“Тақдирлар” рукнимизда навбатдаги қаҳрамонимиз ўзбекистонлик таниқли уламо Обидхон қори Назаровдир (1)

Бўлимлар: Радиосуҳбатлар

Ўзбекистонликлар мустақилликдан аввал ҳеч қачон миллионлаб сонда ва бутун бошли оиласи билан муҳожиротда кун кечиришмаган. Шўролар Иттифоқи қулаши ортидан кузатилган оғир иқтисодий шароит сабаб юз минглаб фуқаролар ўз оилаларини боқиш учун бирор бир иш топиш илинжида муҳожиротга юз тутишмоқда. 2005 йил 13 май ойидаги Андижон қирғини эса, мамлакатда қолган деярли барча эркин фикрли зиёлийлар, мустақил журналистлар, инсон ҳуқуқлари фаоллари ва мухолифат аъзоларини оилавий бўлиб Ўзбекистонни тарк этишларига мажбур қилган. Шундай экан, мажбурий муҳожирот ортидан ўзбекистонлик муҳожирларнинг йўқотганларию топганлари нима бўлди? Муҳожирлик ҳаёти уларнинг оилаларию фарзандларининг тақдирида қандай акс этмоқда? Уларнинг бугунги кечмишларию эртанги кунга бўлган умидлари қандай? «Тақдирлар» рукнимиз ўзбекистонлик ана шундай турфа тоифа муҳожирларнинг ҳикояларига асосланган. Навбатдаги қаҳрамонимиз бир неча йилдан буён Оврўпо давлатларидан бирида муҳожиротда истиқомат қилаётган таниқли уламо Обидхон қори Назаровдир:

1-қисм

Мусулмон инсон Аллоҳ битган тақдирга иймон келтирган одам сифатида бошидан ўтган кунларга рози бўлади. Бу ўринда афсусланиш деган иборани қўллашга ҳеч бир ҳожат йўқ деб ўйлайман. Агар афсусланиш деган сўзни қўллаш керак бўлса, мен Ўзбекистонни тарк этганимдан эмас, балки Ўзбекистонда яшаётгани ҳолда оддий ҳуқуқларидан маҳрум этилган миллионлаб одамларнинг бошига тушган кулфатларни даф этиш чораси топилмаётганидан афсус чекишимиз керак деб айтаман. Агар муҳожирларга яқинларининг дийдори, тўй маъракаси эслатиладиган бўлса, бу эслатмалар учун раҳмат айтиб, сўнггидан шуни таъкидлаймизки, Ўзбекистонни ташлаб чиқиб кетиб эмас, балки Ўзбекистондан кетмай туриб, минглаб мусулмонлар ўз яқинларининг дийдорини кўришдан ва тўй маъракаларида иштирок этиш имкониятидан маҳрум этилдилар. Минглаб диний-сиёсий тутқун ҳали ҳам қамоқхоналарда азоб чекмоқда. Қолаверса менинг ўзимдан ҳам ҳали Ўзбекистонда турган пайтимдаёқ бу имкониятларим тортиб олинган эди. Биз-ку алҳамдулиллоҳ, Ўзбекистонни тарк этиб деярли ҳеч нарса йўқотмадик. Аксинча бир қатор ютуқларга эришдик. Ўн йиллик таъқиблардан сўнг омон қолган биродарларимиз ва фарзандларимиз билан бемалол масжидда жума намози ўқиш бахтига муяссар бўлдик. Эркаклар, аёллар ва болалар динимиз ва дунёмиз учун зарур билимларни олиш, Раббимизга бемалол ибодат қилиш, эркин ҳалол меҳнат қилиш шарафига эришдик. Нимаики йўқотган бўлсак, ҳали Ўзбекистонни тарк этмасдан туриб йўқотган эдик. Энг катта йўқотиш Оқил, Фаррух, Ҳусниддин каби ёш мусулмонларнинг хавфсизлик кучлари томонидан ўғирлаб кетилиши бўлди. Бизнинг маълумотларимизга кўра, бундай дом-дараксиз кетган инсонлар 100га яқин кишини ташкил қилади.

