Обидхон қори Назаровнинг аҳволи оғирлигича қолмоқда

Бўлимлар: Матбуот

 Obidkhon qori

Бундан олти кун муқаддам Швеция шимолидаги Стромсунд шаҳарчасида номаълум қуролли шахс томонидан суиқасд ортидан ҳануз касалхонада ётган ўзбекистонлик таниқли имом Обидхон қори Назаровнинг аҳволи ҳануз ўнгланмаган.

Ўтган пайшанба куни 54 ёшли Обидхон қори Остершунд шаҳридаги касалхонадан вертолётда Умео шаҳрига олиб кетилганди.

Унинг аҳволидан бохабар яқинларидан бирининг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида айтишича, Обидхон қори Назаров ҳануз шифокорларнинг узлуксиз назорати остида қолмоқда.

Суҳбатдошимизга кўра, шифокорлар тергов-қидирув ишлари бораётгани ва беморнинг хавфсилигини ўйлаб, унинг аҳволига оид тўлиқ маълумотни жамоатчиликка ошкор этиш истагида эмасликларини билдиришган.

Хавотир

Унинг айтишича, ўтган ҳафта юз берган ҳодиса ортидан қочқинлар жамоаси орасида хавотирга тушиш ҳоллари ҳам йўқ эмас.

«Юз берган воқеани мушоҳада қилиб, биз ҳам шунга яраша ўзимизнинг хавфсизлигимизни таъминлашга ҳаракат қилаяпмиз», дейди у.

Суҳбатдошимизнинг сўзларидан аён бўлишича, маҳаллий полиция ходимлари ҳам ҳар икки-уч кунда улар билан учрашиб, бу хусусда ўз маслаҳатларини бериб келишмоқда.

Тергов жараёни

Масъулларга кўра, Обидхон қори Назаровга қарши уюштирилган суиқасд амали юзасидан Швеция махсус хизматлари кенг кўламли тергов ва қидирув амалиётини бошлашган.

Бироқ амалиёт тафсилотлари ҳануз жамоатчиликдан сир тутилмоқда.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, хавфсизлик мулозимлари бу хусусда ўзларига фақат умумий маълумотлар бериш билан кифояланишмоқда.

«Тергов ишлари кенгроқ, яъни халқаро миқёсда олиб борилаётгани, анчагина маълумот тўплашга муваффақ бўлишгани, лекин бизга бор тафсилотларини бера олмасликларини айтишяпти», дейди у.

Стромсунд шаҳарчасида Обидхон қори Назаров билан бирга ўттиздан ортиқ ўзбек оилаларининг яшаши айтилади.

Суҳбатдошимиз бир неча йилдан буён ўша ерда истиқомат қилаётган бўлишса, маҳаллий идора, мактаб, боғча ва қўни-қўшниларининг ўзларига нисбатан муносабатлари жуда илиқ бўлиб келганини ҳам таъкидлайди.

«Улар юз берган ҳодисадан жуда ҳам тез хабар топишган. Ҳаттоки, ораларида баъзи хонадонларга келиб, тасалли бериб, ҳамдардлик билдириб кетаётганлари ҳам бор…», дейди у.

Суҳбатдошимиз, «Ҳамма жойда бўлгани каби, маҳаллий аҳолининг орасида ҳам ишлаш ёки яшаш учун четдан келаётганларни ёқтирмайдиган жуда оз сонли инсонлар йўқ эмаслиги, уларнинг муносабатлари ўзларининг тушунчаларига яраша экани, аммо буни сезиларли даражада эмас», деб билишини ҳам қўшимча қилади.

Ўзбекистон ҳукуматининг ашаддий танқидчиларидан бўлган Обидхон қори Назаров 2006 йилда Швециядан сиёсий бошпана олганди.

Манба: «ББС»

Аудио: