Обидхон қори Назаров – “Би-би-си” меҳмони. 1-қисм

Бўлимлар: Радиосуҳбатлар

20070702100240obidhonqori2031.jpg

Ўзбекистонда таниқли имом Обидхон қори Назаров bbcuzbek.com ўқувчи ва тингловчилари саволларига жавоб қайтарди.

Обидхон қори Назаров имомлик қилган Тошкентдаги «Тўхтабой» масжиди 1990-йиллар бошида минглаб мусулмонларни жалб этган.

Тўқсонинчи йиллар ўрталарида ҳукуматнинг масжид ва имомлар устидан назоратни кучайтириш ҳаракатлари Обидхон қори ва тарафдорларининг норозилик чиқишларига сабаб бўлди.

Бунга жавобан Ўзбекистон диний идораси уни имомликдан четлатди. Обидхон қори яна ўзи яшаб турган Тошкентдаги уйни ноқонуний эгаллаб олганликда айбланди.

1998-йилда Обидхон қори сирли равишда ғойиб бўлганидан сўнг, унга алоқаси бўлган ўнлаб шахслар қамоққа ташланди.

Улар орасида Обидхон қорининг икки ноиби ва укалари ҳам бор.

Икки йил муқаддам унинг ўғли Ҳусниддин Назаров милиция томонидан сўроқ қилинганидан кўп ўтмай бедарак йўқолди.

Ҳозирда Ўзбекистон ҳукумати Обидхон қори Назаровни «Ваҳҳобийлик» диний-сиёсий оқимининг Ўрта Осиёдаги раҳнамоларидан бири сифатида кўради.

Бир ярим йил муқаддам Қозоғистонда унинг ўн нафар тарафдорлари ҳибсга олиниб, Ўзбекистонга топширилганидан сўнг, Обидхон қори БМТ қочқинлар агентлигига мурожаат этди.

Таниқли имом ҳозирда Оврўпо давлатларидан бирида бошпана олган.

* * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * *

Обидхон қори: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Сўзимнинг аввалида Аллоҳга ҳамду санолар, Расулуллоҳга салоту дуолар йўллайман. Сўнг бундай фойдали ва қизиқарли учрашувни ташкил қилган ижодкор ходимларга ўз миннатдорчилигимни билдираман. Ушбу саҳифада эълон қилинган саволларни ўқир эканман, мен ўзим соғинган инсонлар билан кўришгандай, узоқ йилларга айрилган дўстларим билан топишгандай бўлдим. Уларнинг саволларига жавоб беришга ўтишдан аввал ҳаммаларига самимий саломларимни, хайрли дуоларимни, улар билдирган эзгу тилаклари учун чексиз ташаккурларимни тақдим этаман. Уларнинг саволлари муқаддимасидаги саломларига жавобим: Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳи ва баракатуҳ!

Buston, UK: Assalomu aleykum Qori aka!!! Kuyida savollar bilan murojaat qilmoqchi edim: 1) Uzingizning kelajak faoliyatingizni nimada kurmoqdasiz? 2) Umuman Uzbekistonga qaytish niyatingiz bormi, va bu borada qandaydir harakat qilmoqdamisiz. Deylik, hukumat «ba’zi bir shartlar ostida» Uzbekistonga kirishingizga «ruhsat» bersa, qanday munosabatda bolar edingiz, va qanday shartlarga kunar edingiz? 3) Shogirdlaringiz / uglingiz va qarindoshlaringiz hayotlaridan habaringiz bormi? 4) Faoliyatingiz davomida hozir yillar utib hech bir narsa qandaydir hato bolgan, yo yana bir imkon berilganda uni boshqa tarzda qilgan bolar edim degan hech holatni eslaysizmi/bilasizmi?

Обидхон қори: 1. Инсон ўз келажагини ўзи ихтиро қилолмайди ва оқибатининг нима билан тугашини ҳам била олмайди. Келажакни ёлғиз Аллоҳ яратади. Бу тушунча (тақдирга иймон келтириш) муҳим исломий эътиқод тамойилларидан бири бўлиб, унинг эътиборга лойиқ икки жиҳати бор. Биринчиси: тақдирга ишонган иймонли инсон доимий ҳушёрлик ва огоҳлик ичида яшайди. Турли синовлар келишига тайёр туради. Иккинчиси: ҳамма иш қудратли Аллоҳнинг қўлида эканига ишонган одам замоннинг руҳий босим ва ваҳималаридан озод бўлади. У келажакка ишонч ва яхши умидлар билан ҳаёт кечиради. Мен ҳам Аллоҳдан ўз келажагимни яхшиликлар ичида бўлишини сўрайман ва бунга эришмоқ учун Аллоҳ кўрсатган йўл устида ҳалоллик ва сабот билан боришга интиламан.

2. Ўзбекистонга қайтиш нияти ҳар бир соғлом фикрли ўзбекистонлик учун умумий хислат. Аммо мен бу мақсад билан бирор ҳаракат қилаётганим йўқ. Ҳукуматнинг Ўзбекистонга қайтувчилар учун қўядиган шартига келсак, биринчидан, агар у шарт мусулмонлик шартларига мувофиқ бўлса, қабул қилиш мумкин. Аммо каминага ўхшаш ҳолатдаги одам “оғизни юмиб” юриш каби шартлар асосида Ўзбекистонга қайтишида ҳеч бир маъно ёки фойда йўқ. Эътиқод, фикр ва сўз эркинлиги бўлмаган муҳитда яшаш зиндон ҳаёти каби оғир бўлади. Бундан Аллоҳ асрасин. Бир марта бериладиган ҳаётда яхшини яхши, ёмонни ёмон дея олмасдан ўтиш, “маъруф”ни тарғиб қила олмаслик, “мункар”га рози бўлгандек сукут сақлаб ёки шивирлаб яшаш гуноҳ. Тўғри, бу гуноҳдан фақат ожиз ва чорасиз қолган инсонлар (мустазъафийн) халос бўлишлари мумкин. Бу айтилганлардан ташқари ҳукумат халқ олдида ишончни йўқотган бўлса, масаланинг ечими яна ҳам чигаллашади.

3. Бу саволда сўралган одамлар ҳаётидан маълумот топишга уринаяпман. Айниқса ўғлим ва у билан бирга ўғирланган мусулмонлар ҳақида бирор аниқ маълумот бера оладиган одамлар бўлса, уларнинг ёрдамларидан жуда миннатдор бўлардим.

4. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир одам боласи хатокордир. Хатокорларнинг яхшиси тавба қилгувчилардир”, деганлар (Ибн Можа ривояти, ҳасан). Демак, ҳар бир инсон Аллоҳга йўлиққунча ўзини ўзи ҳисоб-китоб қилиб бориши, хатоларини топиши ва тузатиши лозим. Бу нарса бировларнинг хатосини топишга уриниш, шу одатидан роҳатланишдек иллатдан инсонни холи қилади. Мен ҳам ўз хатоларим ҳақида ўйлайман. Баъзи ишларни қилишда сусткашлик қилганимга афсус чекаман. Аллоҳга тавба қиламан. Раббимиз фурсат берса, бундан кўра ғайратлироқ бўлишга интиламан.

Toxir, Angliya: Assalomu alaykum Obidxon qori aka. 90-yillar boshlarida Siz va shayx Muhammad Yusuf Muhammad Sodiq oralarida ziddiyatlar bo’lgan degan gaplar yurardi. Shunga aniqlik kirita olasizmi? Avvaldan tashakkur.

Обидхон қори: Мен 1990 йилдан 1995 йил охиригача масжидда имом-хатиб бўлиб фаолият кўрсатдим. (Унгача 1985-90 йиллар орасида Ҳазрати имомда ноиб бўлиб ишлаганман). Ўзим мустақил фаолият юритган 5-6 йиллик муддат давомида ҳукумат органлари диний идорани менга қарши гиж-гижлаб келишди. Бунинг асосий сабаби менинг ҳукумат томонидан динга бўлаётган нохолис муносабатларга нисбатан танқидий қарашларим эди. Чунки ҳукумат ҳеч қачон мусулмонларга нисбатан қонуний ва ҳалол муносабатда бўлган эмас. Давлат Исломга ҳамиша тор сиёсий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда ва коммунистик мафкура таъсири остида муомала қилиб келган. Аслида мен ва диний идора ўртасида ёки муфтийлар ўртасида бирор низо бўлмаган, алҳамдулиллоҳ. Нима бўлган бўлса, давлат ташкилотлари (ИИВ, МХХ, президент аппарати) томонидан уюштирилган. Аммо бунақа пайтда бошқарувчилар ҳамиша парда орқасида бўладилар, омманинг кўзига кўринишни истамайдилар. Улар ўз сиёсатларини маъқулламаган одамдан ўз қўллари билан эмас, балки “бегона” қўллар билан, масалан, ўша одамнинг ҳамкасблари воситасида қасос олишга уринадилар.

Abdulloh O’zturk, Denmark: Assalomu alaykum wr.wb. ustoz, sizni ba’zi Uzbekistondagi imomlar Vahobiylik oqimining vakili sifatida eslashadi. Lekin ba’zida bu oqimning Payg’ambar alayhissalom sunnatlariga zidlik yo’qligini va bu faqatgina «Saroy ulamo»lari tarafidangina aytilgan degan so’zlarni eshitamiz.Shularga munosabatingiz qanday?

Обидхон қори: Агар биз “ваҳҳобийлик” деган иборанинг келиб чиқиши ҳақида сўз бошласак, суҳбатимиз анча вақт давом этиши керак бўлади. Бироқ ҳозир бизга берилган имкониятнинг чекланганини ҳисобга олиб, мавзунинг Ўзбекистон шароитига тегишли айрим нуқталари ҳақида тўхталиб ўтамиз, холос. Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистонда авж олдирилган “ваҳҳобийликка қарши кураш” расмий доиралар томонидан тайёрланган сиёсий фитнадир. Бу фитнанинг моҳияти қуйидагича: давлат Ислом динини совет режими давридагидек исканжада тутиш ва уни ўзи хоҳлагандек бошқаришни истайди. Бу билан диннинг халқ онгига ўтказадиган ижобий таъсирини бўғишни мақсад қилади. Шунинг учун ҳукумат мустақилликнинг илк йилларидан бошлаб одамлар фикрига “ваҳҳобийлик” атамасини кучлироқ жойлаштиришга ҳаракат қилди. Совет режими даврида диннинг халққа таъсири бугунгидек кучли эмас эди. Шунинг учун у пайтларда “ваҳҳобийлик хавфи”ни давлат сиёсати даражасига кўтаришга ҳожат бўлмаган. ХХ аср охирига келиб бутун Совет Иттифоқи бўйлаб улкан ўзгаришлар тўлқини бошланди. Аҳолиси асосан мусулмонлардан иборат ўлкаларда Ислом динига бўлган қизиқиш табиий ҳолда ортиб кетди ва Ислом дини тез суръатларда ривожлана бошлади. Янги шароитларда ишлашга мослаша олмаган раҳбарлар бу ўзгаришлардан қўрқиб кетдилар ва яна коммунистик бошқарув усулларига ёпишдилар. Совет даври пайтида ўзлаштирилган раҳбарлик услубларидан бири шуки, халқни ҳукумат кўзлаётган сиёсий мақсадлар томон йўналтирилган ҳолда барқарор тутиб туриш учун бирор душман образини яратишга эҳтиёж туғилади. Кейин ўша душманни таништириш ва ундан қўрқитиш босқичи келади. Душманни ҳаммага танитиб олингандан кейин унга қарши кураш бошланади. Курашлар қатағонга айлантирилади ва диктаторлар учун хавфли саналган шахслар қириб ташланади. Бу ерда ҳам худди шундай йўл тутилди. Аввал расмий диний муассасалар “ваҳҳобийликка” қарши гапиртирилди. Кейин “халқ душманлари” бўлмиш “ваҳҳобийлар” ҳақида расмий сиёсий ташвиқот бошланди. Халқ “ваҳҳобийлар”ни танимас эди – телевидение ва матбуот орқали танитилди. Қизиғи шундаки, ташвиқотларнинг бошида “мана, кўринглар, фалончи-фалончилар ваҳҳобийлар!” деб айтилмади. Фақат уларнинг сифатлари тушунтирилди, холос. Милиция ва хавфсизлик ходимларига “ваҳҳобийлар” яхшилаб таништирилди. “Улар соқол қўяди. Беш маҳал намозни доимий равишда ўқийди. Тўйда ароқ тортмайди. Сигарет чекмайди. Кичкина қизлари ҳам ҳижоб ўрайди. Қўлида қизил книжкаси бўлади”. (“Қизил книжка” деганда қизил муқовали “Ҳиснул муслим” дуо китобчаси назарда тутилган). Орадан кўп ўтмади. “Ваҳҳобийлар”ни ҳамма таниб олди. Шундан сўнг навбатдаги босқичга ўтилди.

1995 йили октябр ойининг тунларидан бирида Тошкентдаги Ваққос-ота қабристонида 260 қабр номаълум кимсалар томонидан бузиб кетилди. Ўша атрофда яшайдиган одамлар шу кечаси бир автобус аскарлар қабристондан чиқиб кетаётганини кўришган. Орадан уч-тўрт кун ўтгач, Ўзбекистон мусулмонлари диний идорасида фавқулодда мажлис ўтказилди. Унда ИИВ мулозими Қутбиддин Бурҳонов асабий ҳолда нутқ сўзлаб, муфтий Мухторхон ҳожига қараб шундай деди: “Тақсир, сизга неча бор айтдик, агар кучингиз етмаётган бўлса, бизга мурожаат қилинг, биз бу ваҳҳобийларни таъзирини ўзимиз бериб қўямиз!” Ўшанда таҳдидлар ва руҳий босим остида ўтган мажлисдан чиқар эканмиз, ҳукумат жуда ҳам жиддий ишларга тайёрланаётганини ҳис қилган эдик. Кейинги воқеалар қандай бўлгани ҳаммага маълум.

