Меҳмонга борган пайтда қандай дуолар қилинади?
Савол: Аллоҳ илмингизни янада кучлироқ қилсин. Домла, меҳмондорчиликка борганда дастурхон бошида ҳамма қўл очиб ҳар хил дуолар қилади.
Бири «ҳамма вақт тўю тамошо бўлсин», деса, бошқаси «қилган ҳайру эҳсонларини Худо Ўз даргоҳига қабул қилсин», дейди. Яна бири «қадам етди, бало етмасин», дейди. Баъзилари «Робби анзилний», деб дуо бошлайди. Шу ҳақда аниқроқ бир жавоб берсангиз эди. Олдиндан сизга миннатдорчилигимизни билдираман.
Шодижон.
Жавоб: Мусулмон инсоннинг ҳаёти – алҳамдулиллоҳким, – Аллоҳнинг зикри билан мазмунли, бой ва гўзалдир. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз умматларига турли муносабатларда ўқиладиган дуо ва зикрларни таълим берганлар. Бу зикрларда олам-олам маъно ва фойдалар бор.
Аммо одамлар орасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинмаган айрим дуо-зикрлар ва одатлар ҳам юрадики, уларни cаҳиҳ Суннатга аралаштириб юбормаслик керак. Жумладан, меҳмондорчиликка борганда дастурхон бошида хоҳ якка ҳолда, хоҳ ҳамма бир бўлиб, қўл очиб дуо қилиш Расулуллоҳ ёки саҳобаларда учратилмаган. Бу иш – халқ орасида пайдо бўлган одат.
* * *
- Уйга кираётган пайтда Аллоҳни зикр этиш;
- Бирор манзилга тушганда ўқиладиган дуо;
- Мезбоннинг ҳақига дуо қилиш – мустаҳаб;
- Мезбон учун нима деб дуо қилинади?
* * *
Уйга кираётган пайтда Аллоҳни зикр этиш
Инсоннинг хоҳ ўзининг уйига бўлсин, хоҳ меҳмондорчилик бўлаётган уйга бўлсин, кираётган пайтда Аллоҳни зикр қилиши – Расулуллоҳниннг суннатларидан.
Уйга кираётганда «Бисмиллаҳ», деб кирилади.
عَنْ جَابِرِ بْنِ عَبْدِ اللَّهِ أَنَّهُ سَمِعَ النَّبِىَّ صلى الله عليه وسلم يَقُولُ: » إِذَا دَخَلَ الرَّجُلُ بَيْتَهُ فَذَكَرَ اللَّهَ عِنْدَ دُخُولِهِ وَعِنْدَ طَعَامِهِ قَالَ الشَّيْطَانُ: لاَ مَبِيتَ لَكُمْ وَلاَ عَشَاءَ. وَإِذَا دَخَلَ فَلَمْ يَذْكُرِ اللَّهَ عِنْدَ دُخُولِهِ قَالَ الشَّيْطَانُ أَدْرَكْتُمُ الْمَبِيتَ. وَإِذَا لَمْ يَذْكُرِ اللَّهَ عِنْدَ طَعَامِهِ قَالَ أَدْرَكْتُمُ الْمَبِيتَ وَالْعَشَاءَ». (رواه مسلم).
Жобир ибн Абдуллоҳдан ривоят. У киши Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бундай деётганларини эшитди. «Инсон уйига кираётган пайтда ва таом еётган пайтда Аллоҳни зикр қилса, шайтон (шерикларига) айтади: «Сизларга ётадиган жой ҳам йўқ – кечки овқат ҳам». Агар инсон уйига кирсаю кираётган пайтда Аллоҳни зикр қилмаса, шайтон айтади: «Ётадиган жойни топдинглар». Агар инсон овқат устида Аллоҳни зикр қилмаса, шайтон айтади: «Ётадиган жойни ҳам топдинглар – кечки овқатни ҳам». (Муслим ривоятлари).
Абу Довуд ривоят қилган «Бисмиллаҳи валажна», деб бошланадиган дуо ҳақидаги ҳадисни муҳаддис уламолар заиф, дейишган.
Саҳиҳ ҳадисларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшикдан уйга киришда ўқиладиган махсус дуо келмаган экан, бу суннат «Бисмиллаҳ», деган калимани айтиш билан ҳосил бўлади, валлоҳу аълам.
Бирор манзилга тушганда ўқиладиган дуо
«Ҳиснул-муслим» китобида сафарда ёки бошқа ҳолатларда бирор манзилда тўхтаганда қуйидаги дуо ўқилиши айтилган:
أعُوْذُ بِكَلِمَاتِ اللهِ التَّامَّاتِ مِنْ شَرِّ مَا خَلَقَ
«Бу дуодан мақсад шуки, инсон бирор манзилда тўхтаса ва мазкур дуони ўқиса, то ўша ердан жўнаб кетгунча Аллоҳ таолонинг ҳимоясида бўлади». (Маждий Ал-Аҳмад, Шарҳу Ҳиснул-муслим – 1/241).
* * *
Имом Қуртубий Мўминун сурасининг 29 ояти тафсирида ёзадилар:
قوله تعالى { وقل رب أنزلني منزلا مباركا وأنت خير المنزلين } قلت : وبالجملة فالآية تعليم من الله – عز وجل – لعباده إذا ركبوا وإذا نزلوا أن يقولوا هذا ؛ بل وإذا دخلوا بيوتهم وسلموا قالوا . وروي عن علي – رضي الله عنه – أنه كان إذا دخل المسجد قال : اللهم أنزلني منزلا مباركا وأنت خير المنزلين .
