Обидхон қори Собитхон ўғлининг мухтасар таржимаи ҳоли
بسم الله الرحمن الرحيم
- Қори ака ҳаётидан лавҳалар;
- Қори аканинг устозларидан баъзилари;
- Илмий ва тарбиявий силсилалари;
- Болалар тарбиясига эътибори;
- Оила ва қариндошлари;
- Муҳожирлик ҳаёти;
- Ваҳшиёна суиқасд ҳаракати;
- Зулмни инкор қилиш фарз.
Қори ака ҳаётидан лавҳалар
Обидхон қори Собитхон ўғли 1958 йил Наманган шаҳрининг диндор оилаларидан бирида таваллуд топган.
Дастлабки диний таълимни отаcидан, сўнг Наманганда таниқли уламолардан бўлган марҳум Муҳаммадхон махсум домладан олган.
1965-1975 йилларда Намангандаги 16-ўрта мактабни аъло баҳолар билан тамомлаган.
1975-1978 йиллари 3 йил давомида Намангандаги тўқимачилик фабрикасида ишлаган.
1980-1984 йилларда Тошкент Ислом олий маъҳадида таълим олган.
1985-1990 йиллари Тошкентдаги “Тиллашайх” жомеъ масжидида ноиб имом, 1990-1996-йилларда эса “Тўхтабой” жомеъ масжидида имом-хатиб сифатида фаолият юритган.
1993 йилда Саудия Арабистони подшоҳи, қирол Фаҳд ибн Абдулазиз таклифи билан иккинчи марта ҳажга борган.
1995 йили қирол дунёнинг бир қатор уламолари сафида Обидхон қорини исломий кутубхона билан тақдирлаган.
1992-1998 йиллар орасида Қори ака “Озодлик” радиосининг диний дастурида ваъз қилиб, тингловчиларни Қуръони карим тафсири билан таништириб борган.
Халқ ўртасида таъсири ва обрўси ортиб кетгани, мусулмон оламида тобора танилиб бораётгани ўзбек ҳукуматини анчадан бери ташвишга солиб келар эди. Оқибатда ҳукумат Обидхон қори Назаровга нисбатан сохта жиноий иш очди ва таъқибларни кучайтирди. Ниҳоят, 1998 йилнинг 5 март куни Қори ака уйни ташлаб кетишга мажбур бўлди. Давлат раҳбарларининг махфий буйруғига кўра, айнан шу куни милиция ходимлари Обидхон қорини ҳибсга олишлари керак эди. Аммо Аллоҳ Ўзининг қудрати Ислом душманларининг макридан устун эканини яна бир бор намойиш қилди. Ҳукуматнинг яширин режасидан хабардор бўлган холис инсонлар Обидхон қорини ўз вақтида огоҳлантиришга улгурдилар.
Обидхон қори 1998 йил баҳоридан 2000 йил ёзига қадар Ўзбекистонда, 2000 йилдан 2006 йил баҳорига қадар Қозоғистонда яширин ҳаёт кечирди.
2006 йил мартида БМТнинг қочқинлар иши бўйича олий комиссарлиги Обидхон қори Назаровни ўз ҳимоясига олди ва у кишига Швеция давлатидан сиёсий бошпана берилди.
Бу хушхабарни эшитган кўпдан-кўп муҳожир ўзбеклар узоқ-яқиндан Қори аканинг олдига кўчиб келиб, у кишининг илмий ва тарбиявий вфаолиятидан қайтадан баҳра олишни бошладилар.
Аллоҳнинг марҳмати ила, кўп вақт ўтмасдан Қори аканинг Ислом даъвати йўлидаги хизматлари янада кенгайиб, дунёнинг турли мамлакатларида яшаётган ўзбеклар орасида янги-янги дарслари ва асарлари тарқала бошлади.
2007 йил Рамазон ойида «Ислом Овози» деган ном билан очилган вебсаҳифа орқали ҳар куни Қори аканинг маъруза ва савол-жавобларини нашр қилиш йўлга қўйилди.
Қори аканинг мухлислари бу саҳифадан унумли фойдаланиб, ундаги илмларни турли хил ижтимоий тармоқларда ҳам тарқатиб бормоқдалар.