Abou Daoud Ziyadllah, Qahira Misr: Аssalamu alaikoum Hurmatli Obid qori aka, sizga bir savolarim bor edi faqat iltimos Javob bering: Dunyo Katta Salaf ulomalari,Ulardan ahmad Ibn Hanbal,imam Barbahariy,Usaymin, Alboniy Alloh O’z rahamatiga olsin! Juda kuchli dalillar bilan Hukumatga,Sultonga , hattoki Zolim Hokimga,qarshi chiqishlik Sunnatga zid deb Aytishgan Shunga sizni fikringiz, siz ham shu manhajdanmisiz (Tushunchada)? ibn Taymiya Rahimahullah ham uzlarini «Majmu Alfatva»22/61 va «Manhaj Assuna»3/391 Va Ibn Baz rahimahullahning «Al-Fatva Ibn Baz»8/23 va ibn Usaymin «Babul Maftuh»3/126 mana shunday deb aytishgan. Sizningcha shu fatvolardan keyin ham Uzbekiston musulmonlari Karimovga qarshi chiqadigan bulsa Sunnatga zid buladimi?? hukumatga qarshi chiqishlik Bu bizga uzga dindan kelmadimikan?? Iltimos Radio Hodimlari mening savolim Obid qori akaga etib borsa!!! Bu juda muhum! oldindan rahmat.

Обидхон қори: Дарҳақиқат бу мавзу долзарб, муҳим масала. Бу мавзу шунинг учун ҳам муҳимки, у мамлакат аҳолисиинг диндорига ҳам, ўзгача фикрлисига ҳам баб-баробар тааллуқлидир. Аҳолининг динга амал қилмайдиган қисми бу ўринда фақат дунёвий қонунлар асосида фикр юритади. Мусулмонлар эса ҳам шариат қонунларига, ҳам дунёвий қонунларга назар соладилар.
Биз ҳозир бу борада Ислом қонунларида нима дейилгани ҳақида тўхталайлик. Ҳанафий уламолардан Имом Таҳовий “Ақийдаи Таҳовийя” китобида ёзадилар:

“Биз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларидан бирор кишига қарши қилич кўтаришни жоиз санамаймиз. Илло куч ишлатиш вожиб бўлган ўринлар бундан мустасно. Имомларимиз ва раҳбарларимизга қарши бош кўтаришни мумкин деб билмаймиз. Уларни дуои бад қилмаймиз ва уларга бўйсунишдан бўйин товламаймиз. Агар гуноҳ ишларга буюрмасалар, уларга итоат қилишни Аллоҳ азза ва жаллага итоат қилишдек фарз деб биламиз… Адолатли ва омонатдор кишиларни яхши кўрамиз. Зулмкор ва хиёнаткор кимсаларни ёмон кўрамиз”.

Бу қоидалардан кўринадики, мусулмон подшоҳлар ва раҳбарлар гарчи золим бўлсалар ҳам уларга қарши қурол кўтариш жоиз эмас. Чунки бундай иш бегуноҳ инсонларнинг қонлари тўкилишига сабаб бўлади.

Савол берувчи биродаримиз зикр қилган уламолар ҳам айнан шу нарсаларни кўзда тутишган. Улар ўз фатволарида қуролли қўзғолон кўтаришга монеълик қиладиган икки омилни зикр қилишади: 1. Раҳбарнинг очиқ куфрга кетмаслиги; 2. Қуролли инқилоб мавжуд зулмни бартараф этишнинг ўрнига ундан кўра баттарроқ мусибатларни келтириб чиқариш хавфи.

Ҳукуматга қуролли қаршилик кўрсатишдан қайтарилган экан, аммо уламоларнинг ҳеч қайсилари золим ҳукмдорни танқид қилиш ёки хатоларини кўрсатиш мумкин эмас, деб айтишмаган. Ёки мутлақ сукут сақлаш афзал дейишмаган. Аксинча Улуғ Раббимиз Аллоҳ таоло, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, саҳобалар, барча суннат олимлари золимларнинг зулмини имкон борича рад этишга буюришган. Золимлар чиқараётган қонун ва фармонларнинг Қуръонга зид келадиган ўринларига итоат қилмаслик лозим эканини таъкидлашган. Зеро, Ислом адолат ва ҳақиқат олиб келган дин. Ислом халқни подшоҳларнинг зулм ва зўравонликларидан озод этиш учун юборилган. Ислом қуллик ва хорликни мустахкамлаш учун хизмат қилмайди. Оят ва ҳадислар золимларнинг қўлидан тутиб, мазлумлар ҳаққини ундиришни талаб қилади.

Аллоҳ мўмин инсонларни мақтаб бундай деган: “Улар шундай зотларки, агар зулмга дучор бўлсалар, албатта ғолиб бўлурлар”. (Шуро сураси, 39-оят). “Ғалаба ва қасосни мадҳ этишнинг маъноси нимада, дейилса, жавоб шуки, золимни ҳақ йўлга қайтариш ва тегишли жазога тортиш билан уни ислоҳ этилади. Бу ниҳоятда мақтовга сазовор ишдир”. (Табарий).

Аллоҳ яна марҳамат қилади: “Аллоҳ ошкора ёмон сўз айтишни яхши кўрмайди. Илло зулм кўрган инсон бўлса майли”. (Нисо сураси, 148-оят). Демак, мазлум инсоннинг золимга қарши сўзлаш ҳаққи бор.

Бу оятнинг тафсирида Ибн Касир мана бу ҳадисни келтирадилар: “Абу Ҳурайрадан ривоят: Бир одам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб қўшнисидан шикоят қила бошлади. Пайғамбар дедилар: “Бор, сабр қил”. У одам икки ёки уч марта келди. Кейин Расулуллоҳ дедилар: “Бор, нарсаларингни кўчага олиб чиқиб ташла”. У одам нарсаларини йўлга олиб чиқиб ташлади. Шундан кейин одамлар ундан нима бўлгани хақида сўрай бошладилар. У бўлган воқеани айтиб берар эди. Одамлар унинг қўшнисини лаънатлай кетдилар. “Аллоҳ уни у қилсин, Аллоҳ уни бу қилсин, фалон қилсин!” Шундан сўнг унинг қўшниси келди ва “уйингга кир, (энди) мендан бирор ёмонлик кўрмайсан” деди”. (Абу Довуд Ривояти)

Пайғамбар алайҳиссалом келажакда мусулмонлар устига золим ҳукмдорлар келишини билганлар ва ўша пайтда қандай йўл тутиш лозимлигини айтиб кетганлар.

“Ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Эй Абдуллоҳ, сизларнинг устингизга суннатни зоеъ қиладиган, намозни ўз вақтидан кечиктириб юборадиган амирлар келганда нима қиларкинсан?!” Ибн Масъуд сўрадилар: “Эй Расулуллоҳ, мени нима қилишга буюрасиз?” Расулуллоҳ дедилар: “Аллоҳ азза важаллага гуноҳ бўладиган ўринда махлуққа (бандага) итоат йўқ”. (Имом Аҳмад ривояти, 8/493).

Сиз агар ҳукуматнинг халқ манфаатларига ва Исломга тўғри келмайдиган фармонларини танқид қилсангиз, сизни ҳукуматга қарши чиқди деб айблайдилар. Агар шу гап рост бўлса, унда жуда кўп одам ҳукуматга қарши чиқаётган бўлади. Нима учун?

Бугун Европада ҳам, мусулмон мамлакатларида ҳам хоҳловчилар учун Қуръон ўқишни ўргатадиган кўплаб хусусий мактаблар ишламоқда. Уларнинг расмийлари ҳам бор, норасмийлари ҳам. Аммо сиз Ўзбекистонда уйингизда норасмий ёки расмий мактаб очиб, ёшларга Қуръон ўқишни ўргатаман десангиз, қонунга хилоф иш қилган бўласиз. (Ўзбекистонда Қуръон ўргатадиган мадрасалар бармоқ билан саналади. Бир миллион мусулмонга нари борса битта мадраса тўғри келади). Нима учун буни тақиқлаяпсизлар, ахир фарзандларимиз Аллоҳнинг китобини ўрганиши керак-ку, десангиз сиз ҳукумат қонунларига қарши чиққан бўласиз. Охири сиз бундай режадан воз кечасиз. Қуръонни яширинча ўрганасиз, ўргатасиз. Энди айтинг-чи, сиз кимга итоат қилган бўласизу кимга қарши чиққан бўласиз?

Бир одам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўради: Жиҳоднинг қайси тури афзал? У зот жавоб бердилар: “Золим подшоҳнинг олдида ҳақ сўзни айтиш”. (Насоий, 7834).

Убода бин Сомит разияллоҳу анҳу дедилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз саҳобларидан байъат олдилар. Байъат пайтида у кишига берган ваъдаларимиздан бири шу бўлдики, қаерда бўлмайлик ҳақ сўзни айтамиз – Аллоҳ учун маломатчининг маломатидан қўрқмаймиз. (Муттафақун алайҳ).

“Ториқ ибн Шиҳоб айтади: Ийд куни намоздан аввал хутба ўқишни пайдо қилган одам Марвон бин Ҳакамдир. У шундай қилган пайтда бир одам ўрнидан туриб: “Намоз хутбадан аввал-ку!” деди. Марвон айтди: “У нарсаларга ҳозир амал қилинмайдиган бўлиб кетган”. Шунда Абу Саид Ал-Худрий разияллоҳу анҳу дедилар: “Бу одам ўз зиммасидаги бурчини адо этди. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бундай деётганларини эшитганман: “Сизлардан ким бирор мункар ишни кўрса, бас уни қўли билан тўхтатсин. Агар бунга қодир бўла олмаса, бас тили билан тўхтатсин, бунга ҳам қодир бўла олмаса, бас дили билан қайтарсин. Бу эса энг заиф иймондир”. (Муслим ривояти).

Бу ҳужжатлардан кўриниб турибдики, агар қайси бир мусулмон Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган йўлга тескари иш тутаётган бўлса – гарчи у подшоҳ бўлса ҳам – тартибга чақирилиши керак. Мусулмонлар аввалги замонларда ҳатто халифалар (подшоҳлар) хато қилаётганини кўрсалар, унга ҳақ сўзни айтишдан чўчимаганлар.

Лекин баъзи одамлар тушунмасдан ёки атайлабдан золим раҳбарнинг зулм ва мункар ишларини ошкора рад этиш масаласини «унга қарши бош кўтариш» билан аралаштириб юборади. Агар биров ҳукумат раҳбарини танқид қиладиган бўлса, уни Ислом тарихида ўтган хаворижларга қўшиб қўяди. Аслида ақоид китобларида қайтарилган “золим ҳокимларга қарши чиқиш” деганда шубҳасиз, уларга қарши жанг қилиш кўзда тутилган. Насиҳат ёки танқид қилиш назарда тутилмаган.

Аммо хатони кўрсатиш албатта мулойимлик ва ҳикмат билан, холисона амалга оширилиши зарур. Аввало хато қилган одамнинг ўзига холи равишда насиҳат қилинади. Агар якка ҳолдаги насиҳат ва маслаҳатлар кор қилмаса ҳамда у одамнинг хатолари оммага зарар келтираётган бўлса, у ошкора огоҳлантирилади. Агар очиқ-ойдин жиноятлар қилаётган бўлса, уни очиқчасига рад этилади.

Маълумки, жиноятчи ёки хатокор одам давлат бошлиғи, вазир ёки амалдор бўлса, насиҳатгўйларни, танқидчиларни албатта ёмон кўради. Насиҳат ва танқиддан сўнг зулмини баттар кучайтириб юбориши мумкин. Бундай пайтда фойда ва зарарлар таққосланади. Агар камроқ зарар эвазига кўпроқ фойда ҳосил бўлиши аниқ бўлса, гуноҳ ишдан қайтаришга рухсат этилади. Аммо насиҳат жуда оз фойда муқобилида кўп зарарларга сабаб бўладиган бўлса, сабр қилинади. Аллоҳга чиройли ибодат ва дуо қилиш, ҳамда ўз камчиликларини тузатиш, ўз устида ишлаш баробарида нажот йўллари қидирилади.

Кимдир юқорида айтилган қоидаларни ўзига рўкач қилиб: “Агар мен шоҳга насиҳат қилсам, у барибир қулоқ солмайди ва мен билан қасдлашиб қолади”, дейди-да, ўзини узрли ҳисоблайди. У одам балки ҳақиқатан ҳам ожиздир, узрлидир. Балки ўз имкониятларини тўғри баҳоламаётгандир. Аммо бундан келадиган аниқ натижа шуки, буни кўрган золим раҳбар ўйлайди: “Демак, мен зулм қилиш воситаси билан мақсад сари тўғри кетаяпман, шу йўлни истаганча давом эттирсам бўлади. Халқ мендан қўрқаяпти. Уларни шундай ушлаб туриш керак!”

Энди унга насиҳат қилинганда келадиган зарар билан уни ўз ҳолига ташлаб қўйиш оқибатида келадиган зарарни ўзингиз ўлчаб кўринг.

