Обидхон қори: «Борлиқнинг моҳияти ибодатда» (радиосуҳбат, 8 апрел 2006 йил)

Бўлимлар: Радиосуҳбатлар

Обидхон қори сўнгги саккиз йил ичида диний
мавзуда ўнга яқин китоб ёзганини айтади/BBCUzbek 2006 йил

Март ойи ўрталарида БМТ Қочқинлар Агентлиги кўмаги билан Оврўпо давлатларидан бирида бошпана топган ўзбекистонлик таниқли имом Обидхон Назаров хорижда экан, диний-маърифий фаолият билан шуғулланишини маълум қилган.

Тошкентдаги «Тўхтабой» масжидининг собиқ имоми Обидхон қори саккиз йил муқаддам, расмийларнинг ҳибсга олиш ҳарaкaтларидан сўнг, сирли равишда ғойиб бўлганди.

У дастлабки икки йил Тошкентда яшириниб юрганини, кейинги беш йил умрини эса Қозоғистон жанубида ўтказганини айтади.

Мен Обидхон қори билан учрашиш ниятида у паноҳ топган ғарбий Оврўпога йўл солдим.

Учрашув

Таниқли имом билан Ўзбекистондан минглаб чақирим йироқда учрашаман, деб хаёлимга ҳам келтирмагандим.

Эсимда бор, тўқсонинчи йиллар бошлари ва ўрталарида Обидхон қори имомлик қилган Тошкентдаги «Тўхтабой» масжидида жамоат намози кунлари минглаб мусулмонлар жам бўларди.

Аксар ҳолларда намозхонларнинг кўплигидан «Чорсу» бозори ёнида жойлашган масжидга борувчи йўллар ҳам буткул беркитиларди.

«Тўхтабой» масжидининг ёш имоми Обидхон қори кўпчилик хотирасида ўзининг баъзида эҳтиросли, баъзида эса вазмин мавъизалари билан сақланиб қолган.

Белгиланган манзилга етиб борарканман, ўзимни бошига оқ салла ўраган, атрофида доимо кўплаб шогирду ихлосмандлари юрадиган ўша навқирон имом билан учрашувга тайёрлардим.

Йиллар ўтиши билан инсоннинг ташқи кўриниши ўзгариши хаёлимга келмабди.

Мени оврўпоча кийим-бошдаги, кўз ойнак таққан, ўрта жуссали киши шодлик билан кутиб олди.

Қаршимда-ўша сўнгги йилларда Ўзбекистонда, диний мавзуда сўз очиларкан, номи энг кўп тилга олинадиган уламолардан бири Обидхон қори турар эди.

«Асрагувчи – Аллоҳ»

 Тошкентдаги «Тўхтабой» масжидининг собиқ имоми сўнгги саккиз йиллик умрини яширин тарзда ўтказишга мажбур бўлганини айтади.

«Дунёда қўрқув ҳиссига дуч келмайдиган ҳеч ким йўқ. Аллоҳ қўрқувни ҳаммага беради. Лекин, асрагувчи – Аллоҳ, – дейди Обидхон қори – Биз ҳам оддий инсон сифатида қўрқувдан ҳоли эмасмиз. Лекин, ўзимизни тутишга ҳаракат қилдик. Агар шу тушунчамиз бўлмаганида, Чимкентда ўтирмасдик беш йил давомида».

47-ёшли Обидхон Назаров мана шу ўтган саккиз йил давомида диний мавзуда ўнга яқин китоб ёзганини айтади.

«Ёзилган китоблар жудаям аҳамиятли, ниҳоятда эътиборли, деб айта олмайман. Лекин, бугунги кунимизда дуч келаётган муаммоларга жавоб излаш асносида қилинган ишлар булар. Кўпроқ эътибор берилиши керак бўлган масалалар жумласига таълим, одоб-ахлоқ ва ёш болаларнинг тарбияси киради», – дейди у.

Обидхон қорининг яқинлари диний сабоқларни
Оврўпода ҳам давом эттиришмоқда/BBCUzbek

«Дадам қамоқдалар»

Обидхон Назаров хорижга ўзининг икки ўғли, келини ва уч набираси билан келган.

Невараларининг энг кичиги – Иброҳим. У эндигина 3 ёшга кирган. Обидхон қори мана шу набирасини ўйнатиш билан кўнгил ёзишини айтади. Иброҳимни тиззасига ўтказиб диний сабоқни бошлайди.