Қори аканинг устозларидан баъзилари;
- Шайх Муҳаммадхон махсум домла раҳимаҳуллоҳ
- Шайх Зиёвуддинхон қори Бобохон раҳимаҳуллоҳ
- Шайх Сирожиддин (Лазгин домла лақаби билан танилган машҳур) устоз раҳимаҳуллоҳ
- Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ
- Шайх Салоҳиддин қори раҳимаҳуллоҳ
- Шайх Зокиржон домла раҳимаҳуллоҳ
- Шайх Яҳёхон қори раҳимаҳуллоҳ
- Шайх Солиҳ Ҳусойн раҳимаҳуллоҳ
- Шайх Али Хашшон раҳимаҳуллоҳ
- Шайх Абдуллоҳ Ғунаймон ҳафизаҳуллоҳ
- Шайх Абдулазиз қори ҳафизаҳуллоҳ
- Шайх Абдулмажид Зиндоний ҳафизаҳуллоҳ
- Шайх Яҳё ибн Иброҳим ҳафизаҳуллоҳ
Қори аканинг илмий ва тарбиявий силсилалари
Қуйида Қори аканинг илмий ва тарбиявий силсилаларидан айримларини эслаб ўтамиз:
- Эътиқод илмига оид маърузалари ва дарслари (50 дарс);
- Қуръони карим тафсири (32 маъруза);
- Ҳадиси шарифлар шарҳи (66 ҳадис);
- «Илм ва уламолар» ҳақидаги маърузалар (30 дан зиёд)
- Гўзал хулқлар силсиласи (87 дарс);
- «Инсон, Ҳаёт, Синов» силсиласи (23 дарс);
- Шайтоний хулқлар силсиласи (44 дарс);
- Рамазони карим силсилалари (160 дарс ва савол-жавоб);
- Ҳар хил соҳалардаги савол-жавоблар (1000 га яқин савол-жавоб);
- Турли муҳим мавзулар ҳақида маърузалар (100 га яқин);
- Бир неча илмий ва тарбиявий китоблар.
Болалар тарбиясига эътибори;
Шайх Обидхон қори Ислом ва мусулмонларга хизмат қилиш учун бел боғлаган кунидан бошлаб доимо болалар тарбиясига жуда катта аҳамият бериб келган. Бу борада бир қанча рисолалар ёзган ва турли мусобақалар ташкил этган.
Кўпдан-кўп ота-оналар ўзларининг фарзандлари Обидхон қори аканинг бошчилигида ўтказилган илмий ва тарбиявий тадбирларда иштирок этаётганликларини кўриб, улардан келажакда иншоаллоҳ умматга улкан хизматлар қиладиган олимлар ва қаҳрамон йигитлар етишиб чиқиши орзусида Аллоҳ таолодан умидвор бўлиб турадилар.
«Ислом Овози» архивларида Қори аканинг болалар билан бирга ташкил этилган ўнлаб тарбиявий видеолавҳалар мавжуд. Уларни иншоаллоҳ келажакда гўзал ва қизиқарли услублар билан эълон қилишни мақсад қилиб қўйганмиз. Аллоҳ таолодан эзгу ниятларимизга муваффақ айлашини ва Ўз даргоҳидан мададу нусрат ато этишини илтижо қиламиз.
Оила ва қариндошлари
Шайх Обидхон қорининг волидаси Муҳаррамхон ая ўз ўғли шайх Обидхон қорига уюштирилган суиқасддан бехабар ҳолда 2012 йил 2 апрел, душанба куни оламдан ўтди. Аллоҳ таоло Ўз раҳматига олиб, жаннатда олий мартабаларга кўтарган бўлсин. (Бу ҳақда таҳририятнинг таъзияси ва марҳум аянинг ҳаётидан муҳим ибратлар билан танишиш учун мана бу ҳаволадан фойдаланиш мумкин.)
Отаси Собитхон амаки, Аллоҳга шукрлар бўлсинки, Наманган шаҳрида соғ-саломат яшаб келмоқда, Аллоҳ таоло Ўз ҳифзида асрасин.
Қори аканинг 6 фарзандлари ва 20 та неваралари бор.
Катта ўғил Ҳусниддин Назаров Ўзбекистон ҳукуматининг хавфсизлик хизматининг махфий аскарлари томонидан 2004 йил 16 май куни ўғирлаб кетилган. Бу жиноят Қори акадан ўч олиш мақсадида амалга оширилган.
Қори аканинг уч укалари бор, улардан иккитаси бир неча йил ноҳақ равишда, фақатгина Қори аканинг қариндоши бўлганликлари учун қамалиб чиқишган. Айни дамда улар ҳам муҳожирликда яшашмоқда.
Қори аканинг қайинакалари Абдурауф амаки ҳам «диний айбловлар» деб номланадиган туҳматлар билан қамоққа олиниб, 10 йилга маҳкум этилган ва бугунги қадар қамоқда қолмоқда.
Қайинукалари марҳум Абдурашид ака 1999 йилги қама-қамаларда ҳибс этилиб, ваҳшиёна қийноқлар туфайли оғир касалликка учраганларидан сўнг 2004 йил озодликка чиқарилган, 2008 йил 38 ёшида вафот этган, Аллоҳ азза ва жалла шаҳидлар қаторида қабул айлаган бўлсин.
Муҳожирлик ҳаёти
Шайх Обидхон қори ака ўзбек муҳожирларини ўз юртларида эриша олмаган тинчлик неъматини ғанимат билишга, диний ва дунёвий йўналишда манфаатли илм ва солиҳ амал билан элу юрт хизмати учун жиддий фаолият кўрсатишга доим даъват этиб келади.
