“Тақдирлар” рукнимизда навбатдаги қаҳрамонимиз ўзбекистонлик таниқли уламо Обидхон қори Назаровдир (3)
Ўзбекистонликлар мустақилликдан аввал ҳеч қачон миллионлаб сонда ва бутун бошли оиласи билан муҳожиротда кун кечиришмаган. Шўролар Иттифоқи қулаши ортидан кузатилган оғир иқтисодий шароит сабаб юз минглаб фуқаролар ўз оилаларини боқиш учун бирор бир иш топиш илинжида муҳожиротга юз тутишмоқда. 2005 йил 13 май ойидаги Андижон қирғини эса, мамлакатда қолган деярли барча эркин фикрли зиёлийлар, мустақил журналистлар, инсон ҳуқуқлари фаоллари ва мухолифат аъзоларини оилавий бўлиб Ўзбекистонни тарк этишларига мажбур қилган. Шундай экан, мажбурий муҳожирот ортидан ўзбекистонлик муҳожирларнинг йўқотганларию топганлари нима бўлди? Муҳожирлик ҳаёти уларнинг оилаларию фарзандларининг тақдирида қандай акс этмоқда? Уларнинг бугунги кечмишларию эртанги кунга бўлган умидлари қандай? «Тақдирлар» рукнимиз ўзбекистонлик ана шундай турфа тоифа муҳожирларнинг ҳикояларига асосланган. Навбатдаги қаҳрамонимиз бир неча йилдан буён Оврўпо давлатларидан бирида муҳожиротда истиқомат қилаётган таниқли уламо Обидхон қори Назаровдир:
8-қисм
Инсон нимаики неъматга эришган бўлса, бу Аллоҳдандир. Аммо Аллоҳ тақдир қилган бу имкониятларнинг зоҳирий сабаблари одамлар, ташкилотлар ёки давлатлар кўринишида намоён бўлади. Ризқ берувчи, тақдир битувчи – Аллоҳ. Оврўпо давлатига келганимиздан сўнг биз эришган энг катта неъмат диний фаолиятимизни бемалолроқ давом эттириш имконияти бўлди. Бу ерда масжид ва исломий мактаб ташкил қилиш, болалар учун хусусий боғчалар очиш, хоҳлаганча китоблар чоп этиш, газета-журналлар чиқариш, турли ташкилот ва бирлашмалар тузиш, шахсий завод-фабрикаларга, катта бизнесга эга бўлиш ва ҳоказо ишларга йўл очиқ. Бу ерда билимингиз ва мутахассислигингиз бўлса, сиз жуда қадрли одам бўласиз. Билимингиз бўлмаса, ўқишингиз учун шароит яратиб беришади, пул тўлашади – илм оласиз. Бу ерда ҳамма меҳнат қилади ёки ўқийди. Меҳнатига яраша ҳақ олади. Биз каби ўзга мамлакатдан келганларнинг ҳақ-ҳуқуқлари қонунда ерли аҳоли билан баб-баробар қилиб қўйилган.
9-қисм
Бу ердаги ижтимоий адолат Ўзбекистон учун ўрнак бўладиган даражада. Бу тартибларни кўриб тарих китобларида ўқиганларимиз эсга тушади. Инсоннинг бу дунёдаги ҳаёти, фаровонлиги учун Ислом динимиз кўрсатмаларининг қанчалик зарур ва фойдали эканига иқрор бўламиз. Бу ернинг аҳолиси Ислом динига эътиқод қилмаса ҳам, давлат ва жамият бошқарувининг жуда кўп жабҳаларида, айниқса ижтимоий адолат соҳасида Ислом дини талаб қилган меъёрларни қўлламоқда. Ушбу мамлакатдаги кўпгина тартиблар бир пайтлар мусулмонларда амалда бўлган. Бу ердаги сўз эркинлигини мушоҳада этиб, бир Ўзбекистондаги юқоридан белгилаб бериладиган расмий фикрни, бир халифалар замонидаги эркинликларни кўз олдингизга келтирасиз. Бу мамлакатдаги мухбир ва журналистларнинг таъсири шунчалик юқорики, буни кўриб мен қадим замонлардаги уламоларнинг мавқеларини эслайман. Уламолар ўша даврларда давлат бошлиқларига бемалол ўз сўзларини айтар, насиҳатлар қилар эдилар. Ўша пайтларда подшоҳлар уламолардан чўчиб туришган. Уламолар худди бугунги матбуот каби халқнинг ташвишу қувончларини, орзу умидларини ифода этишган. Машҳур олимлардан Имом Авзоий вафот бўлганларида шаҳар ҳокими у кишининг қабри устида шундай деган экан: «Эй Имом, Аллоҳ сизни Ўз раҳматига олсин, Аллоҳга қасамки, мен ўзимни бу мансабга тайинлаган одамдан кўра кўпроқ сиздан қўрқар эдим». Яъни ҳоким уни тайинлаган халифадан эмас, бирор мансаби йўқ бир олимнинг ҳақ сўзидан чўчир эди. Бу мисол ўша замон аҳлининг сўз ва эътиқод эркинликлари қай даражада бўлганини кўрсатади.
