Ғуслдан сўнг намоз учун алоҳида таҳорат олиш шарт эмас

Савол: Ғусл вожиб бўлган киши ғусл қилганидан сўнг намоз ўқиш учун алоҳида таҳорат олиши керакми ёки шу ғусл ҳам ғусл, ҳам таҳорат ҳисобланадими?

Жавоб учун раҳмат.

 

Жавоб: Ғусл ўзи – хоҳ вожиб ғусл бўлсин, хоҳ нафл ғусл бўлсин – Таҳорати кубро, яъни катта таҳорат ҳисобланади.

Биз ўзбек тилимизга кириб кетган таҳорат калимасини асосан кичкина таҳорат маъносида ишлатамиз, аслида кичкина таҳоратни араб тилида «Вузуъ» деб айтилади.

Оиша онамиз розияллоҳу анҳо айтадилар:

 «كان رسول الله صلى الله عليه وسلم لا يتوضأ بعد الغسل». رواه الترمذي وأبو داود والنسائي وابن ماجه وصححه الألباني.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ғуслдан кейин вузуъ – таҳорат қилмас эдилар».

(Абу Довуд, Насоий, Ибн Можаҳ ривоятлари. Албоний: саҳиҳ).

Ғусл қилган одам катта таҳоратни бажо этган бўлиб, унинг ғусли ўз-ўзидан кичкина таҳоратнинг ҳам ўрнини босади.

Имом Бадриддин Айний айтадилар:

«الوضوء الذي هو طهارة صغرى … الغسل الذي هو طهارة كبرى» (البناية في شرح الهداية: 1/80).

«Вузуъ кичкина таҳорат … ғусл катта таҳорат …». (Шарҳи Ҳидоя: 1/80).

Имом Абубакр Ибнул Арабий айтадилар:

«لم يختلف العلماء أن الوضوء داخل تحت الغسل».

«Уламолар вузуъ (яъни, кичкина таҳорат) ғусл остига дохил бўлишида ихтилоф қилмаганлар». (islamweb.net/fatwa/128234).

Фақат бу ерда бир нуқтага эътибор бериш лозим, у ҳам бўлса ғусл қилганда унинг нафақат вожиб амалларини, балки суннатларини ҳам бажарган ҳолда мукаммал ғусл қилиш афзал, ана шунда у ғусл кичкина таҳоратнинг ҳам ўрнини босиши янада аниқроқ бўлади.

Сабаби, баъзи уламолар ғуслда суннат деб ҳисоблаган айрим амалларни бошқа уламолар ҳатто кичкина таҳоратда ҳам фарз деб айтишган.

Шунинг учун, ибодатларимиз Аллоҳнинг наздида ҳусни қабул бўлишини умид қилиб, уламоларнинг ихтилофларини ҳурмат қилган ҳолимизда, имкон қадар барча ибодатларни вожибу суннат амаллари билан мукаммал суратда бажаришга ҳаракат қилишимиз лозим.

Бу мавзуда янада батафсилроқ маълумотга эга бўлишни истаганлар қуйидаги боғламалар орқали мўътабар уламоларнинг фатволари билан танишиб чиқишлари мумкин:

islamweb.net/fatwa/3540

almeshkat.net

al-eman.com

Хулоса шуки, ғусл вожиб бўлган киши ғусл учун ният қилишни унутмасдан, оғиз ва бурунларини яхшилаб чайқаб, барча аъзоларини мукаммал суратда ювиб чиқса, каттаю кичик таҳоратни бажо этган бўлиб, қайтадан таҳорат қилиб ўтирмасдан намоз ўқийверади, то яна таҳорати бузилгунга қадар.

Валлоҳу аълам.

«Ислом Овози» таҳририяти