Йигит бир қизга унаштирилган, лекин бошқаси билан гаплашиб юради
Шайх Обидхон қори, Швеция
1433 ҳ. 25 Рабиул аввал (2012 м. 18 феврал)
- Аллоҳ таоло мусулмонларни тақвога буюради
- Содир этилган нотўғри ишлар
- Инсоф нима?
- Унаштириш нима дегани?
- Телефонда сўзлашиш
- Бегона қиз ва йигитнинг дўстлашиши
- Энди нима қилиш керак?
***
Савол:
Мен бир савол билан сизларга мурожаат қилмоқчи эдим. Мен ўзим ҳам Ислом динидан хабарим бор, лекин ҳозирги шароитда, яъни ўзимни ҳолатимда қандай йўл тутишни билмай шу сайт орқали маслаҳат олишни ният қилиб, Аллоҳ розилиги остида сизларга ёзишга қарор қилдим.
Мен ҳозир …да истиқомат қиламан. Мен бу ерда қарийб 3 йилдан бери мусофирман. Мен бу ерга келиб, бир неча ой ўтиб бир қизга унаштирилдим. Лекин мен у қизни ҳаётимда кўрмаганман. Фақат расми орқали кўрдим. Оила аъзоларим бориб кўришди. Оиласи яхши, ўзи ҳам ақлли, иймонли қиз. Менга суратдан маъқул бўлди. Уйдагиларимга ҳам маъқул бўлиб, у қизга совчи қуйиб розилигини олдик. Нон ҳам синдиришди ўзбек одатларига кўра. Мана 2 йилдан ортиқ вақт ўтяпти, мен у қиз билан телефон, интернет орқали гаплашаман, расмларни кўрганман. У қиз менга ҳар тамонлама ёқади, ҳурмат қиламан. Албатта қайтсам, Аллоҳ насиб қилиб тўй ҳам қиламиз, деб юрибмиз. У қиз мени қаттиқ яхши кўради, (яъни севади), лекин мен ҳам уни яхши кўриб қолдим, деб ўйлагандим, афсус унақага ўхшамаяптими, ўзимга ишонмаяпман. Чунки мен 6 йилдан бери мусофирчиликда, бу давлатга келмасдан олдин ҳам бошқа давлатда бўлгандим. Мен 6 йил бўлибдики чет элдаман. Таҳсил оламан, ишлайман. Шу 6 йил мобайнида бу давлатда ҳам, бошқа давлатда ҳам бир қиз билан бирга эдим. Яъни, яқин дўст эдик. Кўришиб турардик. Ёрдам қилардик, чунки биз юртдошларимиз кам бўлган шаҳарларда яшаганимиз учун ҳар томонлама бир-биримизни қувватлаб турардик. Мен шу кунлардан унаштирилган қизим билан гаплашсам, беэътибор гаплашадиган, сал уни кўнглини оғритадиган бўлиб қолганман. Буни ҳатто ўзим ҳам сезаяпман, лекин ўзимни тузата олмаяпман. Нимагдир мен билан дўст бўлган қизни кўргим, у билан кўп гаплашгим келади, балки, бу муҳаббатдир (севгидир). Охирги вақтлар у билан гаплашмасам, ўзимни жуда ҳам ёмон сезадиган бўлиб қолганман. Лекин айтганимдек, у қиз билан унаштирилганман, лекин бу қизни яхши кўриб қолганимни ўзим ҳам билмаяпман. Мен шундай аҳволдаманки, унаштирилган қизни ташлаб бу қиз билан бўла олмайман ёки ёнимдаги дўст бўлган қизни унутиб, у билан бўла олмаяпман. Чунки қалбим ёнимда бўлган қизда. Шу ҳолатда қандай йўл тутсам бўлади? Хато қилиб икки тарафлама ҳам Аллоҳнинг қаҳрига йўлиқишдан қўрқиб, сизлардан маслаҳат олишга қарор қилдим. Шу қилдим бу қизни унута олмадим, ҳатто кўришмасак ҳам, гаплашмасак ҳам қаттиқ яхши кўриб қолганман. Бу синовдан қандай чиқиб кетай? Мен унаштирилган қизимга тўғрисини айтиб, ундан узр сўраб, бу дўстим, деган қиз билан бирга бўлсам бўладими ёки шариат Ислом буни гуноҳ ҳисоблайдими? Агар унаштирилган қизим рози бўлса-чи? Ёки мен унга ҳаммасини айтсам, рози бўлмаса-чи? Қандай йўл тутсам Аллоҳнинг наздида икки дунёда ҳам гуноҳкор бўлмайман? Шунга менга имкон қадар оятлар ва ҳадислар орқали тушунтириб, тўғри йўлни танлашимга ёрдам берингизлар. Сизлардан ҳам Аллоҳ рози бўлсин.