Аллоҳ таоло деди: «Айтинг: «Эй Раббим, мени муборак ерга туширгил. Сен туширгувчиларнинг энг яхшисидирсан». Мен айтаманки, бу оят умумий тарзда Аллоҳ азза ва жалладан бандаларига таълимдир. Улар маркабга минсалар, ундан тушсалар, шу дуони ўқишлари тавсия қилинади. Балки уйларига кирганларида салом бериб, шуни ўқийдилар. Али разияллоҳу анҳудан ривоят қилинганки, у киши масжидга кирсалар, اللهم أنزلني منزلا مباركا وأنت خير المنزلين, деб айтар эдилар. (www.islamweb.net)
Юқоридаги икки дуони меҳмонга борилган ерда ўқилса ҳам муносиб бўлади, валлоҳу аълам.
Мезбоннинг ҳақига дуо қилиш – мустаҳаб
عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ زَارَ أَهْلَ بَيْتٍ مِنْ الْأَنْصَارِ فَطَعِمَ عِنْدَهُمْ طَعَامًا فَلَمَّا أَرَادَ أَنْ يَخْرُجَ أَمَرَ بِمَكَانٍ مِنْ الْبَيْتِ فَنُضِحَ لَهُ عَلَى بِسَاطٍ فَصَلَّى عَلَيْهِ وَدَعَا لَهُمْ (رواه البخاري).
Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ансорийлардан бир оилани зиёрат қилиб, уларнинг уйида таом едилар. Сўнг кетмоқчи бўлганларида уйдан бир жой кўрсатишни буюрдилар. У зот учун бўйра ёзиб, унга бир оз сув сепишди. Ўшанинг устида намоз ўқидилар ва у оиланинг ҳақига дуо қилдилар. (Бухорий ривоятлари).
«… Бу ҳадисдан яна зиёратнинг мустаҳаблиги, инсон ўзи зиёрат қилган ва унинг олдида таом еган одамнинг ҳақига дуо қилишнинг савобли иш экани хулоса қилинади». (Ибн Ҳажар, Фатҳул-Борий – 17/251).
Мезбон учун нима деб дуо қилинади?
«Ҳиснул-муслим» китобида «Меҳмоннинг таом соҳибига қиладиган дуоси» бобида мана бу зикр келган:
اللَّهُمَّ بَارِكْ لَهُمْ فِيمَا رَزَقْتَهُمْ، واغْفِرْ لهُمْ، وارْحَمْهُمْ
Бу ҳадиснинг шарҳида имом Hававий ёзадилар:
وَفِيهِ اِسْتِحْبَاب طَلَب الدُّعَاء مِنْ الْفَاضِل وَدُعَاء الضَّيْف بِتَوْسِعَةِ الرِّزْق وَالْمَغْفِرَة وَالرَّحْمَة ، وَقَدْ جَمَعَ صَلَّى اللَّه عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فِي هَذَا الدُّعَاء خَيْرَات الدُّنْيَا وَالْآخِرَة . وَاللَّه أَعْلَم .( شرح النووي على مسلم – (7 / 98).
Бу ҳадисдан олинадиган хулосалар ичида фозил инсондан дуо қилишини сўраш, яна меҳмоннинг ризқ кенглиги, мағфират ва раҳмат сўраб дуо қилиши ҳам бор, валлоҳу аълам. (Шарҳун-Нававий ало Муслим – 7/98).
* * *
Шайх Бакр Абу Зайд раҳимаҳуллоҳ «Тасҳиҳуд-дуо» китобида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан таомга боғлиқ зикрларда 9та суннат ворид бўлгани ҳақида ёзиб, шулардан 7чисининг баёнида бундай деганлар:
«7. Бир қавмнинг олдида овқат еса, уларнинг ҳақида дуо қилади. Бу бир неча хил кўринишда бўлиши мумкин.
Улардан бири:
اللهم بارك لهم فيما رزقتهم واغفر لهم وارحمهم
Улардан яна бири:
أفطر عندكم الصائمون ، وأكل طعامكم الأبرار ، وصلّت عليكم الملائكة
(Тасҳиҳуд-дуо/350-351).
* * *
Баъзи аҳли илмлар назарида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мезбон учун хослаб дуо ўқимаганлар. У зот бир куни Буср разияллоҳу анҳунинг уйларида таом еганлар. Кетаётган пайтларида мезбон саҳобий Расулуллоҳнинг уловлари тизгинидан ушлаб, дуо қилишларини сўраган. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу дуони ўқиганлар:
اللَّهُمَّ بَارِكْ لَهُمْ فِيمَا رَزَقْتَهُمْ، واغْفِرْ لهُمْ، وارْحَمْهُمْ
Шундай экан, баъзилар бу дуони бевосита овқат сўнггидан мезбон учун ўқишга хосланган эмас, дейишади.
فتبين لنا أنه ليس هناك دعاء خاص بعد أكل الطعام عند المضيف وأنما يدعوا بماشاء من الأدعية والله تعالى أعلم. (عبدالرحمن الفقيه).
Шулардан бизга маълум бўладики, меҳмондорчиликда таом егандан сўнг ўқиладиган хос дуо йўқ. Дуолардан истаганини ўқиб, дуо қилаверади, валлоҳу аълам. (Абдурраҳмон Ал-Фақиҳ, манба: ahlalhdeeth.com)
Аллоҳ таолодан барчамизга комил ҳидоят сўраймиз. Расулуллоҳга салавот ва дуолар йўллаймиз.