2-қисм

Ҳозир Ўзбекистонда хорижга кетганларнинг орқасидан иш олиб бораётган доиралар бор. Улар аслида хорижни қўйиб, ичкаридаги аҳвол ҳақида жиддий ва холис бош қотиришлари зарур эди. Ўғирланганларни ва ҳамма қамалганларни уйларига қайтаришлари керак. Сиёсат ва иқтисодда халқни эркин қўйиш лозим. Шунда хориждагилар ҳам ўз-ўзидан уйига қайтиш тараддудига тушади, иншоаллоҳ. Аммо давлат бундай бўлишини хоҳламаслиги аён бўлмоқда. Давлат хорижга пул топиш учун кетган, мусофир юртларда ниҳоятда оғир шароитларда ишлаб яшаётган миллионлаб ўзбекистонликларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш чораларини кўриши керак эди. Аммо бу ишни ҳозирги ҳукумат амалга ошириш нияти йўқ. Қанча-қанча ўзбек Россияда ўлдириб кетилаётган экан, бундан биронта амалдор заррача ташвиш билдирмаяпти. Агар Тошкентда рус миллатига мансуб иккита шахс ўлдириб қўйилса, Россия президенти ҳамма ёқни оёққа турғазади. Рус элчиси Ўзбекистон ерида туриб дўқ ура бошлайди. Аммо ўзбек ҳукумати ўз фуқароларининг Россияда хорланаётганидан орланмаяпти. Айтиш мумкинки, миллионлаб фуқароларнинг четга оқиб чиқиб кетаётганларини амалдаги ҳукумат ўзи учун фойда деб билаяпти ва бу ҳолатни жимгина қўллаяпти, рағбатлантираяпти. Нега деганда амалдорлар назарида 30 миллионга яқинлашиб бораётган аҳолини тинч-омон бошқариш, иқтисодий-ижтимоий жиҳатдан барқарор таъминотни йўлга қўйиш амалга ошириб бўлмайдиган қийин ишдир. Бу муаммони халқ фойдасига ҳал қилиш ўзларининг қўлларидан келмаслигини давлат раҳбарлари тушунадилар. Улар масалани ўз фойдаларига ҳал қилишнинг ягона йўли сифатида миллионлаб одамларнинг Ўзбекистондан кетишга мажбур қиладиган муҳитни пайдо қилиш деб биладилар ва ҳозир бу режани амалга оширмоқдалар. Аммо бу ҳолат ҳукумат амалдорлари умид қилган натижаларга олиб келмайди.

3-қисм

Ичкаридаги ҳаётнинг тўлиқ изга тушиши жуда муҳим масала. Биз бу ерда кўпроқ шу ҳақда сўзлашамиз. Биз ҳар куни намоз ўқиганимизда қамалган ва йўқолган мусулмонлар ҳақига дуо қиламиз. Биз афсуски, уларни озод этиш учун бирор амалий чора кўришдан ожиз қолмоқдамиз. Аммо ҳар куни улар ҳақига хос дуо қилишдан чарчамаймиз, иншоаллоҳ. Бизнинг назаримизда Ўзбекистон ташқарисидан туриб таъсир ўтказиш имкониятига эга бўлган ташкилотлар ва шахслар Ўзбекистондаги вазиятга юзаки ва бир томонлама қарамоқдалар. Европа Иттифоқи мулозимларининг Ашхободда Марказий Осиё давлатлари, жумладан, Ўзбекистон расмий вакиллари билан учрашувлари вазиятнинг яхши томонга ўзгармаётганини кўрсатади. Аксинча, аксар Ғарб давлатлари томонидан икки ёқлама сиёсат олиб борилаётгани маълум бўлиб турибди. Агар Ўзбекистон ичкарисидаги ҳаёт сиёсий, иқтисодий, диний, ижтимоий жиҳатдан ислоҳотлар йўлига бурилса, иншоаллоҳ аҳвол тезлик билан яхшиланишга бошлайди…

Давоми бор…

Манба: Би-би-си