Шайх Обидхон қори ака мусулмонлар ҳаётига боғлиқ барча масалаларда ОАВ (оммавий ахбарот васиталари) билан очиқ мулоқотда бўлиб келган.
Ўзбекистон ҳукумати эса Қори аканинг бутун миллатимизга тақдим этаётган улкан хизматларининг қадрига етиб, ўзбек халқининг буюк уламолари қаторида тақдирлаш ўрнига, нима қилиб бўлса ҳам у кишининг овозларини ўчириш учун, исломий фаолиятларини тўхтатиш йўлида ўзининг расмий ва норасмий жиноий ташкилотлари орқали тинимсиз ҳаракат қилиб келмоқда.
Ўзбек ҳукуматининг МХХси Қори акани узоқ йиллардан буён қўлга олиш ёки ўғирлаб кетиш учун қилган барча ҳаракатлари ва жиноятлари муваффақиятсизликка учраганидан сўнг, энди у кишини жисмонан йўқ қилишга киришгани бутун дунёга фош бўлди.
Ваҳшиёна суиқасд ҳаракати
2012 йил 22 феврал чоршанба куни маҳаллий вақт билан соат 12:30 лар атрофида устозимиз шайх Обидхон қори акага суиқасд уюштирилди.
Бу ҳодиса Швециянинг Стромсунд шаҳрида Қори аканинг ўз уйи йўлагида, у киши пешин намозига чиқиб кетаётган вақтда содир этилди.
Бу ваҳшиёна суиқасд ҳаракати туфайли устоз оғир жароҳат олиб, шифохонага ётқизилди ва ўша кундан буён дўхтирлар назорати остида қолмоқда.
Шифокорларга кўра, Обидхон қори аканинг ҳозирги ҳолатлари барқарор ва борган сари яхшиланиб бормоқда.
Суиқасд ижрочиси деб топилган қотил Юрий Жуковский Россияга қочиб кетган эди. Орадан бир неча йил ўтгандан сўнг Швецияга олиб келиниб 2015 йил 15 декабр куни Остерсунд маҳкамаси томонидан 18 йилга кесилди. Ундан сўнг 2016 йил 1 март куни Сундсвал аппеляцион маҳкамаси Жуковский 18 йллик эмас, бир умрлик қамоқ жазосига лойиқ деб ҳукм чиқарди.
Бу мудҳиш жиноят Ўзбекистон МХХ си томонидан уюштирилганига Қори аканинг мухлислари ва кўплап кузатувчилар шубҳа қилмайдилар. Бу ҳақиқат маҳкама асносида ҳам фош бўлди.
Мустабид ҳукумат мамлакат фуқароларига нисбатан узоқ йиллардан буён бу каби оғир вашҳийликларни амалга ошириб келмоқда.
Қўшимча тафсилотлар ва янгиликлар билан танишмоқчи бўлган биродарлар сайтимизнинг матбуот ва муносабат рукнларини кузатиб боришлари мумкин.
Зулмни инкор қилиш фарз
عن أنس رضي الله عنه قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: انصر أخاك ظالماً أو مظلوماً، فقال: رجل يا رسول الله صلى الله عليه وسلم أنصره إذ كان مظلوماً، أفرأيت إذا كان ظالماً كيف أنصره؟! قال: تحجزه أو تمنعه من الظلم، فإن ذلك نصره. (رواه البخاري والترمذي وأحمد وغيرهم).
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:
«Биродаринг – хоҳ золим бўлсин хоҳ мазлум бўлсин – унга ёрдам бергин!».
Бир киши сўради: Эй Расулуллоҳ, у мазлум бўлса ёрдам бераман. Агар золим бўлса унга қандай ёрдам бераман?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жавоб бердилар:
«Уни зулм қилишдан тўсасан ёки ман қиласан! Ана шу унга ёрдам бериш бўлади».
(Бухорий, Тирмизий, Аҳмад ва бошқа муҳаддис имомлар ривояти).
Зулму туғёнлар қаршисида сукут сақлаб ўтириш на Ислом шариатига ва на инсонийлик хислатларига тўғри келади. Шунинг учун ҳам шайх Обидхон қори ака доимо ҳақ сўзни баралла айтиб келган. Бу эса золим ҳукуматни жуда ҳам қаттиқ безовта қилар эди.
Аллоҳ субҳонаҳу ва таолодан дуо-илтижо қилиб сўраймиз, У Зот устозимизни Ўз ҳифзу ҳимоясида асрасин, душманларнинг кўзини кўр қилсин, отган ўқлари ўзларини ҳалок этсин, устознинг бошига тушган барча мусибатларни Аллоҳ таоло Ўзи кетказсин ва Ўз даргоҳидан комил шифо ато этсин, тез кунларда яна сафимизга қайтиб, Ислом ва мусулмонларга хизмат қилишда бардавом бўлишини насиби рўзи айласин, дунёдаги барча мазлум мусулмонларга нусрату ғалабалар ато этсин.