Намозда имомнинг таҳорати бузилса
Савол: Ҳурматли устоз, бизда бир антиқа ҳолат бўлди. Илтимос, тушунтириш берсангиз. Жамоат билан намоз ўқиётган эдик.
2-ракаъатдан кейин имом намозни тўхтатиб, «Таҳорат қилганимда маҳсимни устига масҳ қилдимми ёки йўқми, шунга шубха қилдим», деб қолди. Кейин у масҳ қилиб келиб, намозни бошқаттан ўқидик. Шунда орқада турганлардан бири «Биз ҳам таҳорат қилайликми?» деб, савол ташлади. Баъзи биродарлар таҳорат қилиш керак, дейишди. Негаки шу имомга иқтидо қилганмиз дейишса, баъзи биродарлар қилиш керакмас дейишди. Шундай ҳолат бўлганда қандай йўл тутилади?
Алижон.
Жавоб: Намозда турганда имомнинг таҳорати бузилса ёки таҳорати йўқлиги эсига тушса, ўрнига орқада турган намозхонлардан бирини тортиб, имомликка қўяди ва ўзи бориб, таҳорат олади.
Имомнинг таҳорати бузилиши бошқаларнинг таҳоратига таъсир ўтказмайди. Жамоат иккинчи имомнинг орқасида намозни давом эттираверади.
* * *
- Намоз ичида заруратан имом алмашиши жоиз;
- Таҳорат бузилиши намоз бузилиши дегани эмас;
- Имом ўзининг ўрнига ҳеч кимни тайинламаса–чи?
* * *
Намоз ичида заруратан имом алмашиши жоиз
Айрим фуқаҳолар имомнинг таҳорати бузилганда ёки имомликни давом эттира олмай қолган вақтда ўзининг ўрнига бошқани қўйишни ножоиз санаганлар. Аммо жумҳур уламолар наздида бу иш жоиздир ва уларнинг қавллари тўғри, валлоҳу аълам.
«Жоиз санаганлар Умар намозда турган пайтлари ўзларига пичоқ урилганда Абдураҳмон ибн Афвнинг қўлларидан ушлаб олдинга ўтказганларини далил қиладилар. Ўшанда Абдурраҳмон ибн Авф муқтадийлар билан намозни охирига етказганлар. Бу иш саҳобалар ва бошқаларнинг ҳузурларида бўлган ва ҳеч ким инкор қилмаган. Шундай қилиб, бу масала ижмо бўлган». (Ал-Мавсуатул-фиқҳийя – 3/253).
Таҳорат бузилиши намоз бузилиши дегани эмас
Намоз ичида имомнинг ёки бирор одамнинг таҳорати синиши билан намоз бузилмайди. Таҳорати бузилган одам хоҳ имом бўлсин, хоҳ иқтидо қилувчи бўлсин, ҳеч ким билан гаплашмай таҳорат олишга ўтади, сўнг намозни келган еридан давом эттираверади.
«Ҳанафийларга кўра, агар имомнинг таҳорати бузилса ва сув масжиднинг ичида бўлса, имом таҳорат олади ва намозни давом эттираверади. Бунда ўрнига бошқани қўйишга ҳожат йўқ. Агар масжиднинг ичида сув бўлмаса, афзали ўрнига бошқани қўйишдир». (Ал-Мавсуатул-фиқҳийя – 3/253).
Имом ўзининг ўрнига бошқани қўйиб, таҳорат олиб келгач, ҳали намоз тугамаган бўлса, жамоатга қўшилиб, жорий имомга иқтидо қилади. Жорий имом салом бергандан сўнг собиқ имом ўрнидан туриб, таҳорат олаётган вақтда ўтиб кетган ракъатларни ўқиб қўяди.
Имом ўзининг ўрнига ҳеч кимни тайинламаса–чи?
Имомнинг таҳорати бузилганда жамоат намозни бошқаттан ўқиса ҳам жоиз. Аммо суннат – намозни бузмасдан, давом эттириш.
Намозни давом эттириш икки хил суратда бўлиши мумкин.
«Агар имом ўзининг ўрнига ҳеч кимни қўймасдан намоздан чиқса, муқтадийлар истасалар, ўзларидан бир кишини намозни ўқиб бериши учун олдинга ўтказадилар. Ёки ҳар бирлари якка-якка ҳолда намозни давом эттириб, тугатадилар». (Шайх Усаймин раҳимаҳуллоҳ, islam-qa/83110)