Б.
Жавоб:
Аллоҳ таоло сизга тўғри йўлни ҳидоят қилсин ва қалбингизга тақво ато этсин.
Инсон ўз ҳаётида чинакам бахтга эришмоқ учун Аллоҳга иймон келтириши, сўнг ўз ҳаётини У рози бўлган ҳақ дин Исломга мувофиқ ҳолда ўтказиши лозим.
Аллоҳ таоло мусулмонларни тақвога буюради
Ислом талаб қиладиган ишлардан энг муҳими Аллоҳдан тақво қилишдир. Тақво бир қатор маънолар ичида Аллоҳдан қўрқишни ҳам англатади.
{ يا أَيُّهَا النَّاسُ اتَّقُوا رَبَّكُمْ إِنَّ زَلْزَلَةَ السَّاعَةِ شَيْءٌ عَظِيمٌ } (الحج\1).
«Эй иймон келтирган инсонлар, Раббиларингиздан қўрқинглар. Шубҳасиз, Қиёмат зилзиласи улкан воқеадир». (Ҳаж/1).
Тақвонинг ҳикмати шуки, Аллоҳдан қўрққан инсон У Зот буюрган ишларни қўлидан келганича адо этади, У ҳаром қилган нарсалардан узоқ бўлади.
Агар сиз ҳақиқатан ҳам Аллоҳнинг қаҳридан қўрқиб, ўз хатоларингизни тузатишга қатъий қарор билан киришган бўлсангиз ва гуноҳларингизга чин дилдан тавба қилсангиз, Аллоҳ сизга ҳақ йўлни осон қилиб қўяди.
… وَمَن يَتَّقِ اللَّهَ يَجْعَل لَّهُ مَخْرَجاً (2) وَيَرْزُقْهُ مِنْ حَيْثُ لَا يَحْتَسِبُ وَمَنْ يَتَوَكَّلْ عَلَى اللَّهِ فَهُوَ حَسْبُهُ إِنَّ اللَّهَ بَالِغُ أَمْرِهِ قَدْ جَعَلَ اللَّهُ لِكُلِّ شَيْءٍ قَدْرًا (3)
(سورة الطلاق)
«… Кимки Аллоҳдан тақво қилса, Аллоҳ унга муаммодан чиқиш йўлини кўрсатур (2) ва унга ўйламаган ердан ризқ ато қилур. Кимки Аллоҳга таваккул қилса, бас У Зот – бу банда учун кифоя. Албатта Аллоҳ Ўз ишини охирига етказувчидир. Шубҳасиз, Аллоҳ ҳар бир нарса учун аниқ ўлчов тайин қилган». (Талоқ сураси).
Иймон ва тақво – қалбнинг иши. Қалбда тақво камайса, ўз-ўзидан иймон ҳам заифлашади. Иймони ва тақвоси камайган одам ҳаром ва шубҳали ишларга қўл уради.
Йигит кишининг номаҳрам қиз билан доимий равишда сўзлашиб юриши Ислом динида асло мумкин бўлмаган ҳаром ишдир.
Шуни тушуниш лозимки, Исломда нима ҳаром қилинган бўлса, албатта ўша ишда зарар бор. Сизнинг таъбир жоиз бўлса, икки ўт орасига тушгандек бўлиб қолишингизнинг сабаби ҳам икки номаҳрам қиз билан узоқ вақт жоиз бўлмаган тарзда муомала қилиб келганингиздир, валлоҳу аълам.
