Ийдул-Азҳо муножоти

Бўлимлар: Шеърлар

2003 йил сўнггида бир неча маҳбус мусулмоннинг озодликка чиққанлари хабари тарқалган кунларда туғилган мисралар

Ҳамдким, кузатдик хайру хўш қилиб,
Зулҳижжа ойининг улуғ тунларин.
Қарши олдик бугун кўнгил хуш бўлиб,
Ал-Азҳо байрамин қутлуғ кунларин.

Мазлуму фақиру маҳбус қулларинг
Ёлвориб сўрайди Қуддус Зотингдан:
Ўзбекистон узра раҳмат гулларинг
Ёғдиргил туганмас баракотингдан.

Сабаб қил биз учун фахру ғурурга
Синовлардан ўтган иродаларни,
Чиқарганинг Ўзинг зиндондан нурга
Қалбимиз парчаси биродарларни.

Варақлар ортидан олис замонлар
Кофирлар зулмидан шикоят қилур.
Ҳақ учун курашган ул паҳлавонлар
Мардлик қиссасидан ҳикоят қилур.

Тарих китобини ёпганим замон,
Во ажаб, кўрдим мен тирик қиссани!
Сатрларда эмас, ҳаётда (!) ҳамон
Мардлар қўшаётган буюк ҳиссани.

Ожиз қилма Раббим, бизни ҳеч қачон
Шакка тушганларга жавоб қилмоқдан.
Адаштирма бизни Ҳақнинг йўлида
Чекилган азобни савоб билмоқдан.

2004 йил, 31 январ
Чимкент