«Обид қорининг шогирдлари норозилик тадбири уюштирмоқчи»
(Обидхон қори Назаровга суиқасд уюштирилганлигининг
икки йиллиги муносабати билан 2014 йили Стокҳолмда
ўтган намойишдан лавҳа)
Швецияда яшаётган бир гуруҳ ўзбекистонликлар шу йилнинг 20 февраль куни Стокҳолмда пикет ўтказиш ниятидалар. Норозилик тадбири, ташкилотчиларга кўра, 2012 йил февраль ойида Стрёмсунд шаҳрида машҳур имом Обидхон қори Назаровнинг ҳаётига суиқасд уюштирилганига уч йил тўлиши муносабати билан ўтказилади.
Швеция пойтахтида уюштирилаётган пикет ҳақида Озодликка тадбир ташкилотчиларидан бири Абдулазиз маълум қилди.
– Устозимизга қарши содир этилган бу мудҳиш воқеадан уч йил ўтсаям, на бу жиноятнинг буюртмачилари, на бажарувчиси ушланди. Жиноятни содир этганларга ёрдам берган шахсларгаям тегишли жазолар берилмади, деб биламиз. Шунга ўзимизнинг муносабатимизни билдириб, 20 февраль куни маҳаллий вақт билан соат 1 да пикет ўтказмоқчимиз, – дер экан Абдулазиз бу тадбирнинг ўтказилишига ўтган йил декабрида Туркиянинг Истанбул шаҳрида ўзбекистонлик имом Абдуллоҳ Бухорийнинг отиб кетилгани ҳам туртки бўлганини айтади.
Эслатиб ўтамиз, Обидхон қори Назаров бундан уч йил муқаддам – 22 февраль куни Швециянинг Стромсунд шаҳарчасидаги ўз уйи йўлагида номаълум қуролли шахс томонидан отиб кетилган эди. Ўшандан буён касалхонада шифокорлар назорати остида ётган Обидхон қорини Юрий Жуковский исмли шахс отгани ҳақида тахминлар айтилади. Мазкур суиқасдга алоқадор деб кўрилган ўзбекистонлик эр-хотин – Баҳодир Пўлатов ва Нодира Аминова 2013 йилнинг июль ойида маҳкама қарорига биноан айбсиз деб топилиб, озодликка чиқарилган. Бу маҳкама ишини кузатган ўзбекистонлик муҳожирлар маҳкама қарори адолатсиз бўлганини таъкидлашган.
Кейинги ҳафта Стокҳолмдаги парламент биноси қаршисида ўтказилажак пикет ташкилотчилари швед расмийларига бир қанча савол билан мурожаат қилмоқчилар.
– Швед расмийларидан биз: “Сиёсий бошпана берилган одамнинг ҳимоясини таъминлай олмагани учун ким жавоб беради?” деб сўрамоқчимиз. Таъминлаб беролмади-ку ахир қори акага сиёсий бошпана берган бўлса ҳам. Яна журналистик текширувлар мобайнида Стромсунд шаҳар маҳаллий полициясининг: “SÄPO (Швеция хавфсизлик хизмати) бизга бу кишининг сиёсий томондан қаттиқ таъқибга олингани ва Ўзбекистондан бунақанги хавф борлигини ҳақида бизга индамаган”, деган гаплари чиқди. Биз бунақанги лоқайдлик, бунақанги хатолар учун хавфсизлик хизматлари ҳам жавоб бериши керак, деб биламиз. Кейин қолган қочқинларнинг хавфсизлигини таъминлашда қилинган хатолардан тўғри хулоса чиқаришиб, бундан буёғига яхшироқ ишлашларини талаб қилмоқчимиз, -дейди норозилик тадбири ташкилотчиларидан бири Абдулазиз.
Суҳбатдошимиз ўзбекистонлик таниқли имомга уюштирилган бу суиқасд ишида одамни энг ҳайрон қолдираётган жиҳат бу борада швед расмийларининг ҳеч бир изоҳ бермай, лом-мим демай ўтириши эканини ҳам алоҳида урғулади.
Биз Абдулазиздан Обидхон қори Назаровнинг шу кундаги аҳволи ҳақида ҳам сўрадик.
– Умумий суръатда аҳволлари яхшиланиб бораётганини билдирмоқчиман, яъни бу жуда яхши хабар. Лекин, албатта, хавфсизлик жиҳатидан ўзингизга маълум – Туркияда бўлган охирги воқеалар (Абдуллоҳ Бухорий суиқасдини назарда тутмоқда – таҳр.) бу хавфсизлик масаласининг жиддийлигини кўрсатиб қўйди. Деталларга киришишдан бизни айни шу нарса тийиб турибди. Лекин умумий олганда, (қори аканинг аҳволлари) тобора яхшиланиб бораётганини яхшилик хабари сифатида етказмоқчиман, – деди Абдулазиз.
Эслатиб ўтамиз, Обидхон қори Назаров суиқасдига муносабат ўлароқ ўзбек муҳожирларининг норозилик тадбирлари дунёнинг бир қанча мамлакатларида 2013 йилда ҳам, 2014 йилда ҳам ўтказилганди.
Манба: Озодлик радиоси