Ота-она: “Фалон аёлга уйлансанг, оқ қиламан”, деса нима қилиш керак?

Савол: Ассалому алайкум, Устоз. Бу мактубни ёзишдан мақсадим – хато қилиб қўйишдан қўрқаман. Менга маслаҳатингиз жуда ҳам зарур. Гап шундаки, ёшим 23да. Битта қизим бор. 6 йил олдин оиламдан ажрашганман. Менга бир йигит кўнгил қўйган, турмушга чиқишимдан олдин совчи қўйган, лекин мен у йигитга эмас, қизимни отасига турмушга чиқдим, лекин 3 ойдан кейин 1 ойлик ҳомилам билан ота уйимга қайтиб келдим жиддий сабабларга кўра. Мени ёқтирган йигит ҳам уйланди, лекин у ҳам ҳозир ажрашган. Хотини ҳам оилали бўлиб кетган.

У энди менга уйланмоқчи, нияти жиддий. У одам менга ҳам маъқул, исломий, диндор йигит. Лекин у йигитнинг ота-онаси мутлақо қарши. Улар: “Биз совчи бўлиб борганимизда йўқ дейишиб, бошқа йигитга беришганди. Энди умуман у аёлга уйланмайсан, бўлмаса оқ бўласан”, дейишган экан. Шунга қарамасдан у йигит бир неча бор ўзи уйимизга келиб, ота-онамдан менинг қўлимни сўради. Ота-онам: “Агар ота-онангиз рози бўлишса, қизимизни берамиз, бўлмаса йўқ”, дейишди. Унинг ҳозир боши қотган, ўзи исломий йигит. Ота-онасининг ёлғиз ўғли. Бир неча бор ота-онамдан сир тутиб никоҳ қилайлик, кейинчалик улар кечиришар, деяпти. Лекин мен ҳаётда бир мартта куйганман, яна хато қилишни хоҳламайман. Илтимос, ёрдам беринг. Энг тўғри йўлни кўрсатинг. Жавобингизни кутиб қоламан.

Р.

Жавоб: Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳи ва баракатуҳ. Аллоҳ таолонинг Ўзи сизга ҳам, сизга совчи юборган инсонга ҳам, ҳар икки томон ота-оналарга ҳам тўғри йўлни илҳом қилсин. Яратганнинг Ўзи сизларга ёрдам бериб, мушкулларингизни ҳал этсин. Сизларнинг ўзларингиз ҳам Аллоҳнинг ёрдамига сазовор бўладиган амаллар қилишга интилинглар.

* * *

  • Ёшларга маслаҳат: сабр ва ота-она розилиги;
  • Ота-оналар кечиримли ва бағри кенг бўлсинлар.

* * *

Ёшларга маслаҳат: сабр ва ота-она розилиги

Ҳурматли синглим, сизга биринчи маслаҳатимиз – тақвойингизни мустаҳкамлаб, ўзингизни қўлга олинг. Сабрли ва шукрли инсон бўлинг. Ҳар бир ишингизни Аллоҳ ва Расулнинг йўлларига мувофиқлаштиришга ҳаракат қилинг. Кўп ва доимо истиғфор айтиб юринг.

Биласиз, Исломда ота-она розилиги Аллоҳ розилигининг ёнида туради. Шунинг учун фарзанд ота-онанинг кўнгилларини оғритадиган ишга қўл уришдан – агар у фарзи айн бўлмаса, – сақланиши лозим. Агар ҳаром ёки зарарли бўлмаса, улар буюрган ишни бажариши керак.

Ота-она билан муроса қилиш керак бўлган вазиятларда инсон ўзи ҳам ота ёки она бўлишини, ўзининг ҳам фарзандлари катта бўлганда солиҳ, тақволи, итоатли ва гўзал хулқли бўлишларини кўз олдига келтирсин.

Ёшлар шуни тушунишлари керакки, ҳаётда ҳар қандай яхшиликка осонлик билан эришилавермайди. Инсон то бир мақсадга етгунча қатор машаққатларни енгишига, ҳақ устида сабр қилишига тўғри келади. Сабрли инсон улуғ мартабаларга ва олий мукофотларга эришади.

Бесабр ва бетоқат одам калтабин бўлади. Шу туфайли у қўлга киритиш мумкин бўлган яхшиликларга ҳам ета олмайди. Ёки Аллоҳ бериб қўйган кўп неъматлардан эрта кунда маҳрум бўлади.

Бесабр одам ўз нафсини бошқара олмайди. Нафси буюрган ишлардан ўзини тийишга унинг кучи етмайди ва кўнгли тусаган нарсани тезлик билан қўлга киритишни истайди. Шундай қилади ҳам. Аммо орадан кўп ўтмайди. Олтин, деб қўлга киритгани энди кўзига кесак бўлиб кўрина бошлайди. Аввалроқ қайсидир яхши ишнинг машаққатини ёмон кўриб, воз кечган бўлса, ўша иш бошқаларга ҳақиқатан яхшиликлар келтираётганини кўради.

