Обидхон қори Назаров – “Би-би-си” меҳмони. 2-қисм

Бўлимлар: Радиосуҳбатлар

Ўзбекистонда таниқли имом Обидхон қори Назаров bbcuzbek.com ўқувчи ва тингловчилари саволларига жавоб қайтарди.

Обидхон қори Назаров имомлик қилган Тошкентдаги «Тўхтабой» масжиди 1990-йиллар бошида минглаб мусулмонларни жалб этган.

Тўқсонинчи йиллар ўрталарида ҳукуматнинг масжид ва имомлар устидан назоратни кучайтириш ҳаракатлари Обидхон қори ва тарафдорларининг норозилик чиқишларига сабаб бўлди.

Бунга жавобан Ўзбекистон диний идораси уни имомликдан четлатди. Обидхон қори яна ўзи яшаб турган Тошкентдаги уйни ноқонуний эгаллаб олганликда айбланди.

1998 йилда Обидхон қори сирли равишда ғойиб бўлганидан сўнг, унга алоқаси бўлган ўнлаб шахслар қамоққа ташланди.

Улар орасида Обидхон қорининг икки ноиби ва укалари ҳам бор.

Икки йил муқаддам унинг ўғли Ҳусниддин Назаров милиция томонидан сўроқ қилинганидан кўп ўтмай бедарак йўқолди.

Ҳозирда Ўзбекистон ҳукумати Обидхон қори Назаровни «Ваҳҳобийлик» диний-сиёсий оқимининг Ўрта Осиёдаги раҳнамоларидан бири сифатида кўради.

Бир ярим йил муқаддам Қозоғистонда унинг ўн нафар тарафдорлари ҳибсга олиниб, Ўзбекистонга топширилганидан сўнг, Обидхон қори БМТ қочқинлар агентлигига мурожаат этди.

Таниқли имом ҳозирда Оврўпо давлатларидан бирида бошпана олган.

* * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * *

Hojayev, İstanbul: Assalomu Alaykum Obid qori aka. Men ham Turkiya hukumati qonuni ostida yashayman. Turkiya hukumati ham Islomiy davlat emas, buni o’zingiz yahshi bilasiz. Rasululloh Sallollohu Alayhi Vasallamning bir sahih hadislarida «Men har qanday kufr davlatida yashayabgan musulmonlardan bezorman,» – degan hadislariga nima deysiz? Oldindan rahmat.

Обидхон қори: Туркияни куфр давлати деб ҳукм қилиш нотўғри. Тўғри, ҳозирдаги мусулмон давлатларнинг камчилик ва нуқсонлари кўп. Бироқ уламолардан ўтиб, сиз билан биз бу давлатларни куфр давлати, деб ҳукм чиқаришга ҳаққимиз йўқ. Бундай ҳукмларнинг масъулияти сиз билан бизда йўқ экан, ўзимизнинг вазифамизни бажараверишимиз лозим. Жамиятни ислоҳ этишда ўз ҳиссамизни қўшишга ҳаракат қилишимиз керак. Туркия ҳукуматининг ҳозирги раҳбарлари намозхон кишилар экани, оила аъзолари ҳам ҳижобда юришлари яхшилик аломатидир. Бу каби ижобий ўзгаришлар мусулмон халқнинг ва албатта сиз каби талабаларнинг ўз динларига қўлларидан келганича амал қилаётганлари натижасидир. Пайғамбаримиз ҳадисларда мусулмонлар орасида яшашга бемалол имконияти бўла туриб, бирор узрсиз ғайри мусулмонларга қўшилиб яшашни афзал билган одамни огоҳлантирганлар. Аммо мусулмон одам ўз юртида динига амал қилишга имкони қолмаган бўлса, Ислом адолат билан ҳукм юритаётган куфр давлатига бориб яшаши учун рухсат беради. Пайғамбаримиз мусулмонлар Маккада кофирларнинг зулмига учраганларида Ҳабашистонга хижрат килишга буюрганлар ва у ернинг подшоҳини адолатли деб таърифлаганлар.

Kamran, Japan: Hurmatli Obidhon qori janoblari! Siz Qur’oni Karimning turli sharhlanishiga olib kelgan sabablar va uning oqibatlariga qanday fikr berasiz?

Обидхон қори: Қуръони Каримнинг ҳамма оятлари ҳам турли хил шарҳланиши мумкин эмас. Оятларнинг баъзиларини шарҳлашдаги хилма-хиллик икки қисмга бўлинади:

1. Кўп маъноларга далолат қиладиган оятларнинг Ислом уламолари томонидан кенг илмий шарҳланиши;

2. Қуръонни тафсир қилишга салоҳияти ёки маънавий ҳақи бўлмаган одамларнинг оятларни ўз хоҳишларига мослаб талқин қилишлари.

Биринчи турдаги хилма-хилликнинг ҳеч қандай зарарли ёки таажжубли ери йўқ. Чунки айрим оятларнинг ўзи дарҳақиқат кўп маъноларга далолат қилади. Бундай хилма-хиллик бир-бирига зид эмас. Аксинча, бу ҳолат Қуръони Каримнинг буюк мўъжиза эканини кўрсатадиган ҳужжатлардан биридир.

Иккинчи турдаги “тафсир”лар аслида айрим кишиларнинг Қуръонга иймон келтирмаган ҳолларида ёки одамларни чалғитиш мақсадида оятларни шарҳлашга уринишлари натижасидир. Шунингдек, баъзи кишилар ҳукмдорларнинг сиёсатини дастаклаш ғаразида ҳам тафсирга қўл урадилар. Лекин, алҳамдулиллоҳки, уламолар бундай кўринишларнинг ҳар бирига ўз вақтида тегишли баҳоларни бериб боришади.

Maqsad, Uzbekiston: «Muqaddas Kitob»ni (Injilni) o’qiganmisiz? Islomdagilar «Muqaddas Kitob»ni o’qishi mumkinmi?

Обидхон қори: Аллоҳ инсониятга тўртта муқаддас китоб юборган: Забур, Таврот, Инжил, Қуръон. Ҳар сафар янги китоб юборган пайтда аввалгисини ўқишни ман қилган. Бу дунёвий қонунларда ҳам кўзга ташланадиган жараён. Янги қонун жорий этилиши билан аввалгиси кучдан қолади. Ҳазрати Умар Пайғамбаримиздан Таврот ўқиш ҳақида сўраганларида рад жавобини олганлар.

Abdulloh Farg’oniy, Angliya: Assalamu alaikum hurmatli ustoz. Avvalo sizga Allohdan sihat-salomatlik wa Haqda sobitqadamlik tilab, sizni Alloh uchun yaxshi ko’rishimizni bildirmoqchiman. Savolim shunday: Hozirgi kunda xorijdagi vatandoshlar vatanga qaytgani ma’qulmi yoki yutimizdagi ahwol yaxshilanishini kutib xorijda yashab turganlari yaxshimi? 2. Hozirgi paytda Islom Ummati o’zini isloh qilishi uchun nimalar qilishi zarur? Bu musibatlarning ildizi qaerda?