Бир тоифа кишиларда ақидавий ёки исломий қоидаларни ўз манфаатларига мослаб талқин қилиш, масалани кенгроқ тушунтиришдан қочиш ҳам учраб туради. Кимлардир Қиёмат азобларидан қўрқмасдан Ислом аҳкомларини давлат раҳбарининг фойдасига буриб шарҳлаб беради. Бу золим подшоҳлар учун айни муддаодир. Бунақада золим мана бундай хулоса қилади: “Мени ҳимоя қиладиган уламоларим бор. Улар халқни менга қарши қўзғолон қилишдан албатта қайтаришади. Ҳатто бирор кимса менга қарши бир оғиз сўз айтадиган бўлса ўша заҳоти унинг оғзини оят ва ҳадис билан ёпишади. Демак, мен Худо олдида ҳам, халқ олдида ҳам хақман!”

Яна бир гуруҳ кишилар бор. Улар ҳукуматни четдан туриб танқид қилишни қоралайдилар. Давлат раҳбарини фақат унинг олдида танқид қилиш лозим, орқадан гапириш бидъат, дейдилар. Аммо ўзлари ҳукумат раҳбарининг олдига кириб насиҳат қилишга ҳаракат қилмайдилар. Ўзи қила олмайдиган ишни бошқалар ҳам қила олмаётган бўлса, инсон ўзини айблаши керак. Аллоҳ ҳаммамизни тўғри йўлга ҳидоят қилсин.

Abdulloh, Janubiy Korea: Assolomu Aleykum. O’zbekistonda turib islomiy aqoidlarga tinchgina amal qilishning ilojisi yoq. Buni sizning misolingizda ham ko’rish mumkin. Shundan kelib chiqqan holda O’zbekistondagi yoshlarga o’z maslahatingizni bersangiz. Javob uchun oldindan rahmat.

Обидхон қори: Ўзбекистондаги аҳвол Сталин ва Саддам қатағонлари билан тенг. Афсуски, у ерда ёшларнинг жуда кўпчилиги илмдан, маънавий тарбиядан, исломий ахлоқдан йироқда ўсиб улғаймоқда. Гиёҳвандликка ружуъ қўйиш, фаҳш ишларга берилиш кучайган. Порахўрлик ёшлар онгида ёмон асоратларини қолдираяпти.

Ўзбекистондаги ёшлар бир неча йўналишларда иш қилишлари керак. Энг аввало ҳар бир инсон бор имкониятларини аниқлаб олиши ва шуни қадрлаши лозим. Энг асосий ишлардан бири – илм олишга вақт сарфлаш зарур. Интернет саҳифалар орқали ҳам керакли билим ва маълумотларни ўрганса бўлади. Инсон ўзида яхши ният, ихлос, ғайрат ва шижоат ҳосил қила олса, мақсадга эришади, иншоаллоҳ.

Ёшлар иймонли бўлишга, исломий ва дунёвий билимларни тезроқ эгаллашга, юксак ахлоқ соҳиби бўлишга интилишлари зарур.

Rahmatulloh, Janubiy Korea: Assalomu aleykum Qori aka. Savolim quyidagicha: o’zbek muholifati bilan hozirgi kunda yoki umuman aloqa qilib turasizmi?

Обидхон қори: Ким бўлишидан қатъи назар, агар халққа холисона хизмат қиладиган одам бўлса, ўзининг шахсий манфаатлари кетидан қувмаса, ахлоқи рисоладаги инсон бўлса, у билан ҳамкорлик қилиш фойдали бўлади. Аммо менинг ҳозирги шароитим узоқдаги одамлар билан бемалол алоқа қилишга қулай эмас.

Abdurahmon, Jan. Korea: Assalomu aleykum. O’zbekistonda kutilayotgan saylovlar haqida nimalar deya olasiz va bu saylovga sizning munosabatingiz. Agar saylovda mo’jiza yuz berib Karimovning hokimiyati ag’darilsa siz qanday yo’l tutasiz.

Обидхон қори: Ўзбекистонда ҳозирги вақтда ҳақиқий сайлов бўлиши имконсиздир.

Azimiddin, Chorsu, Uzb: Obid qori aka, biz sizni Olloh uchun yaxshi ko’ramiz va va doim sog’ omon bo’lishizni va yana masjidimiz to’rida sizni ko’rishimizni duolarda so’raymiz! Agar yana haqiqat qaror topib, tuxmat toshlari parchalansa Siz yana Saqichmon masjidida bizga imomlik qilasizmi?

Обидхон қори: Мени ким учун яхши кўрган бўлсангиз, Ўша Зот сизни яхши кўрсин. Яхши тилакларингизнинг самарасини ўзингизга ҳам буюрсин. Келажакда Аллоҳ бизга қандай марҳаматлару нима имтиҳонлар ёзганини билмаймиз. Инсон иймони ва исломи қаерда мустаҳкам бўлса, ўша ерда яшаши лозим. Агар Аллоҳ бизни иймонимизни ватанимизда мустаҳкам бўлишини насиб этса, бу албатта катта бахт бўлар эди.

Ali, London: Assalomu alaykum Hurmatli Obidhon aka, avvalambor Olloh sizdan rozi bolsin, siz kopchilik yoshlarning Islomni tanishida sababchi boldingiz. Sizga savolim shu-ki: Vaqti kelib siz Uzbekistonga qaytsangiz va sizga Uzbekiston Respublikasi muftyatini boshqarish vazifasida ish olib borish taklif etilsa, rozi bularmidingiz?

Обидхон қори: Аллоҳ ҳаммамиздан рози бўлсин. Муфтийлик ниҳоятда оғир масъулият. Мусулмонларга қарши турган репрессив тузумда муфтий бўлишни қандай тасаввур қилиб бўлади?

Muhlis, Shtutgart: Hozirgi kunda Uzbekiston ichkarisida va tashqarisida Uzbekistonga prezident bolishga loyiq kim bor deb uylaysiz? Va siz uzingiz uzingizni shu lavozimda kurishingiz mumkinmi?

Обидхон қори: Бу саволнинг биринчи қисмига жавоб шуки, президентликка лойиқ инсон фақат ҳақиқий сайловлардагина кўринади. Саволнинг иккинчи қисми эса назаримда бугунги воқеликка мувофиқ келмайдиган масала. Мен президентликни орзу қилмаганман ва ўзимни ундай ўринда кўришни хоҳламайман.

Abdulla, Amerika: Salom qori aka! Aksar musalmon mamlakatlarda qizlarni 9 yoshdan turmushga chiqrishadi. Din ulamolari bunga rukhsat berisharkan, ular Muhmmad payghambar (s.a.v) 9 yoshli Oyisha onamizga uylanganini dalil ularoq keltiradilar. Siz qanday fikrdasiz? Rahmat

Обидхон қори: Ислом уламолари иттифоқ қилган машҳур қоида шуки, қайси бир ишнинг зарарли экани аниқ бўлса, у албатта ҳаром бўлади. Расулуллоҳ: «Ла зарара ва ла зирор», деганлар. «Исломда зарар кўриш ҳам, зарар етказиш ҳам йўқ”. (Ибн Можа ва Аҳмад ривоятлари). Шунга биноан қиз боланинг ёшидан қатъи назар, жисмоний ёки руҳий ҳолати оила қуришга тайёр бўлмас экан, уни турмушга бериш қатъий ҳаромдир.

Энди Пайғамбаримизнинг Оиша онамизга уйланишларига келсак, Расулуллоҳнинг ўша пайтдаги ашаддий душманлари ҳам бу ҳодисадан ажабланишмаган. Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳар бир қадамларини кузатиб айб қидирадиган қурайшийлар бу борада у зотга таъна-маломатлар ёғдиришни хаёлларига ҳам келтиришмаган. Айбловлар анча кейинроқ, араб миллатидан бўлмаган душманлар томонидан янграй бошлаган. Қурайшийларнинг Пайғамбаримизнинг уйланишларига эътибор бермаганларининг сабаби – арабларда қизларнинг эрта балоғатга етиши ғайриоддий ҳолат эмас эди.

Уламолар ва тиббиёт ходимлари иссиқ диёрларда йигит-қизларнинг эрта балоғатга етишини айтишади. Хусусан қизлар саҳровий минтақаларда анча эрта бўйга етиши мумкинлиги, жисмонан ҳам бошқа ерларга қараганда кучлироқ бўлишлари маълум.

Оиша онамизнинг Пайғамбаримизга турмушга чиқишларида жуда кўп ҳикматлар мужассамдир. Оиша разияллоҳу анҳонинг Расулуллоҳнинг ёнларида бўлиб, Ислом уммати олдида бажарган хизматларини ҳеч ким адо эта олмас эди. У аёл кечаю кундуз Расулуллоҳнинг ҳузурларида Аллоҳ юбораётган минглаб ваҳйларни ёд олардилар. Онамиз Пайғамбарнинг ҳаётлик чоғларида ҳам, вафотларидан сўнг ҳам шу буюк меросни умматга етказиш йўлида буюк кўприк вазифасини ўтадилар.

Оилавий масалаларда уламо саҳобалар Расулуллоҳнинг вафотларидан сўнг Оиша онамизга мурожаат қилишар эди. Пайғамбаримизнинг бошқа аёллари Оиша онамиз каби кўп ҳадис ёд олишолмаган. (Расулуллоҳнинг Оиша онамиздан бошқа ҳамма аёллари эрлари вафот этган ёки турмушдан ажраган тул аёллар бўлишган). Ҳатто Абу Бакр Сиддиқ ёки Умар разияллоҳу анҳумлар каби буюк саҳобалар ҳам Оиша онамизчалик ҳадис ривоят қилишмаган.

Аллоҳ таоло Оиша онамизга шундай чуқур зеҳн, улкан ақлу заковат, мислсиз ахлоқий фазилатлатларни ато қилдики, Ўзининг энг буюк Расулига айнан мана шундай аёл муносиб келишини азалда ирода этган эди.

Habiba, UK: Assalomu alaykum muhtaram Qori Janoblari! Savolim quyidagicha: Islomda ayollar yakka uzoq yolga chiqishlari mumkin emas, ma’lum bir muddadtdan oshsa, erkak yo’ldosh (mahrami, o’gli yoki yana biror oila a’zosi) kuzatuvida chiqmogi lozimligi ta’kidlanadi. Lekin hozirgi O’zbekistondagi mavjud sharoit va «rivojlanayotgan zamon» ta’qozosi bilan dunyoning har tomoniga yo’l olgan, horijda, oilasidan uzoqda yashayotgan, o’qiyotgan va ishlayotgan yolgiz ayollar o’zlarini qandoq tutmoqlari lozim? Ular fikringizcha mazkur diniy qoidani buzayaptilarmi? Javobingiz uchun oldindan katta rahmat. Ehtirom bilan Habiba

Обидхон қори: Аёл-қизлар сафар ҳукми жорий бўладиган масофага маҳрамсиз йўлга чиқишлари мумкин эмас. Бу ҳукм Расулуллоҳнинг буйруқлари бўлиб, шунга итоат қилган аёл ўзининг ҳаёти ва иффатини ҳар хил хавф-хатарлардан ҳимоялаган бўлади. Хорижда ёлғиз юрган муслима қизлар агар бу муаммони ҳал қилиш йўлини қидираётган бўлсалар, ўзлари яшаб турган мамлакатнинг таниқли уламоларига мурожаат қилишлари керак. Яна ундай қизлар ўзларига муносиб мусулмон йигитлар билан турмуш қуришлари мумкин.

«G’arib», Shvetsiya: Assalamu aleykum wa rohmatullohi wa barokatuh. Hurmatli Obidxon qori domla, avvalambor Alloh qilgan hayrli ishlariz uchun mukofotllasin va tinchlik va salomatlik ato etsin. Siz haqizda kup eshitganman. Utkan yilgi suhbatingizda siz Uzbekiston hukumati har bir soqol quygan insonni wahobiyga chiqarishi mumkinligi haqida aytgan ediz, bunga qushilaman. Ammo hozirda wahobiylik yoki salafiylik degan guruhlar borligi hammamizga malum. Uar bazi sohalarda mazhab ulamoariga qarshi dalillar keltiradilar. Ularning davolaridan biri ilmi sayoz insonlar mazhabga ergashishlari mumkin, ammo ilmli shahslar uchun malum bir mazhabga taqlid qilish joiz emas. Aksincha ular malum bir hukm boraida mazhablar dalillarini solishtirib, dalili kuchlisini tanlashlari kerak deyishadi. Bu borada siz qanday fikrdasiz? Umuman salafiylarnining bu borada tutgan yulini qullaysizmi yoki qarshimisiz? Ikkinchi savolim, siz qaysi mazhabdasiz va Uzbekistonda faoilyat yurtiganizda qay mazhabda bulgansiz? Javobingiz uchun rahmat. Alloh hijratta kechayotgan umringizni hayrli va salomat bulmogini nasib aylasin! Wassalamu aleykum wr wb!