Аллоҳга иймон келтирган инсон ўз ҳаёти давомида сабр, шукр, тақво, дуо, ибодат ва ҳалол меҳнат йўлини маҳкам ушлаши лозим.

Бу айтилганлар сиз учун ҳам, сизга совчи қўйган йигит учун ҳам баробар тегишлидир. Бу ҳолатда у йигит умидсиз бўлмасдан ота-онасининг кўнглига қараб, бир оз сабр қилиши керак. Уларга яхши муомалада бўлиши лозим. Аллоҳ таолога доимий ибодат ва дуолар қилиб, ўз ҳожатларини сўраши, ота-онасининг ҳақига ҳам доимо яхши дуода бўлиши зарур. Турли хил муносабатлардан фойдаланиб, мурувват ва ҳадялар билан ота-онасининг кўнгилларини юмшатишга ҳаракат қилсин. Ён-атрофдаги, қариндошлар ичидаги катта ёшли ёки эътиборли одамлардан ёрдам ва маслаҳатлар сўрасин. Иншоаллоҳ, маълум вақт ичида ота-она ҳам ўз ўғилларининг истагига рози бўлишлари мумкин.

Оила қуришда муайян вазиятда ота-онанинг қаршиликларини била туриб, уларга билдирмасдан иш тутиш, “Кейин эшитсалар, кўниб қолишади”, деган тушунчада бўлиш мутлақо нотўғри. Ота-онани хафа қилган қилган ҳолда мажбуран кўндиришнинг оқибати яхшиликка олиб бормайди. Инсон худди шундай муомалани ўзининг фарзанди ҳам қайтаришини ўйлаши керак.

Ота-оналар кечиримли ва бағри кенг бўлсинлар

Бундай ишлар устида ота-оналар ҳам юракни кенгроқ қилишлари, кечиримли ва раҳмдил бўлишлари лозим. Катталар тор ва қолоқ тушунчаларга ўралашиб қолишдан, ўз нафсларига мослаб иш тутишдан узоқ бўлишлари керак. Афсуски, айрим ота-оналар нафсониятни ҳамма нарсадан устун қўядилар. Бир неча йиллар ўтиб кетса ҳам кимдандир ўтган хатони дилга маҳкам тугиб юрадилар.

Ҳаммамиз ёдда сақлашимиз лозимки, бировга кек сақлайдиган дил ҳеч қачон тоза бўлмайди. Тоза бўлмаган қалб билан Охиратга борган одам нажот топмайди.

Аллоҳ таоло Шуаро сурасида бундай деган:

وَلَا تُخْزِنِي يَوْمَ يُبْعَثُونَ (87) يَوْمَ لَا يَنْفَعُ مَالٌ وَلَا بَنُونَ (88) إِلَّا مَنْ أَتَى اللَّهَ بِقَلْبٍ سَلِيمٍ (89) 

Мени одамлар тирилтириладиган кунда хор қилма.(87). У кунда на мол фойда беради ва на фарзандлар. (88). Илло Аллоҳ ҳузурига соғлом қалб билан келган одамгина нажот топади.(89).

Қалби соғлом бўлиш куфр, ширк, нифоқ ва бидъат эътиқодлардан покликни тақозо қилиш билан бир қаторда мусулмонларга нисбатан адоват, гина ва кек сақламасликни, аксинча, кечиримли бўлишни назарда тутади.

Мўмин одам қалби пок, бағри кенг бўлади ва бировникидан кўра кўпроқ ўзининг хато ва гуноҳларини ўйлайди. Бу дунёдан кетадиган кун тобора яқинлашаётганини ҳис қилиб, Охиратга тайёргарлик кўради.

Ёшларнинг ҳам кўнглини тушуниш, уларнинг Шариатга хилоф келмайдиган сўзларига қулоқ тутиш, бахтли бўлишлари учун уларга ёрдам бериш олижанобликдир. Олижаноблик ота-оналар ва ёши катталар учун нақадар улуғ фазилат.

Агар бир-бирига маъқул келаётган икки ёшнинг шаръий айблари бўлмаса, Исломда қораланган сифатлардан пок бўлсалар, уларнинг никоҳланишларига тўсқинлик қилмаслик лозим. Бирор шаръий нуқсони бўлмагани ҳолда никоҳга қарши бўлиш турли гуноҳларнинг келиб чиқишига сабаб бўлади. Бу маъноларни ота-оналарга бирор эътиборлироқ ёки ёши каттароқ одам тушунтириши керак.

Қизни аввал сўраганда бермаганлик уни ҳозирга келиб рад этишга арзирли сабаб эмас. Ислом дини бунақа йўлни маъқулламайди.

Фаразан, сўраган пайтда қизини бермаганлик қиз ота-онасининг хатоси бўлган бўлса, энди шуни рўкач қилиб, айни хатони йигитнинг ота-онаси такрорлаши тўғри бўладими? Албатта йўқ.

Аллоҳ таоло ёшларга ҳам, ота-оналарга ҳам ҳидоят ато айласин. Ёшлар учун ота-оналарининг розиликларини олишни, ота-оналар учун ҳам фарзандларининг бахтига йўл очишларини тилаб қоламиз.