Ўзбекистонда Обидхон қори Назаров тарафдорларига қарши янги кампания бошланган
Айни пайтда Ўзбекистон телевидениеси «Ёшлар» канали 24 август куни муҳожиротдаги таниқли имом Обидхон қори Назаровнинг шогирди экани айтилган шахсни диний экстремизм билан бир қаторда ҳамжинсбозлик ёки гомосексуализмда айбловчи кўрсатувни намойиш этган.
Унда Забихулло Акбаров Обидхон қорининг кўрсатмаси асосида диний экстремистик гуруҳ тузгани ва унинг аъзолари билан жинсий алоқада бўлгани даъво қилинади.
Ўзбекистон қонунчилиги гомосексуализм учун жиноий жазони кўзда тутади. Ўзбекистон ҳукумати Тошкентдаги Тўхтабой масжидининг собиқ имомини ваҳобийлик оқими раҳманоси сифатида айблайди.
Би-би-си ҳозирда Швецияда яшаётган Обидхон қори Назаровдан Забихулло Акбаровни танийсизми деб сўраган:
«Бизнинг масжидга келган одамлар жуда ҳам кўпчилик бўлишган. Уларнинг ҳаммасини эслаш қийин. Агар таниқли, илмли ёки ҳаракатчан инсон бўлганда, албатта, ҳукумат уни эртароқ қамаган бўларди. Аллақачон унинг номи чиққан ё ўлдирилган ёки қувилиб кетган бўлади. Булар энди ҳукуматнинг ўзи топган, ўзи гапиртирган одамлар бўлса, керак», дейди Обидхон қори Назаров.
Ҳукумат томонидан қилинаётган ушбу ҳатти-ҳаракатларни Обидхон қори Назаров «жон талвасасида» қилаётган ишларидан бири дея баҳолайди.
«Ҳукуматни қилмаган иши қолмаяпти. Бу жон талвасасида қилаётган ишларидан биттаси. Аввал варақа чиқди, деб бошлади. Кейин граната бўлди, кейин автомат… Мана шундай нарсалар давлат томонидан қилинаётган, мақсадига эришолмаган, алам устида, зарда, аччиқ билан, ғазаб билан қилинаётган амалларидан биттаси», дейди у.
Ўзбекистон давлат матбуоти Тошкентдаги «Тўхтабой» масжиди собиқ имоми Обидхон қори Назаровни бундан олдин бир неча бор диний-экстремистик ҳаракатларда айблаган.
Обидхон қори Назаровнинг ўзи эсктремистларга алоқаси борлиги ҳақидаги айбловларни ҳар доим рад этиб келади.
Манба: Би-би-си
Сана: 29 август 2011.
Қуйида аудио сийғасида тинглашингиз мумкин.
Podcast: Play in new window | Download