Обидхон қори: Мени Ким учун яхши кўрган бўлсангиз Ўша Зот сизни ҳам яхши кўрсин. Саволингизнинг жавоби хориждаги ватандошларнинг нима сабаб билан сафар қилишганига боғлиқ бўлади. Агар улар диний сабаблар билан ҳижрат қилган бўлсалар, унда динлари қаерда омон бўлса, ўша ерда бўлишлари керак. Агар тижорат ёки илм олиш мақсадида кетган бўлсалар ва Ўзбекистонда қидирувда бўлмасалар, хориждаги ишлари битиши билан Ўзбекистонга қайтиб, ўз ота-оналари, қариндошлари ва дўстлари билан иймонда, Исломда ҳаёт кечирганлари афзал. Агар илмли биродарлар бўлсалар, зиммаларида юртимиз мусулмонларига хизмат қилиш вазифаси ётади. Агар ватанга қайтсалар, режим қурбонига айланиш хавфи бўлса, турган мамлакатларида сабр қиладилар. У каби инсонлардан бирларининг саволларига юқорида жавоб бердим. Ўша билан танишишлари, иншоаллоҳ, фойдали бўлади.

Samandar Iskandarov, O’zbekiston: Assalomu alaykum qadrli ustoz! Sizdan so’ramoqchi bo’lganim: O’zbekistonga qachon qaytasiz? O’zbekistonning kelgusi 10 yilligini qanday tasawwur qilasiz?

Обидхон қори: Ўзбекистонга қачон қайтишимни билмайман. Буни Аллоҳ билади. Бу нарса Ўзбекистондаги вазиятнинг қай тарзда ўзгаришига боғлиқ. Ўзбекистоннинг келажаги у ердаги тузум сиёсатига қарам. Аллоҳ ирода қилса, кутилмаган ўзгаришлар юз бериши мумкин. Аммо бу қачон содир бўлади, билмаймиз. Биз ҳаракат қилмасдан фалакдан бирор нарса келишини кутиб ўтиришга буюрилмаганмиз. Қуръонда Аллоҳ: “Бас агар намоз тугаса, ерда тарқалинглар ва Аллоҳнинг марҳаматларини қидиринглар, Аллоҳни кўп зикр қилинглар, шоядки нажот топсангизлар”, деган. (Жумъа сураси, 10-оят). Келажак Аллоҳнинг қўлида. Аммо сизу биз мусулмонларнинг вазифамиз Аллоҳнинг нусратига сазовор бўлиш учун илм ва иймон билан ҳаракат, меҳнат ва чиройли ибодат қилишдир.

Habiba, UK: Siz din peshvosi sifatida shia va sunniy mazhablar o’rtasidagi tinimsiz nizolarga qanday qaraysiz? Nima uchun ular bir dinga e’tiqod qilsalarda, bunchalar bir birlariga zulm o’tkazishda johillikka boradilar? Sizningcha bu nizolarni qanday qilib to’htatsa boladi va umuman ular o’rtasidagi kelishmovchilikka barham berishni ilojisi bormi? Islomda qaysi bir mazhab to’gri?

Обидхон қори: Суннийлар билан шийъалар ўртасида рўй бераётган низолар, албатта, жуда ҳам ачинарли ҳолат. Биз суннийлар мазҳабдошларимиздан баъзи бир жоҳил кимсалар қилаётган ишларни қаттиқ коралаймиз, шу билан бир қаторда, шийъалар тарафидан содир этилаётган ваҳшиёна ҳаракатларни ҳам қаттиқ қоралаймиз. Барча тарафларни муроса, инсоф ва адолатга, исломий биродарлик ҳаққини риоя қилишга чақирамиз. Бу ўринда яна шуни ҳам таъкидлаш лозимки, бўлаётган низоларнинг сабаби фақат диний мазҳабчиликда эмас, балки турли хил мақсадларни кўзлаётган хилма-хил сиёсий кучларда ҳамдир.

Abdumo’min Nazarov, UK: Assalomu alaykum Obid qori aka. Sizga beradigan savolim shuki, man Londonga o’qishga va ishga keldim. Lekin man ishdan sal qiynalayapman. Alhamdulilax hozir ishliman, lekin baribir puldan ehtiyojim bor. Savolim shuki, man kelayotganimda Londonga o’zim bilan sigareta olib keldim. Sigareta olib ketsang, o’sha yerda sotsang, harna u bu narsangga ishlatasan deyishgan edi. Lekin sigaretani sotish haromligini bilib o’ylanib qoldim. Nima qilishim kerak, pul kerak, lekin nima qilishni bilmayman. Alhamdulilax besh mahal nomoz o’qiyman, lekin bomdodda qiynalaman ko’pincha. Shungayam bir javob bersangiz degandim.

Обидхон қори: Аллоҳ сизга Ўзи ёрдам беради. Сиздаги тақво ва ҳалолликка бўлган интилиш йўлингиз ва имкониятларингизни кенгайтиради, деб ўйлайман. Чунки меҳрибон Раббимиз: “…Кимки Аллоҳдан тақво қилса, Аллоҳ унга машаққатдан чиқиш йўлини кўрсатади ва унга ўзи кутмаган ердан ризқ ато қилади”, деган. (Талоқ сураси, 2-3-оятлар). Агар сиз ўша сигаретнинг пулига жуда ҳам муҳтож инсон бўлмасангиз, яъни уларни ташлаб юбориш сизга қийин бўлмаса, шундай қилган яхши. Чунки ҳаром нарсанинг пули ҳам ҳаром. Аммо сиз ўша сигаретнинг пулига қараб қолиш даражасида муҳтож бўлсангиз ва сигаретлар пули анча салмоқли маблағни ташкил қилса, у ҳолда ўша ердаги исломий муассасага учраб, улардан фатво олинг.

Muhammad Mirzo, UK: Muhtaram qori aka! Komil musulmon bo`lishning eng asosiy sharti nimadan iborat? Ikkinchi savolim: Allohning taqdiri bilan ko`pgina vatandoshlar qatori yurtdan yiroqda, musofirlikda istiqomat qilayapmiz. Kufr davlatlarida ba`zan oshxona yoki restoranlarda, yo bo`lmasa supermarketlada ishlashga to`g`ri keladi. U yerlarda Alloh harom qilgan mahsulotlar ham sotiladi. Qori aka, shu yerdan ishlab topilgan rizq haqida nima deysiz? Bu harom bo`ladimi yoki buning boshqa hukmi bormi?

Обидхон қори: Комил мусулмонлик шарти энг аввало Исломдаги беш рукнни бажаришга интилиш. Сўнг Расулуллоҳнинг суннатларини ўрганиб, уларга чиройли амал қилиш.

