:

{فَاتَّقُوا اللَّهَ مَا اسْتَطَعْتُمْ}  [التغابن: 16]

«Бас, кучларингиз етганича Аллоҳга тақво қилингиз». (Тағобун: 16).

Яна Зумар сурасида айтади:

{الَّذِينَ يَسْتَمِعُونَ الْقَوْلَ فَيَتَّبِعُونَ أَحْسَنَهُ ۚ أُولَٰئِكَ الَّذِينَ هَدَاهُمُ اللَّهُ ۖ وَأُولَٰئِكَ هُمْ أُولُو الْأَلْبَابِ} [الزمر: 18].

«Сўзга қулоқ тутиб, унинг энг гўзалига эргашадиган зотларга хушхабар беринг! Ана ўшалар Аллоҳ ҳидоят қилган зотлардир. Ва ана ўшаларгина ақл эгаларидир». (Зумар: 18).

Абу Саълаба Хушаний розияллоҳу анҳудан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:

عن أبي ثعلبة الخشني رضي الله عنه قال : قَالَ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «الْبِرُّ مَا سَكَنَتْ إِلَيْهِ النَّفْسُ وَاطْمَأَنَّ إِلَيْهِ الْقَلْبُ ، وَالْإِثْمُ مَا لَمْ تَسْكُنْ إِلَيْهِ النَّفْسُ وَلَمْ يَطْمَئِنَّ إِلَيْهِ الْقَلْبُ ، وَإِنْ أَفْتَاكَ الْمُفْتُونَ». رواه أحمد (29/278-279) وصححه المحققون بإشراف الشيخ شعيب الأرنؤوط . وقال المنذري : «إسناده جيد» انتهى . «الترغيب والترهيب» (3/23) ، وكذلك قال الحافظ ابن رجب في «جامع العلوم والحكم» (1/251) ، والشيخ الألباني في «صحيح الترغيب» (2/151)

«Эзгулик виждон уни қабул қилган, қалб унга ҳотиржам бўлган нарсадир. Гуноҳ иш виждон уни қабул қилмаган, қалб унга ҳотиржам бўлмаган нарсадир, ҳаттоки фатво берувчилар сенга фатво берган бўлсалар ҳам!». (Имом Аҳмад ривоятлари, саҳиҳ ҳадис).

Ушбу ҳадиснинг шарҳида уламолар мўмин-мусулмон киши учун иккита муҳим насиҳатни эслатадилар:

1. Инсон ўз ҳавойи нафси хоҳлаб турган нарсасига мувофиқ келадиган фатво изламаслиги лозим.

2. Илм аҳллари ихтилоф қилган масалаларда Шариат далилларини чуқурроқ биладиган ва Аллоҳдан кўпроқ қўрқадиган уламоларни топиши ва уларга эргашиши даркор.

(Кенгроқ маълумот учун ушбу ҳаволага мурожаат қилишингиз мумкин:

قال سليمان التيمي : » إن أخذت برخصة كل عالم اجتمع فيك الشر كله». قال أبو عمر ابن عبد البر : «هذا إجماع لا أعلم فيه خلافاً»(جامع بيان العلم وفضله: 2/92). وقال الشيخ ابن عثيمين: «من تتبع الرخص فسق».

Имом Сулаймон Таймий айтадилар: «Агар сен ҳар бир олимдан у рухсат берган (жоиз деб фатво чиқарган) нарсасини олаверадиган бўлсанг барча ёмонликлар сенда жам бўлибди!». Имом Ибн Абдилбар айтадилар: «Бу иш (рухсат топиб берадиганларга эргашиш) ҳаромлигига барча уламолар ижмоъ – иттифоқ қилганлар!». (Илм ва унинг фазилатлари китоби: 2/92). Шайх Ибн Усаймин айтадилар: «Ким рухсатларга (жоиз дейилган фатволарга) эргашиб юраверадиган бўлса у фосиқ инсон бўлади».

Ким қанча кўп уламоларни лозим тутса шунча кўп илмга эга бўлади ва ҳақиқатга ана шунча яқин бўлади. Шунинг учун ҳам тарих давомида энг буюк алломаларнинг таржимаи ҳолларига қарасак, уларнинг устозлари жуда ҳам кўп бўлганига ва улар илм ва уламоларни излаб, дунёни кезиб чиққанликларига гувоҳ бўламиз. Мисол учун, битта имом Бухорийнинг ўзлари дунё бўйлаб мингдан зиёд муҳаддис устозлардан дарс олганлар.

Тўртинчи ояти карима:

Аллоҳ таоло Анбиё ва Наҳл сураларида марҳамат қилади:

{ فَاسْأَلُوا أَهْلَ الذِّكْرِ إِن كُنتُمْ لَا تَعْلَمُونَ} [النحل: 43، الأنبياء: 7]

«Бас, агар билмайдиган бўлсангизлар, аҳли зикр (аҳли илмлар)дан сўранглар!». (Анбиё: 7, Наҳл: 43).

