Касал одам қандай намоз ўқийди?
Савол: Мен белимдан грижа бўлиб оғрияпман. Намоз ўқишга қийналаяпман. Нима қилсам бўлади?
Жавоб: Аллоҳ таоло сизга шифо ато қилсин. Сиз беморлигингиз туфайли намозларни тик туриб ўқишга қийналаётган бўлсангиз, ўлтириб ўқишингиз мумкин. Бирор бир касаллик намозни тарк этиш учун узр бўла олмайди. Сиз агар қаддингизни ростлашга қодир бўлмаётган экансиз, Аллоҳ таолога ўлтирган ҳолингизда ибодат қиласиз. Қачон ўзингизни тутиб туришга қодир бўлсангиз, намоз учун тик туришингиз яна фарзга айланади. Чунки фарз намозларни тик туриб ўқиш – фарз.
Тик туриш ёки қиём – фарз намозининг рукнларидан бири. Рукн шундай амалки, усиз намоз дуруст бўлмайди. Масалан, таҳорат намоз рукнларидан бўлгани учун таҳоратсиз ўқилган намоз намоз ҳисобланмайди.
Намозда қиёмнинг фарз эканига мана бу оят ҳужжатдир:
حَافِظُوا عَلَى الصَّلَوَاتِ وَالصَّلَاةِ الْوُسْطَى وَقُومُوا لِلَّهِ قَانِتِينَ) البقرة: 238)
“Намозларни, жумладан, ўрта намозни доимий равишда бажо қилингиз. Аллоҳ учун хокисорлик билан қоим турингиз”. (Бақара/238).
Яна шуни ҳам билишимиз лозимки, қиём фақат фарз намозлари учун шарт қилинган. Тик туриш нафл намозининг рукнидан саналмайди. Бинобарин, суннат ва нафл намозларини ҳеч қандай узрсиз ҳам ўлтириб ўқиш мумкин. Аммо ўлтириб ўқилган намозга тик туриб ўқилган намознинг ярим савоби берилади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам фарз намозни узрли ҳолатда ўлтириб ўқишга ижозат берганлар.
عَنْ عِمْرَانَ بْنِ حُصَيْنٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ كَانَتْ بِي بَوَاسِيرُ فَسَأَلْتُ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَنْ الصَّلَاةِ فَقَالَ صَلِّ قَائِمًا فَإِنْ لَمْ تَسْتَطِعْ فَقَاعِدًا فَإِنْ لَمْ تَسْتَطِعْ فَعَلَى جَنْبٍ. رواه البخاري
Имрон ибн Ҳусайн разияллоҳу анҳудан ривоят. У киши дедилар: “Менда бавосир касали бор эди. Шунинг учун Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан намоз ҳақида сўрадим. У зот айтдилар: “Тик туриб ўқи, агар қодир бўлмасанг, ўлтирган ҳолингда ўқи, бунга ҳам қодир бўлмасанг, бас – ёнбошлаб”. (Бухорий ривоятлари). (islamweb/5585)