Аллоҳ сиз каби мусофирларга Ўзи нусрат ато қилсин. Аллоҳнинг нусратига сазовор бўлиш эса кўп жиҳатдан ўзингизга боғлиқ.

Ҳаром таомлар сотиладиган ошхоналар ва магазинларда ишлаш мумкин эмас. Чунки Аллоҳ: “Яхшилик ва тақво устида ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва тажовузкорлик устида ҳамкорлик қилмангиз”, деган. Бироқ ўта машаққатли кунда қолганда ҳаром иш (аммо одам ўлдириш, зино, хоинлик каби ишлар эмас) мубоҳга айланади. Булар ўлимдан сақланиш учун чўчқа гўштини ейишга ўхшайди. Агар сиз чин дилингиздан ҳалол касб қилишни ният қилсангиз, иншоаллоҳ мақсадга эришасиз. Ўзингиз истиқомат қилаётган ердаги мусулмон дўстларингиз ёки диний ташкилотлар сизга ёрдам беришлари керак.

Muhammad Solih Toschkandiy, Madina: Assalomu alaykum Obidhon qori aka. Sizga savolim shuki hozir O’zbekistonda dinga va musilmonlarga qarschi qattiq kurasch ketyapti. Ba’zi muslmonlar fikrida bunga sabab Abduvali qori akaning ochiq da’vatga chiqishlari yoki sizning ochiqdan ochiq hukumatni ba’zi bir urinlarda tanqid qilischingiz yoki musulmonlarni shoscqaloqliklari deb aytishadi. Nima deysiz balki da’vat uslubida yanglishildimi? Agar shunday bulsa uzingizni bu tazyiqlarni kelib chiqishiga sababchi va aybdor deb bilasizmi?

Обидхон қори: Бу даъволар асоссиздир ва улар фақат ғараз билан айтилади. Чунки, агар динга ва мусулмонларга қарши курашнинг сабаби Абдували қори ёки мен бўладиган бўлсак, мана ҳозир майдонда у киши ҳам, мен ҳам йўқмиз-ку?! Энди нима учун динга кенг йўл очиб бермаяпти ҳукумат? Нима учун ҳукуматни танқид қилмаган имомлар ҳам қамоққа ташланди? Мен ҳозир ҳукуматга содиқ бўлгани ҳолда сал тақволироқ бўлгани учун қамоқхоналарда азобу уқубатлар тортиб, касалманд бўлиб чиққан бир қатор имомларнинг номларини келтиришим мумкин эди. Аммо бу уларнинг хавфсизлигига зид бўлади, деб ўйлайман.

Ҳукуматнинг ёнини оладиганларга савол: нима учун давлат мусулмонларга ўз уйларида йиғилиб бир-бирларига фақат ва фақат Қуръондан дарс беришларига рухсат бермайди? Бунинг нимаси жиноят? Агар ҳукумат мусулмонларнинг ихтиёрларини ўзларига берса, ҳар бир маҳаллада биттадан Қуръон курслари очилади. Агар ҳукумат мусулмонлар манфаатини кўзлаётган экан, нима учун дин ҳақидаги қонунда: “Жамоат жойларида диний либосда юриш мумкин эмас», деб ёзиб қўйибди?! Нима учун мактабларда қизларнинг рўмол ўраб келишига бўлаётган қаршиликлар тўхтамаяпти? Нима учун қамоқхоналарда қийноқлар давом этаяпти?

Демак, ҳукуматнинг динга қарши қатағонларида айрим исломий намояндаларни айблаш ёки мусулмонларнинг шошқалоқлиги деб гапириш ё ниҳоятда соддаликдан ёки қалбнинг касаллигидан бўлади. Ўйланг, ҳукуматга мухолифат йўқ, халқ қашшоқ, аёллар мардикорчилик қилмоқда, болалар ишлаяпти. Қозоқлар ўзбекистонликларни қул қилиб сотмоқда. Ўзбек қизлари пул топаман деб ҳатто Таиландда шармандалик кўчаларига кириб юришибди. Бунга ҳам Абували қори айбдормилар?

Нима учун мусулмонларнинг ҳуқуқларини тиклаш ҳақида ўйлашнинг ўрнига кучсиз деб билган одамларига тош отадилар?! Майли, фаразан, янглишмовчилик мусулмонлардан ўтган, улар шошқалоқлик қилишган ҳам дейлик, унда мана орадан 10 йилдан ортиқ вақт ўтди. Аҳвол эса ўша-ўша. Нима учун президентни яхши кўрадиган мусулмонлардан биронтаси у кишига чиройли насиҳат ёки маслаҳат билан хат ёзмади? “Жаноб президент, айб қилган мусулмонлар жазосини олди, қамалди, қувилди, ўлди, энди бу ёғига биз ўзимиз қолдик, қолган ишларга бизнинг кучимиз етади. Энди қамоқдагиларнинг ҳаммасини озод қилаверинг, ўғирланганлар ҳақида ўзингиз очиқ бирор нарса денг, ёпилган қатор хусусий мадарасаларимизни қайтадан очишга буйруқ беринг”, деб очиқ айтиш шунақа ёмон нарсами?

Хузайфа разияллоҳу анҳу айтадилар: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бундай деётганларини эшитдим: “Фитналар қалбларга бўйра чўпи каби битта-битта ёпиша бошлайди. Қайси қалб уларни қабул қилса, унга битта қора нуқта жойлаштирилади. Қайси қалб уларни инкор қилса, унга битта оқ нуқта жойлаштирилади. Шундай қилиб икки хил қалб пайдо бўлади. Биттаси шундай оппоқ ва силлиқ тошга ўхшайдики, унга осмонлару ер тургунча ҳам бирор фитна таъсир қилмайди. Иккинчиси эса қорамтир, тўнкариб қўйилган кўзага ўхшаган қалбки, у на яхшиликни билади ва мункарни инкор қилади. У фақат ҳавосига ёққан нарсага эргашади”. (Муслим, 207).

Аллоҳ ҳаммамизнинг қалбимизини Ўзи ислоҳ қилсин. Яхшилик нимаю ёмонлик нима эканини аралаштириб юборишдан Ўзи асрасин.

Toshtemir Eshboyev, Uzbekiston: Hurmatli Qori aka Siz vahobiylikka qanday qaraysiz? Dunyoda shunaqa oqim mavjudmi? Mavjud bo’lsa siz o’zingizni ulardan biri deb bilasizmi yoki siz Salafiymisiz? Agar bilsangiz diyorimizda ham ancha imom va ulamolar mavjud. Ulardan shu masalada so’raganimda doim ortga chekinishadi, ya’ni yomonlashadi ba’zilari esa javob berishmaydi.

Обидхон қори: “Ваҳҳобийлик” деган нарсанинг баъзи жиҳатлари ҳақида юқорида айтиб ўтдим. Бу ёрлиқ бизда Исломга тўлиқ амал қилмоқчи бўлганларга ва ҳукуматга ёқмаган мусулмонларга нисбатан қўлланади. Бу ҳолат бошқа мусулмон мамлакатларда ҳам учрайди.

