Прагада хуфтон вақтини қандай аниқлаймиз?

Бўлимлар: 02. Намоз

Савол: Биз сизга бу хатни Чехия пойтахти Прагадан ёзаяпмиз. Бизда ҳозирги кунда яъни 13.06.2009 дан 28.06.2009 гача ҳанафий мазҳаби тақвим китобининг кўрсатишича, хуфтон намози кирмайди. Ундан ташқари хуфтон билан бомдод намози орасидаги вақт 2 дақиқани ташкил қилаяпти. Бундай ҳолатларда биз намозни қандай ўқишимиз керак? Илтимос, бу ҳақда бизга иложи борича тез жавоб юборсангиз. Ҳурмат ва эҳтиром ила Прагадаги мусулмонлар. Аллоҳ сиздан рози бўлсин.

Умиджон.

Жавоб: Аввало қаерда бўлсангиз ҳам яратган Зот ҳузуридаги ибодатларингизни бекаму кўст адо этиш учун қилаётган ҳаракатларингизга бу дунёда ҳам, Охиратда ҳам Аллоҳ Ўзининг ажру мукофотларини ато қилсин.

  • Прага учун намоз вақтлари;
  • Шом ва хуфтон вақти зоҳир бўлмайдиган минтақалар;
  • Намоз вақтини тўғри белгилаш учун нима қилинади?
  • Прага учун намоз вақтлари;

Сизлар яшаётган Прагада намоз вақтларини билиш баъзи ерларда бўлгани каби алоҳида муаммо туғдирмаса керак деб ўйлаймиз. Чунки намоз вақтларини аниқлаш муаммо бўладиган ерлар Шимолий Қутб атрофида жойлашган. Чехия эса Шимолий Қутбдан анча узоқда. Шунинг учун июн ойининг иккинчи ярмида хуфтон вақти кирмайди деб айтилгани хато бўлса керак.

Биз сизларга Прагада намоз вақтларини кўрсатадиган жадвални интернетдаги манзилини юбордик. Яна Чехиядаги исломий ташкилотлар ва масжидлар ҳақидаги маълумотларни ҳам юбордик. Намоз вақтларини аниқлашда уларга боғланишингиз лозим.

  • Шом ва хуфтон вақти зоҳир бўлмайдиган минтақалар;

Маълумки, ер шарининг айрим нуқталарида ёз пайтида шом ва хуфтон намозлари вақти ҳақиқатан зоҳир бўлмайди. Бундай ҳолатда нима қилинади, деган саволга уламолар мана бундай жавоб қилишади. Намоз вақтлари аниқ зоҳир бўлмайдиган минтақада яшаётган мусулмонлар намоз вақтлари аниқ ажрайдиган энг яқин минтақадаги тақвимга риоя қилишади. (Ал-Мавсуатул фиқҳийя, 7/188).

Бу масала татбиқ қилинадиган мамлакатларга мисол қилиб Норвегия, Швеция, Финландия ва Россия каби давлатларнинг шимолий қисмини айтиш мумкин. Шимолий қутбга яқин ерларда ёзда 6 ой кун ботмайди. Ундан пастроққа тушиб, жанубга томон юрилган сайин куннинг узунлиги қисқариб боради. Масалан Швециянинг ўртароқ қисмига келганда кун билан тун бир-биридан ажралади ва кечаси қуёш ботиб, шом вақти аниқ киради, аммо хуфтон вақти аниқ ажрамайди. Стокгольм ва шу чизиқда бўлган шаҳарларда масалан Петербургда ҳам бир неча ҳафта «оқ тунлар» («белые ночи») деб аталадиган муддат бўлади.

Аммо Европанинг кўпчилик давлатларида жумладан, Чехияда ҳам хоҳ ёз бўлсин, хоҳ қиш бўлсин, қуёш ботиб чиқади ва намоз вақтлари ҳам аниқ ажралади.

  • Намоз вақтини тўғри белгилаш учун нима қилинади?

Ҳамма ерда учраши мумкин бўлган бир муаммо шундаки, саҳар пайтини, бомдод ва хуфтоннинг вақтини аниқлашда тажрибасиз одам бир оз қийналиши мумкин. Намоз ўқийдиган одам қуёшнинг чиқиш ва ботиш вақтларини кузатиб, намоз вақтларини аниқ билиши лозим. Бу фарз.

Намоз вақтларини (айниқса тонг ота бошлаганини) тўғри белгилаш учун инсон қуйидаги ишларни қилиши керак бўлади:

1. Фалакиёт ҳайъатлари тузган жадвалллардан фойдаланиш;

2. Маҳаллий исломий идораларга боғланиш;

3. Тақвим ва жадвалларга амал қилиш пайтида уларнинг ўзи яшаётган минтақага мос тушишини текшириб олиш.

Бунинг учун намоз ўқийдиган инсон тонг отиш пайтини, қуёшнинг чиқиш ва ботиш вақтини кузатиши зарур. Агар тақвимлар шубҳали туюлаётган бўлса, кенг ва очиқ дала-майдонга бориб ёки баланд ерга чиқиб саҳар пайти қачон бўлишини кузатиш лозим. Шунда мавжуд тақвимлардан қайси бири ўзининг яшаётган ерига мос келиши маълум бўлади.