Обидхон қори: Яхши тилакларингиз учун раҳмат, айтганингиз келсин. Ҳаммамизга маълумки, Ислом динимизнинг асоси Қуръон ва ҳадислардир. Шунинг учун ҳар бир мусулмон шу икки манбани чуқур ўрганишга интилмоғи даркор. Лекин ҳамма инсон ҳам Қуръон ва ҳадислар маъноларини бевосита ўзи ўқиб, тушуниб етавермайди. Шунинг учун одамлар илм ва ибодат масаласида ўз имомлари ва устозларига эргашадилар. Устоз эса илмли, тақволи, омонатдор ва холис бўлмоғи керак. Ислом тарихидаги мазҳаблар ҳам устоз-шогирдлик тарзида юзага келган ва ривожланиб борган. Маълум бир ҳудуддаги мусулмонлар ўзларига яқин ва мақбул бўлган олим атрофига тўпланиб илм ўрганишган, ҳаётда учрайдиган турли хил муаммо ва масалаларга улардан жавоб олишган. Ана шундай уламолар Ислом тарихида алҳамдулиллоҳким, жуда ҳам кўп бўлишган. Уларнинг авваллари саҳобаи киромлар ва тобеинлар бўлсалар, кейингилари тўрт мазҳаб имомлари ва ана шу даврда яшаган буюк уламолардирлар.

Мазҳаб уламоларидан сўнг буюк муҳаддис олимлар ҳам етишиб чиқдилар. Бу зотларнинг барчалари соҳиби мазҳаблар каби мужтаҳид уламолар бўлишган. Шунинг учун уларнинг баъзилари тўрт мазҳабдан бирига асосланишни ўзларига шарт деб билмаганлар. Уларни аҳли ҳадислар деб ҳам айтилади.

Аммо улардан кейинги даврларда яшаган машҳур уламоларнинг деярли ҳаммалари талабалик даврларида машҳур ва мўътабар мазҳаблардан бирига асосланган ҳолда илм олишган. Чунки мазҳабга асосланган ҳолда илм олиш толиби илм йўлини енгиллаштирган. Ўқиладиган фанларни жуда хам қулай тарзда тартиблаб берган ва ҳар хил ихтилофли масалаларга чалғиб кетишдан сақлаган.

Аҳли сунна мазҳабидаги тўрт фиқҳий мазҳабнинг ҳаммаси ҳам ҳақ. Уламолар шу мазҳабларнинг қайси бирига бўлса ҳам иложи борича илмий асосда эргашган одам иншоаллоҳ нажот топишини айтадилар. Мен ўзим ҳанафий мазҳабидаман. Имомлик пайтимда ҳам шу мазҳабга биноан фаолият юритганман.

“Салафийлик” деган масалага келсак, бу калима арабча “салафа” деган сўздан олинган бўлиб, “ўтган” деган маънони билдиради. Яъни, “салафий” динда ўзича янги йўллар ихтиро қилмайдиган, балки ўзидан аввал ҳақ йўлда ўтган зотларга эргашадиган одам деганидир. Шу жиҳатдан қаралса, тўрт мазҳаб имомлари ва аҳли ҳадисларнинг ҳаммалари ҳам салафийдирлар.

Лекин бу номни даъво қилишнинг ўзи билан инсон ҳақиқатан ҳам салаф уламоларимиз йўлидан юрган бўлиб қолмайди. “Мен мусулмонман” дейишнинг ўзи билан ҳам мақсад ҳосил бўлмайди-ку. Шунинг учун “салафийман” деганларимиз ҳам, “ҳанафийман” деганларимиз ҳам Расулуллоҳ ва саҳобаи киромларнинг, буюк уламоларимизнинг илмларидан, айниқса хулқларидан ибрат олишимиз керак. Шунда албатта ҳар икки дунёда ҳам нажотга эришамиз, иншоаллоҳ.

Muhojir, Evropa: Assalamu aleykum. Suramoqchi bulgan narsa, siz Abduvali qori domla haqlarida qanday malumotlarga egasiz? Uzbekistondalik paytingizda u kishini tanirmidiz yoki yaqindan hamkorlik qilarmidiz? Rahmat.

Обидхон қори: Абдували қори домла билан Москвада бир исломий конференцияда бирга бўлганимни эслайман. У киши Андижонда, мен эса Тошкентда ишлардик. Кўришиб туришга шароит ва зарурат бўлмаган. У кишининг Ўзбекистон МХХси томонидан ўғирланганларидан сўнгги тақдирлари кўпчилик қатори менга ҳам қоронғу. Аллоҳ у инсонга нажот берсин.

Исм-шарифини қолдирмаган муштарий: Assalamu aleykum wr wb. Hurmatli domla, g’ayridinlar ulkasida yashash oson emas, ayniqsa taqvodor domlalar uchun. Siz hozirda nimalar bilan mashg’ulsiz? Vaqtingizni qandat faoliyatlar bilan utkizmoqdasiz? Kelajakdagi rejalariz? ikkinchi savolim, sizi ustozingiz kim?

Обидхон қори: Гапингиз тўғри, зеро, ҳар юртнинг ўзига яраша шарт-шароитлари бўлади. Аммо бошқа томондан олиб қаралса, мусулмон мамлакати Ўзбекистон ҳам гиёҳвандлик ва ахлоқий таназзул бобида ғарб дунёсидан қолишмасликка уринмоқда. Бу ҳолат ҳукумат расмийлари истаган нарса эди. Аммо Ўзбекистон билан ғарб ўртасидаги битта катта фарқ шуки, сиз айтган ғайридинлар юртида мусулмонларга берилган эркинликлар ўзбеклар юртида тақиқланган.

Мен ҳозир аввалда имкон тополмаган ишларимни бажариб олишга ҳаракат қилаяпман. Илмий, тарбиявий, даавий ишлар билан машғулман, алҳамдулиллоҳ. Келажак режаларим оддий, аммо иншоаллоҳ ҳалқ учун фойдали.

Устозларимни эслатганингиз учун раҳмат. Уларнинг биринчилари наманганлик Муҳаммадхон махсум домла раҳимаҳуллоҳ. Сарф-наҳв, фиқҳ, тажвид илмларини ўша зот ҳузурларида олганман. Кейин Мир араб мадрасасига ўқишга кириш орзусида Тошкентга келдим. Ўшанда мен дадамизнинг дўстлари Алихон ака ҳамроҳлигида диний идора раиси муфти Зиёвуддинхон қори раҳматли билан учрашдим. У киши менга баъзи тафсир китобларни ўқитиб кўрдилар ва: “Сизнинг Бухорога боришингизга ҳожат йўқ экан, сиз олий мадрасага кириб ўқийверинг”, деб рухсатнома ёзиб бердилар. Бундан ниҳоятда хурсанд бўлиб кетдим. Олий мадрасада (ҳозирги Тошкент Ислом маъҳади) тўрт йил ўқидим. У ерда шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, Салоҳиддин қори, Зокиржон домла, Яҳёхон қори каби домлалардан дарс олганман. Уларнинг кўплари оламдан ўтиб кетишди. Аллоҳ ўз раҳматига олсин. Баъзилари ҳали барҳаётлар. Аллоҳ умрларини баракали қилсин.

Sulton, Europe: Assalamu aleykum. Hurmatli domla, siz uzizi qaerda va qaysi ilm dargohlarida tahsil olganiz haqida qisqacha gapirib bera olasizmi? Jazakalloku hoyron.

Обидхон қори: Саволингизга юқорида жавоб бердим. Раҳмат.

Abdulhamid, Finland: Assalamu alaykum va rahmatullahi va barokatuhu. Hurmatli Obidxon qori aka, Sizga ikkita savolim bor edi: 1) Agar Evropada bo’lsangiz internet orqali darslar tashkil qilishingizni imkoni bormi? Agar allaqachon ochilgan bolsa ular haqida qaerdan ma’lumot olish mumkin? 2) Mashhur ulamolarimizdan Abduvali qori aka taqdirlari haqida biror narsa bilasizmi? Javobingiz uchun oldindan katta rahmat. Jazokollohu hoyron.

Обидхон қори: 1. Ўтган Рамазон ойида интернетда бир саҳифа ташкил қилиб, у ерда ҳар куни ярим соатдан маъруза эълон қилиб турдик. Иншоаллоҳ, энди бу ишимизни давомли равишда олиб боришни режалаштираяпмиз. Бу иш бошланса, ўйлайманки сиз ҳам албатта хабар топасиз.

2. Абдували қори ака ҳақларида юқорида айтиб ўтдим.

Ali, Amerika: Assalomu aleykum Qori aka! Ba`zi Arab va Afrika musilmon mamlakatlarida qiz va ayolar keng qamrovda xatna qilinib kelayotganidan xabaringiz bo`lsa kerak. Dinimizda qiz-ayollarni xatna qilish haqida biror bir ko`rsatma bormi? Rahmat

Обидхон қори: Уламолар ўртасида бу масаланинг ихтилофли жиҳатлари бор. Улар ичида бу ишни тасдиқлайдиганлари ҳам, тасдиқламайдиганлари ҳам мавжуд. Шунингдек бу борада тиббиёт ходимларининг ҳам фикрлари бир хил эмас. Шунинг учун мен ҳозир бирор фикрни олдинга сура олмайман. Лекин шуни таъкидлаб ўтишим керакки, инсон соғлиғига зарар келтириши аниқ бўлган нарсалар Исломда албатта ҳаром қилинади. Кейин сиз айтган ишни “кенг қамровда қилинаяпти”, деб таърифлаш ҳам нотўғри. Чунки қизларнинг хатнаси айрим халқларнинг қадимий урф-одатларида бор, аммо кўпчилик халқларда умуман йўқ.

Isa Musaev, Aleksandriya, Misr: Assalomu alaykum Obid qori aka. Mashhur ulomolardan Biri Shayh Robi Madhaliy haqida suramoqchi edim, sizning shu shayh hazratlari haqida fikringiz, siz shu kishini yozgan kitoblaridan uqiganmisiz? Jazakumullah khairan assalomu alaykum

Обидхон қори: У киши ҳақида эшитганман, баъзи бир масалалардаги фикрлари билан танишганман. Лекин мен вақтимни кўпроқ мутақаддим уламоларнинг асарларига бағишлашни афзал биламан. Салафлар давридаги фикрларни чуқурроқ таҳлил қилиш ниҳоятда зарур. Ўша зотларнинг жуда кўп асарлари ҳозирги замоннинг муаммоларига қониқарли тарзда жавоб бўлишига шоҳид бўлганман. Бугунги даврда эса Фатволар ва илмий тадқиқотлар бўйича доимий қўмитанинг кўрсатмалари, Ислом фиқҳи академиясининг тадқиқотлари жуда долзарб ва муҳим. Шайх Албоний, Ибн Боз, Усаймин раҳимаҳумуллоҳ каби алломалар ҳам бизга жуда улкан мерос қолдиришди.

Muhammad, Yaqin Sharq: Assalamu alaykum wa rahmatullahi wa barokatuhu. Domla Alloh ilm wa martabangizni bundanda ziyoda qilishini so’rab savolga o’taman: 1) Siz O’zbek jihod harakatiga nisbatan qanday fikrdasiz, ayniqsa Tohir Yo’ldoshga ishonsa bo’ladimi? 2) Siz hozirda O’zbekistonda yashayotgan Shayh Muhammad Sodiq Muhammad Yusuf hazratlarining faoliyatiga munosabatingiz? 3) Jahonda kech tarqalgan ‘Hizb at-Tahrir’ haqida nima deya olasiz? Javoblariz uchun oldindan rahmat. Alloh panohida asrasin, biz toliblar haqqiga duoda bo’ling.

Обидхон қори: Илиқ сўзларингиз учун ташаккур. Саволларингиз тартиби бўйича жавоб қуйидагича:

1. Абу Довуд биродаримизга берилган жавоб бу саволга ҳам кифоя қилади, деб ўйлайман;

2. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларига ҳурматим баланд. У инсон мени маъҳадда ўқитган устозларимдан бирлари. Аллоҳ у кишига соғлик-саломатлик, баракали умр ато қилсин.

3. Ҳизбут-таҳрирнинг эътиқод ва услубларида хатолар бор. Ёшлар исломий билимларни етарли эгалламасдан туриб, сиёсий фикрларга шўнғишлари хатарли оқибатларни келтириб чиқаради.

Толиби илмларга энг яхши дуо ва тилакларимни изҳор қиламан. Шу билан бир қаторда мусулмон талабалар асл манба билимларини чуқурроқ эгаллашга интилишлари ниҳоятда зарурлигини эслатаман. Саёз илм ва ўткинчи фикрлар билан одам боласи узоққа бора олмайди, халққа ҳам фойдаси тегмайди. Ким бўлишидан қатъи назар, ҳар бир мусулмон инсон энг аввало ақидасини тўғри англаб олиши, мустаҳкамлаши шарт. Бу борадаги қўлланмаларни пишиқ ўрганиши лозим. Чунки нотўғри эътиқод билан тўғри иш қилиш мумкин эмас. Бунинг сўнгидан инсон ҳар куни бажарадиган ибодатларини Аллоҳ қабул қилиши учун эҳтиёжига яраша фиқҳ илмидан хабардор бўлиши керак. Сўнг ҳаётдаги йўналиши ва танлаган соҳасига қараб илм-маърифатини, маълумотлари ва тажрибасини ошириб бориши зарур. Шу ишлар билан бир вақтнинг ўзида ахлоқий тарбияни такомиллаштириб бориш ҳамма замонлар учун баробар фарз амаллардан саналади. Чунки ахлоқ-одоб ва иймон-эътиқод бир-бири билан чамбарчас боғлиқдир. Ахлоқсиз мутахассисдан ёки одобсиз олимдан жуда кўп зарарлар келади.

Abdulloh, America: Assalomu alykum varahmatullohi vabarakotuhu. Qori aka, musulmon bo’lmagan sotuvchidan baliq sotib olib, pishirib esa bo’ladimi? Qisqichbaqa kabi dengiz mahluklarini musulmonlar iste’mol kilishi mumkinmi? Javobingiz uchun tashakkur.

