«Таниқли уламо Обид қори Назаровга суиқасд уюштирилди»
22 феврал куни Швециянинг Стромсунд шаҳрида, маҳаллий вақт билан соат 13:40 ларда таниқли уламо Обид қори Назаровга ўз уйи подъездида суиқасд уюштирилди.
Маҳаллий швед матбуотида кўра, аввалига отишма овозини ёш болалар эшитиб югуриб келишган. Полиция воқеа жойидан ўқ отар қўрол топилганини айтмоқда.
Обид қори Назаров яшаган кўп қаватли уйнинг атрофи дарҳол полиция томонидан ўраб олинган, жиноятчи излари искович итлар ёрдамида қидирилган.
Озодликка исми сир қолиши шарти билан сўзлаган манбага кўра, номаълум шахс Обид қорига 3 ёки 5 бора ўқ узган ва воқеа жойидан ғойиб бўлган.
Натижада, имом оғир аҳволда Остерсунд шифохонасига етказилган ва мураккаб жарроҳлик амалиётидан ўтказилган.
(Обид қори яшаган кўп қаватли уй)
Шифохонанинг Тез тиббий ёрдам бўлими ходимлари мустақил манба хабарини қисман тасдиқлади.
Яъни расмий маълумотларга кўра, Обидхон Назаров исмли бемор 22 феврал куни тушдан кейин шифохонага келтирилган ва айни дамда ҳам шифохонада қолмоқда.
Лекин шифохона ходимлари беморнинг аҳволига оид бирорта маълумот берилмаслигини айтди.
Айни пайтда маҳаллий матбуотда Обидхон қорининг Умеодаги шифохонага олиб кетилгани ва унинг ҳаёт учун хавфли аҳволда қолаётгани айтилмоқда.
Бироқ ўз манбамиз берган хабарга кўра, амалиёт яхши ўтган.
– Операция ҳозиргина тугади, яхши чиқдилар. Иншоллоҳ, соғайиб кетарлар, дуо қиляпмиз, – дейди бу манба.
Айни кезда Обид қори Назаровнинг оила-аъзолари ва яқинлари билан боғланишнинг имкони бўлмаяпти.
Маҳаллий матбуотга кўра, Обидхон қори Назаров истиқомат қилаётган ҳудуд швед полицияси ва махсус хизматлари ходимларининг қаттиқ назорати остида қолаётганини айтмоқда.
Бу манбанинг сўзларига кўра, ҳодисанинг бевосита гувоҳлари йўқ.
– Аммо, қори акани отган одам ўзбекмас, дейишяпти. Чунки, қори ака ёлғиз юрмайдилар ва у кишининг олдида бирор бегона пайдо бўлса, дарров сезилади. Шунга қараганда, жиноятни бошқа миллатдаги одам қилгандир, дейишяпти, – дейди Озодликнинг Швециядаги манбаси.
Бу воқеа юзасидан Озодлик радиоси дарҳол Стромсунд полицияси ва маҳаллий коммуна раҳбарияти билан боғланишга ҳаракат қилди.
Шаҳар коммунаси расмийси бу ҳақда ҳеч қандай маълумот бера олмаслигини айтди. Полиция эса мурожаатга ҳали жавоб бергани йўқ. Мазкур иш юзасидан бугун маҳаллий вақт билан соат 13:00 полиция матбуот анжуманини ўтказади. Швеция полицияси жиноатчини қидириб топишга ёрдам сўраб жамоатчиликка мурожаат қилди. Мазкур иш бўйича ҳар қандай маълумотга эга бўлган одамлар
+46 (0)72-53085 01 телефонига қўнғироқ қилишлари мумкин.
Ўзбекистонда қидирувда
Ўзбекистон Махсус хизматлари ўз даврида диний-маърифий мавзудаги маърузалари ва Қуръон қироати билан Ўзбекистонга танилган Обид қори Назаровни «Ваҳҳобийлик» диний оқимининг мамлакатдаги етакчиси сифатида айблаган.
Айни кезда Швецияда қолаётган уламо бу айбловларни тўлиқ инкор қилиб келади.
Обид қори Назаров таниқли уламо бўлиш билан бирга Ўзбекистон режимининг ашаддий танқидчиларидан биридир.
Шу боис, у Ўзбекистонни тарк этганидан сўнг ҳам унинг шахсига нисбатан айблов руҳидаги телекўрсатувлар расмий телевидение томонидан бот-бот тақдим этиб келинмоқда.
Бундан ташқари, Ўзбекистондаги ва хориждаги инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар кузатувларига кўра, ҳанузга қадар мамлакатда диний мотивлар асосида ўтаётган маҳкамаларда унинг номи ашаддий жиноятчи сифатида тилга олинмоқда ва кўплаб диндор судланувчиларга бу уламога эргашганлик айби қўйилмоқда.
1997 йилдан буён Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати таъқиби ва тазйиқлари остида қолаётган уламонинг 6 фарзанди бор ва унинг тўнғич фарзанди Ҳусниддин Назаров 2004 йил 16 май куни ўғирлаб кетилган.
Обид қори Назаровнинг ўзи бу жиноят ортида Ўзбекистон МХХси турганини тахмин қилади.
Бу муҳожиратда яшаётган ўзбекистонлик сиёсий ва диний арбобларга уюштирилаётган биринчи суиқасд эмас. 2011 йилнинг 24 сентябрида Россиядаги уйи олдида отиб кетилган таниқли диндор Фуад Рустамхўжаевга уюштирилган суиқасддир.
Фуад Рустамхўжаев сиуқасд натижасида оламдан ўтган эди.
Қочқинлик
Обидхон қори Назаров Ўзбекистон махсус хизматлари таъқиби остида 1998 йилнинг баҳорида ўз уйини тарк этган.
2000 йилда қўшни Қозоғистонга ўтиб, у ерда 2006 йил баҳорига қадар яширин ҳаёт кечирган эди. 2006 йилнинг мартида БМТнинг қочқинлар иши бўйича олий комиссарлиги томонидан қочқин, деб тан олинган ва Швециядан сиёсий бошпана олган эди.
Ҳозир 54 ёшга кирган Обидхон қори Собитхон ўғли асли наманганлик.
1980-1984 йилларда Обидхон қори Тошкент Ислом олий маъҳадида таълим олган.
1985-1990-йиллари Тошкентдаги “Тиллашайх” жомеъ масжидида имом ноиби, 1990-1996-йилларда эса “Тўхтабой” жомеъ масжидида имом-хатиб сифатида фаолият юритган.
Шунингдек, 1992-1998 йиллар давомида Обидхон қори “Озодлик” радиосининг диний дастурини олиб борган ва тингловчиларни Қуръони карим тафсири билан таништирган эди.
Озодлик Обид қори Назаровга уюштирилган суиқасд тафсилотларини ўрганишда давом этмоқда ва тез орада қўшимча тафсилотлардан сизни яна хабардор қилишга ҳаракат қилади.
Манба: Озодлик радиоси