Обидхон қори очиқликка чиқди
Обидхон қори имомлик қилган
«Тўхтабой» масжиди минглаб
мусулмонларни жалб этган / BBCuzbek
Ўзбекистонда бедарак йўқолгани айтиладиган таниқли имом Обидхон қори Назаров Бирлашган Миллатларнинг қочқин мақоми билан Қозоғистондан Оврўпога йўл олган.
Маълум бўлишича, БМТ қочқинлар агентлиги шу йил январ ойида Обидхон қори ва оиласига сиёсий қочқин мақомини берган.
Тошкентдаги «Тўхтабой» масжидининг собиқ имоми 1998-йилда сирли равишда ғойиб бўлганидан буён унинг қаердалиги номаълум эди.
БМТ мулозими Обидхон Назаровнинг шахсий хавфсизлиги нуқтаи назаридан унга сиёсий бошпана берган давлат номини ошкор этмасликни сўраган.
Обидхон қори диний экстремизм ва терроризм айбловлари билан Ўзбекистонда қидирилаётганлар рўйхатининг бошида турган шахслардан.
Унинг ўзи очиқликка чиққанидан сўнг, Би-би-си билан суҳбатда ушбу айбловларни қатъиян рад этган.
У, шунингдек, Ўзбекистонда радикал Исломнинг юзага келишида Президент Каримовни айблаган.
Чоршанба куни Обидхон қори Назаров ва оиласи Алмати аэропортида қисқа муддат ушлаб турилган, аммо Қозоғистон ҳукумати мулозимларининг аралашувидан сўнг, уларнинг Қозоғистонни тарк этишларига рухсат берилган.
Мустақил имом
Обидхон қори Назаров имомлик қилган «Тўхтабой» масжиди 1990-йиллар бошида минглаб мусулмонларни жалб этган.
Унинг ваъзлари ёзилган аудиотасмалар Ўзбекистон ва қўшни давлатларда сотиларди.
Тўқсонинчи йиллар ўрталарида ҳукуматнинг масжид ва имомлар устидан назоратни кучайтириш ҳаракатлари Обидхон қори ва тарафдорларининг норозилик чиқишларига сабаб бўлди.
Обидхон қори «Тўхтабой» масжидида қилган энг сўнгги маърузаларида ҳукуматнинг масжидлардан овоз кучайтиргичларни олиб ташлаш, соқол қўйиш ва ҳижоб ўрашни таъқиқлаш ҳақидаги қарорларини танқид қилади.
Бунга жавобан ҳукумат уни имомликдан четлатади ва ўзи яшаб турган Тошкентдаги уйни ноқонуний эгаллаб олганликда айблайди.
1998-йилда Обидхон қори сирли равишда ғойиб бўлганидан сўнг, унга алоқаси бўлган ўнлаб шахслар қамоққа ташланади.
Улар орасида Обидхон қорининг икки ноиби ва укалари ҳам бор.
Ўтган йили унинг ўғли Ҳусниддин Назаров милиция томонидан сўроқ қилинганидан сўнг, бедарак йўқолган.
Ўзбекистон ҳукумати Обидхон қори Назаровни ваҳҳобийлик диний-сиёсий оқимининг раҳнамоси сифатида кўради.
Инсон ҳуқуқлари ташкилотларига кўра, «ваҳҳобийлик» – Ўзбекистонда диний ўзгача фикрловчиларга нисбатан қўлланиладиган атама тусини ҳам олган.
Ҳибсга олишлар
Обидхон қори ўтган йил охирларида Қозоғистонда унинг ўн нафар тарафдорлари ҳибсга олиниб, Ўзбекистонга топширилганидан сўнг БМТ қочқинлар агентлигига мурожаат этган.
Қозоғистон махсус кучларининг ушбу амалиёти халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари томонидан қораланган.
Аммо Қозоғистон ўзбек фуқароларининг ноқонуний экстрадиция қилинишини тан олмаган.
Би-би-сининг Алматидаги мухбири Иен Маквилямга кўра, ҳозирда Бирлашган Миллатлар ташкилоти Қозоғистонда яшириниб юрган яна олтмиш нафар ўзбекистонликларга қочқинлик мақоми бериш масаласини кўриб чиқмоқда.
Обидхон қори Би-би-си билан суҳбатда муҳожирликда ҳам диний илм билан шуғулланишини маълум қилган.
Podcast: Play in new window | Download