Обидхон қори: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам денгиз ҳақида сўралганларида айтганлар: “Унинг суви покиза, ўлимтиги ҳалолдир”. (Албоний тахрижи). Демак балиқни кимдан сотиб олинса ҳам ҳалол саналади. Қисқичбақа ҳам ҳалол.

Voris Usmonli, O’zbekiston: Ассалому Алайкум, Ҳурматли Обид қори ака. Сиз Тошкентда бўлган кезларингизда биз анча ёш бўлганмиз. Бироқ шундай бўлса-да, кейинчалик, Сиз ҳақингизда анча маълумотларга эга бўлдик. Сизга саволларим:

1. Баъзилар таъбирича, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф бир бутун «Мовароуннаҳр» мусулмонлар диний идораси ва 1990 йиллар бошида ягона куч бўлган Ўрта Осиёдаги мусулмонлар жамоасининг парчаланиб кетишида катта рол ўйнаган. Сиз бу тарздаги иддаоларга қандай мулоҳаза билдирасиз? Умуман собиқ муфтийнинг амалда бўлган ва айни пайтдаги фаолияти ҳақида қандай фикрдасиз?

2. «Ваҳҳобийлик» ҳозирда Ўзбекистон ҳукумати томонидан ўз сиёсатига қарши мусулмонларга ёпиштириладиган ёрлиқ бўлиб қолди. Аслида бундай ҳаракат қай ҳолатда вужудга келган, унинг мақсадлари нима эди?

3. Ўзбекистондаги ҳақиқатпарвар уламолардан бири бўлган Абдували қори Мирзаев билан қандай муносабатда бўлгансиз?

4. Нима деб ўйлайсиз: бир кун келиб Ўзбекистонда тузум ўзгарса, шунинг баробарида динимизга ҳам кенг эркинликлар очилса, мамлакат ичкарисида Ислом дини ва дин ходимларини (муфтий, қозилар, имом-хатиблар, диний ўқув юртлари) ислоҳ қилишга зарурат туғиладими? Жавобларингиз учун олдиндан раҳмат. Ассаламу Алайкум ва Роҳматуллоҳи ва Барокатуҳу.

Обидхон қори: 1. 1943 йилда ташкил этилган Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлар диний бошқармаси мустақилликдан сўнг «Мовароуннаҳр мусулмонлари диний идораси”, деб ўзгартирилди. Бунинг сабабларидан бири – Қозоғистон мусулмонлари ўз идораларини бир томонлама ажратиб олдилар. Улар диний идора таркибида бўлишни худди Тошкентга бўйсунишдек тушундилар. Аслида бундай фикрлаш давлат амалдорлардан келиб чиққан бўлса керак. Диний идоранинг мустақилликдан сўнгги қайта шакллантирилиши ҳукумат раҳбарларининг манфаатларини ифода қилар эди. Диний идора раҳбарлари бу сиёсатни хушламасалар-да, бироқ унга қарши боришга иложлари ҳам йўқ эди. Шунинг учун мен Ўрта Осиё мусулмонлар жамоасининг парчаланиб кетишида Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг роли бўлган деб ўйламайман.

Собиқ муфтий жанобларининг расмий амалда бўлган даврларини эсласак, ўша йиллар зиддиятларга тўла бўлган. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, сиёсатчилар ҳеч қачон мусулмонларни ўз ҳолига қўймадилар ва қўймайдилар ҳам. Тўғри, давлат сиёсати мусулмонларни четлаб ўтмайди. Аммо гап шундаки, сиёсат холис, кенг бағрли, фитна ва макр-ҳийлалардан холи, ҳаммага баробар бўлсагина мамлакатда тотувлик, барқарорлик ва ўзаро тушуниш юзага келади. Ўзбекистонда давлатнинг диний сиёсати доимо нохолис ва муросасиз йўлда бўлди. Махсус хизматлар мусулмонлар ўртасида фитна тарқатиш билан шуғулландилар. Ана шундай шароитда ишлаш муфтий ҳазратларига албатта осон бўлмаган. Аммо у киши Исломга қўлларидан келганича яхши хизматлар қилдилар. Бугунги кунда ҳам фаолиятлари давом этмоқда, алҳамдулиллоҳ.

2. Кимдир «ваҳҳобийлик» деган алоҳида ҳаракат бўлган дейиши мумкин. Аммо бу фикрга қўшилиш қийин. Чунки ҳар қандай ҳаракат ўзининг қандай ном билан аталишини ўзи ҳал қилиши керак. Масалан, Ҳизбут-таҳрир, Жамоатут-таблиғ ва ҳоказо. Бироқ дунёда ўзини “ваҳҳобийлик ҳаракати вакили” деб таништирадиган бирон олимни топмайсиз.

«Ваҳҳобийлик» нима деб сўрсангиз, баъзилар: “Бу Саудия Арабистони давлати ташкил топишида муҳим ўрин тутган олим Муҳаммад ибн Абдулваҳҳобнинг даъвати”, деб айтади. У киши нимага даъват қилган экан, дейилса, Қуръон ва ҳадисларга амал қилишга, деб айтишади. Унда яна савол туғилади: кимки Қуръон ва ҳадисга амал қилишга даъват қилса, уни “ваҳҳобий” дейиш керакми? Ҳа, афсуски баъзан шунақа бўлиб туради. Ҳолбуки, Муҳаммад ибн Абдулваҳҳобдан аввал ҳам жуда кўп уламолар Қуръон ва ҳадисларга даъват қилиб ўтишган. Уларни ҳеч ким “ваҳҳобий” деб атамаган. Аммо ўша пайтларда ҳам даъватни ёқтирмаганлар ёки тўғри тушунмаганлар уламоларга қандайдир ёрлиқлар ёпиштиришган. Сизнинг саволингизга батафсил жавоб беришга ҳозир вақт етмас экан. Иншоаллоҳ, бу ҳақда яна ўрни билан тўхталаман.

3. Бу саволга аввалроқ жавоб бердим.

4. Ҳар бир инсон ўзини ўзи ҳар куни ислоҳ қилиб бориши керак. Ислоҳ учун Ўзбекистондаги тузум ўзгаришини кутиб ўтириб бўлмайди. Чунки ўлим қачон келишини билмаймиз. Биз Аллоҳнинг хузурига ўзимизни ислоҳ қилган ҳолда боришга буюрилганмиз. Шундай экан, ҳар биримиз ўзимизнинг ақидамиздаги, тушунчаларимиздаги, хулқу атворимиздаги, муомаламиздаги, қилаётган амалларимиздаги камчиликларни тузатиб, мукаммаллаштириб боришимиз керак. Бу айтаётганларим аввало ўзимга, яқин атрофимдагиларга тааллуқли. Бошқа инсонлар ҳам агар холис фикр юритсалар, бундай масъулиятни ўзларининг ҳам устларида борлигини кўришади. Ҳаракатларини жиддийлаштиришади. Шунда жамият ҳам ўз-ўзидан ислоҳ бўла бошлайди.

Агар Ўзбекистонда Ислом динига қўйилган чекловлар бекор қилинса, иншоаллоҳ, мусулмонларга кўп фойда бўлади. Аммо менинг хавотирим шундаки, биз бирор каттароқ ўзгаришларга юз тутсагу ўша пайтда ҳали ҳам ўзимизни ислоҳ қилмаган ҳолда қолган бўлсак, яхши натижаларга эриша олмаймиз.

Bek, Uzbekiston: Assalomu alaykum Obid qori janoblari! Nima uchun davlat tomonidan ta’minotda bo’lgan diniy boshqarmalar kerakli tashviqot olib boraolmayapti, yoshlarning boshqa dinniy oqimlarga kirib ketishini oldini olmayapti?

Обидхон қори: Бу муаммонинг асл илдизи давлатнинг ўзида. Диний муассасалар ҳам, давлат ташкилотлари ҳам эркин ташаббуслар билан чиқишга ҳақлари йўқ. Улар ҳукуматнинг қатағонига тушиб қолишдан қўрқиб ишламоқдалар. Ҳукуматнинг ухламайдиган, дам олмайдиган, кўзи кўр, қулоғи кар, ақли йўқ жазо машинаси ҳар лаҳзада уларни ямламасдан ютиб юбориши мумкин. Ўзбекистонда ҳеч қайси муаммонинг ўзини алоҳида ҳал қилиш асло мумкин эмас. Нафақат ёшлар муаммоси, балки турли соҳалардаги масалаларнинг ҳамма-ҳаммаси бир-бирига чамарчас боғланиб қолган. Бунинг маъноси шуки, муаммоларнинг барча-барчаси бир кишининг иродасига, хоҳишига боғлиқ бўлиб қолган.

Xolis, Kazakhstan: Bismillahir Rohmanir Rohiym. Obidxon qori aka, sizga ushbu savollarni bermoqchi edim: 1) Meni vaziyatim shundan iborat, men 19 yoshda uylanganman. Alhamdulillah, oilamni boqishga qurbim yetmoqda, Alloh rizqimizni berib turibdi. Bir farzandimiz bor, lekin mening maqsadim – yana o’qishni davom ettirish (bakalavrlik bosqichini tamomlaganman, magistraturaga o’qimoqchiman). Lekin, bu uchun ham mablag’ lozim bo’lmoqda. Oiladan orttirish qiyinroq bo’lyapti. Menga esa oilani deb ilm olishdan to’xtab qolgandek tuyuladi. Lekin nolimayman, faqat sizdan iltimos, shu vaziyatga izoh bersangiz, meni uchun to’g’ri bo’lgan yo’lni ko’rsatsangiz. 2) Masjidlarda Prezident haqqiga duo qilishlarga qanday qaraysiz?

Обидхон қори: 1. Бу каби сўзларни эшитсам… хафа бўлиб кетаман. Қанчадан-қанча талантли ёшлар фақирлик чангалида қолган. Илм олишга сарф қилинадиган қобилиятлар, ақлу заковатлар пул топиш, рўзғор тебратиш билан эскирмоқда. Бу юртнинг раҳбарларига тушунтира оладиган, гапирадиган одам йўқ. Аммо “қаерда қолди саховатли ўзбекнинг бойлари?!” дегингиз келади. Ислом давлатларида ҳам, ғарбда ҳам ўз ҳисобидан юзлаб талабларга стипендия тўлайдиган миллиардерлар ҳақида тез-тез эшитамиз. Бизда ҳам шунақа хайрли ишларни қила оладиган бизнесменлар (майли ҳокимлардан, вазирлардан, прокурорлардан, МХХ, КНБчилардан бўлса ҳам) йўқми? Бор! Жуда кўп. Аммо кимки шу ишни Ўзбекистонда қиладиган бўлса, Ўзбекистон МХХси ёки ИИВ ё Бош прокуратура ўша инсонга қарши дарҳол жиноий иш қўзғатади. Ундай инсоннинг қалбидаги шафқат шафқатсиз жазоланади: у ёшларни йўлдан урганликда айбланиб, қамоққа ташланади. Аммо, биламан, сизга ўхшаган йигитлар юқорида зикр қилинганлардан мурувват кутиб ўтирмайсизлар. Ўзингиз йўл қидирасизлар. Агар сиз ҳаракат қилсангиз, албатта Аллоҳ сизга ёрдам беради.

2. Қозоғистон билан Ўзбекистон ўртасида анча фарқ бор. Бир мисол ўлароқ Ўзбекистон ҳақида гапирадиган бўлсак, масжидларда Президент ҳаққига “Аллоҳ у кишининг қалбларига раҳм-шафқат, инсоф ато қилсин, ўғирлаб кетилган инсонларни, қамоқда ётган мусулмонларни озод қилишни дилларига солсин! Мухолиф фикрли кишиларни таъқиб қилишни тўхтатсинлар!” деб дуолар қилинса жоиз бўлади.

Sa’dulla, Toshkent: Taqsir! Siz Islom uchun shunchalik jonkuyarlik qilayotgan ekansiz, sizga boshpanani biror musulmon davlati emas, balki siz shariat peshvolari hamisha la`natlaydigan g`ayridin hukmron bo`lgan g`arb davlati berdi. Bu yerda biror nayrang yo`q emasmi? Bu sizning hamiyatingizga zarracha bo`lsada tegmaydimi? Ochiq savolga ochiq javob berishingizga umid qilaman, agar gapni olib qochsangiz aksariya O`zbek ulamolarining ikkiyuzlamachi ekanligi haqidagi xulosamni mustahkamlagan bo`lasiz.

Обидхон қори: Менинг Ислом учун жонкуярлигимни қаердан била қолдингиз? Агар шунақа бўлсам хурсандман, алҳамдулиллоҳ! Агар ўзингизни мусулмон санаётган бўлсангиз, сиз ҳам шунақа бўлинг.

Сиз Ўзбекистонда шариат пешволарининг Ғарбни лаънатлаётганларини эшитдингизми? Агар шундай бўлса, буни Расулуллоҳ буюрганлар деб ўйламанг. Ўзбекистонда Ғарбни лаънатлаш фақат МХХ ва президент аппаратининг буйруғи билан бўлади. Агар Ғарб Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари бузилаяпти, деб танқид қилишни бошласа, Ўзбекистонда ҳам Ғарбни лаънатлаш бошланади. Аммо Расулуллоҳ: “Мўмин киши учун лаънат айтувчи бўлиш тўғри келмайди”, деганлар. (Ҳоким ривояти, ҳасан). Шунинг учун сизга ҳам мулойимроқ бўлишни маслаҳат бераман.