“Ваҳҳобийлик” Аллоҳнинг тақдири билан мусулмонлар учун вақти-вақти билан ҳар хил номлар ва турли шакллларда келадиган фитналардан биридир. Фитна синов, имтиҳон, бало деган маъноларни билдиради. “Ваҳҳобийлик” ҳам кимларнингдир тиллари орқали тарқаладиган иғво, фитна ва балодир. Бу ёрлиқни бирор тоифа одамлар учун қўллашдан сақланиш лозим. Чунки бу атама ҳеч қачон ижобий маънода қўлланмайди ва буни қўллаган одам албатта кимгадир зулм қилади.

Кимдир “динда адашган тоифалар бор-ку, уларни нима деб айтамиз бўлмаса?!” деб эътироз бидириши мумкин. Тўғри, динда адашган тоифалар кўп. Аммо уларнинг ҳаммаси ўзига ўзи ном қўйиб олади. Сиз уларни ана ўша ўзлари қўйган ном билан аташингиз керак. Ўйланг, сиз “ваҳҳобий” деганингизда эҳтимол сизнинг мазҳабингизда бўлмаган, аммо сиздан кўра Аллоҳга яқинроқ бўлиб қолган бир мўминга душманлик қилаётгандирсиз. Бунинг оқибати у мўминга яхши, сизга эса ёмон бўлади.

Бу фитнанинг пайдо бўлиш тарихи Саудия Арабистони давлати ташкил топиши билан боғлиқ. Яъни, бу золим атамани янги давлатнинг пайдо бўлишида ҳал қилувчи ўринлардан бирини эгаллаган ислоҳчи олим Муҳаммад ибн Абдулваҳҳобнинг номига боғлашган. “Ваҳҳобийлик” Муҳаммад ибн Абдулваҳҳобнинг даъватларининг мухолифлар томонидан қоралов маъносида талқин қилинишидир.

Ҳозирги замонда “ваҳҳобийлик” айбномасини қўллашга сабаб бўладиган учта омилни кўрсатишимиз мумкин: 1. мазҳабга таассуб қилиш; 2. аҳли ҳадислар йўлларини рад этиш; 3. ҳукуматнинг динга зид сиёсат юргизиши.

1. Мазҳабга таассуб қилиш. Ўзининг мазҳаби тарафдорларини яхши кўриб, бошқаларни ёмон кўрадиган, ҳатто душман тутадиган одамлар бу ёрлиқдан фойдаланадилар. Аслида фиқҳий ихтилофлар борасида уламолар томонидан келишилган хулоса умуман бошқача бўлган. Ҳанафий мазҳабидаги машҳур “Раддулмухтор” китобида ёзилади: “Агар биз ўзимизнинг мазҳабимиз ва мухолифимизнинг мазҳаби ҳақида сўралсак, мана бундай деб жавоб беришимиз вожибдир: “Бизнинг мазҳабимиз тўғри, аммо хато бўлиши ҳам мумкин. Уларнинг мазҳаблари хато, аммо тўғри бўлиши ҳам мумкин”. Қандай адолатли ва инсофли сўз! Бугун эса шу қоида тескари қилиб олингандек. Жанжалкаш одамлар: “Фақат бизнинг мазҳабимиз тўғри, хато бўлиши мумкин эмас. Уларнинг мазҳаблари хато, тўғри бўлиши асло мумкин эмас”, деб эътиқод қиладилар.

2. Тарихда Имом Бухорий каби бирор фиқҳий мазҳабга мансуб бўлмасдан ўз ижтиҳодларига эга бўлган уламолар, яъни аҳли ҳадислар бўлишган. Ана шуларнинг китобларини ўрганган, уларга тақлид қилганларни ҳам бошқа мазҳаб кишилари “ваҳҳобий” номи билан айблайдилар.

3. Хулафои рошидинлардан кейин келган давлатларнинг сиёсати жуда кўп ҳолатларда Исломга зид бўлган. Шундан хақгўй уламолар билан давлат ўртасида қарама-қаршиликлар давом этган. Ҳатто тўртта мазҳаббоши уламоларнинг ҳаммалари ўз даврларидаги халифалар билан зиддиятда бўлишган. Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ халифанинг давлатнинг Бош қозиси (бугунги Олий суд раиси) бўлиш таклифини рад этганлари учун зиндонбанд қилинганлар. У зот баъзи масалаларда давлат сиёсатига мутлақо қарши йўл тутганлар. Бугун ҳам мусулмон мамлакатларида ана шундай зиддиятлар етарлича топилади ва ҳозирги замон ҳукуматлари ўзларига ёқмаган уламо ва мусулмонларни “ваҳҳобийлар” деб атайдилар.

Abu Abdurrahman At-Toshkandi, Los Angeles, AQSH: Aziz Ustod, Kamina sizzi wa Abduwali qori domlaning darslarini eshitib, dinga qiziqib, nihoyat sunnatga amal qilishga otdim, Alloh dawomli qilsin. Ammo xorijda yurish wa watandan uzoqlik ancha o’ksitib qoydi. Watanga qaytgin deb ota onam qo’yishmayapti. Nima maslahat berasiz? Meni u yerda, bilishimcha hech kim qidirmaydi, ro’yxatda ham emasman, qonuniy o’qish uchun ketganman, o’qishni bitirib o’sha yerda qolib ketdim ish bilan wa oilali bulib… Hozr baholi qudrat mahalliy masjidda Qur’on, Aqida wa Arab tili darslari bilan mashghulman. Sizga sawolim, watanga qaytib ota-onammi rozi qilishim afzalmi, yoki Allohning dinida bardawom bulish uchun, mana shu yerda yurib din ilmini olib…vatanda ozgarish bulishini kutishlikmi?

Обидхон қори: Саволингизга мана бу ҳадис жавоб бўлади. Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят. Расулуллоҳнинг олдиларига бир одам келиб: “Мен жиҳодга борсам бўладими?” деб сўради. Расулуллоҳ ундан “Ота-онанг борми?” деб сўрадилар. У “ҳа” деди. Расулуллоҳ “Унда ана ўшаларнинг олдида жиҳод қил”, дедилар. (Бухорий ва Муслим ривоятлари). Сиз агар Ўзбекистонда қидирувда бўлмасангиз, ота-онангизнинг ҳузурларига қайтиб боришингиз керак. Ўзбекистонда диний эркинликлар чекланган. Аммо агар сиз чин ихлос ва яхши ният билан астойдил ҳаракат қилсангиз, диний илм олишга йўл топилади, иншоаллоҳ.

Bekzod Nurmatov, Tokyo: Hurmatli qori aka. Savolim quydagicha. Siz qanday qilib o’zingizni vahhobiylik oqimidan emasman deb Uzbek yoshlarini ishontira olasiz? Umuman vahhobiylik ozi nima, sizning fikringizcha? Savolimni sizni ranjitmaydi deb umid qilaman. Javobingiz uchun oldindan rahmat.