Содир этилган нотўғри ишлар
Агар воқеалар сиз айтганингиздек бўлса, бу ерда 3та гуноҳ содир этилган бўлади:
1. Бегона қиз билан никоҳсиз равишда 6 йил давомида ёлғиз учрашиб юриш;
2. Иккинчи қизга ва унинг ота-онасига номақбул ишни яширган ҳолда ўзини покиза йигит сифатида таништириш (улар ҳолатдан хабар топсалар, ўзларини алданган, деб билишади);
3. Унаштирилган, аммо никоҳ ўқилмаган қиз билан икки йилдан бери телефонда гаплашиш;
Бу ишлар гуноҳ эканлигидан ташқари инсофсизлик ҳамдир.
Инсоф нима?
Биз бу ишларда ноинсофлик борлигини айтдик. Қанақа ноинсофлик эканини тушунишимиз учун инсоф нима, деган саволга жавоб бериб ўтайлик.
«Муновий айтган: «Инсоф, бу – муомалада адл туриш. Яъни ўзидан бошқа одамдан унга ўзи етказадиган манфаатдан ортиғини олмаслик ва унга ўзига у етказган зарардан ортиғини етказмасликдир».
… Луғат ва тафсир олимларининг, ҳамда ҳадис шарҳловчиларнинг сўзларидан хулоса қилиб, инсофга яна мана бундай таъриф бериш мумкин: инсоф, ҳақни ўзингдан бошқага – агар сен унинг ўрнида бўлганингда – ўзинг олишни истаган миқдорда беришингдир. Бу сўз билан ҳам, иш билан ҳам, розиликда ҳам, ғазабда ҳам, сен яхши кўргану ёмон кўрган одамингга баробар бўлади…
Муновий айтади: Инсоф ва адл эгизакдир. Бу икковининг самараси ҳиммати баландлик ва зимманинг поклигидир. Зимманинг поклиги эса фазилатларга эга бўлиш ва разолатлардан узоқ бўлиш орқали ҳосил бўлади».
(Назратун-наийм фий ахлоқир-Расулил-карим – 3/577).
Ҳозир сизнинг 6 йиллик алоқаларингиз бир эмас, бир неча оилани алдаш ва уларга катта маънавий зарар етказиш эвазига бўлаётганини тушунсангиз керак. Сиз ўзингизга унаштирилган қиз билан турмуш қуриш ҳақида келишиб, икки йилдан бери сўзлашиб юрган экансиз, шу билан бирга 6 йилдан бери бошқа қиз билан ҳам дўстлашиб юришингизни ҳеч қайси оила қабул қила олмайди. Сиз ўз ота-онангизни, унаштирилган қизни ва унинг ота-онасини алдаб юрган йигит бўлиб чиқасиз. Бу иш на Шариатда ва на урф-одатда бор. Қолаверса, сиз ҳам ўзингиз билан гаплашган қизнинг яна бошқаси билан ҳам гаплашиб юришини истамайсиз.
Сиз унаштирилган қизга совчи юборишдан аввал биринчи қиз билан орани очиқ қилишингиз лозим эди. Агар ўшани ёқтирган бўлсангиз, беникоҳ гаплашиб юрмасдан уйланишингиз керак эди.
Унаштириш нима дегани?
Ўзбеклардаги унаштириш, деган одат икки томон бир-бирини маъқуллади ва қисқа вақт ичида никоҳ ўқитишга келишилди, деганидир. Мана шу маънодаги унаштиришнинг зарари йўқ. Аммо унаштириш узоқ вақт давомида гаплашиб юришга йўл очилди, дегани эмас. Унашилган қиз билан домиий суратда телефонда гаплашиб юриш мумкин эмас. Бу Исломдан бехабар ёки унча-мунча гуноҳдан ҳазар қилмайдиган одамларнинг иши. Исломни билган, билганига амал қиладиган ота-она ўз қизига бундай ишни раво кўрмайди. Чунки вақт ўтган сайин орада турли фикрлар туғилади, гап-сўзлар кўпаяди. Оқибатда никоҳ тузилмасдан бузилиши ҳам мумкин. Унашилган вақт билан никоҳ ўқилгунча ўтадиган вақт жуда нозик ва муҳим. Бу вақтни кўп чўзиш ақлдан эмас.
