“Тақдирлар” рукнимизда навбатдаги қаҳрамонимиз ўзбекистонлик таниқли уламо Обидхон қори Назаровдир (2)

Бўлимлар: Радиосуҳбатлар

Ўзбекистонликлар мустақилликдан аввал ҳеч қачон миллионлаб сонда ва бутун бошли оиласи билан муҳожиротда кун кечиришмаган. Шўролар Иттифоқи қулаши ортидан кузатилган оғир иқтисодий шароит сабаб юз минглаб фуқаролар ўз оилаларини боқиш учун бирор бир иш топиш илинжида муҳожиротга юз тутишмоқда. 2005 йил 13 май ойидаги Андижон қирғини эса, мамлакатда қолган деярли барча эркин фикрли зиёлийлар, мустақил журналистлар, инсон ҳуқуқлари фаоллари ва мухолифат аъзоларини оилавий бўлиб Ўзбекистонни тарк этишларига мажбур қилган. Шундай экан, мажбурий муҳожирот ортидан ўзбекистонлик муҳожирларнинг йўқотганларию топганлари нима бўлди? Муҳожирлик ҳаёти уларнинг оилаларию фарзандларининг тақдирида қандай акс этмоқда? Уларнинг бугунги кечмишларию эртанги кунга бўлган умидлари қандай? «Тақдирлар» рукнимиз ўзбекистонлик ана шундай турфа тоифа муҳожирларнинг ҳикояларига асосланган. Навбатдаги қаҳрамонимиз бир неча йилдан буён Оврўпо давлатларидан бирида муҳожиротда истиқомат қилаётган таниқли уламо Обидхон қори Назаровдир:

4-қисм

Касбий режаларим ҳақида сўрадингиз. Озгина илм соҳиби бўлган ҳар бир мусулмон ўз яқинлари, фарзандлари, шогирдлари ва умуман ёшларнинг ҳамма томонлама етук инсонлар бўлиб тарбияланишларида ўз ҳиссасини қўшиши вожиб. Бу йўлда оддий мусулмон инсон сифатида мен ҳам кўп меҳнат қилишим лозим. Ёшларнинг ҳам исломий, ҳам дунёвий илм ва тарбия олишлари учун бор имкониятимиздан унумли фойдаланишимиз, янада кенгроқ имкониятлар ҳосил қилишга интилишимиз зарур. Биз бу ерда эркаклар учун ҳам, аёллар учун ҳам, ёш болалар учун ҳам алоҳида-алоҳида кундалик ва ҳафталик дарслар, машғулотлар уюштирганмиз. Вақти-вақти билан турли тадбирлар, мусобақалар ўтказамиз. Интернет саҳифа орқали (www.islomovozi.com) савол-жавоблар қилишни йўлга қўйдик. Яна амалга оширишимиз лозим бўлган қатор режаларимиз бор. Жумладан, турли фанлар бўйича тайёрланиши керак бўлган китоблар, дарсликлар, ўқув қуроллари, шунингдек, босиб чиқарилишини кутаётган бир қатор ишлар турибди. Маълумки, Ўзбекистонда мусулмон халқимизнинг ўз динларини бемалол ўрганишлари йўлида қўйилган сон-саноқсиз сунъий тўсиқлар мавжуд. Агар биз уларни бартараф этишга ҳозирча кучимиз етмаётган бўлса, нимадир рўй беришини кутиб ўтирмасдан, қўшимча муқобил имкониятлар топиб, олдинга кетиш йўлларини топишимиз лозим. Топганларимизни бошқаларга ўргатишимиз, оммалаштиришимиз керак.

