‘Суиқасд ижрочилари жазолансин!’
Швециядан бошпана топган ўзбекистонлик имом Обидхон қори Назаровга уюштирилган суиқасд санаси муносабати билан ўзбекистонлик муҳожирлар Швеция ва Туркияда норозилик намойишлари уюштирганлар.
Намойишчилар Швеция ҳукуматидан жиноятни содир этган шахсларни жавобгарликка тортишга чақиришган.
Шунингдек, Ўзбекистонда диний ва сиёсий айбловлар билан қамалган маҳкумларга озодлик берилиши талаб қилинган.
Стокҳолмдаги Швеция парламенти биноси олдига йиғилган ўзбек диаспораси вакиллари Обидхон қорига суиқасд уюштирган жиноятчилар ҳали ҳам жазога тортилмаганига эътибор қаратишган.
Стокҳолмдаги намойиш иштирокчиларидан Абдулазиз Би-би-си билан суҳбатда парламент биноси қаршисига чиқиб тергов жараёни қониқарсизлиги ва Обид қорининг хавфсизлигини таъминлашга етарли эътибор берилмагани каби масалалар кўтарилишини билдирди.
“Тергов жараёнларида, судда қотиллик уюштирган шахсларнинг айбини исботлашда етарли далилларни тақдим қила олмади. Бундан ташқари хавфсизлик хизматларида қори аканинг бутун маълумотлари бор эди. Бундан олдин ҳам бўлаётган хавфлар ҳақида хабар қилинган бўлса-да, лекин шу нарсага етарлича эътибор берилмаган”, – дейди Абдулазиз.
Намойиш ташкилотчиларининг қўшимча қилишича, улар Швеция ҳукуматидан ўзбекистонлик ҳамкасблари билан расмий учрашувларда диний ва сиёсий маҳбусларни озод этишни сўраб босим ўтказишга чақирмоқда.
Қочқинлар Швецияда янги ҳукумат сайланганини ва уларнинг муаммоси ҳали ҳам давом этаётганини уларга билдиришни истаётганини айтишди.
“Швецияда янги ҳукумат ва бу ҳукуматнинг таркибидаги одамлар ҳам муаммоларнинг ўтмишда эмас, балки ҳозирги кунимизда ҳам давом этаётганини ҳис қилишларини билдирмоқчимиз”, – дейди Абдулазиз.
Йиғилганлар жиноятни содир этган шахс россиялик бўлгани учун Россия ҳукумати ва ушбу жиноятни етарлича текширмагани учун Швеция ҳукуматини танқид қилган.
Шу каби намойиш Туркиянинг Истанбул шаҳрида ҳам бўлиб ўтган.
Намойишчилар Туркияда ўзбекистонлик имом Абдулла Бухорийнинг отиб ўлдирилганига эътибор қаратишган.
Манба: Би Би си – Ўзбек хизмати