Телефонда сўзлашиш
فمن مقاصد الشريعة سد الذرائع التي قد توصل إلى الحرام، والاتصال هاتفيا بين الأجنبيين من دون ضرورة أو حاجة يعد من الوسائل التي قد تجر إلى الحرام، فهو حبالة من حبائل الشيطان التي يصطاد بها الناس، وقد نص أهل العلم رحمهم الله على منع تكلم الشابة خشية الفتنة مع الأجنبي. قال صاحب كشاف القناع: وإن سلم الرجل عليها أي على الشابة لم ترده دفعا للمفسدة.
Шариатдан кўзланган мақсадлардан бири ҳаромга олиб борувчи воситаларни тақиқлашдир. Бегона аёл ва эркакнинг заруратсиз ёки эҳтиёжсиз телефон алоқалари ҳаром ишга олиб борувчи воситалардан саналади. Бу шайтоннинг одамларни илинтирадиган тўрларидан биридир. Аҳли илмлар – раҳимаҳумуллоҳ – ёш қизнинг бегона эркак билан гаплашишини фитнадан ҳимоялаш мақсадида ман қилишган. Кашшофул-қиноъ соҳиби айтган: «Агар унга, яъни ёш қизга эркак киши салом берса, алик олмайди. Бу фасодни даф этиш мақсадидадир». (www.islamweb.net)
Шундай экан, бўлажак келин-куёвнинг бир-бири билан учрашиши ҳам, телфонда сўзлашиши ҳам чекланган ва аниқ миқдорда бўлиши лозим. Зеро, мақсад сўзлашиб юриш эмас, никоҳланиш ва оила қуришдир.
Бегона қиз ва йигитнинг дўстлашиши
Сиз дўстим, деб айтаётган, ёрдамлашиб юрган қизга келсак, унинг ҳолидан хабар олиш ва ёрдам бериш унинг ота-онаси ва яқин қариндошларининг вазифасидир. Қиз болани ўз ҳолига қаровсиз ташлаб қўйиш улар учун ҳам, қиз учун ҳам обрў келтирмайди.
Муслима қиз ота-онасидан яширган ҳолда бегона йигит билан дўстлашиб юрмайди. Ўзини ўзи турмушга бермайди. Унинг валийлари турмушга узатишлари лозим.
Ота-онаси ташлаб қўйган, оғир аҳволда қолган қизга одамлар зарурий ёрдамни беришлари керак. Аммо ёрдам баҳона бегона йигитнинг қиз бола билан доимий алоқа боғлаб олиши ҳалол иш саналмайди.
عَنْ ابْنِ عَبَّاسٍ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: » لَا يَخْلُوَنَّ رَجُلٌ بِامْرَأَةٍ إِلَّا مَعَ ذِي مَحْرَمٍ «. فَقَامَ رَجُلٌ فَقَالَ يَا رَسُولَ اللَّهِ امْرَأَتِي خَرَجَتْ حَاجَّةً وَاكْتُتِبْتُ فِي غَزْوَةِ كَذَا وَكَذَا قَالَ: » ارْجِعْ فَحُجَّ مَعَ امْرَأَتِكَ «. (رواه البخاري).
Абдуллоҳ ибн Аббосдан ривоят. разияллоҳу анҳудан ривоят. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ҳеч бир эркак бирор аёл билан ёлғиз қолмасин, илло маҳрам билан бўлса жоиз». Шунда бир одам туриб деди: Эй Расулуллоҳ, менининг аёлим ҳаж қилиш учун йўлга отланди, мен эса мана бундай-мана бундай ғазот учун ёзилдим. Расулуллоҳ айтдилар: «Орқангга қайт – аёлинг билан бирга ҳаж қил». (Бухорий ривоятлари).
Аллоҳдан қўрқадиган ота-она ўз ўғлини ҳам ўзга юртларда йиллаб нима ишлар қилиб юрганидан бехабар ҳолда ҳаёт кечирмайди.
Сиз ҳар икки қиз билан бўлаётган номақбул алоқаларингизга нуқта қўйиб, тавба қилишингиз ва хатоларингизни тўғрилаб олишингиз керак бўлади.