Обидхон қори: 1. Саволингиз мени ранжитмайди. Негаки яхши ниятлар билан ўтказиладиган савол-жавоблар орқали одамларга ҳақиқат тиниқлашади. Мен ўзим ҳақимда “мен фалон эмасман, мен мана бунақаман” деб исботлашга вақт кетказишни тўғри деб билмайман. Саволга жавоб тариқасида баъзи нарсаларни айтиб ўтаман холос, иншоаллоҳ. Ўзининг кимлигини исботлаш билан вақт ўтказиш эмас, балки ҳаққа интилиш билан умр ўтказиш ҳаққа интилганларни яқинлаштиради, бирлаштиради. Менга алҳамдулиллоҳ, Аллоҳ таоло, одамларга ёқмаса ҳам, ҳаққа интилиш неъматини ато қилган, деб айтишим нотўғри бўлмайди. “Раббингизнинг неъмати ҳақида гапиринг”. (Зуҳо сураси, 11-оят).

2. Сиз сўраган кейинги саволнинг жавоби юқорида ўтди.

Bobur Komilov, USA: Salom Hurmatli Ustoz, siga savolim, hozirgi vaqtda juda ham mashhur bolgan Islom da’vatshunoslaridan Dr Zakir Naik haqida fikringizni bildirib otsangiz.

Обидхон қори: Саволингиз учун раҳмат. Мен ўзим доктор Зокир Ноик ҳақида ўқиганимда Аллоҳнинг унга ато қилган марҳаматларини ва у инсон эришган ютуқларни кўриб ҳайратга тушдим. Унинг ҳаёти ва фаолияти мусулмон ёшлар учун ниҳоятда ибратлидир. Доктор Зокир Ноик 1965 йил 18 октябрда туғилган, ҳинд миллатига мансуб машҳур нотиқ, мутаффакир даъватчи, асли касби врачлик бўлган. “Википедия”да ёзилишича, у Бомбай университетини битиргач, 5 йил ўз соҳасида ишлаган. 1993 йилдан бошлаб ҳаётини даъватга бағишлаган. Зокир Ноик Ислом, ҳиндуслик, масиҳийлик, яҳудийлик ва буддавийлик динларини мукаммал ўрганган. Бу динларнинг муқадддас китоблари Қуръон, Инжил, Тавротларни бир неча тилларда ёддан билади. Уларнинг маъноларини чуқур ўзлаштирган. У “Ислом ва масиҳийлик”, “Ислом ва дунёвийлик” “Ислом ва илм-фан” каби мавзуларда маърузалар қилган.

Унинг омма орасида шуҳрат топишига сабаб бўлган нарса фавқулодда ўткир зеҳни ва ўта кам учрайдиган кучли хотирасидир. Таажжубли ери шундаки, у Қуръони Карим сураларини оят рақамлари билан ёд билади. Қуръондан бирор мавзу ҳақида гапирса, шу мавзудаги оятларнинг ҳаммасини бир вақтнинг ўзида сура ва рақамлари билан араб ва инглиз тилида кетма-кет келтира олади.

У ўзга дин олимлари билан мунозара қилиши билан ҳам танилган. Унинг энг машҳур мунозараси 2000 йил 1 апрелда АҚШнинг Чикаго шаҳрида бўлган. Ўшанда у Вильям Кемп билан мунозара қилиб, катта муваффақиятга эришган. Бутун мунозара давомида Зокир Ноикнинг Вильямдан устунлиги намоён бўлиб турган.

Доктор Ноикнинг видео ва аудио кассеталари, дисклари дунёнинг 100 дан ортиқ мамлакатларида асосан инглиз тилида тарқалади. У Ҳиндистон, Америка, Канада, Британия, Саудия, Қувайт, Баҳрайн, Араб амирликлари, Малайзия, Сингапур, Таиланд, Гонконг, Австралия ва Жанубий Африкада юзлаб маъруза ва мунозаралар ўтказган.

Ноикнинг устози, асли келиб чиқиши ҳиндистонлик машҳур нотиқ, олим Аҳмад Дийдот ўз вафотидан аввал доктор Ноикка эсдалик ҳадясини топширар экан, бундай деган эди: “Ўғлим, мен қирқ йилда эришган чўққини сен тўрт йилда эгалладинг”.

Nurulloh, Toshkent, O’zbekiston: Assalomu alaykum Obidxon qori aka! Man avvallari yosh bo’lganligim sababli siz haqingizda umuman bilmas edim hatto tanir emasdim. Hozir esa man Namozga kirib siz haqingizda ba’zi birodarlardan eshitaman. Eshitishim bo’yicha siz Muhojirlikda yurgan O’zbekistondagi ilmi kuchli olim ekansiz. Shu sababli sizga ba’zi savollar bilan murojaat qilmoqchiydim. Savollarimga javob berasiz degan umiddaman. 1) Bizlarga, ya’ni musulmon birodarlaringizga qanday maslahat berasiz shu zamonga tegishli? 2) Shayh Muhammad Sodiq Muhammad Yusuf haqida nimalar deya olasiz? 3) Siz Salafiylardan misiz? 4) O’zbekistonga qachon qaytasiz yoki qaytish niyatingiz yo’qmi? 5) Sizning darslaringiz internetda bormi, bor bo’lsa qanday topsak bo’ladi?

Обидхон қори: Сўзларингизнинг аввали мана бу ҳадиснинг исботи бўлса ажаб эмас:

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Руҳлар жамланган аскарлар кабидир. Улардан ўзаро таниш бўлганлари бир-бири билан иноқлашади. Таниш бўлмаганлари келиша олмайди”. (Абу Довуд ривояти).

Уламолар бу ҳадисни шарҳлаб айтадиларки, руҳлар яратилган пайтларида ҳали жасадларга киритилмасдан аввал икки қисмга бўлинишган: саодат аҳли ва шақоват (бахтсизлик) аҳли. Саодат аҳли иймон, ахлоқ ва табиатан бир-бирларига мувофиқ келадилар. Уларнинг руҳлари руҳлар оламида бир гуруҳда турган, ўзаро таниш бўлган. Руҳлар жасадларга киритилиб, бу оламга келган пайтда инсонларга айланади ва инсонлар бир-бирлари билан учрашадилар. Руҳлари аввалдан таниш бўлганлар бу дунёда тезгина тил топишадилар ва дўстларга айланадилар. Руҳлари аввалдан бошқа гуруҳда бўлганлар эса бу оламга келган пайтларида ҳам бир-бирини танимайдилар ва учрашсалар ҳам муроса қила олмайдилар. (Авнул Борий). “Руҳларни қабул қилиб олган жасадлар бу дунёда учрашганда ё бир-бири билан эл бўлиб кетади ёки келиша олмайди. Бу уларнинг табиатларида мавжуд хислатларга боғлиқдир. Шунинг учун хулқи чиройли бўлганлар яхшиликни ёқтиради ва яхшиларга мойил бўлади. Хулқи ёмонлар ёмонлик истайди ва ёмонлар томон мойил бўлади”. (Лисонул араб, 3/132).