Имом Қуртубий раҳимаҳуллоҳ айтадилар:

«لَمْ يَخْتَلِفِ الْعُلَمَاءُ أَنَّ الْعَامَّةَ عَلَيْهَا تَقْلِيدُ عُلَمَائِهَا، وَأَنَّهُمُ الْمُرَادُ بِقَوْلِ اللَّهِ عَزَّ وَجَلَّ: {فَاسْئَلُوا أَهْلَ الذِّكْرِ إِنْ كُنْتُمْ لَا تَعْلَمُونَ}. وَأَجْمَعُوا على أن الأعمى لا بد لَهُ مِنْ تَقْلِيدِ غَيْرِهِ مِمَّنْ يَثِقُ بِمَيْزِهِ بِالْقِبْلَةِ إِذَا أَشْكَلَتْ عَلَيْهِ، فَكَذَلِكَ مَنْ لَا عِلْمَ لَهُ وَلَا بَصَرَ بِمَعْنَى مَا يَدِينُ بِهِ لَا بُدَّ لَهُ مِنْ تَقْلِيدِ عَالِمِهِ. وكذلك لم يختلف العلماء أن العامة لا يجوز لها الفتيا ؛ لجهلها بالمعاني التي منها يجوز التحليل والتحريم». (تفسير القرطبي).

«Оми одамлар уламоларга тақлид қилиши лозимлигида, «Бас, агар билмайдиган бўлсангизлар, аҳли зикрдан сўранглар!», деган оятдаги «аҳли зикр»дан мурод олимлар эканлигида илм аҳллари ихтилоф қилмаганлар. Барча уламолар ижмоъ (иттифоқ) қилишганки, кўзи ожиз инсон қиблани аниқлашда ишончли одамга тақлид қилиши шарт. Худди шунингдек, илми йўқ одам бир нарсани диндан деб эътиқод қилиш учун ана шу нарсанинг олимига тақлид қилиши лозим. Яна оми одамлар фатво беришлари жоиз эмаслигида ҳам уламолар ихтилоф қилмаганлар. Чунки омилар ҳалол ва ҳаром деб ҳукм чиқаришни билиш учун лозим бўлган (далилларнинг чуқур) маъноларини билмайдилар». (Тафсири Қуртубий).

Бешинчи ояти карима:

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг бандалари ичида энг буюк олим бўлсалар ҳам, Парвардигор у зотни янада кўпроқ илмга эга бўлиш учун дуо-илтижо қилишга буюрди:

{وَقُلْ رَبِّ زِدْنِي عِلْمًا} [طه: 114].

“Парвардигорим, илмимни янада зиёда қилгин, деб айтинг”. (Тоҳа сураси, 114-оят).

Имом Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтадилар:

“Аллоҳ Ўз Пайғамбарини Ўз Зотига илтижо қилиб шу илм неъматидан янада кўпроқ беришини сўрашга буюрганининг Ўзи (илм учун) етарли шарафдир”.

Олтинчи ояти карима:

Аллоҳ таоло яна Анкабут сурасининг 43-оятида ҳам марҳамат қилади:

{وَتِلْكَ الْأَمْثَالُ نَضْرِبُهَا لِلنَّاسِ ، وَمَا يَعْقِلُهَا إِلَّا الْعَالِمُونَ} (العنكبوت: 43).

«Ушбу масалларни Биз одамлар (ибрат олсинлар) учун айтурмиз. (Лекин) уларни фақат олимларгина англай олурлар». (Анкабут: 43).

Еттинчи ояти карима:

Аллоҳ таоло уламоларни Қиёмат куни ҳам барча халойиқлар олдида улуғлаб, кофирларга қарши раддия беришлари учун уларга сўз беради.

{وَقَالَ الَّذِينَ أُوتُوا الْعِلْمَ وَالْإِيمَانَ لَقَدْ لَبِثْتُمْ فِي كِتَابِ اللَّهِ إِلَىٰ يَوْمِ الْبَعْثِ ۖ فَهَٰذَا يَوْمُ الْبَعْثِ وَلَٰكِنَّكُمْ كُنتُمْ لَا تَعْلَمُونَ}. [الروم:56].

”(Қиёмат) Соати қойим бўладиган Кунда жиноятчи кимсалар (дунёда) бир соатдан ортиқ турмаганларига қасам ичурлар. Улар(ҳаёти дунёда ҳам) мана шундай (ростдан ёлғонга) бурилгувчи эдилар. (Шунда) илм ва иймон ато этилган зотлар айтдилар: Аниқки сизлар Аллоҳ Ўз Китобида ёзиб қўйганидек қайта тирилиш Кунигача турдинглар. Бас, мана шу қайта тирилиш Кунидир. Лекин сизлар (бу Куннинг ҳақ эканини) билмас эдинглар”. (Рум сураси, 55-56 оятлар).

