Об-ҳавони олдиндан айтиш мумкинми?

Савол: Халқлар ичида кўп тарқалган гап бор. Масалан «Эртага ёмғир ёғади ёки қор ёғар экан», деб айтилади. Шундай деса бўладими?

Юсуф. 

Жавоб: Қор ёки ёмғир ёғишини олдиндан айтиш обҳавони доимий кузатиш билан шуғулланадиган мутахассислар учун жоиз. Бу ҳақда уларнинг хабарига суянган ҳолда «иншоаллоҳ» деб гапириш мумкин. Аммо бу каби хабарлар албатта ёки юз фоиз тўғри бўлади, деб айтилмайди. Зеро, инсон турли сабабларга кўра хато қилиши ва адашиши мумкин.

«Ислом: савол-жавоб» саҳифасида бу мавзуда қуйидаги фатво эълон қилинган:

«Об-ҳаво ҳолатларини билиш мунажжимлик ёки ғайб илмини даъво қилишга кирмайди. Бу иш ҳиссиёт аъзолари воситасида билиш, тажрибадан ўтказиш ва Аллоҳ яратган табиат қонунларини кузaтиш устига қурилади. Шунингдек, ой ва қуёш тутилишини, шамоллар эсишини ёки ёмғирлар ёғишини ҳам олдиндан тахмин қилиш жоиз».

Саҳифа муаллифлари ўз сўзларига Фатволар ва илмий тадқиқотлар доимий қўмитасининг фатвосини ҳам илова қилганлар:  

«Ой ва қуёшнинг тутилиш вақтини, шунингдек, уларнинг тўлиқ ёки қисман тутилишини планеталар айланишини ҳисоблаб туриб билиш мумкин. Бунда ҳеч бир таажжубли нарса йўқ. Чунки бу инсон учун ғайбий ишлардан саналмайди. Балки сайёралар ҳаракати илмини билмайдиган одамга нисбатан ғайбий илмдир. Бу илмни биладиган одамга нисбатан ғайб эмас. Бу сўзлар ой ва қуёшнинг тутилиши Аллоҳнинг Ўз бандаларини қўрқитиш учун зоҳир қиладиган аломатларидан бири бўлишига хилоф эмас. Бандалар бундай ҳолатларда ўз Раббиларига қайтишлари ва Унинг тоатида мустаҳкам бўлишлари лозим». (islam-qa/83837).