Аллоҳ ҳаммамизнинг хулқимизни тузатиб, яхшилар гуруҳидан қилсин.

Ҳурматли Нуруллоҳ, сизнинг саволларингизнинг ҳаммасига юқорироқда жавоб бердим, деб ўйлайман.

Abu Abdulloh Al Hanafi, Chicago USA: Assalam alaikum wa rahmatullah hurmatli shaykh, Avvalo qisqa tarzda sizning haqiqiy tom ma’nodagi Hanafiy Imomi ekaningizni o’quvchilarga ta’kidlab otib, sawolim wa mulohazalarga otsam: Gharbda majburiat tufayli yurgan brodarlar/opa singillarning kuplari oilali farzandli bulib ketishgan…Mana shu farzandlarning haqiqiy sof Islomiy tarbiada voyaga yetqazish uchun sizning kumakingizga muhtojmiz, masalan, Yoz oylarida Islomiy Ta’til Maktabi tashkillashitirsak degan niyat bor. Yoz mavsumida sizni AQSH ga taklif qilishning iloji bormikan? Umuman gharbda yurgan dindagi farzandlaringizga diniy rahnamolik qilish fikriga ijobiy qaraysizmi? Xo’p desangiz, Islom dini ta’limoti buyicha web sahifa tashkil etsak sizning ishtirokingizda…Umuman hurmatli Ustod bizlarga internet orqali ta’lim berishni yulga qoyish masalasiga qanday qaraysiz? Wa shundan foyda bor deb oylaysizmi?

Обидхон қори: Сизнинг фикрларингиз жуда ҳам фойдалидир. Аввало ёз ойларидан унумли фойдаланиш ҳақида. Биз билган биродарларнинг ичида бу режани чиройли амалга ошираётганлари бор. Улар ёз ойларида бир-бирларининг шаҳарларига фарзандлари билан ташриф буюриб, ёзги таътилларни самарали ўтказаяптилар. Ислом ва ахлоқий фазилатлар ҳақида дарслар, суҳбатлар уюштираяптилар. Аслида бу тажриба янгилик эмас. Бироқ сиз билан биз ҳам мана шундай фойдали одатларни ўзлаштиришда бошқалардан орқада қолиб кетмаслигимиз лозим.

Бизнинг диний раҳнамоликка даъвойимиз йўқ. Аммо бир мусулмон толиби илм сифатида мусулмонлар ва одамларга хизмат қилиш биз учун шарафли вазифадир.

Интернетда саҳифа ташкил қилиб, дарслар уюштириш ҳақида ҳам аввал айтиб ўтганман.

Sulton, Avropa: Hurmatli qori aka. Dinda yuzda plastik operatsiya o’tkazish taqiqlanganligidan habardorman. Ammo hozirda rivojlangan soch ektirish (transplantatsiya)mumkinmi? Ya’ni boshning orqa tomonidan olib soch to’kilgan qismiga ekilarkan. Shu narsaga Islom dinining munosabati qanday? Bu joizmi?

Обидхон қори: Бу саволга Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳ: “Ҳа, бу иш жоиз”, деб жавоб берганлар. Чунки бу иш Аллоҳнинг махлуқотларига ўзгартириш киритиш эмас, балки нуқсонни кетказиш, деб қаралади. Бухорий ва Муслим ривоятларида келган ҳадисда турли хил касалликка чалинган уч киши ҳақида сўз боради. Улардан бири кал бўлган. Фаришта инсон суратида келиб, ундан: “Нима тилагинг бор?” деб сўраганда у: “Аллоҳ менга чиройли соч ато қилишини истайман”, деган. Шунда фаришта унинг бошини силаган ва Аллоҳ унга соч пайдо қилган.

Abdulloh, Toshkent: Assalomu Alaykum Obidxon aka! Siz O’zbekistonda ekanligingizda dinimizni davat qilishda bilib, bilmay qilib qo’ygan xatolaringizni tan olasizmi? Yani biroz murosasiz yo’l tutgansiz demoqchiman. Hadeb vatandan va siyosatdan norizo bo’laverish tog’rimi? Balki Siz hukumatdan avf so’rasangiz sizni kechirar, faqat xolis javob bering iltimos. Savollarim Sizni ranjitgan bo’lsa rozi bo’lasiz.

Обидхон қори: Бу мазмундаги саволлар баъзан келиб туради ва бу табиий жараён. Шунинг учун ўзимни ранжитмасликка ҳаракат қиламан. Сиз ҳам менинг жавобларимдан ранжисангиз рози бўласиз.

Бизнинг даъватларимиз ҳақида гаплашадиган бўлсак, бу иншоаллоҳ сизга ҳам бошқаларга ҳам манфаатли бўлади деб ўйлайман. Мақтанмайман, аммо бу тажрибадан, иншоаллоҳ, кўпчилик фойдаланади.

Аввало сиз айтган хатолар ҳақида. Шуни таъкидлашим лозимки, инсон зоти борки хато қилади. Буюк уламолар ҳам ўзлари берган баъзи фатволарини кейинчалик хато эканини айтиб, ўзлари рад этганлар. Шундай экан, мен ҳам даъват асносида айрим хатоларга йўл қўйган бўлишим эҳтимол. Аммо Аллоҳга ҳамд айтаманки, менинг фаолиятим давомида жиддий хатолар бўлмаган. Бунинг сабаблари қуйидагича.

Мен яхши эслайман, маъруза қилаётган пайтимда Аллоҳнинг марҳамати билан бир неча томонларни ҳамиша ёдда тутган ҳолда гапирардим. Иложи борича эҳтиётимни қилардим. Чунки биринчидан, Аллоҳ ҳузурида жавобгарлик бор. Иккинчидан, ҳукуматнинг Ислом даъватчиларини ёмон кўришини, МХХчилар менинг сўзларимни битта қолдирмасдан ёзиб олиб, таҳлил қилишларини, хатолар қидираётганларини билганман. Шунинг учун мен даъватни мавжуд қонунларга тескари келмайдиган, биронта шахс менга қарши ҳужжат келтира олмайдиган қилиб олиб борганман. Ҳатто ўрни билан айрим ҳукумат одамларининг яхши ишларини мақтаб қўйиш ҳам эсимдан чиқмаган.

Учинчидан, мен иш фаолиятимда анча-мунча масалаларни ўзимдан соқит қилар эдим ва нозикроқ саволларни сўраб келадиганларни диний идорага йўллар эдим. (Якка ҳолда келиб савол сўрайдиганларнинг баъзилари МХХ томонидан бўларди). Шундан бўлса керак, диний идора раҳбарлари учун мени ишдан бўшатиш можаросида ишимдан айб топиш ниҳоятда қийин бўлган.

