“Бугуннинг баҳоналари” китобидан шеърлар

Бўлимлар: Шеърлар

Қуйидаги шеърлар доктор Яҳё бин Иброҳим Ал-Яҳёнинг араб тилида ёзилган “Бугуннинг баҳоналари” номли китобидан Обидхон қори томонидан таржима қилинган.

Яхшилик қадри *

Одам ўғлин яхши дерлар ёки ёмон,
Бироқ ким бор, ёмон хулқдан мутлақ омон?!

Бу дунёда ҳеч айби йўқ – яхши, деган
Қани айт-чи, фариштадек ким бор экан?!

Кимнинг агар санай олсанг нуқсонини,
Айбин ёпиб, олгин унинг сен ёнини.

Дунёнинг сири

Дунё дермиш: кимки менга қулоқ солса,
Унга айтар сирларим бор, агар олса.

– Неча-неча дунёсига берилганни,
Даврим келди, деб ўзича керилганни,

Алдаб-сулдаб, тубсиз жарга йиқдим мано,
Олиб бориб қаро гўрга тиқдим мано.

Бойликларни тахладилар саржин-саржин
Мен айладим ҳаммасини парчин-парчин!

Ҳасадгўйлар

Ибн Занжи Бағдодий айтади:

Халқ ичра кезарлар кирлар қидириб,
Жами ёмонликни йиғиб, сидириб.

Айбингни билсалар, ёярлар фақат,
Хислатинг кўмарлар, қилолмай тоқат.

Нуқсонинг топсалар, сайраб, чўқирлар,
Тополмай қолсалар, ёлғон тўқирлар.

(“Оқиллар гулшани”, 178)

“Бахт изласанг…”

Ақл ўргатиб, айтар бугун ким кимгадир:
“Бахт-саодат сукутдадир, “жим-жим!” дадир.

Ўз уйингда тинч яшасанг, маза ҳар кун,
Муҳожиру қувилганга аза ҳар кун.

Бахтинг шулдир – сен ҳаммадан кейин юрсанг,
Қадамингни аста босиб, “хўп!” деб турсанг.

Бахт изласанг, йўқ қил барча эътирозинг,
Ҳайдаб юбор ғазабинггу эҳтиросинг!

Ана шунда топарсан сен бахт қушингни
Ҳушёр бўлгин, йўқотмагин эс-ҳушингни!”

Бу сўзларга жавоб шулки, бу ҳаётмас!
Тирик инсон сен айтгандай музлаб ётмас.

Ҳаёт деган машаққатдир, сўнгра роҳат.
Сенга қолса, ўлик уйқу – истироҳат.

Тирик инсон дину юртга бўлур қалқон!
Ҳур кишилар душманларни қилур толқон!

Билгил, мағлуб косасидан оқар йиринг.
Бўйин эгма, ҳимоя эт ватан, еринг,

Таслим бўлма, майли кетсин йўғу боринг
Лек кетмасин дину иймон, номус-оринг!

Умидсизлар

Во ажабким, умидсизлар менга дерлар:
– Не ҳожатдир тўкишингга бунча терлар?!

Етиб бўлмас чўққи сари уриндинг кўп,
Қаттиқ ерга дон сепарсан, унмас бир чўп!

Дедим: менга ноумидлик бегонадир,
Уруғ мендан, ундирувчи Ягонадир!

Дин – адолат!

“Дин – узлат”, дедилар, мисоли роҳиб,
“Бўлсанг бас, дуою зикрга соҳиб”.

Диннинг бир қисмига келтириб иймон,
Ажабким, бир қисмин кўрурлар ёмон.

Дин асли фарзу нафл, тавба, истиғфор,
Ҳақдан неки бўлса, бунда ўрин бор.

Дин – қудрат, матонат, маърака, майдон!
Даф бўлур ёмонлик, қувилур шайтон!

Дин – Раббинг номи-ла ҳукм юритмоқ.
Ўрнатиб адолат, зулмни қуритмоқ!

*************************************

* Сарлавҳалар таржимон томонидан қўйилган