Мусулмонлар юртида таъқиб қилинаётган минглаб инсонларнинг бошқа давлатлардан бошпана топиши сизга ёқмаса ҳам бу иш биз учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қолган суннатдир. Маккадек муқаддас шаҳар ҳам бир пайтлар мушриклар дастидан Пайғамбар ва у зотнинг саҳобаларини ўз бағрига сиғдира олмай қолган. Ўшанда Расулуллоҳ мазлум мўминларни насроний дини ҳукмрон бўлган Ҳабашистонга ҳижрат қилишга буюрган эдилар.

Ибн Касир ўз сийрат китобларида ривоят қиладилар. “Маккада мусулмонлар балоларга дучор бўла бошлаганларида Абу Бакр ҳам Ҳабаша томонга ҳижрат қилишга қарор қилдилар. Маккадан чиқиб Биркул-ғимод деган ерга етганларида Ал-Қора қабиласининг саййиди Ибнуд Дағина учраб қолди. У: “Эй Абу Бакр қаёққа кетаяпсан?” деб сўради. Абу Бакр: “Мени қавмим қувиб чиқарди. Энди ерни кезиб Раббимга ибодат қилмоқчиман”, дедилар. Ибнуд Дағина айтди: “Эй Абу Бакр, сенга ўхшаган инсон қувиб чиқарилиши тўғри бўлмайди. Чунки сен йўқсилларга ёрдам қиласан. Қариндошлик ҳаққини адо этасан, қийналиб қолганларнинг қўлтиғидан кўтарасан, меҳмонга эҳтиром кўрсатасан, ҳақ эгаларининг ёнини оласан. Мен сени ўз ҳимоямга олдим! Орқангга қайт, Раббингга ўз юртингда ибодат қил!” Абу Бакр йўлларидан қайтдилар. Ибнуд Дағина қурайшийларнинг зодагонлари қуршовида Каъбани тавоф қилди. Шунда уларга деди: “Абу Бакр каби инсон ватанидан қувиб чиқарилиши мумкин эмас. Йўқсилларга ёрдам қиладиган, қариндошлик ҳаққини адо этадиган, қийналганларнинг қўлтиғидан кўтарадиган, меҳмонга эҳтиром кўрсатадиган инсонни қувиб чиқарасизларми?!..”

Қурайшийлар ўшанда Маккага меҳмон бўлиб келган Ибнуд Дағинанинг сўзларидан уялдилар. Абу Бакр разияллоҳу анҳуга Маккада яшашларига рухсат бердилар.

Сиз ҳамиятни эсладингиз. Инсонда ишқилиб ҳамият йўқолмасин. Ҳамияти йўқолса у Макка мушрикларидан ҳам пасткашроқ бўлиб кетади. Макка мушрикларида ҳам ҳамият бўлган эканки, қўшни қабила раисининг сўзидан уялиб, Абу Бакрга зулм қилишдан қўлларини тийдилар. Сиз ўзингиз тўққина яшаб турган бир пайтингизда мамлакатнинг минглаб ёш-ёш ўғил-қизлари (балки сизнинг фарзандларингиз тенгидир улар) зўравонликлар дастидан жон сақлаб, бошлари оққан томонга қараб тирқираб қочиб кетмоқдалар. Бу сизнинг ҳамиятингизга заррача бўлса-да тегмайдими?

Ўзбек уламоларининг қайсидир қисми иккиюзламачи эканини исбот қила олганингизда ҳам бу сиз суйган ва хизмат қилаётган режимнинг меваси бўлади, холос.

Student, Evropa: Assalomu Aleykum, uzr men sizga tog’ridan togri savol beraman:

1.Ozbekistonda Islom davlati o’rnatilishining tarafdorimisiz?

2. Nimaga hozirgi davrda muslmon davlatlar inqirozga yuz tutgan?

3. Nimaga aynan o’sha musulmon davlatlarida inson huquqlari hurmat qilinmaydi?

4. Islom bu ulug’ e’tiqod, lekin musulmonlar yomon etiqodchilar! Bunga nima deysiz?

5. Agar Islom davlati tarafdori bo’lsangiz, nega halq fikri bilan qiziqmaysiz? Chunki ko’pchilik Islom davlatlarida din peshvolari halkning fikri bilan qiziqishmaydi, bunga ko’p Islom yoki musulmon davlatlarini misol kilish mumkin! etiboringiz uchun sizga Tashakkur

Обидхон қори: 1. Бу ўринда аввало Ислом давлати деган тушунчанинг нима эканини аниқлаб олишимиз керак. “Ислом давлати” деган сўзни баъзилар салбий тушунчалар билан қориштириб юборади. Кимдир Ислом давлати замонавий дунёда мавжуд бўлиши мумкин эмас, деб ўйлайди. Бу хато тушунча. 2004 йили Тошкентда чиқарилган “Ислом энциклопедияси” китоби сўзимизга далил бўлиши мумкин. Китобда шундай сўзларни ўқиймиз: “Ислом давлати” – ислом дини давлат дини деб эълон қилинган мамлакатларга ва аҳолисининг асосий қисми мусулмонлардан ташкил топган давлатларга нисбатан қўлланадиган тушунча”. Яна шу китобнинг “Ислом конференцияси ташкилоти” мақоласида ёзилишича, бу ташкилот “Ислом давлатлари ташқи ишлар вазирларининг 3-конференциясида (1972 й. Жидда шаҳри) таъсис этилиб устави қабул қилинган. Ҳозир ИКТ диний муштараклик асосида жами 55 та давлатни, жумладан мустақилликка эришган Марказий Осиё давлатларини бирлаштиради”. “Ўзбекистон Республикаси 1996 йилдан ИКТга аъзо”.

Демак, бир қарасангиз, Ўзбекистон ўзини Ислом давлатлари қаторида санайди. Бир қарасангиз мусулмонларни Ислом давлати ҳақида китоб ўқиди деган туҳмат билан қамоққа ташлайди. Демак нима бўлганда ҳам Ислом давлати тушунчаси халқаро майдонда эътироф этилган нарса. “Ислом конференцияси ташкилоти” ҳужжатларида камида 57 та давлат Ислом давлати деб ёзилган. Ислом давлати тарафдори бўлиш жиноят эмас. Аммо ҳозирги кунда бу мақсад йўлида қуролли ҳаракатлар олиб бориш тўғри бўлмайди. Халқ ўзи кўпчилик овоз ва тинчлик йўли билан исломий тизимни ихтиёр этса, бўлиши мумкин.

2. Мусулмон давлатлари инқирозга юз тутган деган фикр хато. Агар сиз шунақа оҳангда гапиришни танлаган бўлсангиз, унда мусулмон бўлмаган давлатлар ичидаги инқирозларни ҳам санаб ўтинг. Давлатларнинг бири иккинчисидан орқада бўлиши табиий. Бунинг сабаби эса айримлар ўйлагандек мусулмонликда эмас, балки динидан қатъи назар, ўша давлатлар устида турган раҳбарларнинг сиёсатларида. Раҳбарнинг сиёсати унинг илми, тушунчаси, қобилиятлари, тажрибаси ва ниҳоят энг муҳими ахлоқий тарбиясидан келиб чиқади. Нотўғри сиёсат юргизаётган раҳбарларга мисол келтиришнинг ҳожати йўқ. Аммо Ғарбда ҳам, Шарқда ҳам кўп жиҳатларидан ибрат олса бўладиган давлатлар бор. Ғарбда мен ўзим гувоҳ бўлганим Швеция ҳукуматининг сиёсати эътиборга лойиқ. Шарқда эса Ислом давлатларидан Малайзиянинг иқтисод ва диний сиёсатда тутган йўлида бошқа мусулмон давлатларга ибрат бўлса арзийдиган жиҳатлар бор.

3. Бу сўзингизни ҳам ҳамма давлатларга баробар тегишли деб бўлмайди. Қолаверса инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳолатларини таҳлил қилинса, асосан мусулмонларнинг ҳуқуқлари бузилаётган бўлиб чиқади. Россия ва Хитойдаги инсон ҳуқуқи бузилишларининг ўзи ҳаммасини босиб кетади.

4. Сиз нарса ва ҳодисаларга баҳо берганда мутлақ оқ ёки мутлақ қора деган ўлчовдан воз кечишингиз керак. Акс ҳолда ўзингизни ўзингиз хато маълумотлар билан кўмиб қўясиз ва узоққа кета олмайсиз.

5. Сиз фақат фикр билдирганим учун менга ноўрин ҳукм чиқараяпсиз. Бу ҳам диктатуранинг таъсири бўлса керак. Сизга ўхшаган одам президент, прокурор ёки судья бўлиб қолса, одамларга яна ҳам қийин бўлиб кетади. Сиз айтган Ислом давлатларининг жуда кўпчилигида уламолар билан халқ якдил фикрда. Аммо мутлақ кўпчилик мусулмон давлатларида дин пешволарининг фикрлари давлат сиёсатига таъсир қила олмайди. Ўзбекистон каби диктатура ҳукмрон бўлган давлатларда эса расмий дин пешволари давлат раҳбари чизган чизиқдан бир қарич ҳам четга чиқмайдилар.

Benjamin, Uzbekistan: Hurmatli Obidxon aka! Mana siz bir necha yillardan buyon Evropada yashamoqda ekansiz, ularni hayotini kuzatib tursangiz kerak albatta. Unda sizga savol tug’iladi:

1Sizdek g’ayri dinga boshpana bergan Evropa dunyosi musulmon dunyosidan ustun emasmi?

2. Musulmon dunyosidagi barcha inqirozlar dinning mohiyatidan kelib chiqmaganmi?

3. Musulmon dini asoslarini davrga moslashtirib reviziya qilish kerak deb o’ylamaysizmi?

4. Malayziyaning sobiq Bosh vaziri Maxatxirning musulmon dunyosi haqidagi fikrlariga sizning munosabatingiz qanday?

5. Hozirgi kunda O’zbekiston uchun dinni kuchaytirishdan ko’ra demokratiya, oshkoralik va iqtisodiyotni kuchatirish kerak deb o’ylamaysizmi?

6. Hozirda ayrim oilalardagi kabi farzandlarini maktab yoshidan masjitga yetalayotgan ota-onalarga avval ularga bilim olish kerak, keyin diniy etiqodga vaqt keladi deb o’ylamaysizmi?

7. Evropa dunyosining ijobiy xislatlarini musulmon dunyosi o’zlashtirishi kerak emasmi?

Qoloqlik va qashhoqlik dinimiz mohiyatida emasmikan?

Обидхон қори: 1. Ҳозир Европа ва мусулмон дунёсини мутлақ бир-биридан устун ёки кам деб айтиш тўғри бўлмайди. Баъзи масалаларда Европа устунлик қилса, баъзи жиҳатлардан мусулмон олами устунлик қилади. Тафсилотларга киришиш учун эса бу суҳбат кифоя қилмайди.

2. Аллоҳга чин дилдан иймон келтирган ва Ислом динидан тўлиқ хабардор одам бундай деб ўйламайди.

3. Динни ревизия қилиш деган даъво динни юборган Зотнинг шаънига отилган тош бўлади, наузу биллоҳ. Аллоҳ инсониятга Ўзининг охирги динини юборар экан, уни ўзгартириш ёки тузатишлар киритишга ҳеч ўрин қолдирмаган. Аллоҳ Қуръонда бундай деган: “Бугун сизларнинг динингизни мукаммал қилдим ва Исломни сизларга дин бўлишига рози бўлдим”. (Моида сураси, 3-оят). Мусулмон дини одамлар томонидан ўйлаб чиқарилган қонунлар мажмуаси бўлганда у ҳақиқатан ҳам вақт ўтиши билан замон талабига жавоб бера олмай қолган бўларди ва одамлар уни тез-тез тузатиб турган бўлардилар. Аммо динимизнинг асоси Қуръони карим ҳали илм-фан ривожланмаган даврда нозил қилинган бўлишига қарамасдан замон тараққий топган сайин янада кўпроқ ўқиладиган бўлиб бораяпти. Ақлни ҳайратга соладиган бир ҳақиқатга эътибор беринг. Биринчидан, Қуръон ва ҳадислар инсоният ҳаётининг биронта ҳам жабҳасини қолдирмай ўз ичига қамраб олган. Эътиқод, ибодат, муомалот, оила, жамият, илм-фан, маданият, санъат, сиёсат, давлат бошқаруви, миллий ва халқаро муносабатлар ва ҳоказоларнинг барчасига нисбатан Ислом ўз сўзини айтган ва бу ҳукмларнинг асосий мезонлари – таъкидлайман – ўзгармасдир! Иккинчидан, мана шу санаб ўтилган соҳаларнинг ҳаммаси доимий такомиллашув ва ривожланишда бўлади. Таажжубли ери шундаки, дунёнинг тўхтовсиз ривожланиши ва диннинг ўзгармас асослари минг йиллардан бери бир-бирига уйғун ва мутаносиб равишда давом этиб келаётир. Агар дин ва дунё ўртасида номутаносиблик бўлганда эди, Ислом аллақачон ўз-ўзидан ҳаётдан четга чиқиб қолган бўлар эди. Уни ревизия қилган билан ҳам тўғрилаб бўлмас эди. Чунки ревизия ҳам барибир одам ақлининг маҳсули-ку. Бугунги авлоднинг ревизияси кейинги авлодгача эскириб қолади. Оқибатда дин ҳам айрим давлатларнинг қонунларига ўхшаб диктаторлар қўлида ўйинчоққа айланарди. Аммо Ислом ревизия қилишни истайдиган одамларнинг қўли ҳам, ақли ҳам етмайдиган олий мақомдадир.