Имомликдан бўшатишгандан сўнг, давлат биздан ўзи берган уйни тортиб олиш можаросини бошлади. Ҳокимият билан роса судлашдик ва ютиб чиқдик. Орада Тошкент шаҳар прокуратурасига чақириб, жиноий иш қўзғашга ҳаракат қилишди. Бу ҳодисада ҳам алҳамдулилоҳ, натижа бир хил бўлди. Шаҳар прокурори, ҳамма ундан қўрқадиган Эргаш Жўраев “додлаб”, бақириб, у ёққа югуриб – бу ёққа югуриб, бирор натижа чиқара олмади. Қайтага ўзи, шу иш туфайли бир қанча хатоларни қилиб қўйиб, оммага кулги бўлди ва камина сабаб “собиқ” бўлиб кетди. (Яқинда ўша кезларда бўлиб ўтган воқеаларга доир ҳужжатларни титкилаб ўтириб, Эргаш Жўраевич хақидаги қоғозларни ўқиб қолдим. Хуллас анча “комедиялар” бўлган экан…) Демак, менинг фаолиятим анча қизғин шароитларда ўтди ва Ислом аҳкомларига, ҳамда давлат қонунларига тескари нуқталар бўлмади. МХХ роса ҳаракат қилди, аммо қизиғида бирор жиноят билан айблай олмади.

Яна масжиддаги даъватга қайтсам. Мени эҳтиёт бўлиб, ўрта йўлда ишлашга ундаган сабаблардан бири, агар мен даъватни ва дарсларимни қаттиқлаштириб юборсам ёки бирор ножўя ҳаракатлар қилсам, одамлар менинг сўзларимдан безиб, даъват ва дарслардан узоқлашиб кетишларини ўйлардим. Шунинг учун одамларга ҳам фақат мавжуд қонунлар доирасида йўл кўрсатдим. Дин ва давлат қонунлари орасида ҳаракат қилиб, мақсадга эришиш усулларини ўргатдим. Шунинг учун ҳам одамлар золимлардан қўрқмадилар. Мени ишдан бўшатишлари, уйдан ҳайдамоқчи бўлганлари, ҳамма ҳаммаси давлатнинг энг юқори поғонасидан туриб бошқарилаётганини одамлар яхши билиб турдилар. Аммо, шундай бўлса ҳам, улар чўчимадилар ва бизни қўллаб-қувватлашни тарк этмадилар. Чунки одамлар, ҳатто хорижий ташкилотлар ҳам бизнинг ҳақ эканимизни, ҳукуматнинг 100 фоиз ноҳақлигини билардилар. Биз ҳар бир ўзгаришга маҳаллий ва хорижий инсон ҳуқуқи ташкилотларидан, хорижий давлатларнинг элчихоналаридан вакиллар таклиф қилардик. «Би-би-си», «Озодлик» каби радиоларнинг журналистларига хабар берардик. Кимлардир шу воқелар сабаб бўлиб одамлар қамалди деса, бу тўғри хулоса бўлмайди. Чунки ҳукумат фақат гуноҳкорларни ёки менинг тарафдорларимни қамашни мақсад қилмаган. Қамалганлар омма мусулмонлар эди. Ўзбекистон бўйлаб ўтказилган қатағонларда қамалган 30 000 мусулмон менинг шогирдларим бўлмаган. Ҳукумат менга эмас, Ислом ва мусулмонларга қарши эди.

Менинг даъват ва таълим ишида ўрта йўл тутганлигим баъзи гапларни гапиришдан тийилишимга сабаб бўлган эса-да, ҳақ сўзни айтишдан унчалар кўп тўса олмаган.

Аллоҳ Ўзи яхши кўрадиган, улар ҳам Аллоҳни яхши кўрадиган мўминларни мақтаган. Аллоҳ уларни: “маломатчиларнинг маломатидан қўрқмайдилар”, деб олқишлаган. (Моида сураси, 54-оят).

Абдуллоҳ, қаранг, сиз кабилар мен кабиларни Исломни даъват қилишда қаттиқ ҳаракат қилиб юбордингиз, деб маломат қиласизлар. Аммо сизларни эса мусулмонларни ўғирлаб кетадиган пасткаш ва золим ҳукуматнинг ҳимоячилари, деб эслашади. Қайси бири яхши??!!

Мен учун албатта сизнинг маломатларингиз яхши! “Бу Аллоҳ Ўзи хоҳлаган инсонга ато қиладиган фазлу марҳаматдир. Аллоҳ марҳаматлари кенг бўлмиш, ҳамма нарсани билувчи Зотдир”. (Моида сураси, 54-оят).

Сиз ҳукумат билан муроса қилишни эслатдингиз. Тўғри, ҳамма ерда муросаю мадора керак. Мусулмонлар билан ҳам, ҳукумат билан ҳам муроса қилиш лозим. Мен ҳукумат деганда МХХ мисолида гапираман. Шунда гапларим сиз талаб қилганингиздек холис бўлади, иншоаллоҳ. (Аммо шу сабабли МХХ сиздан ранжиб қолса, мени маъзур тутасиз). Менинг МХХ билан қилган мулоқотларим ҳам Исломда ўрта йўл тутишга мисол бўла олади.

Кўпчиликка сир эмас, МХХ ҳамма диний намояндалар ва халқ ичида кўзга ташланган мусулмонлар билан албатта махфий ва қонунсиз равишда суҳбатлашади. Мен ҳам МХХ билан муроса қилиб ишладим. Уларни масжиддан ҳайдаб солмадим. Қўпол гапирмадим. Уларга нима деганимни мана сиз ҳам эшитинг: “Сизлар ҳам шу юртнинг фарзандисизлар, биз ҳам шу мамлакатнинг тенг ҳуқуқли фуқароларимиз. Марҳамат, хоҳлаган вақтингизда масжидга келинглар. Қандай масала бўлса, сизлар билан баробар фикр алмашамиз, муаммолар бўлса биргалашиб ечишга уринамиз”. Аммо бу гаплар МХХга оғир ботди. Улар мен билан муроса қилишни ўзига эп билмади. Чунки муроса айрим жиҳатлардан бир-бири билан тенг томонлар ўртасида бўлади. Биз мусулмонлар МХХ ходимларидан моддий жиҳатдан қуйи бўлсак ҳам, бироқ маънавий, ҳуқуқий, қонуний томондан паст эмасмиз. Ҳаммамиз бирдек фуқаролармиз. Бунинг устига имомлар расман МХХда ишламайдилар. Шунга сиз ҳам қўшиласизми?

Аммо МХХ бу фикрни ҳеч ҳазм қила олмади. У ташкилот мусулмон намояндаларни фақат хизматкордек кўришни истади. Мустақил фикр билдириш, уларнинг баъзи талабларини рад этиш мумкин эмас экан. Улар мендан ҳамкорлик қилиш учун ёзма равишда тилхат сўрашди. Ҳолбуки, уларнинг ўзини бундай тутиши шариатга ҳам, давлат қонунларига ҳам зид эди.