5-қисм

Биз ер юзининг қайси бурчагида турган бўлмайлик, меҳнатдан бир зум тўхтамаслигимиз шарт. Бу ишлар Аллоҳ буюрган солиҳ амаллар эканини ҳисобга олсак, ибодат ҳамдир. Биз бугун қаерда бўлсак ҳам агар Аллоҳдан тақво, Охиратдан умид қилган ҳолимизда илм олсак, илм берсак, ибодат ва ҳалол меҳнатда давом этсак, одамларни ҳақ йўлга чақирсак, уларга дин ва дунё ишларида холис ёрдам берсак, Аллоҳ ва Пайғамбар буюрган савобли ишларни тезроқ ва кўпроқ амалга оширишга ҳаракат қилсак, бу ишларимиз Ўзбекистон халқининг бугуни учун ҳам, келажаги учун ҳам хизмат бўлади. Биз бор имкониятимизни ишга солсак, тўғри ва ибратли иш олиб борсак, бу Ватанимиздаги инсонлар учун тажриба вазифасини ҳам ўтайди. Умид этамизки, Ўзбекистонда яшаётган мусулмонлар ҳам ўз фарзандларини ҳукумат органларидан қўрқмасдан Ислом динига ўргата оладиган замонлар келади. Болалар учун исломий мактаблар ёки давлат мактабларида исломий дарслар ташкил этилади. Хусусий университетлар очилади. Шахсий завод-фабрикалар пайдо бўлади ва ривожланади. Матбуот, радио-телевидение эркин бўлади. Иқтисодни бўғиб турган чангаллар олиб ташланади. Халқ хўжалагининг барча соҳалари юксалиб, иншоаллоҳ кучли тараққиёт содир бўлади. Биз ана шундай кунлар учун бугун меҳнат қилишимиз зарур. Ўзбекистон бир кун келиб озод бўлсаю халққа хизмат қиладиган етук мутахассислар бўлмаса, бугунги ёшлар чаласавод, молпараст, шуҳратпараст, ҳукумат истагандек ахлоқсиз, динсиз ва модапараст бўлиб ўссалар, аҳвол яна ўз-ўзидан эски замонга қайтиб қолади.

6-қисм

Мардикорчилик уят иш эмас. Аммо ишга яроқли аҳолининг аксарияти шундан бошқа ишнинг уддасидан чиқа олмаса ёки шундан бошқа ишнинг ўзи бўлмаса, миллатда ривожланиш бўлмайди. Агар халқимиз, асосан ёшлар ҳам исломий, ҳам дунёвий билимлар соҳиби бўлишга интилмасалар, ҳукумат устига яна сиёсий қолоқ, табиатан шафқатсиз шахслар келади. Ундайлар бурнининг тагидан нарини кўра олмайдиган қалби кўр, ақли фақат шахсий манфаатлар учунгина ишлайдиган нафс бандалари бўлади. Бугунги ёшлар эртанги раҳбарлардир. Шунинг учун улар ҳозирдан бошлаб кенг ва чуқур билимлар соҳиби бўлишлари, ахлоқан намунали инсонлар бўлиб тарбия топишлари лозим. Бугунги дунё кечагисидан кескин ва тубдан фарқ қилади. Эртангиси ҳам бугунгисидан шундай фарқли бўлади. Тараққиётнинг табиати шундай. Дунё сиёсати ҳам шу зайлда ривожланади. Буни биз одамлар ҳам, раҳбарлар ҳам тан олишимиз керак бўлади. Қаранг, кечаги куннинг (бугуннинг ҳам) энг зўр раҳбарлари учун хос бўлган сифатлар нималардан иборат? Бу инсонлар учун халқни алдаш, мамлакат бойлигини оилавий ўзлаштириш, диктатура, халқдан бегоналик, инсонийлик ва ахлоқ бобида фақирлик, ўзгача фикрга тоқатсизлик, динга беҳурматлик, мусулмонларга нисбатан хасислик ва паст назар билан қараш умумий белгилар бўлиб қолган. Аммо биз эртанинг омадли ва ақлли раҳбарлари учун хос бўлган хислатлар қуйидагилардан иборат бўлади деб умид қиламиз: иймон ва ахлоқда ибрат, халқ билан бирга яшаш ва фикрлаш, турли дунёқарашларга сабр-тоқатлилик, диний ва дунёвий билимлардан етарли бохабарлик, фуқароларга раҳм-шафқат кўрсатиш ва кечиримли бўлиш…

Давоми бор…

Манба: Би-би-си