Исломнинг давомийлиги ва ҳаётийлигининг яна бир сабаби бор. У ҳам бўлса, унинг асосий ўзгармас тамойиллари, адл устунлари орасида ақлли инсонлар учун бўшлиқлар қолдирилганидир. Ана шу кенгликлар орасида Ислом уламолари ижтиҳод қиладилар. Ўзгарувчан замон талабларига мувофиқ равишда йўл-йўриқлар ишлаб чиқадилар. Аллоҳ Исломни шундай юборганки, уни яхши ўрганган олимларда ревизия деган нарсага ҳеч қачон эҳтиёж бўлмайди.

“Биз бу китобда бирорта ҳам нарсани унутиб қолдирганимиз йўқ”. (Анъом сураси, 38-оят).

4. Малайзия давлатининг ривожланишида албатта собиқ Бош вазирнинг хизматлари катта бўлган. Унинг мусулмон олами ҳақида билдирган ҳамма фикрларига ҳам қўшилиб бўлмаса-да, ундан олинадиган фойдалар жуда кўп.

5. Ўзи таъқиблар остида қолаётган диннинг хаёлий кучайтирилиши нима учун сизни ташвишга солаяпти, ҳайронман. Сиз агар демократия ва ошкоралик тарафдори бўлсангиз, нима учун фақат шуларни кучайтириш ҳақида ўйламасдан бошқа соҳани гапираяпсиз? Ёки Ўзбекистонда Ислом дини демократия, ошкоралик ва иқтисодга халақит бераяптими? Асло! Ўзбекистонда давлат ва Ислом худди бўри билан қўзичоқ масалани эслатади.

6. Йўқ унақа деб ўйламайман. Чунки фарзандларимиз ёшликдан бошлаб иймонли ва илмли бўлиб ўсишлари керак. Акс ҳолда бола тарбиясида кеч қолинади. Эътиқод кейинги ўринларда турадиган масала деб ўйлаш ўта зарарли фикр. Эътиқод ва тарбия бир бутун нарса. Эътиқодсиз ўсган бола тарбиясиз бола бўлади. Тарбиясиз болалар кўпайса юртимиз обод бўлолмайди. Бу мамлакатни хароб қилаётган одамлар ҳам ёшликда яхши тарбия олмаган. Шунинг учун ҳам улар ёшларга фойда бўладиган таълим-тарбия йўлларини кенг очиб бермаяптилар.

Агар раҳбарлар жамият ва давлат учун яхши ахлоқнинг фойдалари қанчалик муҳим эканини билсалар эди, ахлоқсизлик келтираётган кулфатларни ҳис қилаётган бўлсалар эди, Туркия ва Европадаги каби ҳам дунёвий, ҳам исломий хусусий мактаблар йўлини очиб қўярдилар. Шу билан бир қаторда давлат мактабларида (мусулмонларнинг фарзандлари учун) Ислом ахлоқи деган фан киритардилар.

Болаларда илмга қизиқиш, ота-она ва катталарга ҳурмат, халққа меҳр-муҳаббат ва шафқат, ҳалолликка интилиш, мазлумларга ёрдам қилиш, саховат, холислик, хақгўйлик каби хислатларни ёшлик чоғидан бошлаб шакллантиришимиз керак. Бировга ҳасад қилиш, худбинлик, молпарастлик, очкўзлик, халққа зулм ўтказиш, ғийбат, ўзи қилган (ёки қилмаган) ишлар билан мақтаниш каби иллатлардан ўзимизни ҳам, фарзандларимизни сақлашимиз керак.

Ёшларнинг чуқур илм ва юксак ахлоқ соҳиби бўлишлари учун бугун, ҳа бугун қаттиқ ҳаракат қилинсагина мамлакат бир неча йиллар ўтиб, иншоаллоҳ обод ва тинч юртга айланади. Одамлар фароғатда яшайдилар. Ҳозир гўёки чўлда турибмиз. Қўлимизда ёш ниҳоллар тайёр. Уларни бугуноқ экишга киришиш зарур. Шунда ўн йиллардан сўнг янги боғларнинг нишонаси кўринади. Аммо сиз айтганингиздек яна ўн йиллар ўтказсак, кўчатлар қуриб битган бўлади. Афсуски, сизнинг сўзларингиз фақат золим ўзбек ҳукуматининг сиёсатини ифодалайди. Ҳукумат – сўзларингизга қараганда эҳтимол сиз ҳам – яқин келажакда халққа йўл бермоқчи эмассизлар. Ёшларга жавр қилаяпсизлар.

Аслида ҳукумат мусулмончилик урф-одатларидан фойдаланган ҳолда тарбия беришни йўлга қўйиши керак. Шунда болаларнинг замонавий илмларни олишларида сезиларли ўсиш бўлади. Аммо сизлар ёшларни диндан қайтарганингиз билан уларнинг дунёвий илмлари орқага қараб кетаяпти холос.

Ахлоқий фазилатларни биз мусулмонлар фақат Ислом дини манбаларидан топамиз. Чунки Пайғамбаримиз: “Мен яхши хислатларни камолига етказиш учун юборилганман”, деганлар (Албоний тахрижи, 45) ва ахлоқнинг ҳозирда жуда кўп одамларда йўқ бўлиб кетган 70 дан ортиқ турларини кўрсатганлар. Оиша онамиз Расулуллоҳ ҳақларида сўралганларида “У кишининг хулқлари Қуръон эди”, деганлар. (Аҳмад ривояти). Шундай экан биз нима учун фарзандларимизни Қуръон ва ҳадис ўргатиладиган тарбия ўчоқларидан узоқлаштиришимиз керак? Сиз болаларни ҳозир айни тарбия оладиган пайтида масжидлардан тўсиб қаерларда тарбия қилмоқчисиз?! Қиморхоналардами? Тунги барлардами?

Агар сизда Қуръон ва ҳадисларда санаб ўтилган яхши хислатларни ҳосил қилишга олиб борадиган бошқа бирор муқобил таклиф бўлса, эълон қилишингиз керак эди. Болаларни бир яхши нарсадан маҳрум қилган одам, ундан кўра яхшироғини бериши шарт. Қани, нима бор халқимизнинг минг йиллар давомида шаклланиб бўлган тарбия услубларининг ўрнини босадиган??..

7. Хоҳ Европа, хоҳ Осиё ёки Америкада бўлсин, ҳар хил давлат ва миллатларнинг яхши хислатларини, улар эришган ютуқларини мусулмон одам ўзлаштириши мумкин ёки лозим. Аслида қаерда бир яхшилик кўрсангиз билингки ўшанинг асл илдизи Исломда. Аммо Исломдан ўзга йўллардан қабул қилинадиган нарсалар ақида, ахлоқ ва ибодатга оид нарсалар бўлмаслиги керак. Чунки бундай нарсалар Исломда мукаммал баён қилиб берилган ва улар ўзгармасдир. Доимий ривожланишда бўладиган, ўзгариб турадиган фойдали дунёвий билимларни эса ўзга диндаги инсонлардан ўрганилиши мумкин.

Bek, CHICAGO: Assalamu aleykum. G’oyib bo’lgan jigarlaringizni qanday ayblari bor bilmayman, lekin inson sifatida sizga va oilangizga Ollohdan sabr tilayman. Savollarim quyidagicha:

1) Nimaga siz yoki sizni shogirdlaringiz boshqa din vakillariga hurmat, ilmiy-izlanishlarga «amaliy» yondoshish va odamlarga Islomni qo’rquv orqali emas, balki go’zallik orqali tarqatish to’g’risida kam so’zlagansizlar.

2) Nega hozirgi O’zbek dinshunoslarni fikrida (afsuski ularni ichiga sizni ham qo’shgan bo’lardim), texnikaga e’tibor yoki texnikaviy rivojlanish to’g’risida umuman bir yetarlik darajada gaplar yo’q?

XIII asrdan – XVI asrgacha esa bizni bobolar ham Qur’on va texnikaviy ilmni birga olib borganlar;

ISLOM bu go’zal din. «Olloh go’zal va u go’zallikni yaxshi ko’radi» lekin afsuski adabiyotlarda va sizni ma’ruzalaringizda shu narsani ko’rish qiyin, ya’ni ukalarimizga Islom to’g’risida bilim berish uchun birinchi ularni qo’rqitamiz, va qo’rqqani uchun ham Islomni go’zallik tomonini ko’ra olmaydilar. Agar, savollarim sizga yoqmasa yoki achchig’ingizni keltirsa sizdan UZR so’rayman. Rahmat!

Обидхон қори: Ғойиб бўлган инсоннинг ўғирланишга арзийдиган айби бўлмаган. Уни мендан ўч олиш учун ўғирлашди. Тилагингиз учун раҳмат.

1. Сиз бизнинг ҳамма сўзларимиз билан мукаммал танишиб чиққан одамдек тутаяпсиз ўзингизни. Аммо бунақа бўлмаса керак. Сўзларингиз ажойиб дейинми, ғалати дейинми, билмадим, ишқилиб жой-жойида эмас. Битта саволингизнинг ўзи 4 қисмдан иборат: 1) сизнинг шогирдларингиз дейиш билан ҳамма ўзбек имомларини менинг шогирдларим деб ўйлаяпсиз шеклли. Ундай эмас. Бошқалар учун мен жавоб бермайман; 2) биз бошқа дин вакилларига ҳурмат билан қараймиз. Агар беҳурматлик ўринлари бўлганда бизнинг мухолифларимиз етарли, сиздан аввалроқ бонг урган бўлардилар; 3) биз мусулмонлар илмий изланишларни доимо олқишлаб келамиз. Тошкентда турли хил соҳа олимларини масжидга таклиф этиб, уларга маърузалар қилдирар эдик. Шунингдек мактаб ва институтларнинг домлалари ҳам бизни талабалар билан учрашувлар ўтказишга тез-тез таклиф қилишар эди; 4) агар биз одамларни Исломдан қўрқитиб қўйганимизда улар биздан қочиб, узоқлашган бўлар эдилар. Воқелик эса мана кўраяпсиз, бунинг акси. Одамлар, айниқса ёшлар бизга кўпроқ интилганлари учун ҳам МХХ ва президент аппарати ходимлари туҳматлар уюштириб биздан қутулмоқчи бўлдилар.

2. Кечирасиз, мен диншунос эмасман. Толиби илмман, алҳамдулиллоҳ. Техникага қанчалик эътиборли эканимизни сиз барибир яхши била олмайсиз. Биз техникавий ривожланиш тўғрисида сиз хоҳлайдиган даражада гапиришимизга ҳожат йўқ деб биламан. Биз техника соҳасида ҳар қанча кўп гапирганимизда ҳам Ўзбекистоннинг фан ва техникаси ривожланмайди. Чунки юқорироқда айтиб ўтдим, юртимиздаги жамики муаммолар бир-бирига боғланиб, битта боши берк, тор, лой кўчага кириб, тиқилиб, ботқоққа ботиб қолган. Уни шу ҳолатда сиз ҳам олиб чиқа олмайсиз. Ўзбекистон худди ярим осилиб қолган компьютерга ўхшайди. Уни фақат озгина қисми ишлаяпти холос. Компьютерни нормал ҳолга келтириш учун одатда бир ўчириб ёқиш керак. Ёки ўчирмасдан яна нимадир қилиш керак. Агар ҳаққоний сайловлар бўлганда эди. Аммо яқин келажакда у нарса ҳам бўлмайди.

3. Гўзалликни ҳар ким табиати ва эътиқодига яраша ҳис қилади. Бойўғли учун боғу роғлар ҳеч қачон гўзал бўла олмайди. Яна кимдир гўзалликни гўзаллик конкурсларидан қидиради. Демак, Исломдаги гўзаллик билан айрим одамлар айтаётган гўзаллик орасида фарқ бор.

Саволларингиз менга ёқмади эмас, ёқди. Ўйлайманки агар шошмасдан ўқисангиз менинг жавобларим ҳам сизга ёқади.

Odiljon Dadajonov, O’sh, Qirg’iziston: Assalomu alaykum Odidjonhojiaka! Sizga savolim quyidagicha: hozirgi vaqtda O’zbekiston mamlakatida din davlatdan ajratilganmi yoki jamiyatdan?

Обидхон қори: Ўзбекистонда дин давлатдан ҳам, жамиятдан ҳам ажратилган.

Uzbechka: Islomda turmush qurish masalalariga to’htalsangiz. Ikki yosh dilidan rozi bo’lishi kerakmi, yoki faqat so’z bilan tasdiq kifoyami?

Обидхон қори: Тил инсон қалбининг таржимони дейишади. Исломда ҳам сўз инсоннинг дилидаги нарсаларни ифода этади. Агар тил қалбга тескари сўзласа, бу мунофиқлик аломати бўлади ва бунинг учун ўша одамнинг ўзи жавобгар бўлади. Ислом одамларнинг қалбини ёриб кўришга буюрмайди. Инсонга сўзлаш ҳаққини беради ва унинг сўзига асосланиб баҳо беради, ҳукм чиқаради. Шундай экан, никоҳланаётган ёшлар албатта дилдан рози бўлган ҳолда тасдиқлашлари керак. Аммо кимдир дилдан рози бўлмаса ҳам тилда розилик берган бўлса, бу аҳд (келишув) қонуний ҳисобланаверади.

