Жума учун ғусл қилишнинг ҳукми

Бўлимлар: 02. Намоз, 08. Суннат

Савол: Мен беш ой олдин жарроҳлик амалиётида бўлдим. Аллоҳ хоҳиши билан жумъа намозига бора олмаяпман. Саволим шуки, ғусл ҳукми мен учун қандай бўлади? Менга ҳам ғусл вожиб бўладими? Аллоҳ сиздан рози бўлсин. Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳ.

Абдулборий.

Жавоб: Аллоҳ таоло сизга шифойи комил ато айласин. Жумага бора олмаётганингиз агар касаллик сабабли бўлса, узрли саналасиз. Аммо ғусл қила олмасликнинг ўзи жумага бормаслик учун узр ўрнига ўтмайди. Ғусл қилишга мутлақо имконияти йўқ одам ғусл вожиб бўлганда таяммум қилади. Агар масала жума учун қилинадиган хос ғусл ҳақида бўлса, жума учун ғусл қилиш фарз эмас, балки суннатдир.

Жума куни ғусл қилишдан кўзланган ҳикматлардан бири шуки, инсон жамоат йиғиладиган ерда ўзидан бадбўй ҳид таратиб, атрофдагиларга озор етказишдан сақланиши лозим. Аммо ўзидан ёқимсиз ҳидлар тарқалмаса, ғусл қила олмаса ҳам таҳорат билан жумага бориш жоиз.

Исломнинг аввалида араблар озодаликка яхши ўрганмаган пайтлар бўлган. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмонларни жумага келишдан аввал ғусл қилишга буюрганлар.

عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمَا أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: » إِذَا جَاءَ أَحَدُكُمْ الْجُمُعَةَ فَلْيَغْتَسِلْ «. (رواه البخاري).

Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Сизлардан қайси бирингиз жумага келмоқчи бўлса, ғусл қилсин». (Бухорий ривоятлари).

عَنْ أبي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، أنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: » حَقٌّ للهِ عَلَى كُلِّ مُسْلِمٍ أَنْ يَغْتَسِلَ في كُلِّ سَبْعَةِ أَيَّامٍ، يَغْسِلُ رَأْسَهُ وَجَسَدَهُ «. (رواه البخاري ومسلم)

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ҳар етти кунда бир ювиниш Аллоҳнинг ҳар бир мусулмон устидаги ҳаққидир. Инсон боши ва жасадини ювади». (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Фиқҳий қомуснинг жума намози бобида жума куни қилинадиган суннат амаллар қаторида жумладан бундай ёзилган:

أَوَّلاً : مَا يُسَنُّ فِعْلُهُ :

38 – يُسَنُّ لَهُ أَنْ يَغْتَسِل ، وَأَنْ يَمَسَّ طِيبًا وَيَتَجَمَّل ، وَيَلْبَسَ أَحْسَنَ ثِيَابِهِ ، لِحَدِيثِ عَائِشَةَ – رَضِيَ اللَّهُ عَنْهَا – مَرْفُوعًا : لَوْ أَنَّكُمْ تَطَهَّرْتُمْ لِيَوْمِكُمْ هَذَا (أخرجه البخاري) ، وَفِي رِوَايَةٍ عَنْ أَحْمَدَ : الْغُسْل لَهَا وَاجِبٌ … (الموسوعة الفقهية الكويتية – (27 / 210).

Жума учун ғусл қилиш, хушбўй сепиш, зийнатланиш, энг чиройли кийимларини кийиш суннатдир. Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят бўлган ҳадисда: «Сизлар мана шу кунингиз учун поклансангиз бўлар эди», дейилган. (Бухорий). Аҳмаддан бўлган бир ривоятда жума учун ғусл вожибдир.

Ал-Бадоеъ китоби соҳиби буларнинг сабаби баёнида бундай деган: «Чунки жума Исломнинг буюк шиорларидан биридир. Бас, бу ибодатни адо этувчи учун энг чиройли суратда бўлиш мустаҳаб саналади…»  (Ал-Мавсуатул-фиқҳийя – 27/210).

Фиқҳ китобларидан ва ҳадислар шарҳидан маълум бўладики, баъзи олимлар жума учун ғусл қилиш вожиб, дейишган. Аммо жумҳур уламолар жума ғуслини суннат эканини тасдиқлашган.