10-қисм
Бугун бу ерда матбуот шунга ўхшаш вазифани бажармоқда. Бу ерда ҳам давлат бошлиқлари, амалдорлар матбуотдан жуда-жуда эҳтиёт бўлишларини кўрдик. Матбуот ва суд мустақил кучга эга. Амалдорлар ҳам шунга мослашган. Улар тўғри ишлашга ҳаракат қилади ва матбуот билан бемалол мулоқот қилишга ўрганган. Оддий мухбирлар ҳам давлат раҳбаридан заррача чўчимайди. Агар телевидениеда Бош вазир билан бир журналист суҳбат ўтказаётган бўлса, уларнинг ўзини тутишини кўриб, Бош вазирдан кўра журналист эркинроқ деб ўйлайсиз. Давлат раҳбари матбуотга таъсир ўтказишни хаёлига ҳам келтирмайди. Агар шундай қилишга салгина уринса, обрўси тўкилади. Бирор мансабдорнинг қандайдир айби билиниб қолса, ҳамма ёқда шов-шув кўтарилиб кетади. Одамлар матбуотга қаттиқ боғланган. Оддий инсонлар каби мен ҳам атрофдагиларни кузатар эканман, уларнинг кўзга ташланиб турадиган алоҳида сифатларига эътибор қаратаман. Инсонга баҳо беришда ҳар кимнинг ўзига хос ўлчов меъёри бўлади. Мен учун инсоннинг (хоҳ у мусулмон бўлсин, хоҳ мусулмон бўлмасин), адолатга муносабати муҳимроқдир. Чунки мана шу нуқтада Одам боласининг маънавий қиёфаси яққол намоён бўлади. Агар инсон мусулмонман десаю адолатни яхши кўрмаса, ҳаётда адолатга интилиб яшамаса, у куфрга яқинлашиб, Аллоҳдан узоқлашаётган одам бўлади. Чунки Аллоҳнинг исмларидан бири Ал-Адлдир. Адлни ёқтирмаган, адлга интилмаган одам ўзи биладими, билмайдими Аллоҳни ёқтирмаётган, Унга интилмаётган, балки Ундан узоқлашаётган, жаҳаннамга яқинлашаётган одамдир.
11-қисм
Агар инсон кофир бўлса ҳам адолатни ёқтирса, унга интилса, одамлар унга ўзларини яқин оладилар. Мусулмонлар учун ҳам бу инсон эътиборли ва қадрлидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам адолатли инсонларни мақтаганлар. У зот Макка мушрикларининг мусулмонларга нисбатан таъқиблари, қийноқлари ҳаддан ошган пайтда ҳимоясиз инсонларни Ҳабашистонга ҳижрат қилишга буюрган эдилар. Ўшанда Пайғамбар алайҳиссалом насоро динида бўлган ҳабаш ҳукмдори Нажошийни адолатли подшоҳ деб мақтаганлар. Бугунги кунда кўплаб мусулмонларнинг Оврўпо давлатлари каби насроний мамлакатларга ҳижрат қилишлари мана шунга қиёсланади.
Қуръони каримда айтилади:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا كُونُوا قَوَّامِينَ لِلَّهِ شُهَدَاءَ بِالْقِسْطِ وَلا يَجْرِمَنَّكُمْ شَنَآنُ قَوْمٍ عَلَى أَلا تَعْدِلُوا اعْدِلُوا هُوَ أَقْرَبُ لِلتَّقْوَى وَاتَّقُوا اللَّهَ إِنَّ اللَّهَ خَبِيرٌ بِمَا تَعْمَلُونَ [ المائدة: 8 ]
«Эй иймон келтирган зотлар, Аллоҳ учун адолатга гувоҳ бўлган ҳолингизда ҳақ билан ҳамиша қоим турингиз . Бир қавмга бўлган нафратингиз сизларни адолат қилмасликка олиб бормасин. Адолатли бўлинг. Бу тақвога яқиндир. Аллоҳдан қўрқингиз. Шубҳасиз Аллоҳ ҳамма қилаётган ишларингизни яхши билувчидир.» (Моида, 8).
Муфассирлар бу оят тафсирида айтишади: «Хоҳ дўст бўлсин, хоҳ душман бўлсин, ҳар бир инсон учун адолатли бўлинг». (Ибн Касир).
Бундан кўринадики, дўсту душманга баробар адолатли бўлиш Аллоҳдан қўрқадиган одамларнинг сифатларидир.
Биз бу ерга келгунимизча ҳам, бу ерга келиб ҳам адолат ва ҳақиқат ҳақида кўп ўйлаймиз, суҳбатлашамиз. Ўзбекистонда мен мусулмонман деб туриб ўзининг халқига ноҳақ жабр қилаётган, одамларни иқтисодий оғир аҳволга солиб қўйган, мусулмонларни ҳанузгача қамоқларга ташлаётган, қийноқларга солаётган, ўлдираётган ҳукумат билан бу ернинг мусулмонликка ҳеч қандай алоқаси йўқ, аммо мусулмонларнинг ҳуқуқларини ҳурмат қилаётган ҳукуматини таққослаймиз ва Аллоҳнинг ҳикматли ишларидан таажжубга тушамиз.
Давоми бор…
Манба: Би-би-си