Риболи қарзни тўлаш лозимми ёки йўқ?

Савол: Мен Россияда Исломга келгунимга қадар «кредит» олганман. Исломда бунинг ҳукми қандай? Уни тезроқ ёпиш керакми?

Урак.

Жавоб: Ислом шариатида фоизли қарз бериш ва олиш, яъни рибо ҳаромдир. Мусулмон инсон рибо муомаласидан узоқ бўлиши лозим. Агар ким шундай ишга аралашган бўлса, тавба қилиши ва ундан тезроқ қутулишга ҳаракат қилиши лозим.

* * *

  • Ноҳақлик эвазига фойда кўриш – ҳаром;
  • Иложини топган одам рибо тўламайди.

* * *

Ноҳақлик эвазига фойда кўриш – ҳаром

Ислом динида рибо шунинг учун ҳаромки, унда очиқ-ойдин зулм ва ноҳақлик бор. Рибо фақат бир томоннинг меҳнатсиз ва сўзсиз бойишини мақсад қилади. Бу иш судхўрлар учун чексиз ва тўхтовсиз равишда бойлик келтиришни кафолатлагани ҳолда қарздорлар учун ҳеч нима ваъда қилмайди. Рибо судхўрнинг зарар кўриш эҳтимолини мутлақо рад этгани ҳолда қарздорни зарардан ҳимоялайдиган заррача имконият йўлини кўрсатмайди. Рибода фақат бир томон яшнайди. Иккинчи томонга нисбатан раҳм-шафқат, ёрдам ёки ҳурмат, деган тушунча йўқ.

Рибо ва қимор зўравонлик ва ноҳақлик ҳукм сурган жоҳилият даврида кенг ривожланган одат эди. Аллоҳ таоло Ислом динини юбориб, инсониятни зулм ва адолатсизликдан озод қилди, ҳимоя остига олди. Рибо ва қимор каби зарарли одатларни ҳаром қилди. Буларнинг муқобилида савдо-сотиқ ва ҳалол иқтисод йўлларини мустаҳкамлади.

{… وَأَحَلَّ اللَّهُ الْبَيْعَ وَحَرَّمَ الرِّبَا …} (البقرة\275).

«… Аллоҳ байни ҳалол қилди, рибони ҳаром қилди». (Бақара/275).

{ يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا اتَّقُوا اللَّهَ وَذَرُوا مَا بَقِيَ مِنَ الرِّبَا إِنْ كُنْتُمْ مُؤْمِنِينَ } (البقرة\278).

«Эй иймонга келган инсонлар, Аллоҳдан тақво қилинглар ва агар чин мўмин бўлсангизлар, рибонинг қолганидан воз кечинглар». (Бақара/278).

Иложини топган одам рибо тўламайди

«Ислом: савол-жавоб» саҳифасининг айни мавзудаги фатвосида риболи қарз олган одам агар тавба қилган бўлса, рибо тўламаслиги лозим экани айтилган.

إذا ثبت القرض في ذمتك فيجب عليك السداد ، وإن استطعت أن تتخلص من دفع الزيادة الربوية دون ضرر أو مفسدة فيجب عليك ذلك ، لأنه لا يجوز لك أن تعطي الربا ( لأن النبي صلى الله عليه وسلم لعن آكل الربا ومؤكله وكاتبه وشاهديه وقال هم سواء ) مسلم ( 1598 (

وإذا لم تستطع التخلص من دفع هذه الزيادة فادفعها مضطراً إلى ذلك كارهاً بقلبك إعطاء الربا ، ولا يكلف الله نفساً إلا وسعها ، وتكفيك التوبة والندم إن شاء الله تعالى .

Агар сенинг зиммангда аниқ қарз бўлса, уни адо этишинг вожиб бўлади. Агар бирор зарарга учрамасдан фоизни тўламасликнинг иложини қилсанг, шундай қилишинг лозим. Чунки рибо беришинг жоиз иш эмас. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам рибо еювчини, унинг едирувчисини, котибини ва икки гувоҳини лаънатлаганлар ва «Уларнинг ҳаммаси баробардир», деб айтганлар. (Муслим ривоятлари/1598).

Агар қарз устидаги зиёдасини тўламасликнинг иложи бўлмаса, рибо беришга қалбингдан норози бўлган ҳолда мажбурликдан тўла. Аллоҳ ҳеч кимга унинг тоқатидан ортиқ ишни юкламайди. Сенга тавба қилиш ва афсус чекиш кифоя қилади, иншоаллоҳ«.

Юқорида айтилганларга кўра, сиз қарзнинг ўзини тўлашингиз албатта вожибдир. Аммо қарзнинг устидаги фоизига келсак, сиз қарз берган шахсга сизнинг рибо тўлашингиз жоиз эмаслигини тушунтира олсангиз, тушунтирасиз ва уни рибодан воз кечишга кўндирасиз. Агар бу иш қўлингиздан келмаса, мисол учун дейлик, қарзни давлатдан олган бўлсангиз, иккинчи бундай йўлга қадам босмасликни ният қилган ҳолда тўлайсиз ва бунда сиз маъзур саналасиз, валлоҳу аълам.