Имом Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ оятнинг тафсирида ёзадилар:

”Яъни, мўмин уламолар дунёда ҳам кофирлар устидан Аллоҳ ҳужжатларини қоим қилганларидек, охиратда ҳам кофирларга раддия берадилар”.

Саккизинчи ояти карима:

Аллоҳ таоло Фотир сурасининг 28-оятида марҳамат қилади:

{ إِنَّمَا يَخْشَى اللَّهَ مِنْ عِبَادِهِ الْعُلَمَاءُ} (فاطر: 28).

«Аллоҳдан бандалари орасидаги уламоларгина қўрқурлар».

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар:

.»الذين يعلمون أن الله على كل شيء قدير».

«العالم بالرحمن من عباده من لم يشرك به شيئا وأحل حلاله وحرم حرامه وحفظ وصيته وأيقن أنه ملاقيه ومحاسب بعمله»

«Уламолар, Аллоҳ таоло барча нарсага қодир зот эканини биладиган зотлардир».

«Бандалар ичида Раҳмон таолони билган олим киши У Зотга ҳеч бир нарсани шерик қилмаган, Аллоҳ ҳалол қилган нарсани ҳалол деган, Аллоҳ ҳаром қилган нарсани ҳаром деган, Аллоҳинг васиятини ёд олган – амал қилган, У Зотга рўбарў билишига ва қилган амаллари учун ҳисоб-китоб қилинишига тўла ишонган кишидир».

Тўққизинчи ояти карима:

Аллоҳ таоло илм эгалари билан илмсизлар асло баробар бўлмаслигини хабар бериб айтади:

{أَمَّنْ هُوَ قَانِتٌ آنَاءَ اللَّيْلِ سَاجِدًا وَقَائِمًا يَحْذَرُ الْآخِرَةَ وَيَرْجُو رَحْمَةَ رَبِّهِ ۗ قُلْ هَلْ يَسْتَوِي الَّذِينَ يَعْلَمُونَ وَالَّذِينَ لَا يَعْلَمُونَ ۗ إِنَّمَا يَتَذَكَّرُ أُولُو الْأَلْبَابِ} [الزمر: 9].

“Кечалари сажда қилган ва қиёмда–тик турган ҳолда тоат-ибодат қилгувчи, Охиратдан қўрқадиган ва Парвардигорининг марҳаматидан умидвор киши (билан куфру исёнга ғарқ бўлган кимса баробар бўлурми?! Айтинг: “Биладиган зотлар билан билмайдиган кимсалар баробар бўлурми?!” (Йўқ, асло). Дарҳақиқат, фақат ақл эгаларигина панд-насиҳат олурлар”. (Зумар сураси, 9-оят).

Ўнинчи ояти карима:

Аллоҳ таоло Ўзи аҳли илмларнинг мартабаларини дунё ва охиратда олий мақомларга кўтариб қўяди:

{يَرْفَعِ اللَّهُ الَّذِينَ آمَنُوا مِنكُمْ وَالَّذِينَ أُوتُوا الْعِلْمَ دَرَجَاتٍ ۚ وَاللَّهُ بِمَا تَعْمَلُونَ خَبِيرٌ} [المجادلة: 11].

“Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даражаларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан Хабардордир”. (Мужодилаҳ сураси, 11-оят).

Имом Табарий айтадилар:

“Аллоҳ илмли мўминларни илм фазилати туфайли илмсиз мўминлардан кўра баланд мартабаларга кўтаради, агар (илмларига) амал қилсалар”.

Хотима:

Сўзимизнинг аввалида айтганимиздек, илм ва уламоларнинг фазилатлари ҳақида собит бўлган ояту ҳадислар жуда ҳам кўп бўлиб, уламоларимиз улар ҳақида буюк асарлар ёзиб қолдирганлар. Мисол учун имом Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг Саҳиҳ тўпламларидаги «Илм китоби», унга имом Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳнинг ёзган шарҳлари, имом Абу Бакр Муҳаммад ибн Ҳусайн Ожуррий раҳимаҳуллоҳнинг «Ахлоқул уламо» китоби, имом Юсуф ибн Абдилбар раҳимаҳуллоҳнинг «Жомиу баёнил илм ва фазлиҳи» китоби ва ҳоказо.

Шу ўринда сайтимизнинг Илм ва уламолар рукни остидаги устозимиз Обидхон қори ака – Аллоҳ шифойи комил ато этсин – маърузаларини ҳам эшитиб чиқишни тавсия этамиз.

Валлоҳу аълам.

وصلى الله وسلم على نبينا محمد وعلى آله وصحبه أجمعين ومن تبعهم بإحسان إلى يوم الدين.