Adham Ismatov, Britaniya: Assalomu alaykum hurmatli qori aka. Sizga Allohdan sog’lik wa mustahkam iymon tilayman. Savolim quyidagicha:

Uzbekiston ichidagi wa chet eldagi uzbek musulmon yoshlariga nasihatingiz qanday? Nimalar qilsa din,vatan wa xalqimiz uchun foydaliroq bo’ladi?Internetda darslar uyushtirish niyatingiz bormi? Jawobingiz uchun Alloh rozi bo’lsin.

Обидхон қори: Яхши тилакларингиз учун раҳмат.

Чет элларда яшаётган ёшлар жидддий эътибор беришлари лозим бўлган тўртта нарса бор: дин, тил, илм, тажриба.

Аввало дин ва тил хақида. Хорижга чиқиб кетганларнинг кўпчилиги дину иймонини сақлаш учун кетган. Аммо айрим одамлар хориж муҳити таъсирига таслим бўлиб, дини ва тилига бепарво бўлиб қолиши мумкин. Ватанда йўқотиб қўйишдан қўрқиб олиб қочган Исломни бу ерларда йўқотиб қўйишдан Аллоҳ асрасин.

Ўзбек ёшлари қаерда бўлсалар ҳам иймон ва тақвода, ахлоқда собит туришлари лозим. Исломий билимларини оширишлари, ўз устларида тинмай изланишлари даркор. Шу билан бир қаторда ўзбек тилини йўқотмасликка ҳаракат қилишлари керак. Шу мақсадда ўзбек тилидаги исломий ва дунёвий адабиётларни ўқиб бориш, маърузалар эшитиш ва шулардан фойдаланиб, ўзлари ҳам кўпчилик орасида чиройли гапиришни машқ қилиб боришлари иншоаллоҳ катта фойда беради. Бир-бирига яқин яшайдиган миллатдош ва диндошлар тез-тез учрашиб туришлари, дарслар ва ҳар хил исломий-маданий тадбирлар уюштиришлари иншоаллоҳ яхши бўлади.

Оилали инсонлар фарзандларини ҳам юқоридаги тарзда тарбия қилишлари даркор. Хорижда алҳамдулиллоҳ фарзандингизни қандай тарбия қилишингиз ўзингизга боғлиқ. Болангизнинг Ислом ўрганиши жиноят саналмайди. Бошқаларнинг болаларига ҳам ота-онаси қарши бўлмаса Исломни ўргатишингиз тақиқланмайди. Ўзбекистондаги каби ёшларни йўлдан урди деб қамоққа ташламайдилар. Бу имкониятлардан тўғри фойдаланиш лозим.

Иккинчидан, дунёвий илм ва тажриба ҳақида. Хориж мамлакатларида юрган пайтда ёшлар ишлаш билан бир қаторда бирор олий ўқув юртида ўқиб илм олишлари лозим. Дунёвий ривожланган давлатларнинг ижобий тажрибаларини ўзлаштиришлари зарур.

Бу айтилгандан ташқари ҳижратда юрганлар ўзларининг чиройли хулқлари ва одамийлик хислатлари билан ерли аҳолининг ҳурматини қозонишлари муҳим. Ўзингиз яшаётган мамлакат аҳлининг тилини ўрганишингиз, қонунларини ҳурмат қилишингиз талаб этилади. Исломдан бехабар халқлар Ислом ва Ўзбекистон билан сизу биз орқали танишадилар.

Bahodir, London: Assalomu alaykum va rahmatullohu va barakotuhu. Obidxon aka hozirda mamlakatimizda (Uzbekistonda) din davlat nazorati ostida emas deb ayta olmaizmi? Shuningdek 1999 yilda ochilgan Toshkent Islom Universiteti haqida soramoqchi edim – bu universitetni ochishdan qanaqa maqsad ko’zlangan?

Обидхон қори: Ўзбекистонда Ислом шубҳасиз давлатнинг қатттиқ назорати остида. Тошкент Ислом университети давлат сиёсатини ташвиқот қиладиган “исломий” кадрлар етиштириб чиқариш учун очилган.

Salohiddin Ayyubiy, Angliya: Assalamu aleykum qori aka ! Sizga beradigan savolim shundayki : Uzbekiston vaziyatida yashayotgan musulmonlarga ularni dinini mahkam saqlash va uni keng ommaga yoyish uchun qanday davat maslahatlarini berasiz?

Обидхон қори: Ўзимиз учун ҳам, Ўзбекистон ичида яшаётган оддий мусулмонлар учун ҳам жумладан қуйидагиларга аҳамият бериш фойдали:

1. Ҳар бир оқил инсон ўз эътиқодининг соғлом бўлиши учун ҳаракат қилишга буюрилган. Эътиқодни масалан, “Ақидаи таҳовийя” китобчасида зикр қилинган тартиб бўйича шакллантириш мумкин.

2. Аллоҳ буюрган ибодатларни вақтида чиройли адо этиш, Пайғамбар суннатларини бажариш мусулмоннинг доимий одати бўлиши керак. Ҳаром ва гуноҳ ишлардан тийилиш балолар келишининг олдини олади.

3. Имкониятлар ҳар қанча торайтириб қўйилганига қарамасдан фарзандларга Ислом асосларини ўргатиш зарур. Бунинг учун масжид имомлари ва илмли одамлардан болаларга намоз ва Қуръон ўқишни ўргатишни илтимос ёки талаб қилинади. Илтимослар амалга ошмаса, бу вазифа барибир ота-оналар зиммасидан соқит бўлмайди. Улар ҳаракатдан тўхтамайдилар.

4. Катталарга ҳам, ёшларга ҳам мусулмонлик одоб-ахлоқини тарғиб қилиш ва сингдириш ҳамма замон ва ҳамма маконларда фарздир.

5. Ёшларнинг замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллашларига амалий ёрдам бериш лозим.

6. Қаровчисиз қолиб кетган оилаларга ёрдам уюштириш инсонийлик ва мусулмонлик бурчимиздир.

7. Қамоқхоналарда азоб чекаётганларнинг мушкулини енгиллатиш, уларни озодликка чиқаришга ҳаракат қилиш, улар ҳаққига ҳар куни дуода бўлиш ҳаммамизнинг вазифамиз.

8. Бойлар учун исрофгарчилик ва дунёга берилишдан, кайфу сафога ружу қўйишдан сақланиш зарур. Бундай талаб ҳар биримиз учун, ҳатто камбағал яшаётганлар учун ҳам тегишли. Чунки айрим камбағаллар қаноатни йиғиштириб қўядилар ва турмушда бойларга тенглашишга уринадилар, динларига зарар етадиган даражада дунё ҳақида ташвиш қиладилар.

9. Мусулмонлар бир-бирларини ҳурматлашлари, ўзаро тотувлик, ҳамжиҳатлик ва бирликни сақлашлари лозим. Яхши ва оғир кунларда бирга бўлиш, бир-бирларининг айбларини яшириш, яхшиликларини гапириш динни ҳам мустаҳкамлайди. Ота-оналар болаларига, мусулмонлар бир-бирларига Охиратни, ҳисоб-китобни эслатишлари, бир-бирларини ҳалолликка даъват қилиб туришлари даркор. Охиратдан қўрққан одамгина бировга яхшилик қила олади. “Булар Охират-Охират деяверади!” деб энсаси қотадиганларнинг ўзи ҳеч қачон халққа бирор арзирлироқ йўл кўрсата олмаган.

10. Ниҳоят иймонимизнинг комиллик чўққиларидан бири сабр эканини эслайлик. Юқорида айтилган сўзлар ва ишлар кимларгадир ёқмаслиги маълум. Аммо Аллоҳ кўрсатганидан бошқа йўл йўқ. Аллоҳнинг йўли, Жаннат йўли гуллар ва мақтовлар билан тўшалган эмас. Мақсадга етгунча йўлда учрайдиган ҳам руҳий, ҳам жисмоний азобларга, таънаю маломатларга, азиятларга сабр қилиш ҳаммамизга насиб қилсин.

Sobir: Muhtaram Obid qori aka! Bir musulmon sifatida barcha din, oqim vakillariga Ollohning bandalari sifatida qarash, ularni hurmatlash va sevishga haqqimiz bormi?

Обидхон қори: Дунёда яшаётган ҳар хил миллат вакиллари якка Аллоҳнинг бандалари, Одам ва Ҳаввонинг болалари саналадилар. Инсон зоти борки, у ҳурматга сазовордир. Аллоҳ айтган: “Биз Одам болаларини ҳурматли қилдик…” (Исро сураси, 70-оят).

Одамлар миллат ва халқларга бўлинганларидан ташқари сиз айтганингиздек турли дин ва мазҳабларга ҳам бўлинганлар. Ҳар бир миллат ёки дин вакили ўз миллати ва динини эъзозлайди, яхши кўради. Ўз эътиқодини бошқаларникидан афзал билади. Аммо ўзиникини афзал билиши бошқаларникини камситишга сабаб бўлиши мумкин эмас.

Ҳурмат билан севгининг фарқи бор. Муҳаббат (ёки севги)нинг доираси тор. Ҳурматнинг доираси эса, алҳамдулиллоҳ, жуда кенгдир. Масалан, сиз бировни яхши кўра олмайсиз, аммо буни унга билдирмайсиз. Унинг ҳурматини сақлайсиз. Агар дунёда мана шу ҳурмат деган тушунча бўлмаганда бир-бири билан муроса қилиб яшайдиганлар деярли қолмасди.

Яхши кўриш масаласига келсак, уламолар айтишадики, муҳаббат икки хил бўлади: табиий ва ақлий. Инсон табиатан ўзининг фарзандларини ва яқинларини ёки баъзи таом ва машғулотларни яхши кўради. Бу табиий муҳаббат (яхши кўриш)дир. Ақлий муҳаббат эса Аллоҳ ва Пайғамбар яхши деб таърифлаган инсонлар ва амалларни яхши кўришдир. Инсон дастлаб бу иккинчи ўринда айтилган нарсаларни қалбидан яхши кўра олмаслиги мумкин. Ҳатто, жоҳилллик қилиб, ёмон кўриб юриши ҳам эҳтимол. Аммо ақлини ишлатиш ва тафаккур қилиш жараёнида унда муҳаббат пайдо бўлади.

Инсон ўзига мухолиф одамни яхши кўрмайди. Илло оят ва ҳадислар Аллоҳ яхши кўрган одамни ва йўлни яхши кўришга, Аллоҳ ёмон кўрган одам ва йўлни ёмон кўришга буюрар экан, шошмаслик керак. Яъни, инсон кимнидир ёки ниманидир ўзича яхши кўриб қолиб, шу тушунча билан бирор иш қилиб юбориши охири ўзига зиён бўлиб чиқиши мумкин. “Муҳаббатнинг кўзи кўр” деган нақл шу ўринда ишлайди.

Ёки мухолиф фикрдаги одамни табиатан ёмон кўрганлиги учун ўйламасдан, у ҳақда бирор ножўя сўз айтиб юборса, ўзига ўзи оғир натижаларни “сотиб олиши” ҳам бор нарса.

Ҳадисларда: “Иймоннинг энг маҳкам тутқичи… Аллоҳ учун яхши кўриш ва Аллоҳ учун ёмон кўришдир”, дейилган. (Албоний, ҳасан). Мана шу эътиқод инсонни ҳақ йўлга етаклайди. Ақлли ва сабрли бўлишга ўргатади. Чунки одам боласи ўзининг нафси ёқтирган нарсаси ўзига зарар бўлиб чиқишини кўпинча кеч тушунади. Нафсига ёқмагани учунгина ёмон кўриб юрган нарсалари аслида фойдали эканини тушуниб қолиши мумкин.

Баъзи одамлар ёмон кўришни “ёмонлик қилиш”, “қарши ҳужумга ўтиш” деб хато тушунади. Шундан келиб чиқиб “агар бошқа диндагиларни севиш керак” деб ўргатмасак, ўртада низо чиқади деб ўйлаш хато. Энг тўғри йўл – Аллоҳ кўрсатган йўл. У бошқа диндагиларни севинг деб буюрмайди. Аллоҳ бошқа диндагиларни ҳурмат қилинг, уларга яхшилик қилинг деб буюради. “Аллоҳ сизларга динингиз учун уруш очмаганларга, сизларни юртингиздан қувиб чиқармаганларга яхшилик ва адолат қилишингиздан қайтармайди. Аллоҳ адолат қилувчиларни яхши кўради”. (Мумтаҳана сураси, 8-оят).

Ислом мусулмонлар учун бошқа диндагиларга нисбатан адолатсизлик, алдамчилик, ғирромлик қилишни ҳаром қилади. Аммо сизни уларга муҳаббат қўйишга буюрмайди. Инсон амал қила оладиган йўл мана шудир. Зўрма-зўраки севги ҳосил қилишга уриниш – бошқа диндагиларни қўйиб туринг, бир дин, бир миллат вакиллари, битта юртнинг фарзандлари ўртасида ҳам амри маҳол-ку. Нима учун ўзбек амалдорлари ўз юртининг (ўзининг демаяпман) фарзандларини ёмон кўради? Юртдан қувиб чиқаради? Нима учун баъзилар Исломга қизиққан ёшларни дарров “ваҳҳобий” деб устидан кула бошлашади? Нима учун ҳар хил партиялар ўз мухолифларини қоралаш билан овора бўлади? Ҳолбуки, инсон ўз яқинларидан сўнг ўзининг диндош ва миллатдошларини яхши кўриши, камида ҳурмат қилиши керак эди-ку.

8 июл, 2007 йил
«Би-би-си»