Абдуллоҳ, шу ўринда сизга бир неча савол бераман. МХХ сизга юқоридаги талабни қўйса, нима деб жавоб қиласиз? Сиз бирор марта МХХчиларнинг юзига уларнинг жиноятларини айтиб, танқид қилганмисиз?

Абдуллоҳ, сиз МХХ ходимларидан ўғирланган мусулмонларни қайтаришни талаб қилганмисиз? Улар одам ўғирлашдек хатосини тан олмаганда, талашиб қолганмисиз? Агар жавобингиз “ҳа” бўлса, унда сиз ҳам “муросасиз” экансиз. Агар “йўқ” бўлса, унда ўзингиз айтинг, сиз ким бўлдингиз?

Ёки, сизнингча, уламолар хато қилишади, мусулмонлар хато қилади, жумладан мен ҳам хато қиламану, МХХ хато қилмайдими? Ёки уларнинг айбларини кўрсатишга президентдан бошқа одамларнинг ақли етмайдими?

Норози бўлиш ҳақидаги сўзингизга тўхталаман. Норозилик ҳар хил маъноларда қўлланиши мумкин. Ҳаром ва мункар ишни рад этиш, уни тўғрилашга ҳаракат қилиш Аллоҳ ва Пайғамбар буюрган фарз амал. Назаримда сиз шу ишларни “ватандан ва сиёсатдан норози бўлиш” деб тушунасиз. Бу тушунчангиз хато.

Аммо, инсон ўз ҳаётидан ва одамлардан норози бўлиб яшаши унинг соғлиғига, умрига, энг ёмони, иймонига зарба бўлади.

Шунинг учун сиз ҳам ўзингиз ҳимоя қилаётган сиёсатни танқид қиладиганлардан норози бўлаверманг.

Сўзимнинг охирида сизга савол бериш одобларидан айримларини эслатаман. Зеро, биз бир-биримизга ёрдам беришимиз керак. Савол берганда суҳбатдошни камситишдан сақланиш зарур. Мадиналик Муҳаммад Солиҳ биродаримизнинг саволи ҳам айнан сиз бераётган саволнинг ўзи эди. Аммо у киши ўз саволини “Nima deysiz balki da’vat uslubida yanglishildimi?” дея одоб доирасида туриб сўради. Эҳтимол сиз оилада акангиз ёки отангиз билан гаплашганда уларга ҳам: “билиб-билмай қилган хатоларингиз” деб гапиришга ўргангандирсиз. Инсон оилада ота-онани ҳурмат қилишни қай миқдорда ўрганган бўлса, унинг бегоналар билан қиладиган муомаласи ҳам шу даражада бўлади.

Ali Andijoniy, Ovropa: Assalomu alaykum Qori aka. Alloh sizdan rozi bo’lsin va da’vatlaringizni davomli qilsin. Din ilmida ishni nimadan boshlashligim kerak? Taqvodorlardan bo’lish uchun nimalarga katta e’tibor berishimiz kerak?

Обидхон қори: Абу Саид Ал Худрий разияллоҳу анҳудан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Яқинда сизларнинг олдингизга илм излаб келадиган қавмлар бўлади. Уларни кўрганингизда “Марҳабо! Марҳабо! Бизга Расулуллоҳ шу сўзни васият қилганлар” деб айтинглар”.

Ҳурматли Али биродарим! Агар ёнимда бўлганингизда мен ҳам Расулуллоҳнинг васиятларига биноан “Марҳабо! Марҳабо! Бизга Расулуллоҳ шу сўзни васият қилганлар”, – деб айтардим ва бағримга босардим.

Дин илмини инсон бир устоз ёрдамида ўрганиши тўғри бўлади. Сиз ҳам ўзингиз яшаётган ерда соғлом ақида ва чиройли хулқ соҳиби бўлган илмли инсонни топиб ўшандан дарс олишингизни маслаҳат бераман. Агар ундай инсон бўлмаса, то топилгунга қадар ўз танишларингиз воситаси билан керакли китоб ва қўлланмалардан фойдаланинг.

Тақво ва иймонни ошириш учун кўпроқ Қуръон тиловат қилиш, эшитиш керак. Фойдали маърузалар тинглаш, доимо китоб ўқишни одат қилиш лозим. Яна мўминларнинг ҳожатларини битириш, муҳтожларга ёрдам қилиш, одамлар билан яхши муомалада бўлиш, гуноҳлардан тийилиш ҳам иймонни зиёда қилади.

Shovkat Rihsiev, O’zbekiston: Assalomu alaykum hurmatli Obid qori janoblari! Agar siz prezident o’rnida bo’lganingizda siz qanday yo’l tutardingiz, masalan man o’zimni busavolimga javob bera olmayman, chunki bilmaymqan. Sizchi nima qilardingiz?

Обидхон қори: Мен сиз айтган ўринда бўлишни истамайман. Сиз ҳам мен ҳам – ёки ким бўлса бўлсин, ҳатто президентлар ҳам – Аллоҳ томонидан ўзимизнинг зиммамизга юклатилган, шариатда баён қилиб берилган амалларни қўлдан келганича бажариб боришга ҳаракат қилишимиз зарур. Қуръон ва ҳадислар ҳамма учундир. Унда президентлар учун ҳам жуда керакли йўл-йўриқлар борки, қайси президент ўшаларга амал қилса, ундан Аллоҳ ҳам, халқ ҳам рози бўлади.

Oybek, Uzbekiston: AQSH hukumati O`zbekistonni diniy erkinliklar buzilyotgan davlatlar safiga qo`shgan edi. Obid Qorini bunga munosabatlari qanday?

Обидхон қори: Муносабатим жуда ижобий. Аллоҳ айтади: “Агар Аллоҳ одамларни бир-бирлари туфайли қайтариб турмаганда Ер вайрон бўлиб кетар эди”. (Бақара сураси, 251-оят).

Muhlis, O’zbekiston: Assalomu alaykum Qori aka! Doktor Yusuf Karzoviy haqlarida sizning fikringizni bilmoqchi edim

Обидхон қори: Бу киши ҳам Ислом оламида кўзга кўринган олимлардан. Аммо ҳар қандай олимда хато-камчилик бўлиши табиий. Агар уларнинг жиддий хатолари бўлса, сиз билан мен эмас, масалан, Фатволар ва илмий тадқиқотлар бўйича доимий қўмита каби нуфузли ташкилотлар кўрсатиб ўтадилар. Аллоҳ барча уламоларимизни ҳақ йўлда собит қадам қилсин.

Сўзимизга эътибор қаратганларнинг ҳаммаларига Аллоҳ тавфиқ, ҳидоят ва икки дунё саодатини ато айласин. Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва баракатуҳ!

10 июл, 2007 йил
«Би-би-си»