Сизга келажагингиз ва Охиратингизни ўйлашни тавсия қиламиз Ибодатларингизни ўз вақтида адо этинг. Дунёнинг турли бурчакларида мусулмонлар устида бўлаётган синовларни кўз олдингизга келтиринг. Ўзбекистон қамоқхоналарида азоб чекаётган мусулмон йигитларни, ҳатто ёш-ёш муслима аёлларни эсланг. Уларга ўшандай кунларни берган ҳам Аллоҳ, сизга бундай ҳаётни берган ҳам Аллоҳ. Аллоҳ қийноқлар остида қолаётганларга ўша ҳаётни уларнинг ёмонлиги учун берган, деб бўлмагани каби сизга ҳам бу фаровон ҳаётни сизнинг яхшилигингиз туфайли ато қилган, дейиш мумкин эмас. Аллоҳ ҳар икки тоифа одамлар учун бераётгани фақат синов учундир. Бундан ташқари ҳар икки турдаги ҳаёт тарзи ҳам абадий эмас. Кунлар ва шароитлар алмашади. Неъмат ва мусибат ҳам тамом бўлади ёки ўрин алмашади. Аллоҳ ҳаммамизга яхши ҳаёт ато қилсин. Бунинг учун биз ҳам инсофли бўлишимиз керак.
Энди нима қилиш керак?
Бу саволга тўғри жавоб топиш ниҳоятда мушкул. Ҳозир сизнинг олдингизда бир неча хил йўл турибди.
Сиз биринчи қизга ўзингизни унаштиришгани ҳақида айтишингиз мумкин, балки – лозим. Аммо унаштирилган қизга 6 йиллик ишларингиз ҳақида гапирсангиз, унга жуда қаттиқ руҳий зарба берган бўласиз. Буни қилмоқчи бўлсангиз, аввал яхшироқ ўйлаб олишингиз керак.
Агар сиз ҳар икки қизга ҳам уйланмоқчи бўлсангиз, бу ҳақда ҳар иккисига очиқ айтишингиз керак. Бу Шариат талаби эмас, балки шароит талабидир. Чунки икки оилани бир-биридан яшириб яшашнинг иложи йўқ. Ёлғон гапириш, алдамчилик қилиш – ҳаром.
Аммо одатда қизнинг ота-онаси бўлажак куёвнинг бошқа қиз билан ҳам алоқа қилишига ёки уйланишига рози бўлмайди.
Агар сиз икки қиздан бирини танласангиз, бир жиҳатдан енгилроқ бўлади. Аммо танлаш осон эмасга ўхшайди. Биринчисини десангиз, иккинчисига, унинг ота-онасига ва ўзингизнинг ота-онангизга нима дейсиз? Бу вазиятда у инсонларнинг сизга бўладиган муносабатлари ниҳоятда кескин ва салбий тус олиши кутилади. Икки оила орасида анча-мунча совуқ гаплар айланиши табиий.
Агар иккинчисини десангиз, айтишингизга қараганда кўнглингиз кўтармаган ишни қилган бўласиз. Аммо ҳамма муаммонинг боши ўзингизнинг бебошлигингизда бўлганини ўйласангиз, унинг ечими йўлидаги оғир юкни кўтариш ҳам сизнинг вазифангиз эканини тушунасиз. Энди ўзингиз қилган гуноҳни ўзингиз ювиб, унинг ёмон оқибатларидан ўзингизни ҳам бошқаларни ҳам қутқаришингиз керак. Бунинг учун ўзингизни унашилган қизга олижаноблик кўрсатишга мажбурлашингиз лозим бўлади. Ўзингизга ўзингиз: «Инсоннинг бахти кўнгил тусаган ишда эмас, балки ақл кўрсатган йўлдадир», деб айтишингиз керакдир.
Маълумки, оилавий ҳаёт фақат муҳаббат устига қурилади, деган қоида йўқ. Муҳаббат кейин пайдо бўлади. Ҳаёт эса иймон, ҳалоллик, одамийлик, инсоф, меҳрибонлик, вафодорлик, ҳаё ва эзгу урф-одатлар билан ўтади. Оила қуриш ва жуфт танлашда ҳам мана шу меъёрларга амал қилинади. Балки муҳаббат ҳам мана шу айтилган нарсаларга ким қай даражада амал қилаётганига қараб ҳосил бўлади. Чунки одамийлиги, ҳалоллиги, инсофи ва ҳаёси бўлмаган кимсага муҳаббат қўйиб бўлмайди.
Аллоҳ ҳаммамизни энг тўғри йўлга бошласин.