Тили эндигина чиққан Иброҳим бобоси ортидан Қуръон оятларини такрорлайди.

«Иймон – энг катта бойлик. Агар одам боласининг ҳамма нарсаси бўлса-ю, иймони бўлмаса, у яхши одам бўла олмайди» – дейди Иброҳим бурро қилиб.

Иброҳимнинг отаси Ҳусниддин Назаров икки йил муқаддам Тошкентда ғойиб бўлганди.

«Иброҳим «дада-дада» дейдию, дадасини эслай олмаса керак», – дея тахмин қилади Обидхон қори. – «Лекин, яқинда онасининг қўлидан дадасининг бир суратини олибди. Ана ўша суратни анча пайтгача бағрига босиб юрди».

– Даданг қаердалар? – дея Иброҳимни гапга соламан.
– Қамоқдалар…

Атрофга сукут чўкади.

Доудхон отасини икки йил кўрмаганини айтади /BBCUzbek

Фахр

Яқинлари 30 ёшли Ҳусниддин Назаровнинг ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан ўғирлаб кетилганини даъво қилишади.

Обидхон қорига кўра, Ҳусниддиннинг йўқолишига унинг диний фаолияти сабабчи.

«Аммо, Ҳусниддинга келган нарса якка унинг бошига келган иш эмас. Ўзбекистонда ўғли ўғирлаб кетилганлар қанча… » – дейди у.

«Дин йўлида отасига келган қийинчиликлар ўғилларига ҳам таъсир қилади» – дейди Обидхоннинг 20 ёшли ўғли Доудхон. У отаси билан Оврўпога чиқиб кетган икки фарзанднинг тўнғичи.

Доудхоннинг таъкидлашича, отасининг хорижда юриши оилалари ҳаётига ҳар томонлама салбий таъсир қилган. У дастлабки икки йилда отасини кўриш иштиёқи билан яшаганини айтади.

«Дин йўлидаги қийинчилик биз учун фахр», – дейди Доудхон – «Бу қийинчиликлардан биз хурсандмиз».


Обид қори борлиқ моҳиятини ибодатда кўради/BBCUzbek

 «Ибодат – борлиқ моҳияти»

 Обидхон қори кам гапиради, кам ейди, кам ухлайди ва кўп ибодат қилади.

Бу менинг бир кун давомида кузатганларим.

Бўш вақт топди дегунча, Қуръон варақлайди ёки компьютерини очиб янгиликларни ўқийди. Ўзбекистонга оид янгиликларни…

Қори билан ташқарида кезамиз.

Аста Ўзбекистон ҳақида сўз очаман:

– Ватанни соғинасизми?
– Ҳа, албатта. Ҳар бир инсон ўз ватанида яшашни истайди-ку, – дея жавоб қайтаради имом қисқа қилиб.

Сукунат. Яна гапга соламан:

– Айтайлик, бир йил муқаддам шу ерларга келиб қоламан, деб ўйлаганмидингиз?

– Айнан шундай бўлишини албатта тасаввур қилмагандим. Эртага нима бўлишини ҳеч ким билмайди. Аллоҳ Қуръондаги Луқмон сурасининг 34-чи оятида: » Шубҳасиз, Қиёмат соати қачон бўлишини фақат Аллоҳ билади… Бирор жон эгаси эртага нима билан машғул бўлишини била олмайди… » дейди.

Собиқ имом бир кунмас бир куни Ўзбекистонга қайтишга умид қилишини айтади. Ортидан қўшиб қўяди: «Аллоҳ истаган бўлса, албатта».

У ҳаёт моҳияти ҳақида гапиради. Ибодатнинг муҳимлигини урғулайди.

«Борлиқнинг моҳияти ибодатда. Инсоннинг мавжудлиги ибодатда. Аллоҳ ўзига ибодат қилиш учун яратган бизни. Ибодат қиладиган инсонгина инсондир».

Обидхон қори яна хулоса қилади:

«Аллоҳнинг замини кенг. Унинг санъатини қарангки, аҳли аввалда ғайримуслим бўлган Оврўпо заминида ҳам, Унинг ўзига сажда қилишимизни ирода этибди. Иншааллоҳ, бу диёрлар ҳам Қиёмат куни бизнинг фойдамизга гувоҳлик беражак».

Манба: Би Би Си – Ўзбек хизмати