Довудхон Обидхон ўғли: «Дадамнинг аҳволи оғирлигича қолмоқда»
Ўзбекистонлик таниқли имом Обидхон Назаровнинг ўғли Довудхон Би-би-си билан суҳбатда дадасининг аҳволи ҳамон оғирлигича қолаётганини айтди.
Обидхон Назаров бир ой муқаддам Швеция шимолидаги Стромсунд шаҳарчасида номаълум қуролли шахс томонидан отиб кетилган эди.
Ўзбекистон ҳукуматининг ашаддий танқидчиларидан бўлган 54 ёшли Обидхон қори Назаров 2006 йилда Швециядан сиёсий бошпана олган.
Охирги йилларда Обидхон Назаров 30 дан ортиқ ўзбекистонлик муҳожирлар оилалари билан Стромсунд шаҳарчасида истиқомат қилиб келаётганди.
Обидхон Назаров 22 феврал куни тушлик пайти пешин намозига чиқаётган пайтида уни ўз подъезди ичида кутиб турган номаълум киши яқин масофадан ўққа тутган.
Хабарларга кўра, қонга беланган ҳолда зина панжарасига суяниб, ярим беҳуш ҳолатда ўтирган Обидхон Назаровни биринчи бўлиб унинг 10 ёшли невараси кўрган.
Қуролли шахс яширинишга муваффақ бўлган.
Кўп ўтмай Стромсунд шаҳри яшовчиларидан бири Обидхон Назаров уйига яқин автомобил бекатида ўт очар қурол ва овозни сусайтирадиган жиҳозни топган.
Бу имомни ўққа тутган шахс томонидан қолдирилгани шубҳа қилинмоқда.
Суиқасд амали ортидан аҳволи оғирлашган Обидхон Назаров Умео шаҳридаги шифохонага олиб кетилган.
Унинг ёнида бўлган Довудхонга кўра, отасининг соғлигида «бир ойдирки, ҳали бирор бир жиддий ўзгариш бўлгани йўқ».
«Аммо бизни, энг биринчи навбатда, хурсанд қиладиган нарса ва хотиржам қиладиган нарса – дадамлар ҳаёт эканликлари,» – деди Довудхон Обидхон ўғли.
У Обидхон Назаров аҳволи ҳақида «хавфсизлик нуқтаи назаридан» қўшимча маълумот бера олмаслигини айтди.
«Шифокорлар айтаётган гапларнинг ҳаммасини ҳам айта олмайман. Умуман олганда жиддий ўзгариш йўқ, уларнинг аҳволи оғир,» – дея илова қилди таниқли имомнинг ўғли.
Довудхон Обидхон ўғли унинг отасига шифокорлар эътибори «кучли» бўлаётганини маълум қилди.
«Эътибор, назорат кучлик. Доимий. Кечаю кундуз,» – деди Довудхон Обидхон ўғли.
Бироқ у Обидхон Назаров ҳаётига суиқасд қилган шахсни топиш ишлари қандай олиб бораётгани борасида қўшимча маълумот бера олмаслигини билдирди.
«Биринчидан, ўзимнинг ҳам кўп маълумотим йўқ бу борада. Иккинчидан, бу борада тафсилотга киришлик сал эртароқ деб ҳисоблайман, » – деди Довудхон Обидхон ўғли.
Швеция масъулларга кўра, Обидхон Назаровга қарши уюштирилган суиқасд амали юзасидан мамлакат махсус хизматлари кенг кўламли тергов ва қидирув амалиётини бошлашган.
Бироқ амалиёт тафсилоти жамоатчиликдан сир тутилмоқда.
Ҳозирда Ўзбекистон ҳукумати Обидхон Назаровни «Ваҳҳобийлик» диний-сиёсий оқимининг Ўрта Осиёдаги раҳнамоларидан бири сифатида кўради.
Бироқ, Обидхон Назаров ҳукуматнинг бу даъволарини давомли рад қилиб келган.
У Тошкентда ўтган 10 йил ичида амалга оширилган қатор қотилликлар ва ҳужумлар ортидан турганликда айбланган.
Обидхон Назаров имомлик қилган Тошкентдаги «Тўхтабой» масжиди 1990-йиллар бошида минглаб мусулмонларни жалб этган.
Тўқсонинчи йиллар ўрталарида ҳукуматнинг масжид ва имомлар устидан назоратни кучайтириш ҳаракатлари Обидхон Назаров ва тарафдорларининг норозилик чиқишларига сабаб бўлганди.
Бунга жавобан Ўзбекистон диний идораси уни имомликдан четлатди.
1998-йилда у сирли равишда ғойиб бўлиши ортидан, Обидхон Назаровга алоқаси бўлган ўнлаб шахслар қамоққа ташланди.
Бир неча йил муқаддам унинг ўғли Ҳусниддин Назаров милиция томонидан сўроқ қилинишидан кўп ўтмай бедарак йўқолди.
Довудхон Обидхон ўғли билан суҳбатни тингланг.
Манба: “ББС”
Podcast: Play in new window | Download